язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.06.2020 й. 369-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 июндаги

369-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш

борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш

бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича танлов (кейинги ўринларда - танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторлари (кейинги ўринларда - ҳарбий-маъмурий секторлар) ўртасида ҳар йили 1 январдан 20 декабргача ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ўтказилади.


3. Ҳарбий-маъмурий секторларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлари - аввало, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституциявий мажбуриятларини бажариш, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.


4. Ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисобот ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1 санасигача (декабрь ойи ҳисоботи 20 санасигача) электрон кўринишда ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг (ўринбосарининг) электрон рақамли имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этилади.


5. Ҳарбий-маъмурий секторлар ҳисоботларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ўтказилган тадбирларнинг умумий сони, кўлами, аҳолининг қамраб олиниши ва натижадорлиги;

вилоят миқёсида ҳамда бевосита ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари ва аъзолари томонидан ўтказилган ҳар бир тадбирнинг шакли;

оммавий ахборот воситаларида ёритилган тадбирлар (оммавий ахборот воситаларда ёритилган куни, телекўрсатув, радиоэшиттириш номи, газета, журнал ва расмий сайтларда чоп этилган мақолаларнинг номи ва муаллифи);

мавсум давомида мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган тадбирларни ташкил этишда ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган туман ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий қисм ва муассасалар командир ҳамда бошлиқлари ва уларнинг эришган натижалари.



2-БОБ. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга содиқлик, ёшлар ўртасида Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, "оммавий маданият" кўринишидаги салбий иллатларни ёшларга тушунтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий шакл, усул ва воситаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш танловни ўтказишнинг асосий мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда чақирув ёшидаги ёшларни ва ҳарбий хизматчиларни доимий асосда ахлоқий-руҳий, маънавий-маърифий тайёрлаш, шунингдек, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юксак маънавий-ахлоқий сифатлари ва фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, содир бўлаётган ҳодисаларга дахлдорлик ва Ватан тақдири учун уларда жавобгарлик туйғусини мустаҳкамлаш;

Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда фуқаролик жамиятининг барча институтлари, аҳолининг кенг қатламлари фаол иштирокида барча зарур шарт-шароитларни яратган ҳолда, ёшларнинг маънавий-маърифий, маданий, жисмоний даражаси ва билимларини оширишга қаратилган турли маданий-ҳордиқ ва оммавий-спорт тадбирларини ўтказиш;

ҳарбий хизматчилар ва чақирув ёшидаги ёшларни ахлоқий-руҳий жиҳатдан етук этиб тарбиялаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, таълим муассасаларида бошланғич чақирувгача бўлган ёшларни тайёрлашни ташкил этиш жараёнини назорат қилиш, таълим муассасаларининг ўқув-моддий базасини такомиллаштириб бориш, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ижтимоий фаоллигини ошириш;

ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, жисмонан соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш;

ёшларнинг интеллектуал ва маданий (бадиий-эстетик) савиясини ошириш мақсадида улар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, жаҳон илм-фани, санъати намуналари билан мунтазам равишда таништириб бориш, шунингдек, замонавий фикрлайдиган, билим ва дунёқараши кенг, бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


8. Танлов Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича ташкилий ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - Ташкилий ишчи гуруҳ) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ташкилий ишчи гуруҳнинг ишчи органи ҳисобланади ва ҳар йили 1 январь куни танлов бошланганлиги юзасидан эълон беради.

Тегишли манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул шахслари ишчи орган фаолиятида ўз таклифлари билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ҳар ой ҳарбий-маъмурий секторлардан келиб тушган ҳисоботларни ўрганиб чиқади ҳамда балларни белгилаб беради, йил давомида ўсиб борувчи баллар жамламасини ҳисоблаб юритади.


9. Қуйидагилар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ташкил этиладиган ва ўтказиладиган тадбирларнинг асосий шакллари ҳисобланади:

оммавий-спорт ишлари, марафонлар, спортнинг ўйин турлари (футбол, волейбол, регби ва бошқалар), "Темурбеклар", "Ёш қутқарувчи" каби ҳарбий-спорт ўйинларини, "Ҳарбий китобхон" каби танловларни ташкил этиш ва ўтказиш;

ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништириш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналари намойишларини ташкил этиш мақсадида ёшларнинг ҳарбий қисм ва муассасаларга ташрифини ташкил этиш;

ҳарбий-маъмурий сектор раҳбариятининг ёшлар билан тематик учрашувларини ташкил этиш;

вилоят, туман, шаҳар марказларида бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг чиқишлари, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, қўл жанги бўйича чиқишлар, ҳарбий оркестрларнинг мусиқали (дефиле) чиқишлари, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари ва бошқаларни ўз ичига олувчи ҳарбий-ватанпарварлик фестивалларини ўтказиш;

ёшларнинг интеллектуал савияси ва маданиятини юксалтиришга қаратилган турли ижодий танловлар (бадиий, театрлаштирилган ва бошқалар) ўтказиш;

мактабгача таълим ташкилотларида болалар эрталикларини ўтказиш ҳамда Ватанга садоқат, авлодлар қаҳрамонлигини мадҳ қилишга қаратилган "Мен ҳам ҳарбий бўламан!" шиори остида турли эстафеталар ташкил этиш ва ўтказиш;

касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ватанпарварлик руҳидаги "Мардлик ва жасорат", "Тинчлик", "Мустақиллик" каби жасорат дарсларини ташкил этиш ва ўтказиш;

муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш ва кутиб олиш, Ватанга қасамёд маросимларида, муддатли ҳарбий хизматчиларга имтиёзли тавсияномалар топшириш тадбирларида, курсантларнинг битирув кечаларида ёшларнинг иштирокини таъминлаш;

ёшлар иштирокида "Эъзоз", "Эҳтиром", "Авлодлар учрашуви" номли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

мактабгача таълим ташкилотлари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, тарбияланувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг ўқув-моддий базасини такомиллаштириш;

ёшлар иштирокида ҳарбий-маъмурий секторлар ва ҳарбий қисм қўмондонлиги раҳбарлигида давлатимиз раҳбариятининг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган ғамхўрлиги, уларга берилаётган имтиёзлар, жамиятимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташ ва Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигини тарғиб қилувчи учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш ва ўтказиш.



4-БОБ. ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБЛАРНИ ТАҚДИРЛАШ


10. Ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида амалга оширилган тадбирлар (ватанпарварлик, маданий-маърифий, оммавий-спорт, тарғибот-ташвиқот ва бошқалар) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ мезонлар асосида баҳоланади.


11. Танлов ғолиблари ўсиб борувчи баллар жамламаси асосида аниқланади.

Танлов натижаларига кўра баллар тенг бўлиб қолган тақдирда, ғолиблар Ташкилий ишчи гуруҳ аъзолари (котибдан ташқари) орасида яширин овоз бериш йўли билан аниқланади. Овозлар тенг бўлиб қолганда эса, Ташкилий ишчи гуруҳ раҳбарининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.


12. Июнь-июль ойларида ҳарбий маъмурий секторлар томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ўтказилаётган ишларни баҳолаш бўйича ташкилий ишчи гуруҳ аъзоларидан бирининг раҳбарлигида оралиқ якун ясаш ўтказилади, бунда унинг давомида кўрик-танлов боришининг қисқа таҳлили, мавжуд камчиликлар ва ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилади.


13. Танловнинг якуний натижалари ғолибларни кўрсатган ҳолда, Ташкилий ишчи гуруҳ баённомаси билан расмийлаштирилади ва ҳар йили декабрь ойининг 25 санасигача ҳарбий-маъмурий секторларга электрон шаклда тегишли ахборот тизими орқали юборилади.


14. Танлов натижалари ҳар йили январь ойида "Ватан ҳимоячилари куни" байрами арафасида ўтказиладиган тантанали тадбирда эълон қилинади ва ғолиблар тақдирланади.


15. Танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий ишчи гуруҳ таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Танлов натижаларидан норози бўлган ҳарбий-маъмурий секторлар Ташкилий ишчи гуруҳ раҳбарининг буйруғи билан тузиладиган аппеляция комиссиясига (кейинги ўринларда - аппеляция комиссияси) ҳар йили декабрь ойининг 25 санасидан бошлаб 3 кун давомида аппеляция бериш ҳуқуқига эга.

Аппеляция 3 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.


17. Аппеляция комиссияси таркибига Ташкилий ишчи гуруҳ фаолиятида иштирок этмаган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ўринбосарлари орасидан комиссия раиси ва тўққиз нафар аъзо киритилади.


18. Ҳарбий-маъмурий секторларнинг аппеляциясини кўриб чиқишда уларнинг вакиллари иштирок этиши мумкин.


19. Аппеляция комиссияси ҳарбий-маъмурий секторнинг аппеляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади.


20. Аппеляция комиссияси тегишли қарорни тегишли ҳарбий-маъмурий секторга етказилишини таъминлайди.


21. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш

борасида амалга оширилаётган ишларни

баҳолаш бўйича танлов ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддати

1-босқич


Мудофаа вазирлиги


Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича танловни эълон қилади.


Ҳар йили 1 январь









2-босқич

Ҳарбий-маъмурий секторлар


Қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

оммавий-спорт ишлари, "Темурбеклар", "Ёш қутқарувчи" каби ҳарбий-спорт ўйинлари;

ёшларнинг интеллектуал савияси ва маданиятини юксалтиришга қаратилган турли ижодий танловлар;

ёшлар иштирокида "Эъзоз", "Эҳтиром", "Авлодлар учрашуви" номли маънавий-маърифий тадбирлар;

касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ватанпарварлик руҳидаги "Мардлик ва жасорат", "Тинчлик", "Мустақиллик" каби жасорат дарслари;

мактабгача таълим ташкилотларида болалар эрталикларини ўтказиш ҳамда Ватанга содиқлик, авлодлар қаҳрамонлигини мадҳ қилишга қаратилган "Мен ҳам ҳарбий бўламан!" шиори остида турли эстафеталар.


1 январь-

20 декабрь









3-босқич

Ҳарбий-маъмурий секторлар


Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этади.


Ҳар ойнинг

1 санасигача

(декабрь ойида - 20 декабрь)









4-босқич

Мудофаа вазирлиги


1. Ҳарбий-маъмурий секторлардан келиб тушган ҳисоботларни ўрганиб чиқади ҳамда балларни белгилаб беради.



1. Ҳар ойнинг 5 санасигача




2. Ўсиб борувчи баллар жамламасини ҳисоблаб боради.


2. Йил давомида








5-босқич

Ташкилий ишчи гуруҳ


1. Танловнинг якуний натижалари ғолибларини баённома билан расмийлаштиради ва ҳарбий-маъмурий секторларга электрон шаклда тегишли ахборот тизими орқали юборади.



ҳар йили декабрь ойининг 25 санасигача




2. Танлов натижаларини ҳар йили январь ойида "Ватан ҳимоячилари куни" байрами арафасида ўтказиладиган тантанали тадбирда эълон қилади ва ғолибларни тақдирлайди.



ҳар йили январь ойининг 14 санасигача

        





Низомга

2-ИЛОВА



Ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан ёшларни

ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида

амалга оширилган тадбирларни баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Тадбир номи


Балл


I. ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИ БЎЙИЧА

1.

Тадбирлар сони 10 тадан 50 тагача бўлганда


3

2.

Тадбирлар сони 51 тадан 100 тагача бўлганда


4

3.

Тадбирлар сони 101 тадан 150 тагача бўлганда


5


Изоҳ. Мазкур ҳисоб куйидаги тарзда амалга оширилади: ой давомида ўтказилган тадбирлар сони вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм (муассасалар) сонига бўлинади ва натижадаги сон инобатга олинади.



II. ТАДБИРЛАР МИҚЁСИ УМУМИЙ ТАДБИРЛАР СОНИГА ФОИЗ ҲИСОБИДА

(қатнашувчилар сони: кичик миқёс - 100 нафаргача, ўрта миқёс - 1000 нафаргача,

катта миқёс - 1000 нафардан кўп)


4.

Катта ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони умумий тадбирлар сонининг 50 фоиздан кам бўлганда


1

5.

Катта ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони умумий тадбирлар сонининг 51 фоиздан 74 фоизгача бўлганда


2

6.

Катта ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони умумий тадбирлар сонининг 75 фоизидан кўп бўлганда


3

III. ТАДБИРЛАР ДАРАЖАСИ

7.

Туман (шаҳар) даражасидаги ҳар бир тадбир учун


1

8.

Вилоят даражасидаги ҳар бир тадбир учун


3

9.

Республика даражасидаги ҳар бир тадбир учун


4

IV. ТАДБИРНИНГ МАВҚЕИ

10.

Тадбирда ҳарбий қисм қўмондонлиги қатнашганда


1

11.

Тадбирда вилоят ИИБ, МГ, ФВВ, ДХХЧК раҳбарлари қатнашганда


2

12.

Тадбирда ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг ўринбосарлари қатнашганда


3

13.

Тадбирда ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари қатнашганда


5

V. ТАДБИРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

14.

Туман (шаҳар) аҳамиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаларда - ҳар бир ёритилган тадбир учун


0,1

15.

Вилоят аҳамиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаларда- ҳар бир ёритилган тадбир учун


0,2

16.

Республика аҳамиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаларда- ҳар бир ёритилган тадбир учун


0,3

VI. ЎТКАЗИЛГАН ТАДБИРЛАРНИНГ НАТИЖАДОРЛИГИ

17.

Профилактик ҳисобдан чиқарилган ҳар бир ёш учун


1

18.

Профилактик ҳисобга киритилган ҳар бир ёш учун


минус 1

VII. РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВЛАРИДА

ҒОЛИБЛИКНИ ҚЎЛГАН КИРИТИЛГАНЛИГИ

19.

Кўрик-танловда ("Зулфия" мукофоти совриндорлари, фанлар бўйича олимпиада, тадбиркорлик, спорт ва бошқалар) биринчи ўринни эгаллаган ёшлар - ҳар бири учун


0,1

VIII. ЎТКАЗИЛГАН ТАДБИРЛАРНИНГ САМАРАДОРЛИГИ

20.

Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан 1% дан 15 % гача ўсганлиги учун


минус 1

21.

Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан 16% дан 30 % гача ўсганлиги учун


минус 3

22.

Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан 31 % дан кўп ўсганлиги учун


минус 5

23.

Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан камайганлиги учун


10

IX. ВИЛОЯТДА "ВАТАНПАРВАРЛАР" БОҒИНИНГ ФАОЛИЯТИ

24.

Боғ мавжуд эмас


минус 5

25.

Боғда ой давомида ёшлар билан 1 тадан 10 гача тадбир ўтказилди


1

26.

Боғда ой давомида ёшлар билан 11 тадан 15 гача тадбир ўтказилди


3

27.

Боғда ой давомида ёшлар билан 16 тадан кўп тадбир ўтказилди


5

X. ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИГА ОИД ТАРҒИБОТ

МАТЕРИАЛЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

28.

Ҳар бир мавзуга оид янги видеоролик учун


0,1

29.

Ҳар бир янги бадиий, ҳужжатли асарлар, услубий ишланмалар учун


0,2

XI. ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВГА ЭГА

БЎЛГАН ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИГИ

30.

Республикадаги нуфузли илмий ва маданий муассаса вакилларининг жалб этилганлиги, ёшлар эътиборини жалб қилувчи илмий ва амалий психологик усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилган ҳар бир тадбир учун


1

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 июнь