язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобиль йўлларини ўрганиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.05.2020 й. 337-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 майдаги

337-сон қарорига

2-ИЛОВА



Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг

йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобиль

йўлларини ўрганиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу низом катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидаги автомобиль йўлларидан ҳаракатланишидан аввал автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни техник ўрганиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


автомобиль йўллари ва сунъий иншоотлар бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларини ўтказиш шартлари ва имкониятларини баҳолаш тўғрисида техник хулоса (кейинги ўринларда - техник хулоса) - йўл қопламаси ва сунъий иншоотларнинг транспорт-эксплуатация ҳолатини баҳолаш асосида ўтказиш шартлари, кўтариш қобилиятлари, катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишлари, тартиби ва шартлари билан батафсил ишлаб чиқилган ҳужжат;


автомобиль йўлларининг мавжуд ҳолатини ўрганиш (кейинги ўринларда - махсус кўрик) - ўтказиш имкониятларини аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида автомобиль йўллари ва йўл иншоотларининг параметрлари, хусусиятлари ва фойдаланиш шартлари, нуқсонлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиш имкониятини баҳолаш ва прогнозлаштириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш жараёни;


катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси - вазн ва (ёки) ҳажм кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари орқали ҳаракатланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган вазн ва (ёки) ҳажм меъёрларидан ортиқ бўлган транспорт воситаси;


махсус рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг харакатланиши ҳуқуқини берувчи махсус ҳужжат;


транспорт воситасининг техник жиҳатдан йўл қўйиладиган умумий оғирлиги - юк, ҳайдовчи ва йўловчилар мавжуд бўлган транспорт воситасининг ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган максимал оғирлиги. Автопоезднинг техник жиҳатдан рухсат этилган умумий оғирлиги автотранспорт воситаси (ғилдиракли трактор) ва тиркаманинг техник жиҳатдан рухсат этилган умумий оғирликлари йиғиндиси.


3. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус кўрик ўтказиш чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ўтиши йўналиши техник хулосаси ишлаб чиқилади.

Қатнов йўналиши (маршрут) лойиҳасини ишлаб чиқиш учун қуйидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилади:

а) автомобиль йўлларини кўрсатган ҳолда энг қисқа йўналиш қидирилади (хариталардан) ва бунда муқобил йўналишларнинг барча мумкин бўлган вариантлари ўрганилади;

б) таклиф қилинганлар орасидан энг мақбул вариант танланади;

в) зарурат бўлганда, катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг нормативлардан юқори кўрсаткичлари, юкланишининг майдони текшируви амалга оширилади;

г) танланган йўналиш бўйича ҳаракатланиш учун яроқсиз бўлган участкалар аниқланади (иншоотларнинг йўлдан баландлиги, бурилишлар радиуслари, кўприк иншоотларининг техник ҳолати ҳамда кўтариш қобилияти, бўйлама қияликлар ва шу кабилар);

д) катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг танланган йўналиш бўйича ҳаракатланиши учун имконият бўлмаса, муқобил йўналиш қидирилади;

е) махсус кўрик натижалари бўйича фикр, тавсия ва хулосаларни ўз ичига олган техник хулоса расмийлаштирилади.

Техник хулосада қатнов йўлининг ўзига хос жойлари манзиллари кўрсатилган зарур фотосуратлар, шу жумладан:

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши йўналишининг харитаси;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароитларни яратиш бўйича олдиндан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар;

автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг сақланишини яхшилаш ёки катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши натижасида уларга етказиладиган салбий таъсирни камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлади.



2-БОБ. КАТТА ҲАЖМЛИ ВА ОҒИР ВАЗНЛИ ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ҲАРАКАТЛАНИШИ ЙЎНАЛИШИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ


4. Юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари махсус рухсатнома ва йўналиш чизмасини олиш учун махсус рухсатнома берувчи автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган веб-сайтида келтирилган талаб ва шакл асосида электрон тизим орқали ёки ёзма хат билан мурожаат этишлари зарур.


5. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобиль йўлларини ўрганиш ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши йўналишидаги автомобиль йўлларининг мавжуд ҳолатини ўрганмасдан, техник хулосани ишлаб чиқмасдан катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг мўлжалланган йўналиш бўйича ҳаракатланишига рухсат бериш имкони бўлмаса, махсус рухсатнома бериш учун ваколатли ташкилот бу ҳақда юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакилларини 3 иш куни давомида хабардор қилади.


7. Махсус кўрик ўтказиш ишлари катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг умумий оғирлиги, ўқи бўйича оғирлиги ва ҳажм ўлчамларидан келиб чиқиб 15 иш кунидан бир ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.


8. Йўл ҳаракати хавфсизлигини, автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг сақланишини таъминлаш мақсадида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши йўналишини танлашда автомобиль йўлларининг транспорт-эксплуатация ҳолати ва юк кўтариш қобилияти, таклиф қилинаётган қатнов йўлидаги сунъий иншоотларнинг юк кўтариш имкониятлари ва параметрлари баҳоланиши ҳамда йўл ҳаракати интенсивлиги инобатга олиниши керак.


9. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари учун қатнов йўлини танлашда йўл ишларини бажариш билан боғлиқ вазиятларни ҳисобга олиш керак, бунда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг амалдаги схемалари сезиларли даражада ўзгаришига олиб келадиган йўл ишлари бажарилиши билан боғлиқ вазият инобатга олиниши лозим (ҳаракатланиш йўлларини ёпиш, ҳаракатланишнинг қарама-қарши йўлига чиқиш, муҳандислик иншоотларини таъмирлаш, ёпиқ участкаларни айланиб ўтиш йўналишлари).


10. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши йўналиши имкон қадар катта аҳоли пунктлари орқали ўтмаслиги керак. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларини аҳоли пунктлари ичида ўтказиш зарурати туғилса ҳаракатланиш йўллари имкони борича транспорт ҳаракати интенсив (ҳаракат жадаллиги юқори бўлган) кўчалар бўйича ўтмаслиги лозим.


11. Бир йўналишда махсус кўрик ўтказилгандан сўнг такроран 15 кун ичида қайта махсус кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарор махсус рухсатнома берувчи автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан қабул қилинади.


12. Техник хулоса иқлим шароитларидан, йўналишдаги автомобиль йўллари ва ундаги сунъий иншоотларнинг эксплуатация шароитларидан келиб чиқиб, қуйида келтирилган шартларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлган ҳолларда ишлаб чиқилади:

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши йўналишида жойлашган сунъий иншоотнинг юк кўтариш қобилиятига мос келувчи оғирликдан юқори бўлса, сунъий иншоотнинг юк кўтариш қобилияти унинг эксплуатацияси давомида пасайган бўлса (қониқарсиз ҳолатда бўлса);

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг умумий оғирлиги 44 тоннадан ошса;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг узунлиги 20 метрдан ошса;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг кенглиги 2,6 метрдан ошса;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг баландлиги 4 метрдан ошса ёки ташилаётган юк ва сунъий иншоотнинг пастки нуқтасигача бўлган оралиқ 40 сантиметрдан кам бўлса;

умумий фойдаланишдаги aвтомобиль йўллари учун автотранспорт воситасининг (автопоезднинг) битта ўқига тушган оғирлик миқдори 11,5 тоннадан ортиқ бўлганда.


13. Автомобиль йўлларини махсус кўрикдан ўтказиш ва техник хулоса ишлаб чиқиш хизматлари учун тўловлар юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари билан автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган ўртасида тузилган шартнома асосида ҳисоб-китоб қилинади.






Низомга

ИЛОВА



Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг

йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин

автомобиль йўлларини ўрганиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддати

1-босқич

Юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари


Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома ва йўналиш чизмасини олиш учун махсус рухсатнома берувчи ваколатли органга электрон ёки ёзма хат билан юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари мурожаат этади.


Зарурат туғилганда







2-босқич

Автомобиль йўллари қўмитаси


а) Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналиши бўйича  махсус рухсатнома берилади;


3 иш куни давомида



б) Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг параметрларидан келиб чиқиб, ҳаракатланиш йўналиши бўйича махсус кўрик ўтказиш ишларига зарурат бўлганда ваколатли ташкилот бу ҳақда юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакилларини хабардор қилади.


3 иш куни давомида







3-босқич

Автомобиль йўллари қўмитаси


Махсус кўрик ўтказиш ишлари катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг умумий оғирлиги, ўқи бўйича оғирлиги ва ҳажм ўлчамларидан келиб чиқиб амалга оширилади.


15 иш кунидан бир ойгача







4-босқич

Автомобиль йўллари қўмитаси


Махсус рухсатнома ва унга илова қилинадиган техник хулоса ҳамда йўналиш чизмаси юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакилларига тақдим қилинади.


15 иш кунидан бир ойгача







5-босқич

Юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари


Ишлаб чиқилган техник хулоса ва йўналиш чизмасини олганлиги учун ваколатли орган билан тузилган шартномага мувофиқ ҳисоб-китоб қилинади;

Махсус рухсатнома олингандан сўнг техник хулоса асосида белгилаб берилган махсус йўналиш чизмаси орқали катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишини таъминлайди.



              


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 май