язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Аҳоли бандлиги/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2020 й. ПҚ-4742-сон "Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.06.2020 й.

N ПҚ-4742



ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ ВА ЎЗИНИ

ЎЗИ БАНД ҚИЛИШНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИШНИ СОДДАЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган, бироқ солиқ даври давомида юз миллион сўмдан ошмайдиган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Бунда солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган даромадлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартиб асосида солиққа тортилади.

2. 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати иловага мувофиқ кенгайтирилсин.


3. 2020 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;

ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади;

ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.


4. Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар - норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш;

контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш учун қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи мобиль иловани ишлаб чиқсин ҳамда жорий қилсин:

буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш;

юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;

мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;

кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар - тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади;

якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади;

якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.


7. Белгилаб қўйилсинки, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тайёрлашда қуйидагиларни назарда тутсин:

ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдорини ўрнатиш;

якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёлланма ишчиларига ёлланиб ишлаш асосида меҳнат фаолиятини олиб борувчи шахслар учун ўрнатилган солиққа тортиш тартибини татбиқ қилиш.


11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда амалий аҳамияти кенг ёритилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 8 июндаги

ПҚ-4742-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун

фаолият (ишлар, хизматлар) турлари

РЎЙХАТИ


1. Уйда ёки давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари хоналарида репетиторлик қилиш - болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ҳамда гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш.

2. Болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар.


3. Беморлар ҳамда доимий равишда ўзгалар парваришига муҳтож кекса кишиларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар.


4. Уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш.


5. Хоналарни тозалаш, жисмоний шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.


6. Уйда жисмоний шахсларнинг мебелларини таъмирлаш ва йиғиш.


7. Жисмоний шахсларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари).


8. Жисмоний шахсларнинг сантехника ускуналарини майда таъмирлаш ва ўрнатиш.


9. Жисмоний шахсларга квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида - уй ичида) электр монтаж ишлари (электр хавфсизлиги бўйича рухсати бўлганда).


10. Деҳқон ва фуқароларнинг томорқа участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишлари.


11. Фермер хўжаликлари эгалари, пилла етиштириш ва ипак қурти уруғчилиги ташкилотлари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, ипак қуртини ва ҳайвонларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиш, тут кўчатларини экиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари).

12. Фуқароларнинг дала-ҳовли ва томорқа участкалари ландшафтини барпо этиш ишлари.


13. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон ва томорқа участкалари эгаларига ёрдам бериш.


14. Чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, шу жумладан уруғлантириш, қўзилатиш, қирқиш ва дағал хашак жамғариш ишлари.

15. Жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш.


16. Буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани ўрнатиш ва таъмирлаш.


17. Жисмоний шахсларнинг шахсий автомобилларини майда таъмирлаш, уларга аксессуарлар ва автосигнализация ўрнатиш, ғилофлар ва пол қопламаларини тикиш.


18. Жисмоний шахсларнинг автомобилларини ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш.


19. Механизация воситаларини қўлламай, уйда бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари.


20. Макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хомашё тўплаш.


21. Халқ табобати (лицензияси бўлганда).


22. Хусусий шахсларга бош хизматкор ва консьерж хизматларини кўрсатиш.


23. Буюртма асосида товарларни етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно).

24. Бозорлар ва савдо комплексларида майда юкларни араваларда ташиш.


25. Илгари фойдаланилган товарларни сотиб олиш ва сотиш.


26. Велосипедларни таъмирлаш.


27. Ёғоч меъморчилиги (болалар майдончалари ва парк зоналари учун ёғочдан ясалган қурилмалар, ҳайкаллар).


28. Рассомлик.


29. Металл таъмирлаш ишлари (уйда амалга ошириладиган маиший металл буюмларини таъмирлаш (калитларнинг дубликатларини тайёрлаш, соябонларни таъмирлаш, бошқа маиший металл буюмларини оддий таъмирлаш).


30. Уйда попкорн, фрезерда музқаймоқ тайёрлаш ва сотиш.


31. Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш.


32. Газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш.


33. Сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр хизматлари.


34. Косметолог хизматлари ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар.


35. Уйда кир ювиш ва дазмоллаш хизматлари.


36. Тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереяси буюмларини таъмирлаш, аҳолининг якка тартибдаги буюртмаси бўйича тикув ва трикотаж буюмларини, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереяси буюмларини тикиш.


37. Газламаларга нақшлар солиш (газламалар ва кийим ашёларини қўлда бўяш, газламаларга, шу жумладан трафаретли босма ва қўлда расм чизиш усули билан расмлар солиш).


38. Аҳолининг якка тартибдаги буюртмалари бўйича пойабзал тикиш, пойабзални таъмирлаш, бўяш ва тозалаш.


39. Якка тартибда дераза ва эшик пардаларини тикиш ва таъмирлаш, каштачилик.


40. Галантерея буюмларини тайёрлаш ва таъмирлаш.


41. Бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш.


42. Калитлар тайёрлаш.


43. Ўлчов воситалари тайёрлаш ва ижарага бериш.


44. Гулчамбарлар (шу жумладан, мотам гулчамбарлари), сунъий гуллар, икебана, гул маржонларини тайёрлаш.


45. Тўсиқлар, ҳайкаллар, металлдан ясалган гулчамбарларни тайёрлаш ва таъмирлаш.


46. Кесувчи буюмлар ва асбобларни чархлаш.


47. Аквариум балиқлари, декоратив қушлар ва бошқа ҳайвонларни кўпайтириш ва сотиш.


48. Мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш.


49. Видео ва фотосуратга олиш хизматлари.


50. Қадоқлаш ускуналаридан фойдаланмаган ҳолда уй шароитида миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотларини тайёрлаш ва сотиш.


51. Миллий нон ва патирларни тайёрлаш ва сотиш.


52. Салатлар ва тузламаларни тайёрлаш ва сотиш, шунингдек, уй шароитида доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва ўтириш жойларини ташкил этмасдан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда сотиш.


53. Уйда қуйиб сотиш учун салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда қурт тайёрлаш ва сотиш.


54. Тўгараклар ташкил этиш ва юритиш.


55. Тулумни шишириш хизматлари (таксидермик ишлар).


56. Гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш ва сотиш (шу жумладан бонсай санъати).


57. Реклама буклетларини тарқатиш, уйда операторлар томонидан буюртмалар қабул қилиш.


58. Муқовалаш ишлари.


59. Намойишларда кийимлар моделини намойиш қилиш, расмли журналларда, реклама фильмлари ва видео клипларда суратга тушиш.


60. Гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар хизматлари.

61. Матнни яратиш ва ишлов бериш (копирайтер, рерайтер, SEO-копирайтер, SEO-рерайтер, мусаҳҳиҳ, контент-менежер, муҳаррир, e-mail орқали хатларни жўнатиш бўйича мутахассис, спичрайтер, транскрибер ва бошқалар).


62. Мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш (веб-дизайнер, графика дизайнери, компьютер ўйинлари дизайнери, интерьер дизайнери, ландшафт дизайнери, либослар дизайнери, ретушер, фотоколлажчи, вектор графикаси муҳаррири, архитектор, визуаллаштирувчи дизайнер, маълумот дизайнери, интерфейс дизайнери, техник дизайнер, моушн-дизайнер, баннер ясовчи, нашриёт дизайнери, флешер, 3D-дизайнер, видео муҳаррир, видеооператор, бастакор, овоз режиссёри, аранжировкачи, сухандон, фото муҳаррир ва бошқалар).


63. Дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш (дастурчи, дастурий таъминотни синовчи мутахассис, веб-саҳифаларни саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, веб-сайтларни оптимизациялаш бўйича мутахассис).


64. Таржима қилиш хизматлари (бадиий адабиётни таржима қилиш, техник таржима, веб-сайтлар, фильмлар, компьютер ва мобил иловалар, тақдимотлар, видео, аудио ва рекламалар таржимаси).


65. Ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менеджер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси).


66. Кадрлар танлаш соҳасидаги фаолият (интернет-лойиҳалар билан ишловчи менежер, фрилансерлар гуруҳи раҳбари, HR-менежер, рекрутер, шахсий ассистент).


67. Онлайн консультация бериш (онлайн-консультант, онлайн-тренер, молиявий маслаҳатчи, вебинар олиб борувчи).


67-1. Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно).

67-2. Уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш.

68. Ҳамширалик иши.

69. Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати.

70. Автомобиль бозорларида воситачилик хизмати.

71. Риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш).

72. Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати.

73. Маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар).

74. Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш).

75. Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш.

76. Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш.

77. Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш.

78. Кулолчилик.

79. Киберспорт фаолияти.

80. "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси" тайинланган спортчилар фаолияти.

81. Тери хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш.

82. Жунни йиғиш ва тайёрлаш.

83. Қайта ишланган жундан кийимлар ва бошқа буюмлар тўқиш.

84. Уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш.

85. Атлас ва адрас тўқиш.

86. Майда мунчоқ (бисер) тикиш.

87. Дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш.

88. Темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш.

89. Асаларичилик, шунингдек, асалари уяси ва рамкаларини ясаш.

90. Қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш.

91. Қўзиқоринларни териш, уй шароитларида етиштириш ва сотиш.

92. Пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш.

93. Қоғоздан қутилар, бандероллар тайёрлаш.

94. Уй шароитида иссиқхона маҳсулотларини етиштириш.

95. Тайёр маҳсулотга этикетка бириктириш.

96. Уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш.

97. Уй шароитида супурги етиштириш ва тайёрлаш.

98. Ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш.

99. Миллий тақинчоқлар ясаш.

100. Кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш.

101. Дағал жундан гилам, кўрпа ва ёстиқ тайёрлаш.

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 9 июнь


"Халқ сўзи", 2020 йил 9 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 15 июнь, 23-сон, 246-модда