язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Стратегияси (ЎзР ВМ 05.06.2020 й. 359-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 5 июндаги

359-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация

технологияларини ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Солиқ маъмуриятчилигини таъминлаш бўйича давлат солиқ хизмати органларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини кенг жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигини самарали амалга оширишга ҳамда солиқ органларига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилаётган қуйидаги камчилик ва муаммолар мавжуд:

биринчидан, электрон давлат хизматлари ва ахборот тизимлари орқали маълумотлар базасига тушаётган мурожаатлар сони йилдан-йилга кескин ошиб бораётганлиги сабабли маълумотларни тезкорлик билан таҳлил қилиш имкониятини бермаяпти;

иккинчидан, Давлат солиқ қўмитасининг мавжуд сервер қурилмаларининг хотира ҳажми бугунги кунда 90 фоиз банд ва уларнинг ишлаш кафолатли муддати тугаган, Маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилмалари эскирган;

учинчидан, мавжуд ахборот тизимлари турли хил дастурлаш тилида ва бир-бирига мураккаб интеграциялашган ҳолда фойдаланилмоқда ҳамда ягона платформа мавжуд эмас;

тўртинчидан, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат касса машиналари ҳамда ташқи манбалар орқали шаклланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор таҳлил қилиш учун мавжуд серверлар қуввати етишмаслиги оқибатида тизимда тез-тез узилишлар вужудга келмоқда;

бешинчидан, солиқ тўловчи билан солиқ органлари ўртасида маълумот алмашинувини таъминловчи ягона стандарт ва дастурий маҳсулотлар мавжуд эмас;

олтинчидан, солиқ базасини кенгайтириш учун идоралараро маълумотлар алмашиш даражаси паст;

еттинчидан, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш учун кўриладиган таъсир чораларини автоматик сегментлаш ва солиқ тушумлари хавфини тўлиқ баҳолаш механизмлари мавжуд эмас;

саккизинчидан, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги юқори малакали кадрларни тайёрлашда тизимли камчиликлар мавжуд.

Ушбу камчилик ва муаммолар солиқ тизимини жадал ривожлантириш, солиқ маъмуриятчилигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг талаб даражасида йиғилишига ва солиқ тўловчиларга сифатли электрон давлат хизматлари кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан аниқ мақсад, вазифа ва асосий йўналишларни назарда тутувчи Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Стратегиянинг асосий мақсади - солиқ маъмуриятчилигига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда, солиқ тўловчиларга мажбуриятларини ихтиёрий бажаришга шароит яратиш ҳисобига солиқ йиғимларини ошириш, шунингдек, инсон аралашувини чеклаш, қарор қабул қилиш жараёнини автоматлаштириш ва ягона стандартларни жорий этиш ҳисобланади.


2. Қуйидагилар Стратегиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат солиқ хизмати органларининг маълумотларни қайта ишлаш марказини ва идоралараро маълумотларни узатиш тармоғини модернизация қилиш;

солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштиришда фойдаланиладиган ахборот тизимлари комплексининг ягона платформасини яратиш, маълумотларни визуализация қилиш тизимларини жорий этиш;

катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлашнинг самарали усулларини ва илғор бизнес-таҳлил (Business Intellegence, Big Data) технологияларини жорий этиш;

солиқ маъмуриятчилигига рақамли технологияларни жорий этиш орқали солиқ тўловчиларга контактсиз электрон хизматларни кўрсатишга босқичма-босқич ўтиш, солиқ тўловчи шахсий кабинетининг фойдаланиш доирасини кенгайтириш ҳамда электрон хизматларни кўрсатишнинг инновацион усулларини жорий қилиш;

"Онлайн назорат касса машиналари", "Электрон ҳисобварақ-фактуралар" ва бошқа марказлашган тизимлар орқали шаклланган маълумотларни қайта ишлаш натижасида бозор коньюнктурасини ўрганиш, қўшилган қиймат солиғи занжирини назоратга олиш, товар ва хизматларнинг иқтисодиётда ҳаракатланишини мониторинг қилиш;

солиқ тўловчилар фаолиятига аралашишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида "инсон омили"ни ҳамда коррупция ҳолатларини камайтириш имконини берадиган солиқ назорати тизимини шакллантириш;

солиқ аудитининг ҳар бир қадамини автоматик тарзда қайд этиш, мониторинг қилиш, реал вақт режимида маълумот ва таҳлиллардан фойдаланиш орқали солиқ тизимини такомиллаштириш;

телекоммуникация тармоқлари, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини ҳимоя қилиш учун замонавий технологияларни жорий этишни таъминлайдиган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга қарши туриш ва бу борада кадрлар малакасини ошириш;

солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритишда ягона идентификатор сифатида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)дан фойдаланишдан жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлашга эришиш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


3.1. Хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ

хизматларини ривожлантириш


1. Солиқ тўловчиларга шахсий кабинет орқали кўрсатиладиган хизматларни кенгайтириш.


2. Солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг мобиль иловалари сонини кўпайтириш.


3. Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш стандартлари ва методологиясини ишлаб чиқиш.


4. Тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар орқали солиқ тўловчилар ҳақидаги ахборотларни жамлаган (скоринг) хизмат турларини жорий этиш.



3.2. Замонавий ахборот тизимларини жорий қилиш орқали давлат

солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари комилексининг ягона платформасини яратиш;


2. Солиқ хизмати органларида замонавий бизнес-таҳлил (Business Intellegence) тизимини жорий этиш.


3. Солиқ аудитини автомат тарзда назорат қиладиган (Case Management System, Case Assesment System) тизимни яратиш.


4. Идоралараро ҳамкорлик орқали ахборот алмашинувида мавжуд муаммоларни бартараф этиш.


5. Солиқ органларига юкланадиган вазифалар бўйича бизнес-процессларни ишлаб чиқиш ва уларни автоматлаштириш.


6. Солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритишда ягона идентификатор сифатида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)дан фойдаланишдан жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланишга ўтиш.


7. Солиқ тўловчиларни сегментлаш, хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, инсон омилини тўлиқ бартараф этадиган солиқ назоратини амалга оширишни назарда тутувчи "Таҳлика-таҳлил" тизимини яратиш.


8. Маҳаллий бюджетлар даромадини оширишда маҳаллий солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш учун "сайт" тизимини кенг жорий этиш.



3.3. Маълумотларни қайта ишлаш марказининг

моддий-техника базасини кенгайтириш


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази серверлари, ҳисоблаш қурилмалари ва бошқа техник жиҳозларини модернизация қилиш.


2. Маълумотларни қайта ишлаш марказининг асосий ва захира биноларининг муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш.


3. Давлат солиқ хизмати органларининг телекоммуникация қурилмалари ва ахборот хавфсизлигини таъминловчи тизимларини модернизация қилиш.


4. Катта ҳажмдаги маълумотларни бошқариш ва таҳлил қилиш имконини берувчи "Big Data" технологиясини йўлга қўйиш.


5. Ахборот-коммуникация технологиялари паркини босқичма-босқич янгилаш.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасининг ҳажми 1 петабайтга ва маълумотларни қайта ишлаш ҳамда таҳлил қилиш тезлиги 10 бараваргача ошади.


2. Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган электрон давлат хизматларининг сифати ошади ва солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси 90 фоизгача етказилади.


3. "Онлайн назорат касса машиналари", "Электрон ҳисобварақ-фактуралар" ва бошқа марказлашган тизимлар орқали шаклланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қўшимча тушумлар жалб қилинади.


4. Солиқ органларига юкланадиган вазифалар бўйича бизнес-процесслар ишлаб чиқилиши, такрорланишлар ва техник ишлар қисқариши ҳисобига меҳнат унумдорлиги ортади.


5. Ягона платформани яратиш орқали маълумотларни киритиш, тўплаш, шакллантириш, таҳлил қилиш қулай ва соддалашуви натижасида солиқ ҳисоботларини топшириш жараёни 5-7 баробарга қисқаради.


6. Тизимга малакали кадрларни тайёрлаш учун масофавий таълим имкониятлари кенгаяди.


7. Ахборотлар махфийлигини таъминлаш ва ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш ҳамда маълумотларни хавфсиз ва ишончли сақлаш имкониятлари 100 фоизгача етказилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 июнь