язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат мукофотлари/ Ўзбекистон Республикасининг 26.05.2020 й. ЎРҚ-620-сон "Саломатлик" орденини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 05.05.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 11.05.2020 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.05.2020 й.

N ЎРҚ-620



"САЛОМАТЛИК" ОРДЕНИНИ

ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 11 майда маъқулланган



1-модда. "Саломатлик" ордени таъсис этилсин.


2-модда. "Саломатлик" ордени тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).


3-модда. I ва II даражали "Саломатлик" орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган "Давлат мукофотлари тўғрисида"ги 176-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-473-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 4, 221-модда; 2019 йил, N 9, 589-модда; 2020 йил, N 3, 200-модда) 8-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"I ва II даражали "Саломатлик" ордени";

ўн иккинчи хатбошиси ўн учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикасининг

2020 йил 26 майдаги

ЎРҚ-620-сонли Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Саломатлик" ордени тўғрисидаги

НИЗОМ


1. "Саломатлик" ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади.

"Саломатлик" ордени билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.


2. "Саломатлик" ордени икки даражадан иборат бўлади:

I даражали "Саломатлик" ордени;

II даражали "Саломатлик" ордени.

Орденнинг олий даражаси I даражадир. Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал II даражали орден, орадан камида уч йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.


3. I даражали "Саломатлик" ордени билан:

тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси учун - соғлиқни сақлаш тизимининг раҳбарлари ва шифокорлар;

соғлиқни сақлаш борасида йирик хайрия ва ҳомийлик ишларини амалга оширганлиги учун - ҳомийлик хайрияларини амалга оширувчи тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари;

жаҳон стандартларига мос давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этганлиги учун - хорижий инвесторлар, бизнес доира ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг вакиллари;

фармацевтика тармоғини ривожлантириш борасидаги самарали фаолияти ҳамда янги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги учун - фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи ходимлар, олимлар, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар;

тиббиёт соҳаси учун чуқур касбий билим ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга малакали кадрларни тайёрлаш борасидаги катта хизматлари учун - тиббиёт олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва амалиётчи шифокорлари, тиббиёт касб-ҳунар коллежлари ва техникумларининг ўқитувчилари;

аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли олиб бораётганлиги учун - республика ва ҳудудий тиббиёт муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг тиббиёт ходимлари, кўнгиллилар мукофотланадилар.


4. II даражали "Саломатлик" ордени билан:

аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва уларни бартараф этиш ишларидаги катта хизматлари учун - республика, вилоят, туман (шаҳар) кесимидаги тиббиёт муассасаларининг шифокорлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари;

тез тиббий ёрдам ҳамда тиббий профилактика хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун - тор ихтисосликдаги шифокорлар, умумий амалиёт ва тез тиббий ёрдам шифокорлари;

соғлом ва хавфсиз атроф-муҳитни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга оид давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этганлиги учун - санитария-эпидемиология назорати ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш тизими ходимлари;

даволаш ва инсон умрини узайтиришга қаратилган саломатлик профилларини яратганлиги ҳамда амалиётга жорий этганлиги учун - соғлиқни сақлаш тизимидаги барча шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари;

тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этишга қўшган салмоқли ҳиссаси учун - соғлиқни сақлаш соҳасининг илмий доира вакиллари ва юқори малакага эга бўлган шифокорлари мукофотланадилар.


5. I ва II даражали "Саломатлик" ордени билан бошқа шахслар ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоҳида хизматлари учун мукофотланиши мумкин.


6. I ва II даражали "Саломатлик" ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва уни топшириш "Давлат мукофотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


7. I даражали "Саломатлик" ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.


8. II даражали "Саломатлик" ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.


9. I ва II даражали "Саломатлик" ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.


10. I ва II даражали "Саломатлик" ордени кўкракнинг чап томонига тақилади.


11. Ҳар бир мукофотланган шахсга тегишли даражали "Саломатлик" орденини топшириш билан бир вақтда мукофотланганлик тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.






Ўзбекистон Республикасининг

2020 йил 26 майдаги

ЎРҚ-620-сонли Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



I ва II даражали "Саломатлик" орденининг

ТАВСИФИ


I даражали "Саломатлик" ордени 1 микрон қалинликдаги 999 пробали олтин билан қопланган кумушдан тайёрланади ва диаметри 35 миллиметрли доира шаклида бўлиб, четлари нақшинкор кўринишида ҳошияланган.

Орденнинг марказида тиббиёт рамзи - "идишга ўралиб турган илон" ва "гранатит"дан ясалган юрак шаклини ушлаб турган очиқ кафтлар тасвирланган. Унинг айланаси бўйлаб юқори қисмида яшил эмаль фонида зарҳалланган "SALOMATLIK" ёзуви, қуйи қисмида эса орденнинг даражасини билдирувчи битта саккиз қиррали юлдузга туташган иккита дафна новдаси жойлашган. Ҳарфлар баландлиги - 2,3 миллиметр, юлдузнинг диаметри - 3,1 миллиметр.

Орденнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган. Қуйи қисмига 2 миллиметрли ўлчамдаги ботиқ шрифт билан орден рақами туширилган.

Тасвир ва ёзувлар - бўртма.

Орденнинг қалинлиги - 4,2 миллиметр.

Орден яшил рангли шойи лента билан қопланган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга илмоқча ва ҳалқа ёрдамида уланади. Қадағичнинг ўртасида зарҳалланган дафна новдаси жойлашган.

II даражали "Саломатлик" ордени кумушдан тайёрланади. Тасвир ва ёзувлар I даражали "Саломатлик" ордени кўринишида акс эттирилган. Унинг қуйи қисмида орденнинг даражасини билдирувчи иккита саккиз қиррали юлдузга туташган иккита дафна новдаси жойлашган.

Орден яшил рангли шойи лента билан қопланган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга илмоқча ва ҳалқа ёрдамида уланади. Қадағичнинг ўртасида кумуш рангда дафна новдаси жойлашган.

Қадағичнинг орқа томонида орденни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама мавжуд.



I даражали "Саломатлик" ордени

Олд томони


Орқа томони


М 3:1

II даражали "Саломатлик" ордени

Олд томони


Орқа томони




М 3:1

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 май


"Халқ сўзи", 2020 йил 27 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 1 июнь, 21-сон, 218-модда