язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Банк қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.06.2020 й. 412-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 30 июндаги

412-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб

чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан

тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва

қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда - Марказий банк) томонидан муомалага чиқарилган ўлчовли ёмбиларни (кейинги ўринларда - ёмбилар) Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали (кейинги ўринларда - шахобча) сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартибини белгилайди.


2. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келадиган ёмбилар сотиш ва қайтариб сотиб олиш объекти ҳисобланади.

Ушбу Низом талаблари юридик (шахобчалар бундан мустасно) ва жисмоний шахслар ўртасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни олди-сотди қилиш операцияларига татбиқ этилмайди.


3. Ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржа ва чегирмани қўллаш орқали шакллантирилади.

Бунда Марказий банк фойда олиш мақсадини кўзламайди. Маржа ва чегирма миқдорлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктураси ҳамда ёмбиларни муомалага киритиш билан боғлиқ харажатлардан келиб чиқиб белгиланади.


4. Ёмбиларни юридик ва жисмоний шахсларга сотиш ва улардан қайтариб сотиб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Ёмбиларни сотадиган ва қайтариб сотиб оладиган шахобчалар ва уларнинг манзиллари бўйича маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтида мунтазам янгилаб борилади.


5. Тижорат банклари томонидан ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш Марказий банк ҳамда тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.



2-БОБ. ЁМБИЛАРНИ СОТИШ


6. Ёмбилар нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан сотилади.


7. Ёмбиларни сотиш нархи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ҳар куни миллий валютада қимматбаҳо металлнинг Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархи ва Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржага асосан белгиланади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



3-БОБ. ЁМБИЛАРНИ ҚАЙТАРИБ СОТИБ ОЛИШ


8. Ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархи ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ қимматбаҳо металлнинг ёмбилар топширилган кунда Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархига ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган чегирмага асосан белгиланади.

Чегирма миқдори бут ҳолатдаги ёмбиларни ҳамда қадоғи бузилган, амалдаги техник талабларга мос келмайдиган ёмбиларни қайтариб сотиб олиш ҳолатлари учун алоҳида белгиланади.


9. Қадоғи бузилмаган бут ҳолатдаги ёмбилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида (кейинги ўринларда - Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси) техник экспертизадан ўтказилмасдан қайтариб сотиб олинади ва шахобча ёмби эгаси билан ҳисоб-китобларни ўша куннинг ўзида амалга оширади.


10. Қайтариб сотиб олишда қадоқнинг бузилиши ёки техник талабларга мос келмаслик ҳолатлари шахобчалар томонидан ёмбиларни Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказиш учун юборишга асос бўлади.

Ёмбиларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган техник экспертиза учун тўлов Марказий банк томонидан қопланади.


11. Техник экспертизадан ўтказиш зарурати юзага келган ҳолларда, ёмбиларни қайтариб сотиб олиш учун топширган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ ёмбиларни қайтариб сотиб олиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.


12. Далолатнома уч нусхада тузилади ва улардан бир нусхаси шахобчада, иккинчи нусхаси ёмби эгасида қолади ҳамда учинчи нусхаси техник экспертиза ўтказилиши учун ёмбилар билан бирга Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига тақдим этилади.


13. Ёмбилар шахобчалар томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказиш учун Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига юборилиши керак.


14. Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказилади, унинг натижалари ҳақида тузилган далолатнома Марказий банкка ва шахобчага тақдим этилади.


15. Марказий банк Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг техник экспертиза ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномасини олганидан кейин ушбу ёмбини қайтариб сотиб олган шахобча орқали:

бир иш кунида ёмби эгасига экспертиза натижаси ва ҳисоб-китобни амалга ошириш вақти тўғрисида хабар беради;

уч иш кунидан ошмаган муддатда ёмби эгаси билан ҳисоб-китобни амалга оширади.



4-БОБ. ЁМБИЛАРНИНГ АСИЛЛИК

СЕРТИФИКАТИ ВА ҚАДОҚЛАНИШИ


16. Ёмбилар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи сертификат билан қадоқланган ҳолда муомалага чиқарилади. Ҳар бир ёмби сертификати идентификация серия рақамига эга бўлади ва ушбу рақам ёмбининг юза қисмида кўрсатилади.


17. Қадоғи бузилган ёки қадоқсиз ёмбилар шахобча орқали Марказий банк томонидан белгиланган тўлов асосида қадоқланган ва сертификат берилган ёмбиларга алмаштирилиши мумкин. Қадоқланган ва сертификат берилган ёмбилар йигирма иш куни мобайнида топширилган ёмбини Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида техник экспертизадан ўтказиш орқали берилади.


18. Экспертиза натижасида қалбакилаштириш аломатлари аниқланган ҳолларда, ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади. Ушбу ёмбилар эгаларига қайтариб берилмайди ва қайтариб сотиб олинмайди.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган

ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли

ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

I. ЎЛЧОВЛИ ЁМБИЛАРНИ СОТИШ

1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахслар


1. Ёмбини сотиб олиш учун шахобчага мурожаат қилади.


2. Нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан тўловни амалга оширади.


Тўлов амалга оширилган кунда









2-босқич

Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банклари (кейинги ўринларда - шахобча)


Тўлов амалга оширилгандан кейин техник хусусиятларни тасдиқловчи сертификат билан қадоқланган ҳолдаги ёмбини мижозга топширади.


Тўлов амалга оширилган кунда




II. ЎЛЧОВЛИ ЁМБИЛАРНИ ҚАЙТАРИБ СОТИБ ОЛИШ

а) бут ҳолатдаги ёмбилар

1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахслар


Ёмбини қайтариб сотиш учун шахобчага мурожаат қилади.


Ёмби шахобчага топширилган кунда









2-босқич

Шахобча


1. Ёмбини кўз билан текшириб олади.


2. Қайтариб сотиб олинган ёмби

бўйича унинг эгаси билан ҳисоб-китобни амалга оширади.


Ёмби шахобчага топширилган кунда




б) қадоғи бузилган ёки амалдаги техник талабларга

мос келмайдиган ҳолатдаги ёмбилар

1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахслар


Ёмбини қайтариб сотиш учун шахобчага мурожаат қилади


Ёмби шахобчага топширилган кунда









2-босқич

Шахобча


1. Ёмбини кўз билан текшириб олади.


2. Ёмбини Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказишга юбориш учун далолатномани расмийлаштиради.


Ёмби шахобчага топширилган кунда









3-босқич

Шахобча


Ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказиш учун юборилади.


7 иш кунидан ошмаган муддатда









4-босқич

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси


Техник экспертизани ўтказади ва унинг натижалари ҳақида тузилган далолатномани Марказий банкка тақдим этади.

Экспертиза хулосасига кўра қалбакилашириш аломатлари аниқланса, ёмби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.


7 иш кунидан ошмаган муддатда









5-босқич

Марказий банк


Шахобча орқали ёмби эгасига экспертиза натижаси ва ҳисоб-китобни амалга ошириш вақти тўғрисида хабар беради.


1 иш кунида









6-босқич

Шахобча


Марказий банк томонидан ўтказиб берилган тўловга асосан ёмби эгаси билан ҳисоб-китоб амалга оширилади.


3 иш кунидан ошмаган муддатда



              





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган

ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли

ёмбиларни сотиш нархини ҳисоблаш


Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш нархи қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

= V* PG/UZS* (1+

М

) бунда:

100 %

- Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмби учун сўмда тўланадиган қиймат (вергулдан сўнг икки хонага қадар яхлитланади);

V - қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбининг граммдаги оғирлиги;

PG/UZS - бир грамм қимматбаҳо металлнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сўмда белгиланган нархи;

М - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган маржа миқдори (фоизларда).






Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган

ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли

ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархини ҳисоблаш


Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни қайтариб сотиб олиш нархи қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

    

= V* PG/UZS* (1-

D

) бунда:

100 %

      

- Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбини шахобча томонидан қайтариб сотиб олиш учун сўмда тўланадиган қиймат (вергулдан сўнг икки хонага қадар яхлитланади);

V - қимматбаҳо металлдан тайёрланган ўлчовли ёмбининг граммдаги оғирлиги;

PG/UZS - бир грамм қимматбаҳо металлнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сўмда белгиланган нархи;

D - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган чегирма миқдори (фоизларда).






Низомга

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган

ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли

ёмбиларни экспертиза учун топшириш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА

______________ (тумани) шаҳри

20___ йил “____” _________

Ушбу далолатнома



(шахобча номи)

         

(ходимнинг Ф.И.О.)

томонидан расмийлаштирилди ва



(яшаш жойи ёки рўйхатдан ўтган манзили)

         


дан

(жисмоний шахс ёки юридик шахс вакилининг Ф.И.О.)


қуйидаги қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар экспертизадан ўтказиш учун қабул қилинди:

Т/р

Ўлчовли ёмби вазни

(граммда)


Металл ва асиллик

даражаси


Сони (рақамлар

ва сўзлар билан)


1.





2.





3.





...





Мен,



(жисмоний шахс ёки юридик шахс вакилининг Ф.И.О.)

юқорида кўрсатилган рўйхатни тасдиқлайман ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан техник экспертиза ўтказилишига розилик бераман.




(сана)


(имзо)


Қабул қилиб олган ходим





(сана)


(имзо)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь