язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Соғлиқни сақлаш вазирининг 11.05.2020 й. 117-сон "Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 15.06.2020 й. 2667-2-сон билан рўйхатга олинган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

15.06.2020 й.

N 2667-2




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

11.05.2020 й.

N 117


БУЙРУҒИ



Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини

бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага

ўзгартиришлар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғи (рўйхат рақами 2667, 2015 йил 17 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 15-сон, 194-модда) билан тасдиқланган Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                                         А. Шадманов






Буйруққа

ИЛОВА



Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини

бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 9-банднинг иккинчи хатбишиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунларга берилмайди. Мазкур Йуриқноманинг 14-банди, 15-бандининг биринчи хатбошиси, 25-банди, 37-банди ҳамда 46-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно".


2. 37-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"37. Мактабгача таълим ташкилотида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига карантин белгиланган муддатга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.".


3. 46 ва 47-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"46. Бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилганда ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касалликлар билан оғриган беморларга, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилади.

Юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига Ўбекистон Республикаси Coғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари эпидемиологик ёки санитар врачи томонидан берилади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

47. Карантин даврида мазкур Йуриқноманинг 46-бандида назарда тутилган шахслар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси иш берувчига электрон шаклда юборилиши мумкин.".


4. 54-банддаги "Соғлиқни сақлаш вaзиpлигининг" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (бундан буён матнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги деб юритилади)" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


5. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Pecпубликаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 22 июнь, 24-сон, 266-модда