язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Низом расмий эълон килинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Соғлиқни сақлаш/ Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.06.2020 й. 3242-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 24.03.2020 й. 115-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 10 июнда 3242-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2020 йил 24 мартдаги

115-сон буйруғига

ИЛОВА



Референт нарх шакллантириш тизими доирасида

дори воситалари нархларини қайд этиш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4554-сон "Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш даврида ишлаб чиқарилган дори воситаларига нисбатан татбиқ этилади.

Референт нарх шакллантириш тизими доирасида нархларни қайд этиш дори моддалари (субстанциялар), кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган Орфан дори воситалари рўйхатига киритилган дори воситаларига ҳамда чекланган нархлар қайд этилгунга қадар сертификатлаштирилган дори воситаларига татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


референт нарх шакллантириш тизими - дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда айни бир ишлаб чиқарувчининг худди шундай фаол моддага эга дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мамлакатда, референт мамлакатларда ва Ўзбекистон Республикасида сотиш нархларини таҳлил қилиш натижаси асосида ҳар бир савдо номи учун чекланган нархларни қайд этиш тизими;


референт мамлакатлар - Жаҳон банкининг аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг ҳисобланган даромадлар даражасидан юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи Ўзбекистон Республикаси билан макроиқтисодий жиҳатдан таққосланадиган мамлакатлар;


дори воситаларининг чекланган нархлари (бундан буён матнда чекланган нархлар деб юритилади) - дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун референт нарх шакллантириш тизими доирасида қайд этилган нарх;


чекланган нархлар реестри - дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун қайд этилган чекланган нархлар ва уларга чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана нархларнинг электрон (онлайн) реестри;


автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) - аризаларни қабул қилиш, референт нарх шакллантириш тизими доирасидаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш, чекланган нархларни қайд этиш ва чекланган нархлар реестрини юритиш учун мўлжалланган махсус электрон тизим;


ваколатли орган - чекланган нархларни қайд этиш ва қайта қайд этиш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги;


ишчи орган - чекланган нархларни қайд этиш учун аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда ахборот тизимининг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази;


ариза - дори воситаларининг чекланган ёки илгари қайд этилган чекланган нархларини қайта қайд этиш ҳақидаги мурожаат;


ариза берувчи - дори воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси эгаси бўлган юридик шахс ёки унинг ишончли вакили;


маҳаллий ишлаб чиқарувчи - Ўзбекистон Республикасида дори воситаларини ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс;


маҳаллий дори воситалари - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари;


импорт дори воситалари - хорижий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилган ва ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз эркин муомалага чиқарилган дори воситалари;


давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) - дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


3. Ваколатли орган доимий тарзда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтида хронологик тартибда қайд этилган ва қайта қайд этилган чекланган нархлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боради. Бунда аввалги маълумотлар сақланган ҳолда ўзгартиришлар киритилади ва чекланган нархлар ҳақидаги маълумотлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.


4. Қайд этилган чекланган нархлар ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида беш йил давомида сақланади.



2-БОБ. ЧЕКЛАНГАН НАРХЛАРНИ ҚАЙД ЭТИШ

ВА ҚАЙТА ҚАЙД ЭТИШ


5. Ариза берувчи чекланган нархларни қайд этиш ва қайта қайд этиш учун электрон рақамли имзо билан ахборот тизимига киради, шундан сўнг реал вақт режимида чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайд этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини (хат, шартнома ёки ишончнома) ҳамда чекланган нархлар қайд этиладиган Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситалари рўйхатини юборади.


6. Ишчи орган ариза қабул қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида ариза берувчининг гувоҳнома эгаси ёки унинг ишончли вакили эканлигини текширади.

Ишчи орган ариза берувчини ҳақиқатдан ҳам гувоҳноманинг эгаси ёки унинг ишончли вакили эканлигини тасдиқлагандан сўнг уни ахборот тизимида рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақидаги маълумотни ариза берувчига дарҳол ахборот тизими ёки электрон почта манзили орқали юборади.

Ариза берувчи ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг аризада кўрсатилган дори воситаларига чекланган нархларни қайд этиш учун маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агарда ариза берувчининг гувоҳнома эгаси ёки унинг ишончли вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари нотўғри ёки бузиб кўрсатилган бўлса, ишчи орган рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги тўғрисидаги электрон хабарни дарҳол ахборот тизими орқали ариза берувчига жўнатади.


7. Ариза берувчи (маҳаллий дори воситалари учун) ахборот тизими орқали ишчи органига дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида белгиланган чекланган нархларни ахборот тизимига киритади.


8. Ариза берувчи (импорт дори воситалари учун) ахборот тизими орқали ишчи органига дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун ариза берувчининг хати билан тасдиқланган қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи референт мамлакатларга Инкотермс халқаро қоидаларининг CIP (ташиш ва суғурта ҳақи тўланган) шартида (бундан буён матнда Инкотермс CIP шарти деб юритилади) дори воситаларини етказиб бериш нархлари;

дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мамлакатда дистрибьютерлар учун ушбу мамлакат валютасида белгиланган нархлар;

сўнгги олти ой давомида импорт қилинган дори воситаларини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш валютасида белгиланган шартноманинг Инкотермс CIP шарти асосида кўрсатилган нархлари.

Агарда мазкур банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган нархларни тақдим этиш имкони бўлмаса, ариза берувчи томонидан тақдим этиш имкони йўқлигининг аниқ сабаблари кўрсатиб ўтилади ва қайд этилиши лозим бўлган чекланган нархлар таклифи киритилади.


9. Ахборот тизими импорт дори воситалари нархлари бўйича маълумотларни қабул қилиб, қуйидагиларни автоматик тарзда ҳисоблаб чиқади:

сўнги олти ой давомида импорт қилинган дори воситаларини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш валютасида белгиланган шартномаларнинг Инкотермс CIP шарти асосида кўрсатилган нархларнинг ўртача миқдори;

дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги дистрибьютерлар учун ушбу мамлакат валютасида белгиланган нархга маҳсулот нархининг 15 фоиздан кўп бўлмаган суғурта ва транспортда ташиш харажатлари қўшилган ҳамда референт мамлакатлардаги нархларнинг умумлаштирилган ўртача миқдори.

Ахборот тизими мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган асослар бўйича ҳисобланган ўртача миқдорлардан энг кам миқдорни, ариза тўлдирилган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича ариза берувчининг танловига асосан АҚШ доллари, евро ёки Россия рублида чекланган нархлар сифатида қабул қилишни тавсия этади.


10. Ариза берувчи ахборот тизими орқали тавсия этилган чекланган нархларни тасдиқлаш ёки рад этиш ҳуқуқига эга.


11. Агарда ариза берувчи ахборот тизими орқали тавсия этилган чекланган нархни тасдиқлашни рад этса, у ҳолда ўзи томонидан киритилган чекланган нархни қайтадан кўриб чиқиши ҳамда аризани такроран топшириши мумкин.


12. Ишчи орган ахборот тизими орқали етти иш куни ичида аризани кўриб чиқиб, ариза берувчи томонидан тасдиқланган чекланган нархларни қайд этиш учун ваколатли органга тавсия беради.


13. Ахборот тизимига киритилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларга аниқлик киритиш зарурати мавжуд бўлса, ишчи орган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарномани дарҳол ариза берувчига юборади.


14. Ишчи орган томонидан хабарнома юборилган кундан бошлаб йигирма иш куни ичида ариза берувчи ҳужжатлардаги ноаниқликлар ва камчиликларни бартараф этган ҳолда икки мартагача чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайд этиш учун аризани топшириши мумкин.


15. Ишчи орган томонидан талаб қилинган маълумотлар ахборот тизимига ўз вақтида киритилмаса ёки тўлиқ бўлмаса, камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги учинчи хабарномадан сўнг ваколатли орган чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайд этишни рад этади ва бу ҳақидаги маълумотни дарҳол ариза берувчига юборади.


16. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилгандан сўнг ваколатли орган ишчи органнинг тавсиясига биноан уч иш куни ичида таклиф этилган чекланган нархларни қайд этади ёки қайта қайд этади ҳамда чекланган нархлар реестрига киритади.


17. Импорт қилинадиган, шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситаларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамаларини қўллаш орқали амалга оширилади.

Импорт қилинадиган дори воситаларининг сотиб олинган қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:


СОҚ = Шн + Б + Бх, бунда:


СОҚ - импорт қилинган дори воситаларининг сотиб олинган қиймати;

Шн - Инкотермс CIP шартларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган дори воситаларининг божхона юк декларацияси тўлдирилган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида белгиланган шартномадаги нархи;

Б - Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳисобланган божхона тўловлари;

Бх - бошқа харажатлар (шартномадаги Инкотермс CIP шартида кўрсатилган нархнинг 1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда).


18. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган дори воситаларининг нархлари чекланган нархлардан юқори бўлмаслиги керак.

Агарда шартнома нархи чекланган нарх кўрсатилган валютада бўлмаса, унда шартноманинг божхона юк декларацияси тўлдирилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича АҚШ долларида қайта ҳисобланган нархи чекланган нархдан юқори бўлмаслиги керак.


19. Чекланган нархлар реестри ахборот тизимида қайд этилган чекланган нархларни, шунингдек ариза тўлдирилган кунга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана нархларни акс эттиради.


20. Ариза берувчи ваколатли орган томонидан чекланган нархлар қайд этилган санадан эътиборан уч ойдан кам бўлмаган муддатда чекланган нархларни қайта қайд этиш учун ариза топширишга ҳақли.

Чекланган нархларни уч ойдан кам бўлган муддатда қайта қайд этиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

чекланган нархларни қайта қайд этиш учун ариза топширилган санада чекланган нарх қайд этилган санага нисбатан чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига нисбатан курсининг камида 5 фоизга ўсиши;

дори воситалари ишлаб чиқариладиган мамлакатда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларининг юз бериши.


21. Ариза берувчи томонидан нотўғри ёки ишончли бўлмаган маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланса, чекланган нархлар реестрида кўрсатилган дори воситаларининг нархлари дарҳол ушбу реестрдан чиқарилади.


22. Ишчи орган ариза берувчи томонидан чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайд этиш учун тақдим этилган маълумотларни ошкор қилиши мумкин эмас.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


24. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори,

ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган

давлатлар гуруҳига кирувчи референт мамлакатлар

РЎЙХАТИ


1. Венгрия


2. Россия Федерацияси


3. Украина


4. Польша Республикаси


5. Тожикистон Республикаси


6. Словения Республикаси


7. Қозоғистон Республикаси


8. Болгария Республикаси


9. Беларусь Республикаси


10. Қирғизистон Республикаси



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 15 июнь, 23-сон, 256-модда