ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Пахтачилик /

Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 22.06.2020 й. 398-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 22 июндаги

398-сон қарорига

ИЛОВА



Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши

асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта

ишлаш кооперациялари фаолиятини

ташкил этиш тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёси етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кооперацияларни (кейинги ўринларда - кооперация) ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилайди.


2. Кооперация унинг муассислари ва аъзолари саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, пахта хомашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.



2-БОБ. КООПЕРАЦИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТ ПРИНЦИПЛАРИ


3. Қуйидагилар кооперациянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

пахта хомашёсини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни амалга ошириш учун соҳа олимлари ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб қилиб, илмий асосланган агрономик тавсияларни бериб бориш;

пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари талаблари асосида уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий-техника ресурсларини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналарни етказиб бериш, механизация, транспорт ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;

кооперация аъзолари билан тузилган шартномалар асосида пахта хомашёсини ташиш, тайёрлаш, сақлаш, тегирмон усулида қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;

кооперация аъзоларига ҳисобот юритиш, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш;

маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш, ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;

кооперация томонидан ишлаб чиқарилган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотларни биржа савдоларида ички истеъмолчиларга сотиш.


4. Кооперация фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:

кооперацияга аъзоликнинг ихтиёрийлиги ва ундан эркин чиқиш мумкинлиги;

кооперация аъзолари меҳнатига ишлаб чиқарган маҳсулоти (бажарган иши) ҳажми ва сифатига қараб ҳақ тўлаш;

якуний даромадни (фойдани) кооперация аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ тақсимлаш;

қарорлар қабул қилишда ҳуқуқлар тенглиги (кооперациянинг ҳар бир аъзоси - бир овозга эга бўлиши)ни таъминлаш;

кооперация уставида назарда тутилган тартибда унинг фаолияти кооперация аъзолари томонидан назорат қилинади;

ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш, ерларнинг муҳофаза қилинишини ва тупроқ унумдорлиги оширилишини таъминлаш.



3-БОБ. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИ НЕГИЗИДА

КООПЕРАЦИЯЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ва қайта ишловчи ҳамда экспорт қилувчи корхоналар кооперацияларнинг муассислари бўлиши мумкин.


6. Кооперациялар унинг муассислари томонидан ихтиёрий тартибда пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ташкил этилади.


7. Кооперацияларни таъсис этишда унинг муассислари ўзларининг мустақиллигини сақлаб қолади.


8. Кооперациялар таркибида пахта хомашёсини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, қайта ишлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.


9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишига ҳақли эмас.



4-БОБ. КООПЕРАЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ


10. Кооперациянинг бошқарув органлари:

олий бошқарув органи - Кооперация аъзоларининг умумий йиғилиши;

ижроия органи - Кооперация бошқаруви.

Кооперациянинг бошқарув органлари фаолияти ва ваколатлари унинг Уставида белгиланади.


11. Кооперациянинг устави:

Устав кооперация фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда қуйидагилар белгиланади:

кооперациянинг номи ва жойлашган манзили;

фаолият соҳаси ва мақсади;

кооперацияга кириш ва ундан чиқиш тартиби;

кооперация муассисларининг таркиби ва аъзоларининг сони;

кооперация аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

бошқарув органлари, уларни шакллантириш тартиби ва уларнинг ваколатлари;

кооперациянинг пай, бўлинмас ва бошқа жамғармаларининг миқдори ва уларни шакллантириш тартиби;

кооперация аъзоларининг меҳнатда иштирок этиши ва улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг асосланган шакллари;

кооперациянинг даромадларини (фойдасини) тақсимлаш, шу жумладан мулкий пайлар бўйича дивидендлар тўлаш учун тақсимлаш тартиби;

кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Кооперациянинг уставига кооперация фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.


12. Кооперациянинг устави аъзоларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади ҳамда умумий йиғилиш қарорига асосан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


13. Кооперация аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кооперациянинг фаолияти ҳақида маълумотларни олиш;

Кооперациянинг бошқаруви органларига таклифлар киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш;

Кооперациянинг аниқ дастур ва лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш;

Кооперациянинг ижро органлари хизматларидан фойдаланиш;

Кооперациянинг ахборот базаси маълумотларига кириш имконига эга бўлиш, илмий-услубий маълумотлардан фойдаланиш;

уставга мувофиқ Кооперациянинг бошқаруви органларига номзодларни таклиф қилиш ва сайлаш;

Кооперациянинг фаолиятига тегишли барча масалалар бўйича қарорларни қабул қилишда иштирок этиш;

унинг хизматларидан беғараз фойдаланиш;

умумий йиғилишларда овоз бериш пайтида тенг овозлар сонига эга бўлиш;

Кооперациянинг фаолияти бўйича ўз таклифи ва мулоҳазаларини киритиш, ушбу масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Кооперациянинг бошқарув органларидан умумий йиғилиш қарорларининг бажарилиш ҳолати ва ўз таклифлари ҳақидаги маълумотларни талаб қилиш;

Кооперациянинг умумий ва навбатдан ташқари йиғилишлари кун тартибига таклифлар киритиш;

Кооперациянинг бошқарув органларига унинг фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича мурожаат қилиш;

Кооперацияга маслаҳат, услубий ва бошқа ёрдам юзасидан мурожаат қилиш;

Кооперация аъзолигидан ўз хоҳишига асосан белгиланган тартибда чиқиш.


14. Кооперация аъзоларининг мажбуриятлари:

Кооперациянинг уставига амал қилиш;

белгиланган муддатларда аъзолик бадалларини тўлаб бориш;

Кооперациянинг умумий йиғилиши қарорларини бажариш.


15. Кооперацияга аъзоликнинг тугатилиши қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

кооперация аъзолигидан ихтиёрий равишда чиқилганда;

кооперациянинг фаолиятида меҳнати билан иштирок этиши тугатилганда;

кооперация аъзолигидан унинг уставида белгиланган ҳолларда ва тартибда чиқарилганда;

бошқарув (раис)нинг кооперацияга қабул қилиш тўғрисидаги қарори умумий йиғилишда тасдиқланмаганда;

кооперация хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига ўзгартирилиб қайта ташкил этилганда ёки кооперация тугатилганда.

Кооперацияга аъзоликни тугатиш тартиби унинг уставида белгиланади.

Кооперация аъзолигидан чиқиш ёки чиқариш пайтида илгари тўланган аъзолик ва бошқа (моддий) бадаллар қайтарилмайди.

Кооперация аъзолигидан чиқариш устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



5-БОБ. КООПЕРАЦИЯНИНГ МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК

ФАОЛИЯТИ, МОЛ-МУЛКИ ВА ФОЙДАНИ ТАҚСИМЛАШ


16. Кооперация томонидан кўрилган зарарлар унинг мол-мулки ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мол-мулк ҳисобига қопланади.


17. Кооперациянинг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиблари молиявий йил якунлангандан кейин икки ой давомида кооперация аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади.


18. Кооперация қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга.


19. Кооперациянинг мустақил балансида ўз ифодасини топадиган асосий фондлар, оборот маблағлари, пай бадаллари, шунингдек, бошқа бойликлар кооператив мулки ҳисобланади.


20. Кооперациянинг мол-мулки ўз аъзоларининг пул ва моддий бадаллари, банкларнинг кредитлари, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, уларни сотишдан тушган ва уставида назарда тутилган бошқа фаолиятлардан келган даромадлар ҳамда қонунларда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шаклланади.


21. Кооперациянинг мол-мулкини шакллантиришда, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар (ташкилотлар), шунингдек, мазкур кооперацияга аъзо бўлмаган, аммо унда меҳнат шартномасига мувофиқ ишлаётган жисмоний шахслар шартнома асосларида пул ва моддий бадаллар тўлаш йўли билан иштирок этишлари мумкин.



6-БОБ. КООПЕРАЦИЯНИНГ ПАХТА

ХОМАШЁСИНИ ЕТИШТИРУВЧИЛАР БИЛАН

ШАРТНОМАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРИ


22. Пахта хомашёси ва уруғлик пахтани харид қилиш шартномаси фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, бунда маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиққан ҳолда аниқлаш, маҳсулот етиштирувчиларни уруғ билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.


23. Пахта хомашёси ва уруғлик пахтани харид қилиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

шартноманинг предмети, ғўзанинг селекция нави номи, репродукцияси, уруғлик пахтанинг миқдори (тонна) ва уни топширишнинг сўнгги муддатлари;

молиялаштириш тартиби;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартноманинг бажарилиши, пахта хомашёсини етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);

ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;

шартноманинг мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

низолар, форс-мажор ҳолатларини ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.


24. Пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари билан муносабатларда кооперация қуйидагиларни таъминлаши лозим:

шартномада назарда тутилган экин тури уруғининг нави, авлоди, ҳажми бўйича келишилган муддатда етказиб бериш;

етказиб берилган пахта хомашёси ва уруғлик пахтани қабул қилиш, сифатини аниқлаш ҳамда шартномада белгиланган муддат ва тартибда маҳсулот учун тегишли ҳақни тўлаш ва бошқалар.


25. Кооперация билан муносабатларда пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари қуйидагиларни таъминлаши лозим:

кооперациядан олинган уруғликдан мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган ер майдонига кооперациядан қабул қилиб олинган ғўзанинг селекцион нави уруғлик чигитини тўлиқ экиш;

кооперация томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан уруғлик қиймати ва пахта хомашёсини етиштириш учун ўзига етказиб берилган товар-моддий қийматликларга тўловларни пахта терими бошлангунга қадар амалга ошириш;

шартномада кўрсатилган маҳсулотни кооперация билан келишилган манзилга топшириш-қабул қилиш жадвалига асосан белгиланган муддатда етказиб бериш;

топширилаётган маҳсулотнинг сифати ва нави стандартлар, техник шартлар ва мазкур шартномада белгиланган мажбурий шартларга мос келишини таъминлаш;

шартноманинг мажбуриятлари бажарилмаган ҳолларда кооперация томонидан кўрсатилган хизматлардан мавжуд бўлган қарздорликларни қоплаш;



7-БОБ. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


26. Кооперация қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни юритади.


27. Кооперациянинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда тақдим этилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Кооперация тегишли фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома ва лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари билан шуғулланиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли рухсатнома ва лицензия олиши шарт.


29. Кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 29 июнь, 25-сон, 280-модда















































Время: 0.1863
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск