язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Туризм, меҳмонхона хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.06.2020 й. ПҚ-4755-сон "Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.06.2020 й.

N ПҚ-4755



ТУРИЗМ СОҲАСИНИ

САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК

ХАВФСИЗЛИКНИНГ КУЧАЙТИРИЛГАН

РЕЖИМИ ТАЛАБЛАРИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ҚИЛГАН

ҲОЛДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Туризм соҳасини жадал суръатларда тиклаш ва мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг уни ривожлантиришнинг янги йўналишларини шакллантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 майдаги "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6002-сон Фармонига мувофиқ:


1. Белгилансинки:

а) 2021 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар меҳмонхонага белгиланган тартибда берилган тоифа сақланган тақдирда тегишли йил якунига кўра жойлаштириш воситасининг тоифаси учун ундирилган туристик (меҳмонхона) йиғим суммасининг 50 фоизи жойлаштириш воситаларига қайтарилади;

б) жойлаштириш воситалари томонидан, шу жумладан халқаро бронлаштириш майдонларида мувофиқлик белгисидан (юлдузлар) ноқонуний фойдаланганлик ҳолати меҳмонхона хизматларини кўрсатиш учун берилган сертификатнинг амал қилишини қоидабузарликнинг белгиланган тартибда бартараф этилгунига қадар тўхтатиб туриш учун асос бўлиб ҳисобланади;

в) 2020 йил 1 августдан бошлаб:

рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни, шунингдек, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги "ҳаво эркинлиги"ни тақдим этишни назарда тутувчи "Очиқ осмон" режими "Андижон", "Бухоро" ва "Урганч" халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади;

хорижий авиакомпаниялар уларнинг тегишли ҳужжатларини текшириш натижаларига кўра Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) учиш хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги бўйича стандартларига мувофиқ бўлиши шарти билан ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар "Очиқ осмон" режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира олади;

мамлакатнинг "Очиқ осмон" режими жорий этилган халқаро аэропортларига қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга тариф ва йиғимлар уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган авиакомпаниялар учун белгиланган миқдорда қўлланилади;

инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини ("Чорвоқ" эркин туристик зонаси ҳудудида ташкил этилаётганлардан ташқари) тегишли хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми уларни 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш ва узунлиги бир томонга камида 500 метр бўлиш шарти билан ҳар бир 500 метр йўл учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда - Бюджетдан ташқари жамғарма) ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида қопланади. Белгилансинки, бунда йўловчи ташувчи янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича дастлабки 50 та лойиҳага йўналтирилган инвесторлар харажатларининг бир қисми қопланади;

туристик зоналар ва қишлоқ жойлари ҳудудида тегишли стандартларга асосан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қурилиш вазирлигининг намунавий лойиҳалари бўйича жойлаштириш воситаларини тез қуриладиган конструкциялар (ўтовлар, контейнерлар, сендвич панеллар) билан қуриш учун тадбиркорлик субъектлари харажатларининг бир қисми бундай типдаги жойлаштириш воситаларининг жойлари сони 50 мингтага етгунига ёки 2023 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир жой учун 5 миллион сўмгача миқдорда қопланади;

2020 йил 31 декабрга қадар "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" ("Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН") тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган, туризм ва ёндош инфратузилма объектларининг бино ва иншоотларида санитария-эпидемиология хизмати ташкилотлари томонидан дезинфекция, дезинсекция, дератизация ҳамда юқумли касалликлар пайдо бўлишининг олдини олиш ва даражасини пасайтиришга қаратилган эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган хўжалик субъектларининг харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади;

шаҳарлар ва туманлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида улар туризм инфратузилмасини ривожлантириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан мажбурий келишилади;

гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларнинг хизматлари ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киритилади;

г) 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлга қадар нодавлат (хусусий) музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50 фоизга камайтирилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда туризм соҳаси субъектларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

туристлар учун "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган туроператор томонидан "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими талабларига риоя қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўловларини тўлаб бериш механизмларини жорий қилган ҳолда Хавфсиз туризм жамғармасини ташкил этиш.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилинади.

Белгилансинки:

Хавфсиз туризм жамғармаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 20 миллиард сўм миқдордаги дастлабки тўлови, шунингдек, "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими доирасида жорий этилаётган ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтиш учун тўланадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўлов ҳисобидан шакллантирилади;

хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими мажбурий тартибда жорий этилади;

хорижий туристларга хизмат кўрсатишда "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимида белгиланган шарт ва талабларнинг бузилишида айбдор бўлган ташкилотларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда 2021 йил 1 январидан бошлаб хорижий фуқаролар учун виза режимини янада либераллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун зарур бўлган салмоқли капитал, юқори академик билимлар ёки ўзига хос кўникмаларга эга шахсларни Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилишга жалб этишни назарда тутувчи "Uzbekistan - my second home" ("Ўзбекистон - менинг иккинчи уйим") иммиграция дастурини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.


5. Белгилансинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тузиладиган туристик-рекреацион зоналарини (кейинги ўринларда - туристик зоналар) ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ва қуйидаги қўшимча вазифаларни амалга оширади:

туристик зоналарнинг самарали бошқарувини ташкил қилиш;

туристик зоналар ҳудудида туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур инвестициявий шарт-шароитларни яратиш;

туристларнинг мақсадли тоифалари орасида туристик зоналарнинг салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича маркетинг ишларини олиб бориш;

б) Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири туристик зоналар маъмурий кенгашига раҳбарлик қилади;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ туризм соҳасидаги давлат активларини сотишдан тушган маблағларнинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тақсимланадиган қисми Бюджетдан ташқари жамғармага туризм инфратузилмасини ташкил этиш ва ривожлантириш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун йўналтирилади;

г) туристик зоналар ҳудудида жойлашган ва давлатга тегишли бўлган мулкий комплекслар ҳамда ер участкаларини сотишдан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

75 фоизи - тегишли туристик зоналар дирекциялари ҳисобига;

25 фоизи - Бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобига;

д) туризм соҳасидаги "стартап" лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни инкубация ёки акселерация дастурларига қабул қилиш учун номзодларни танлаш бўйича Маслаҳат кенгаши таркибига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари киритилади.


6. "Чорвоқ" эркин туристик зонаси маъмурий кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2020 йилда коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш ҳамда мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бюджетдан ташқари жамғармага камида 10 миллиард сўм маблағ ажратсин;

2020 йил 1 июлгача "Ипак йўли" туризм халқаро университетининг профессор-ўқитувчилар, бошқарув, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун университетнинг ярим йиллик иш ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни Бюджетдан ташқари жамғармага ўтказиб берсин;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Бюджетдан ташқари жамғармага мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишни молиялаштириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг асослантирилган талабномасига мувофиқ маблағ ажратилишини таъминласин;

2020 йил 1 октябргача Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда туризм соҳаси субъектлари хизматлари таннархини пасайтириш мақсадида уларга қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш, шунингдек, субсидиялар ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан ташқари туризм инфратузилмаси объектларини жойлаштириш учун ажратилган салоҳиятли ўрмон фонди ҳудудларини режалаштириш ва лойиҳалаштириш;

сув омборлари ва ўрмон хўжаликларида туризм турларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳукумат қарорларининг ижросини мониторинг қилиш;

республика кинолокацияларини, шу жумладан жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда хорижда тарғиб қилиш.


9. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида қуйидаги лавозимлар жорий этилсин:

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаларидаги биттадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобига Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;

Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳокимнинг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига тегишлича туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозими.

Белгилансинки, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган лавозимларга номзодлар Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси тақдимномасига асосан белгиланган тартибда тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг битта штат бирлигини қисқартириш ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш тавсия этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Uzbekistan Airports" АЖ ва "Uzbekistan Airways" АЖнинг "Андижон" халқаро аэропортига "Заҳириддин Муҳаммад Бобур" номини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Транспорт вазирлиги ва "Uzbekistan Airports" АЖ билан биргаликда икки ой муддатда мамлакатнинг ҳудудий халқаро аэропортларига энг яхши номларни аниқлаш бўйича оммавий танловни эълон қилсин ва унинг натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган авиакомпанияларнинг мурожаатларига кўра уларга парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларга риоя қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувларига мувофиқ тайинланган (шу жумладан қўшимча тарзда тайинланган) авиакомпания мақомини белгиланган тартибда берсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи ягона тизимни яратиш ва жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасини туристик йиғим ҳисобини юритишнинг ягона тизими (кейинги ўринларда - Ягона тизим) билан интеграциялаш;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан, шу жумладан бронлаштириш тизимининг дастурий маҳсулотларини таҳлил қилиш орқали жойлаштириш воситаларининг бандлигини ўрганиш ва туристик йиғимларнинг тўлиқ тушуми устидан камерал назоратни амалга ошириш;

туристик йиғим тўловини қабул қилиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мувофиқлаштириладиган ахборот марказларида Ягона тизимнинг фаолият юритиши;

Ягона тизимни маҳаллий мобиль тўлов дастурлари ва халқаро тўлов тизимлари билан интеграциялаш;

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари маълумотлари базасини маълумотларни узатиш режимида Ягона тизим билан интеграциялаш;

Ягона тизимдан фойдаланган ҳолда, туристик йиғим тўловининг тўланганлигини текшириш орқали хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакат ҳудудида бўлиши ҳамда ундан ўз вақтида чиқиб кетишини назорат қилиш механизмини йўлга қўйиш;

стационар даволаш хизматларини кўрсатувчи даволаш муассасаларини Ягона тизимга улаш бўйича қўшимча лицензия талабларини белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда икки ой муддатда Ягона тизимни яратишнинг техник топшириғини ишлаб чиқсин.

Белгилансинки, Ягона тизим лойиҳаси давлат органларининг ахборот тизимларига хизмат кўрсатувчи компанияларни жалб қилган ҳолда, Бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади.


13. Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга, истисно тариқасида, ушбу ҳудудларда хизмат кўрсатиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божини амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида, қолган қисмини олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида тўлашга рухсат этилсин.

Белгилансинки, бунда ушбу транспорт воситаларига давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгиларининг алоҳида сериялари берилади ва улардан тегишинча фақат Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида фойдаланишга рухсат этилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги уч ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

а) Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Aйдар-Aрнасой кўллар тизими ҳудудида туристик зонани яратиш ва ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини:

янги "Ором қирғоғи" ("Leisure Coast") туристик зонасида сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш;

Aйдар-Aрнасой кўллар тизимига йўловчиларни ташиш учун темир йўлларни ётқизиш қийматининг дастлабки ҳисоб-китобларини қилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш;

тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш;

б) Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зонани ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, темир йўл станцияларини қуриш мақсадга мувофиқлигини ўрганиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, кўлга йўловчиларни ташиш учун доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантиришни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини;

в) Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда Зомин туманида умуммавсумий, қишки ва ёзги дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини.


15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлигининг қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

фуқароларнинг фаол дам олишини ташкил этиш (шаҳарда юриш, терренкур, треккинг ва хайкинг), касалланиш даражасини, шу жумладан юрак хасталикларини камайтиришни назарда тутувчи "Пиёда туристик маршрут";

хорижий мамлакатлар фуқароларига кўрсатиладиган тиббий хизматларни тизимлаштириш ва турларини кенгайтиришни назарда тутувчи "Uzbekistan - hope and healing land" ("Ўзбекистон - умидли ва шифобахш замин") тиббий туризм дастурини ривожлантириш;

республиканинг маданий мерос объектлари ҳудудларида белгиланмаган жойларда чиқинди ташлаганлик учун жарималарни ошириш, электр таъминотига "яшил" технологияларни жорий қилиш, чиқиндини утилизация қилиш, сув ресурсларидан унумли фойдаланишни назарда тутувчи "Clean&Eco".


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан биргаликда 2021 йил 1 январдан бошлаб "Ғишткўприк" (Тошкент вилояти) ва "Хайратон" (Сурхондарё вилояти) халқаро назорат-ўтказиш пунктларида мавжуд инфратузилма доирасида чегарадан тезкор ўтиш механизмлари - "Fast track" хизматини қуйидагиларнинг ташкил этилишини назарда тутган ҳолда жорий қилсин:

автотранспорт воситаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг навбатдан ташқари паспорт ва божхона назорати жараёнларини тезлаштирган тартибда амалга ошириш учун алоҳида йўлак;

жисмоний шахсларнинг дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун шарт-шароитлар, шу жумладан оналар ва болалар хоналари, овқатланиш шохобчалари ҳамда тижорат банклари филиалларини ташкил қилиш ва валюта айирбошлаш учун банкоматлар ўрнатган ҳолда "VIP" заллар.

Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

а) "VIP" залларни қуриш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан қопланади;

б) "Fast track" хизмати пуллик асосда, шу жумладан, чегарани кесиб ўтишдан олдин 90 кун мобайнида олдиндан тўлов қилиш ёки мобиль иловалар орқали тўлаш имкониятини яратган ҳолда амалга оширилади;

в) хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

80 фоизи - Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобига;

20 фоизи - Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳисобига.

Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро назорат-ўтказиш пунктларида "Fast track" хизматини жорий қилиш, уларнинг ўтказиш оқимини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган график асосида амалга оширилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мамлакатдаги туристик зоналарга автотранспорт воситалари (жамоат ва махсус транспортлар, шунингдек, туристик зоналар ҳудудида яшовчи аҳолининг автотранспорт воситаларидан ташқари) билан кириш учун йиғим ундириш механизмини жорий қилиш бўйича таклифларига розилик берилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни тасдиқласин:

хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчаларини, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш юзасидан лойиҳа ташаббускорларига грантлар ажратиш;

янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш учун гид ва туроператорларга грантлар ажратиш;

туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатларини субсидиялаш;

жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш;

туроператорлар ва турагентларга Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш;

ҳаво ва темир йўл чипталари учун туроператорларнинг харажатларини қисман субсидиялаш;

меҳмонхоналарнинг тоифа олиш ва уни кўтариш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича харажатларини қоплаш;

туризм мақсадида йўловчи ташувчи янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларини қоплашга маблағ ажратиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга компенсация тўловларини тўлаб бериш;

"Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизими доирасида ихтиёрий сертификатлаш, шунингдек, сертификатлаш учун тўловларни амалга ошириш;

"Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимининг хавфсиз объектлари реестрини юритиш;

б) бир ой муддатда туризм ҳудудларига транспорт воситалари билан кириш учун йиғим ундириш тартиби тўғрисидаги низомни йиғимни ундиришнинг аниқ механизмлари ва миқдорларини, шунингдек, йиғимни тегишли туристик зона Дирекциясига йўналтиришни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига қуйидаги таклифларни киритсин:

ов қилиш ҳуқуқига доир рухсатнома берганлик учун давлат божи миқдорини ошириш;

ов қуролини ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек, тиғли қуролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш учун тўланадиган йиғим миқдорини ошириш.


19. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

коронавирус пандемиясининг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишини инобатга олган ҳолда ва хавфсиз туризмни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари тузилмасига умумий белгиланган штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритсин;

келажакда инқироз ҳолатларини прогноз қилиш ва юзага келиши мумкин бўлган вазиятнинг ривожланиш сценарийларини ишлаб чиқиш учун, шунингдек, уларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича олдини олиш чораларини амалга ошириш мақсадида ҳар ойда юзага келган пандемия билан боғлиқ вазиятни комплекс таҳлил қилсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.


21. Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


22. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 19 июндаги

ПҚ-4755-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Чорвоқ" эркин туристик зонаси маъмурий кенгаши

ТАРКИБИ

1. А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Маъмурий кенгаш раиси

2. А.А. Абдуҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Маъмурий кенгаш раиси ўринбосари

3. Р.Қ. Холматов

-

Тошкент вилояти ҳокими

4. Ж.А. Ортиқхўжаев

-

Тошкент шаҳар ҳокими

5. С.С. Саидкаримов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари

6. Б.И. Зокиров

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

7. Ш.Р. Хамраев

-

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири

8. Ш.Ш. Абдуразаков

-

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

9. Н.Ж. Бакиров

-

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси

10. Б.Ф.Исламов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси

11. С.Х. Бекенов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

12. А.Б. Воитов

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

13. Б.Э. Захидов

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари

14. А.Ҳ. Қўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

15. Ш.И. Асадов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари

16. Ш.Ш. Шарахметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

17. А.Э. Файзибаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

18. Ш.Х. Хабибуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси ўринбосари

19. С.Ф. Низамов

-

Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Маъмурий кенгаш масъул котиби

   

Изоҳ:

Маъмурий кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Маъмурий кенгаш раисига Маъмурий кенгаш таркибига янги аъзоларни киритиш, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идоралар экспертлари ва мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқи берилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 19 июндаги

ПҚ-4755-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритиладиган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2666-сон қарорида:

қуйидаги мазмундаги 9-1-банд билан тўлдирилсин:

"9-1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ўз идоравий вазифаларини амалга ошириш учун учувчисиз учиш аппаратларни сотиб олиш, олиб кириш, сақлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ваколати берилсин";


илованинг рус тилидаги матни 7-банди "д" кичик бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"проводит обязательную сертификацию услуг туроператора, средств размещения, горнолыжных трасс и пляжей, а также устанавливает классификацию средств размещения, горнолыжных трасс и пляжей".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3217-сон қарорида:


2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин";


11-банддаги "2022 йил 1 январга қадар" сўзлари "2023 йил 31 декабрга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги "Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3514-сон қарорининг 8-бандидаги "3 йил муддатга" сўзлари "2023 йил 31 декабрга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги 37-банд билан тўлдирилсин:

"37. Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматлари, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалар, репортажлар ва бошқа роликларни тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича хизматлари".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги "Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4095-сон қарорида:


3-бандининг "б" кичик бандидаги "2022 йил 1 январгача" сўзлари "2023 йил 31 декабргача" сўзлари билан алмаштирилсин;


5-банд "меҳмонхона брендларининг топ-50" сўзларидан кейин "ва меҳмонхона тармоқларининг топ-5" сўзлари билан тўлдирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги "Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4583-сон қарорининг 6 ва 9-бандлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 июнь


"Халқ сўзи", 2020 йил 23 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 22 июнь, 24-сон, 263-модда