язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирлар Маҳкамаси ва республика комиссиялари/ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғининг функционал вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.06.2020 й. 349-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 4 июндаги

349-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

маслаҳатчиси - IT-технологиялар, телекоммуникациялар

ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари

департаменти бошлиғининг функционал

вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 12 майдаги ПҚ-4710-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғининг (кейинги ўринларда - Бош вазир маслаҳатчиси) функционал вазифаларини белгилайди.


2. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Бош вазир маслаҳатчиси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси) қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир маслаҳатчисининг фаолияти IT-технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати шакллантирилишини ташкил этиш, ахборот технологиялари ва миллий дастурий маҳсулотларнинг замонавий бозорини ҳамда телекоммуникация инфратузилмаси ва почта алоқаси хизматларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, инновацион фаолият ва илм-фан, архив иши, гидрометеорология ва иқлим ўзгариши, космик фаолият масалалари бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини ташкил этишга йўналтирилган.


5. Бош вазир маслаҳатчиси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг аъзоси ҳисобланади.

Бош вазир маслаҳатчиси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.


6. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


7. Бош вазир маслаҳатчиси IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига (кейинги ўринларда - Департамент) бевосита раҳбарлик қилади ва Департамент бошлиғи ўринбосари ва мутахассисларининг ишини ташкил қилади.


8. Бош вазир маслаҳатчиси Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фаолиятини ушбу Низомга мувофиқ ўзига юкланган вазифалар ва мажбуриятлар доирасида умумий мувофиқлаштиради.


9. Бош вазир маслаҳатчисининг меҳнатига белгиланган тартибда тасдиқланадиган штат жадвалига мувофиқ ҳақ тўланади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Қуйидагилар Бош вазир маслаҳатчиси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент, депутат ва Сенат аъзоси сўровлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ижроси мониторингини олиб бориш, шунингдек, жойларда ишларнинг реал ҳолатини доимий равишда ўрганиш, IT-технологиялар, телекоммуникациялар ҳамда инновацион фаолият ва илм-фанни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, гидрометеорология ва иқлим ўзгариши, космик фаолият муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида стратегик ва устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

Ҳукумат аъзоларининг, барча даражалардаги вазирликлар ва идораларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали ва натижали ижро этилиши учун уларнинг раҳбарларининг шахсий роли ва масъулиятини оширишда иштирок этиш;

кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг асосий халқаро рейтинглар ва индексларда позициясини яхшилаш бўйича Ҳукуматнинг, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг иш самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

жойларда "халқ билан мулоқот" ва шахсий учрашувлар амалиётини такомиллаштириш, IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолият соҳасини янада ривожлантиришни кафолатлайдиган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг аниқ кўрсаткичларга ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган тизимини жорий этиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда тармоқлар ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигини таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини юзага келадиган муаммоларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга, ишни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида давлатнинг айрим функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни пасайтириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали, шу жумладан, илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида, зарур бўлганда, ушбу мақсадларга хорижий консультантларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, экспертизадан ўтказиш ва кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувига асос бўлувчи амалдаги халқаро ҳужжатларга миллий қонунчиликни мослаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш ҳамда тегишли маълумотлар тўпланиши, умумлаштирилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этиш;

бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга оширишда, шу жумладан, идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар мустақиллигини кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илм-фан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, гидрометеорология ва иқлим ўзгариши, космик фаолият масалалари бўйича амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобот бериши учун ҳар чоракда таҳлилий материаллар тайёрлаш;

Ҳукуматнинг, Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг асосий халқаро рейтинглар ҳамда индексларда Ўзбекистон Республикаси позицияларини яхшилаш бўйича иш самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

Бош вазир маслаҳатчиси ваколатига киритилган йўналишлар ва масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича "йўл хариталари", йирик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, бириктирилган соҳалар ҳамда тармоқларда муҳим устувор йўналишлар бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил қилиш ҳамда Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда уларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилиш;

Департаментга бириктирилган соҳаларда ислоҳотларнинг доимий ва тизимли асосда ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш, аниқланган камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилиши бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришиш, тармоқларни яқин ва узоқ муддатли истиқболда стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлашга асосланган мутлақо янги баҳолаш тизимини жорий этиш;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини юзага келадиган муаммолар сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, ишни ташкил қилишнинг замонавий услубларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида давлат органларининг айрим функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш чора-тадбирларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида, Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва барча даражадаги бошқа ташкилотларда ижро интизоми даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, "йўл хариталари"нинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

Департамент кадрлар захираси шакллантирилишини ва уни тизимли асосда янгилаб боришни таъминлаш.


11. Қуйидагилар Бош вазир маслаҳатчисининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) IT-технологияларни ривожлантириш соҳасида:

IT-технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати шакллантирилишида иштирок этиш, ахборот технологиялари ва миллий дастурий маҳсулотларнинг замонавий бозорини ривожлантиришни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига рақамли иқтисодиёт ва "электрон ҳукумат" тизимини жадал суръатларда ривожлантириш, ишлаб чиқаришни бошқаришда ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланишини таъминлаш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига ва замонавий халқаро тенденцияларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш;

"Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарорига мувофиқ электрон ҳукуматни ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;

IT-технологияларни ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилиши халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқ уларнинг ўзаро боғлиқ мувозанатли ривожланиши мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш ва амалга оширилиши самарадорлигини баҳолаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида IT-технологияларни ривожлантириш масалаларида маъмурий тартиботлар, функционал ва операцион жараёнлар тизимли қайта ташкил этилиши ва ахборотлаштирилиши, шунингдек, рақобатга бардошли миллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилишини рағбатлантириш, истиқболли лойиҳаларни яратиш билан банд бўлган ёш иқтидорли дастурчиларни қўллаб-қувватлаш ва электрон тижоратни ривожлантиришни таҳлил қилиш ва унинг натижалари асосида таклифлар тайёрлаш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига ва замонавий халқаро тенденцияларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

IT-технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

давлат-хусусий шериклик асосида технопарклар фаолиятини ташкил этиш йўли билан замонавий рақобатбардошли дастурий маҳсулотларни, шунингдек, экспортга йўналтирилган хизматларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун рағбатлантиришнинг самарали механизмини ва шарт-шароитларини яратиш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;


б) телекоммуникация инфратузилмасини, почта алоқаси хизматларини ва архив ишини ривожлантириш соҳасида:

телекоммуникация инфратузилмаси фаолият кўрсатиши ва уни ривожлантириш, почта алоқаси хизматлари, архив иши ва иш юритиш масалаларида давлат сиёсати шакллантирилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;

иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш, телекоммуникация инфратузилмасини, почта алоқаси хизматларини, архив иши ва иш юритишни ривожлантиришнинг сифат ўзгаришлари ва тенденцияларини баҳолаш;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини янада чуқурлаштиришни, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришни, маҳаллий хомашё ресурслари негизида телекоммуникациялар соҳасида импортнинг ўрнини ва ички бозорни зарур истеъмол товарлари ва бутловчи буюмлар билан тўлдиришни таъминлайдиган замонавий, юқори технологик рақобатбардош ишлаб чиқаришлар ташкил этилишини таъминлаш;

телекоммуникация инфратузилмаси, почта алоқаси хизматлари, архив иши ва иш юритиш, шунингдек, "йўл хариталари" масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, баённомалари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш;

телекоммуникация инфратузилмаси, почта алоқаси хизматлари, архив иши ва иш юритиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

умумий қабул қилинган халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ телекоммуникациялар, почта алоқаси ва радиочастота спектри соҳасида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

телекоммуникациялар, почта, архив иши тармоқлари ва воситаларини модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда ушбу соҳаларга хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

телекоммуникациялар, почта, архив иши ва иш юритиш соҳаларида халқаро ҳамкорлик мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, ушбу соҳаларда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;


в) инновацион ривожланиш соҳасида:

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти барқарор ўсиши, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги ошиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қодир бўлган устувор соҳалар ва тармоқларнинг инновацион ривожланишининг бўлажак моделларини, илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш жараёнини тизимли ўрганиш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик дастурларига, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг илм-фанни кўплаб талаб қиладиган технологияларга реал эҳтиёжларига мувофиқ илмий ҳажмдор технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати, давлат илмий-техник дастури амалга оширилишини таъминлаш, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини, шунингдек, маҳаллий илм-фан натижаларининг рақобатбардошлигини оширишни таъминлашда интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий-лаборатория базаси жиҳозланиши даражасини ошириш, уларни зарур бутловчи ва сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш, жамоавий фойдаланиладиган илмий лабораториялар, тажриба-экспериментал ва конструкторлик-технологик инфратузилмани яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 21 сентябрдаги ПФ-5544-сон Фармонига мувофиқ илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг истиқболли ютуқларини илгари суриш ва жорий этишнинг самарали механизмларини яратишга, шу жумладан, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юксак технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацион йўналтирилган тузилмаларнинг моддий-техника базасини ташкил этиш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ва илмий-тадқиқот ишлари соҳасидаги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;


г) ахборот хавфсизлиги соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат органларида давлат сирига тегишли бўлган маълумотлар мавжуд бўлган ахборотлар алмашишнинг миллий ҳимояланган автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3061-сон қарорига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот ресурслари ва тизимлари киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини ташкил этиш, шунингдек, миллий ахборот маконининг яхлитлигини сақлаш чора-тадбирларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарорига мувофиқ жамоат хавфсизлигининг ягона тизимини ташкил этишда телекоммуникациялар соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини таҳлил қилиш, мақсадли ўрганишларни ташкил этиш ва назорат қилиш, ахборотлаштириш ва электрон ҳукумат тизими, шахсий маълумотлар, шунингдек, уларни ташқи/ички ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилишни ташкил этиш;

миллий ахборот маконини тизимли таҳлил қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлиги соҳасида мониторинг олиб бориш, прогнозлаштириш ва таҳдидларни баҳолаш тизимини ташкил этишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;


д) гидрометеорология ва иқлим ўзгариши ҳамда космик фаолият соҳасида:

гидрометеорологик кузатувлар давлат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, гидрометеорологик тармоқни модернизациялаш ва техник жиҳатдан янгилаш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқларини ўз вақтида ва сифатли гидрометеорологик таъминлашни ташкил этиш;

мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисида маълумотлар олиш, тўплаш ва қайта ишлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

гидрометеорология, иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳит ифлосланиши соҳасида фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини ўтказишни мувофиқлаштириш;

космик фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида космик тизимлар аварияси сабабларини текшириш ва оқибатларини бартараф қилиш бўйича тегишли органларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш;


е) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, шунингдек, "йўл хариталари" ижроси устидан назорат қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари" ижросини мақсадли ўрганиш ва шу асосда стратегик вазифаларни амалга ошириш юзасидан аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари" амалга оширилишини, Департамент фаолияти соҳасида ишларнинг ҳолати ва долзарб муаммоларни таҳлил қилиш ва шу асосда устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича комплекс таклифларни ишлаб чиқиш;

амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан Ҳукуматнинг мавзули сайёр (очиқ) мажлислари учун ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш;

аниқ ҳолатлар бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш учун Департамент фаолияти соҳасига кирадиган муаммоли масалалар бўйича оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан, жойларга чиқиб жамоатчилик фикрини ўрганиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари", мақсадли ва комплекс дастурлар ижроси якунларини, шу жумладан, жойларга чиқиб танқидий муҳокама қилиш.


12. Бош вазир маслаҳатчиси ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ҳукуматнинг муайян соҳалар ва йўналишларда ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳудудларда мавзуга оид сайёр (очиқ) мажлисларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда иштирок этади;

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳузурида кўриб чиқиш учун тегишли режалаштирилган масалалар тайёрланиши ва киритилишини таъминлайди;

IT-технологиялар, телекоммуникациялар, илм-фан ва инновацион фаолият, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда "йўл хариталари" лойиҳаларининг тайёрланишида қатнашади ва Бош вазир, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторларга эришишга асосланган фаолиятини тизимли баҳолайди;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларига юкланган вазифа ҳамда функциялар самарали ва натижали бажарилиши учун уларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш чораларини кўради;

Бош вазир маслаҳатчиси ва Департамент юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

Департаментга бириктирилган соҳаларда ислоҳотларнинг ҳолати ҳамда натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини, уларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифалари амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан Департаментга бириктирилган вазифалар ва дастурлар бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

IT-технологиялар, телекоммуникациялар, илм-фан ва инновацион фаолият, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

вазирликлар ва идоралар бириктирилган соҳада давлат сиёсатини самарали ва сифатли амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг айрим функция ва вазифаларини уларга бериш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифлар киритади;

Бош вазир маслаҳатчиси юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида қатнашади;

Вазирлар Маҳкамасига келган ва Ҳукуматнинг қарори талаб қилинмайдиган ҳужжатларни давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда Департамент бошлиғининг ўринбосари ва мутахассислари лавозимларига кадрларни танлайди;

Департамент бошлиғи ўринбосари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

Департаментда кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил этади;

Департамент бошлиғининг ўринбосарлари ва бош мутахассисларининг вазифалари тақсимотини тасдиқлайди;

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида Иш юритиш тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ишлар юритилишини таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Бош вазир маслаҳатчисининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Бош вазир маслаҳатчиси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

бириктирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига кўра - бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган соҳага оид масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талаблари бузилган ҳолда келадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир маслаҳатчисининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари ва топшириқлари уларда белгиланган муддатларда бажарилиши шарт.

Бош вазир маслаҳатчисининг ўзи юритадиган масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига бериладиган топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


14. Бош вазир маслаҳатчиси:

ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган вазифалар ва функцияларнинг зарур даражада ва сифатли бажарилиши;

унинг ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва тайёрланиши;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Департамент ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирлар Маҳкамасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, баённомалари ва топшириқлари, "йўл хариталари", Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бош вазир маслаҳатчиси олдига бевосита қўйилган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши, раҳбарлик қилинаётган Департаментдаги ишларнинг ҳолати, тегишли давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг зарур даражада мувофиқлаштирилиши ва назорат қилиниши, Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилиши;

юқори даражадаги хорижий ташрифлар, шунингдек, республика ҳудудларига сафарлар якунлари бўйича Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича тасдиқланадиган "йўл хариталари"нинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳужжатлари, парламент сўровлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларини сўровлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишининг мониторинги олиб борилиши;

жойлардаги реал аҳволни доимий ўрганиш, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларининг давлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ва улардаги масалаларнинг барча манфаатдор тузилмалар билан боғлиқ ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИР МАСЛАҲАТЧИСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Бош вазир маслаҳатчиси фаолияти "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Департаментнинг иш режаси асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланадиган Вазирлар Маҳкамасининг иш режаси асосида шакллантирилади.

Департамент иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси билан келишилади ва Бош вазир маслаҳатчиси томонидан тасдиқланади.

Департамент бошлиғи ўринбосари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари Бош вазир маслаҳатчиси томонидан тасдиқланади.

Бош вазир маслаҳатчиси вақтинча бўлмаганда, унинг вазифаларини Департамент бошлиғининг ўринбосари бажаради.


16. Бош вазир маслаҳатчисининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари бириктирилган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда амалга оширилишининг тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг Раёсати мажлисларида ҳисоботларни эшитиш йўли билан ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 5 июнь