язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Халқаро алоқалар/ Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.05.2020 й. 339-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 майдаги

339-сон қарорига

ИЛОВА



Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича

Идоралараро комиссия тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда - Идоралараро комиссия) вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартибини белгилайди.


2. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда - ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади.


3. Идоралараро комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қароролари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Идоралараро комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, эксперт ҳамжамиятлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Идоралараро комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ЖСТ Котибиятига ёки ЖСТга аъзо мамлакатларга келгусида юбориш учун Идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатларни келишиш ва тасдиқлаш;

ЖСТ қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш ва уйғунлаштириш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларини келишиш;

ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи билан биргаликда стратегик масалалар бўйича, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши шартлари, шунингдек, ЖСТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан икки томонлама, кўп томонлама ва ҳар тарафлама савдо музокаралари жараёнидаги келишувлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистоннинг умумий позициясини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Идоралараро комиссия фаолиятига тегишли бошқа фаолиятни амалга ошириш.


7. Идоралараро комиссия унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

ЖСТга аъзо бўлган мамлакатлар билан маслаҳатлар ва музокараларни ташкил этади ва ўтказади, шу жумладан, маслаҳатлар ва музокараларнинг формати, кун тартиби, муддатлари ва ўтказилиш жойи, бундай маслаҳатлар ва музокараларда Ўзбекистон Республикаси делегациясининг таркиби ва бошқа масалаларни кўриб чиқади;

ЖСТ билан ўзаро фаолият масалалари бўйича халқаро донорлар томонидан Ўзбекистон Республикасига берилаётган техник кўмакдан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни баҳолайди ва ишлаб чиқади;

ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштиради;

республиканинг масъул вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат таркибда соҳага оид ишчи гуруҳларнинг таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди;

Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, ҳужжатларни, маълумот ва материалларни давлат органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларидан белгиланган тартибда сўрайди ва олади;

Идоралараро комиссия таркибини ўзгартириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

зарур ҳолларда Идоралараро комиссия йиғилишларида иштирок этиш учун халқаро экспертларни, вазирликлар ва идораларнинг вакилларини, шунингдек, Идоралараро комиссия таркибига кирмайдиган бошқа шахсларни жалб қилади;

ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб бошқа функцияларни бажаради.



3-БОБ. ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯ ТАРКИБИ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Юкланган вазифа ва функцияларни бажариш мақсадида Идоралараро комиссия раиси:

Идоралараро комиссия мажлисларида раислик қилади;

Идоралараро комиссия иш режасига таклифлар киритади;

Идоралараро комиссия мажлисларини чақиради, Идоралараро комиссия, унинг котибияти фаолиятини, мажлисларда кўриб чиқилаётган масалалар тайёрланишини ва қабул қилинган қарорлар ижросини ташкил этади, шунингдек, ҳар чорақда томонларни уларнинг бажарилиш жараёнидан хабардор қилади;

томонлар ҳамкорлигига ва Идоралараро комиссия қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда улар ўртасида келишувга эришилишига кўмаклашади;

Идоралараро комиссия ишида иштирок этиш учун уларнинг таркибига кирмайдиган мансабдор ва бошқа шахсларни таклиф қилади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа функцияларни бажаради.


9. Юкланган вазифалар ва функцияларини бажариш мақсадида Идоралараро комиссия котиби:

Идоралараро комиссиянинг раиси билан келишиш учун йиғилишларнинг муддатлари, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича таклифларни шакллантиради;

Идоралараро комиссия аъзоларини навбатдаги йиғилишнинг муддати, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича хабардор қилади, уларни зарур материаллар билан таъминлайди;

Идоралараро комиссиянинг баённомаларини юритади ва йиғилиш ўтказилишини ва иш юритишини ташкил этади;

тасдиқланган қарорларни Идоралараро комиссия аъзоларига тарқатади;

Идоралараро комиссия қарорларининг ижроси мониторингини олиб боради;

Идоралараро комиссия раисининг Идоралараро комиссия фаолиятига оид топшириқларини бажаради;

Идоралараро комиссиянинг кун тартиби масалалари бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди.


10. Юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари:

Идоралараро комиссия йиғилишида иштирок этади ва қарорларни қабул қилишда овоз беради;

Идоралараро комиссиянинг қарорларини ижро этиш натижалари бўйича Идоралараро комиссияга ҳисобот тақдим этади;

Идоралараро комиссия йиғилишининг кун тартиби ва масалаларни муҳокама қилиш тартиби бўйича таклифлар киритади;

Идоралараро комиссиянинг йиғилишларига материалларни тайёрлашда иштирок этади.

Идоралараро комиссия аъзолари Идоралараро комиссиянинг ўз вақтида ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



4-БОБ. ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ҚАРОРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


11. Идоралараро комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади. Идоралараро комиссиянинг йиғилишлари бир йилда камида икки марта ўтказилади.


12. Идоралараро комиссиянинг йиғилишлари Идоралараро комиссия раисининг қарори, раис бўлмаган ҳолларда ўринбосарларининг қарори, шунингдек, Идоралараро комиссия раиси билан келишган ҳолда Идоралараро комиссия аъзоларининг ташаббуси бўйича чақирилади.

Идоралараро комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш унинг Котибияти - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Котибият деб аталади) томонидан амалга оширилади.


13. Идоралараро комиссия аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этадилар. Идоралараро комиссия аъзолари асоссиз сабабларга кўра уч мартадан ортиқ йиғилишларда иштирок этмаган ҳолларда Идоралараро комиссия Вазирлар Маҳкамасига Идоралараро комиссия аъзоларини ўзгартириш бўйича таклифларни киритиш ҳуқуқига эга.


14. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳисобот киритади.


15. Идоралараро комиссия йиғилишда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


16. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Идоралараро комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади.

Идоралараро комиссиянинг қарорлари Идоралараро комиссиянинг барча аъзолари учун мажбурий хусусиятга эга.


17. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорини талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли таклифларни Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


18. Идоралараро комиссиянинг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар йиғилиш баённомаси шаклида расмийлаштирилади.


19. Идоралараро комиссия томонидан қабул қилинган қарорга норози бўлган Идоралараро комиссия аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда Котибиятга тақдим этишлари мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 май