язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар/ Ўзбекистон Республикасининг 30.06.2020 й. ЎРҚ-625-сон "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.04.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.06.2020 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.06.2020 й.

N ЎРҚ-625



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ КОДЕКСИГА МАҲКУМЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ ИШОНЧЛИ

ҲИМОЯ ҚИЛИНИШИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 19 июнда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 6, 175-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 6, 248-модда, N 9, 422-модда, N 12, 595-модда; 2008 йил, N 4, 187-модда, N 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, N 4, 136-модда, N 12, 470-модда; 2010 йил, N 9, 334-модда; 2012 йил, N 9/1, 238-модда; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 310-модда; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 10, 605-модда; 2019 йил, N 3, 165-модда, N 5, 267-модда, N 8, 469-модда, N 9, 588, 592-моддалар, N 12, 880-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 11-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкум шахсий хавфсизлик ҳуқуқига эга.

Интизомий қисмга жўнатишга ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг шахсий хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда, у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги ариза (хабар) билан жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақли. Маҳкумнинг аризасини (хабарини) қабул қилган ходим зудлик билан уни жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг бошлиғига тақдим этади.

Маҳкумнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаси (хабари) маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаларини (хабарларини) қайд этиш китобида жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг масъул шахси томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) олгандан сўнг маҳкумни хавфсиз жойга вақтинчалик жойлаштириши шарт.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) кўриб чиқади ва маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида ёхуд уларни қўллашни рад этиш ҳақида уч сутка ичида қарор қабул қилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор дарҳол қабул қилинади.

Маҳкум қабул қилинган қарор билан имзо қўйдириб таништирилади.

Хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги ёки уларни қўллашни рад этиш ҳақидаги қарор устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиниши мумкин. Шикоят берилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи маҳкумнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган хавфсизлик чораларини қўллайди.

Хавфсиз жойга ўтказилган маҳкум жазони бу ерга ўтказилгунига қадар белгиланган сақлаш шароитларида ўтайди";


2) 67-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Озодлиқдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, уларнинг буюмлари ва кийимлари, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларининг объектлари ва хоналари тинтув қилиниши ҳамда кўздан кечирилиши мумкин. Шахсий тинтув маҳкум билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан амалга оширилади.

Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятлар, тақиқланган нарсалар ва буюмлар сақланаётганлиги ҳақида ахборот келиб тушган ҳолларда, жазони ижро этиш муассасаларининг турар жойларини уларда маҳкумлар бўлганда тинтув қилишга йўл қўйилади.

Тинтув ўтказиш чоғида маҳкумларга нисбатан жисмоний куч ва махсус воситалар қўлланилиши тақиқланади, бундан маҳкумларнинг тинтувни амалга ошираётган ходимга, бошқа маҳкумларга ёки ўзга шахсларга нисбатан ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларининг, шунингдек маҳкумлар томонидан ўзига ўзи зарар етказишининг олдини олиш ҳоллари мустасно";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


3) 76-модданинг саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкумнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилади.

Маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар жазони ижро этиш муассасаси ва органи томонидан ташкил этилади. Масофали видео-учрашув ҳимояланган алоқа каналлари орқали видеоконференция тизими воситасида амалга оширилади";


4) 79-модданинг саккизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Прокурор ёки суд номига йўлланган таклиф, ариза ва шикоятлар кўздан кечирилмайди ҳамда бир суткалик муддат ичида тегишлилиги бўйича жўнатилади. Хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ёки уларни қўллашни рад этиш тўғрисидаги қарорлар устидан шикоятлар тегишлилиги бўйича дарҳол жўнатилади";


5) 102-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қуйидаги мезонлар асосида рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

меҳнатга ва таълимга виждонан ёндашиш;

тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этиш;

муассасанинг ички тартиб-қоидаларига риоя этиш.

Озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

ташаккур эълон қилиш;

илгари қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш;

ёрлиқ, қимматли совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш;

қўшимча посилка, йўқлов ёки бандерол олишга рухсат этиш;

қўшимча учрашув ёки телефон орқали сўзлашув ҳуқуқини бериш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш учун пул суммасини кўпайтириш;

енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказиш, манзил-колонияларда сақланаётган шахслар бундан мустасно.

Енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказиш тариқасидаги рағбатлантириш маҳкумларга ушбу Кодекс 75-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ қўшимча пул сарфлаш ҳуқуқини, шунингдек:

умумий, қаттиқ тартибли колонияларда ва тарбия колонияларида - йил мобайнида қўшимча равишда бир марта учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта посилка ёки йўқлов олиш;

махсус тартибли колонияларда - камералардан умумий турар жойларга ўтказиш ҳамда йил мобайнида қўшимча равишда бир марта қисқа муддатли учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта бандерол олиш;

турмаларда - йил мобайнида қўшимча равишда бир марта қисқа муддатли учрашув, битта посилка ёки йўқлов олиш ҳуқуқини беради";


6) қуйидаги мазмундаги 102-1-модда билан тўлдирилсин:


"102-1-модда. Рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби


Маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳар йили камида икки марта, шунингдек байрам кунлари муносабати билан кўриб чиқилади.

Маҳкумларни рағбатлантириш масалалари, шу жумладан қўлланилаётган рағбатлантириш чораларининг ушбу Кодекс 102-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган мезонларга мувофиқлиги жазони ижро этиш муассасасида тузилган комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Комиссия жазони ижро этиш муассасасининг ходимлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари орасидан камида саккиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вақилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.

Жамоатчилик вакиллари комиссия аъзолари умумий сонининг ярмини ташкил этиши керак. Жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи комиссиянинг раиси ҳисобланади.

Маҳкумни рағбатлантириш учун тавсия этиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва комиссия аъзоларига тақдим этиш отряд бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Комиссия мажлиси ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлардан бир ҳафта илгари ўтказилади.

Комиссия аъзолари рағбатлантириш учун тавсия этилган маҳкум билан унинг хулқ-атвори белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан суҳбат ўтказади.

Комиссия қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда, маҳкумни рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Комиссия қарори мажлисда ҳозир бўлган комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Комиссиянинг маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни ўз ичига олган баённомасига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг буйруғи уч иш куни ичида чиқарилади ва унинг мазмуни маҳкумга эълон қилинади.

Комиссияни тузиш ва фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади";


7) 125-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Вояга етмаган маҳкумларга ота-онаси ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади";

тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


8) 130-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи - бешинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта, муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда сақланаётганларга эса, ишдан бўш вақтда муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади.

Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган болалари билан учрашишига ўзининг шахсини, қариндошлигини ёки васийлигини (ҳомийлигини) тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этган тақдирда битта яқин қариндоши ёки васий (ҳомий) кузатувида йўл қўйилади.

Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган болалари билан учрашувлари ушбу Кодексда белгиланган учрашувларга қўшиб ҳисобланмайди.

Маҳкума аёлларнинг муассасадан ташқаридаги болалар уйларидаги вояга етмаган болалар билан учрашувлари маҳкума аёлларнинг илтимосига кўра амалга оширилади";


9) 132-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкума аёллар уч ёшга тўлмаган болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтида улар билан чекланмаган миқдорда мулоқотда бўлишга ҳақли".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 июль


"Халқ сўзи", 2020 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 286-модда