язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат хизматлари/ Давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичлари ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.06.2020 й. 3241-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 10.06.2020 й. 129-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 10 июнда 3241-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2020 йил 10 июндаги

129-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар

ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида

самарадорлик ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичлари

ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон "Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида"ги қарорига мувофиқ давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичлари ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли орган - қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш функцияси юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;


масъул ходим - ваколатли органда давлат хизматларини кўрсатишга масъул этиб тайинланган (бириктирилган) ходим;


фойдаланувчи - давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс.


2. Ваколатли органлар томонидан масъул ходимларнинг фаолияти йилига камида бир маротаба мазкур Низомда белгиланган самарадорлик ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилиши лозим.


3. Мазкур Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

ваколатли орган ходимлари томонидан давлат хизмати кўрсатилишини баҳолаш бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари томонидан давлат хизмати кўрсатилишини баҳолашда;

туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларининг ходимлари томонидан давлат хизмати кўрсатилишини баҳолашда.


4. Баҳолаш адолатлилик, холислик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда амалга оширилади.



2-БОБ. САМАРАДОРЛИК ВА НАТИЖАДОРЛИКНИНГ

АСОСИЙ КЎРСАТКИЧЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИ ҲИСОБЛАШ


5. Қуйидагилар масъул ходимнинг давлат хизматлари кўрсатиш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари ҳисобланади:

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган давлат хизматлари сони;

ваколатли орган томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича ташаббускорлик;

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган давлат хизматлари сони (масъул ходимга боғлиқ бўлмаган ҳолда белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган давлат хизматлари бундан мустасно);

масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга фойдаланувчилардан келиб тушган шикоятлар сони;

масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга киритилган тақдимнома ҳамда масъул ходимга нисбатан қўлланилган маъмурий жавобгарлик чоралари сони, қонун ҳужжатларига мувофиқ интизом уставлар татбиқ этиладиган масъул ходимлар бундан мустасно.


6. Қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган давлат хизматлари сонини ҳисоблашда ҳисобот даврида масъул ходим томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган давлат хизматлари инобатга олинади.

Бунда, масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати қонун ҳужжатларида белгиланган муддат доирасида кўрсатилган ва тугалланган бўлиши лозим.


7. Масъул ходим томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган давлат хизматлари сони ушбу масъул ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган жами давлат хизматлари сонига нисбатан фоизда ҳисобланади ва қуйидаги мезонлар асосида балл берилади:

50 фоиз ва ундан кўп бўлганда - 80 балл;

31 фоизидан 50 фоизигача бўлганда - 50 балл;

11 фоизидан 30 фоизигача бўлганда - 20 балл;

1 фоиздан 10 фоизгача бўлганда - 5 балл.


8. Ваколатли орган томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича ташаббускорлик ҳисобот даврида масъул ходим томонидан ушбу ваколатли органнинг давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар ва ушбу таклифлар асосида иш жараёни ва қонун ҳужжатларига киритилган тегишли ўзгартиришлар инобатга олинади.

Бунда, масъул ходим томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича берилган камида 2 та таклиф ёки берилган таклиф асосида иш жараёни ва қонун ҳужжатларига киритилган тегишли ўзгартиришлар ҳисобланади.


9. Масъул ходимнинг ваколатли орган томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича ташаббускорлиги учун қуйидаги мезонлар асосида балл берилади:

берилган таклифлардан 2 та ва ундан ортиғи асосида иш жараёни ёки қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлса - 20 балл;

берилган таклифлардан 1 таси асосида иш жараёни ёки қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилган бўлса - 15 балл;

2 та ва ундан ортиқ таклифлар берилган, бироқ берилган таклифлар асосида иш жараёни ёки қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмаган бўлса - 10 балл;

1 та таклиф берилган, бироқ берилган таклиф асосида иш жараёни ёки қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмаган бўлса - 5 балл.

Масъул ходим томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклиф берилмаган бўлса унга балл берилмайди.


10. Қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган давлат хизматларининг сонини ҳисоблашда ҳисобот даврида масъул ходим томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктириб кўрсатилган давлат хизматлари инобатга олинади.

Бунда, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктириб кўрсатилган давлат хизматлари сони масъул ходим томонидан жами кўрсатилган давлат хизматлари сонига нисбатан фоизда ҳисобланади, масъул ходимга боғлиқ бўлмаган ҳолда белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган давлат хизматлари бундан мустасно.


11. Масъул ходим томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктириб кўрсатилган давлат хизматлари сони ушбу масъул ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган жами давлат хизматлари сонига нисбатан фоизда ҳисобланади ва унинг умумий балли йиғиндисидан қуйидаги мезонлар асосида тегишли баллар айириб ташланади:

30 фоиз ва ундан кўп бўлганда - 40 балл;

16 фоиздан 30 фоизгача бўлганда - 30 балл;

6 фоиздан 15 фоизгача бўлганда - 20 балл;

1 фоиздан 5 фоизгача бўлганда - 10 балл.


12. Масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга фойдаланувчилардан келиб тушган шикоятлар сонини ҳисоблашда ҳисобот даврида масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизматлари юзасидан келиб тушган шикоятлар инобатга олинади.

Бунда, ваколатли органга келиб тушган ва ўз тасдиғини топгани шикоятлар ҳисобланади.


13. Масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати бўйича келиб тушган шикоятларнинг сони ушбу масъул ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган жами давлат хизматлари сонига нисбатан фоизда ҳисобланади ва унинг умумий балли йиғиндисидан қуйидаги мезонлар асосида тегишли баллар айириб ташланади:

20 фоиздан юқори бўлса - 30 балл;

11 фоиздан 20 фоизгача бўлса - 20 балл;

6 фоиздан 10 фоизгача - 10 балл;

1 фоиздан 5 фоизгача - 5 балл.


14. Масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга киритилган тақдимнома ҳамда масъул ходимга нисбатан қўлланилган маъмурий жавобгарлик сонини ҳисоблашда ҳисобот даврида масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати бўйича киритилган тақдимнома ва (ёки) масъул ходимга нисбатан қўлланилган маъмурий жавобгарлик чораси инобатга олинади.

Бунда, масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга киритилган тақдимноманинг фақат ўз тасдиғини топгани ҳисобланади.


15. Масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати юзасидан ваколатли органга киритилган тақдимнома ва (ёки) масъул ходимга нисбатан қўлланилган маъмурий жавобгарлик чорасининг сони ушбу масъул ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган жами давлат хизматлари сонига нисбатан фоизда ҳисобланади ва унинг умумий балли йиғиндисидан қуйидаги мезонлар асосида тегишли баллар айириб ташланади:

2 та ва ундан ортиқ маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган бўлса - 30 балл;

1 та маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган бўлса - 20 балл;

2 та ва ундан ортиқ тақдимнома киритилган бўлса - 10 балл;

1 та тақдимнома киритилган бўлса - 5 балл.



3-БОБ. МАСЪУЛ ХОДИМ ТОМОНИДАН

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИЛИШИДА УНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Масъул ходим томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида унинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш (бундан буён матнда баҳолаш деб юритилади) ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан 3 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.


17. Комиссия таркиби ваколатли орган раҳбари ва давлат хизматлари кўрсатиш билан шуғулланмайдиган масъул ходимлар орасидан шакллантирилади.


18. Ваколатли орган раҳбари комиссия раиси ҳисобланади.

Ваколатли органнинг давлат хизматлари кўрсатиш билан шуғулланмайдиган ходимлари орасидан комиссия котиби тайинланади.


19. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


20. Комиссия раиси комиссия ишини ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади.


21. Баҳолаш ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15 санасига қадар амалга оширилиши лозим.


22. Комиссия котиби ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасига қадар масъул ходимнинг давлат хизматлари кўрсатиш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ҳисоблашнинг асосий кўрсаткичлари бўйича ваколатли органдаги масъул ходимлардан тегишли маълумотларни олади, шунингдек уларнинг тўлиқлигини ҳамда ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилганлигини ўрганади.


23. Комиссия котиби масъул ходим томонидан берилган маълумотлар тўлиқ бўлмаган ёки ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилмаганлигини аниқлаган ҳолларда тегишли масъул ходимдан камчиликларни 1 кун муддатда бартараф этишни талаб қилади.


24. Комиссия котиби тақдим этилган маълумотлар асосида комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун ҳар бир масъул ходим бўйича алоҳида комиссиянинг барча аъзолари сонига мутаносиб равишда қисқача маълумотнома тайёрлайди.


25. Комиссия раиси масъул ходимлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мақсадида комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.


26. Комиссия котиби комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида 2 кун олдин комиссиянинг барча аъзоларини комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилиши шарт.



4-БОБ. МАСЪУЛ ХОДИМ ТОМОНИДАН

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИЛИШИДА УНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ


27. Махсус комиссия йиғилишида комиссия раиси, котиби ва унинг аъзоларидан бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.


28. Комиссия котиби йиғилишда кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган масъул ходимларнинг маълумотлари асосида тайёрланган қисқача маълумотномани комиссиянинг барча аъзоларига бир нусхадан тарқатади ҳамда ҳар бир масъул ходим бўйича маълумотларни комиссия аъзоларига алоҳида ўқиб эшиттиради.


29. Комиссия масъул ходим бўйича тақдим этилган маълумотларни ўрганган ҳолда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида қарор қабул қилади.


30. Комиссияси қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


31. Масъул ходим томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида унинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳар бир кўрсаткич юзасидан масъул ходимнинг умумий тўплаган баллари бўйича қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

86 баллдан 100 баллгача бўлганда - аъло;

71 баллдан 85 баллгача бўлганда - яхши;

56 баллдан 70 баллгача бўлганда - қониқарли;

55 ва ундан кам балл бўлганда - қониқарсиз.


32. Комиссия йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Бунда комиссия мажлиси баённомасини расмийлаштириш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.


33. Комиссия йиғилиши баённомаси шу вақтнинг ўзида комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.


34. Комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома билан барча масъул ходимларни шу куннинг ўзида таништириши шарт.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Энергетика вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, "Ўзархив" агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Фанлар академияси, АТ "Халқ банки" билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 15 июнь, 23-сон, 255-модда