язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Уй-жой қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.06.2020 й. 355-сон "Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуришда тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.06.2020 й.

N 355




ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА КЎП КВАРТИРАЛИ

УЙ-ЖОЙЛАРНИ ҚУРИШДА ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИНИ КЕНГ ЖАЛБ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 июлдан бошлаб:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ер участкалари қурилиши режалаштирилган уй-жойлар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратилади;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг таркибига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзгидромет" марказининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади ҳамда уларнинг хулосаси олинади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича танлов савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари билан инвестиция шартномалари тузилади;

кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича ажратилган ер массивлари (участкалари) ва локал оқава сув тозалаш иншоотларининг атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хулосаси халқаро молия институтлари талабларидан келиб чиқиб тайёрланади ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар бир массив ва тозалаш иншоотлари бўйича давлат экологик экспертизаси хулосалари берилади;

кўп квартирали уй-жойларни қуриш жараёнида халқаро молия институтлари талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими жорий этилади.


3. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказларига юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уй-жой қуриш жараёнида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизимини татбиқ этиш бўйича халқаро молия институтлари талаблари асосида бир ой муддатда тартиб ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

тасдиқланган тартиб асосида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими бўйича ҳисоботларни тайёрлаб, белгиланган муддатда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича танланган тадбиркорлик субъектлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўртасида тузиладиган кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир намунавий инвестиция мажбуриятлари шартномасининг лойиҳасини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги кўп квартирали уй-жойлар ва муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш бўйича лойиҳа ечимларининг ва бажарилаётган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат қурилиш назоратини ўрнатсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 5 июнь