язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Монополистик фаолиятни чеклаш/ 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегияси (ЎзР ВМ 06.07.2020 й. ПФ-6019-сон Фармонига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 июлдаги

ПФ-6019-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида

рақобатни ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ ВА ЗАРУРИЯТИ


Бугунги кунда, самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда товарлар ва хизматлар бозоридаги монополияни босқичма-босқич камайтириш иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш вазифаларини ҳал этиш учун устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.

Шу мақсадда, мамлакат иқтисодиётида давлат иштирокини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ва бозор механизмларига ўтиш амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолияти соҳасида 86 та айрим лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари, шу жумладан 38 та турини 16 тага бирлаштириш, 25 та тури бўйича расмийлаштириш муддатларини қисқартириш ҳамда 14 та лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни беришни марказлаштириш орқали бекор қилинди ва солиқ юки камайтирилди.

Тадбиркорлик соҳаси изчил ривожланаётгани қайд этилмоқда, сўнгги уч йилнинг ўзидаёқ амалдаги тадбиркорлик субъектлари сони 25 фоизга ошди.

Кўрилаётган чоралар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган кўплаб озиқ-овқат (алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар, нон, нон маҳсулотлари, гўшт ва сут маҳсулотлари, қандолатчилик маҳсулотлари ва бошқалар) ҳамда айрим ноозиқ-овқат товарлар (мебель, гилам ва гилам маҳсулотлари, тўқимачилик ва бошқалар) бозорларида рақобатнинг ривожланишини таъминлади. Қурилиш материаллари, кабель ва сим маҳсулотлари, пул ўтказмалари хизматлари бозорида йирик компанияларнинг монополияси тугатилди.

Яратилган биржа механизми бозор иштирокчиларини юқори ликвидли ва монопол турдаги хом ашё ва материаллар билан бир хилда таъминлаш имконини берди. Бугунги кунда Ўзбекистон республика товар хом ашё биржаси товар айланмасининг 65 фоизини монопол маҳсулотлар ташкил этади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда монопол корхоналар сони икки баравардан ортиққа камайди.

Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётидаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган қуйидаги тизимли муаммолар ҳал этилмаган:

иқтисодиётда давлатнинг ҳаддан зиёд юқори иштироки;

нархларнинг ҳаддан ортиқ тартибга солиниши;

имтиёз ва преференцияларнинг самарасиз тизими;

бизнес субъектларига юқори тартибга солиш юки ва тармоқ тартибга солувчи органларнинг рақобатни ривожлантиришдан манфаатдор эмаслиги;

табиий монополия ҳолатини суиистеъмол қилиш;

рақобатга қарши ҳолатларга қарши курашиш ҳуқуқий механизмларнинг такомиллашмаганлиги.



§ 1. Давлатнинг иқтисодиётдаги ҳаддан

зиёд юқори иштироки


Бугунги кунда товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар устун мавқега эга бўлиб қолмоқда, масалан, монопол ташкилотларнинг 80 фоизи давлат улушига эга ёки давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан назорат қилинади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг давлатга тегишлилиги ва давлат томонидан назорат қилиниши масаласи қонун ҳужжатларида тартибга солинмаганлиги туфайли давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини аниқлашда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар рақобат ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган давлат унитар корхоналари (ДУК) ва шўъба корхоналар кўринишида ўзларининг назорати остидаги тузилмалар ташкил этмоқда. Бугунги кунда бундай корхоналар сони 4 300 тадан ортиқни ташкил этмоқда, шу жумладан акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятлари шаклида - 1 300 тадан ортиқ, давлат унитар корхонаси шаклида - 1 800 тадан ортиқ ва уларнинг аффилланган шахслари - 1 100 тадан ортиқ.

Бозор муҳитининг ривожланмаганлиги ва давлатнинг иқтисодиётдаги ҳаддан зиёд юқори иштироки давлат иштирокидаги алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарасизлигига олиб келмоқда, бу эса "ўзаро кесишувчи" субсидиялаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар, имтиёзли кредитлар тақдим этиш кўринишидаги давлат кўмаги орқали қопланмоқда.

Молия ва капитал бозорларида (биржа, марказий депозитарий, банклар) давлатнинг иштироки ва унинг ваколатларининг юқори концентрацияси сақланиб қолмоқда, бу эса манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Масалан, фонд биржасидаги қимматли қоғозлар операциялари бўйича ҳисоб-китоб хизмати давлатга тегишли "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖнинг монополияси ўрнатилган. Умуман олганда, банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатмоқда.



§ 2. Нархларнинг ҳаддан ортиқ тартибга солиниши


Бугунги кунда давлат томонидан нархларни тартибга солиш (декларация қилиш, тасдиқлаш, қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни (тарифларни), тартибга солиш коэффициентини, устама ва рентабелликнинг чегараланган даражасини ўрнатиш ва нархни тартибга солишнинг бошқа усуллари) 30 дан ортиқ товар ва хизматларга нисбатан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, табиий монополиялар соҳасида 10 хил турдаги товар (иш, хизмат)лар тартибга солинишига қарамасдан, амалда истеъмолчилар ва етказиб берувчилар тоифалари, шунингдек, ҳудудий принципга қараб ўрнатиладиган 137 хилдаги нарх даражалари орқали тартибга солинмоқда.

Монопол корхоналар ва табиий монополия субъектлари томонидан фойдаланилаётган харажатларга асосланган нархларни шакллантириш усули харажатларга минимал фойдани қўшиш схемасидан иборат бўлиб, у харажатларнинг асоссиз ўсишига ундайди, ишлаб чиқариш таннархининг пасайишини рағбатлантирмайди, харажатларнинг ўсиши эса, нархлар ва тарифларнинг истеъмолчилар учун тўғридан-тўғри ошириш ҳисобига қопланади.



§ 3. Имтиёз ва преференциялар тақдим

этишнинг самарасизлиги


Давлат кўмагини кўрсатишнинг монополияга қарши тартибга солиш воситалари мавжуд эмаслиги берилаётган имтиёз ва преференцияларнинг самарасизлигига олиб келмоқда ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда 40 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектларга, яъни фаолият юритаётган субъектлар умумий сонининг 12 фоизига солиқ имтиёзлари берилган. Бундай вазият товар ва молия бозорларида тенг бўлмаган шароитларни вужудга келтиради.



§ 4. Бизнес субъектларига тартибга солиш юкининг

юқорилиги ва тармоқни тартибга солувчи органларнинг

ўз соҳасида рақобатни ривожлантиришга

манфаатдор эмаслиги


Вазирлик ва идораларнинг ўзлари томонидан тартибга солинадиган тармоқларда рақобатни ривожлантириш бўйича фаолияти сустлигича қолмоқда. Иқтисодиёт соҳасида мавжуд 38 та давлат органидан фақатгина 11 тасига ўз соҳасида рақобатни ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри функциялар юклатилган.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини ва рақобат муҳитига таъсирини баҳолашнинг тўлақонли тизими татбиқ этилмаган.

Бунинг натижасида, амалдаги 61 гага яқин лицензиялар доирасида 266 тадан ортиқ фаолият турини лицензияланиши ҳамда 137 турдан ортиқ рухсат бериш тартиб тамойилларини назарда тутувчи қийин ва мураккаб лицензиялаш тизими, шунингдек, бизнесга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи 6 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва 40 мингта техник жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжатларда тадбиркорлик субъектларининг бозорларга кириши учун сунъий тўсиқлар сақланиб қолмоқда.

Қонун ҳужжатларида тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш эркинлигининг барча асосий кафолатлари мустаҳкамланган бўлса-да, Жаҳон банки маълумотларига кўра охирги йилларда Ўзбекистонда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг соф оқими кўрсаткичи пастлигича қолиб ЯИМга нисбатан 0,5-1,2 фоизни ташкил этмоқда, Иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз 180 та давлат орасида 114-ўринни эгалламоқда, Инвестиция фаолиятини эркинлик индикатори бўйича кўрсаткич 100 дан 20 га тенг бўлмоқда.



§ 5. Табиий монополия ҳолатини

суиистеъмол қилиш


Чекланган рақобат муҳитига эга бўлган бозорларнинг, биринчи навбатда, табиий монополиялар соҳаларининг мавжудлиги, ўзаро боғлиқ бўлган бозорларга таъсир қилиб, аксарият ҳолларда, уларни монополлаштиради.

Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, табиий монополия субъектларига табиий монополия соҳасига киритилмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бозорларидаги рақобатни чеклаш учун ўз мавқеидан фойдаланишни ман этилганлигига қарамасдан, бугунги кунда бир қатор ўзаро боғлиқ рақобат таъминлаш имконияти мавжуд бўлган бозорлар, мисол учун, темир йўллари транспорти соҳасида - темир йўллари чипталарини сотиш, юк вагонларини таъмирлаш, вагон-ресторанлар хизматлари, вагонларни тозалаш ва бошқа бозорлар амалда монополлаштирилган.



§ 6. Рақобатга қарши ҳаракатларга қарши

курашишнинг ҳуқуқий механизмлари

такомиллашмаганлиги


Бозорга кириш учун тўсиқларни бартараф этишда, йирик корхоналар монополиясига ва "картель" келишувларга қарши курашишда, инсофсиз рақобатнинг олдини олишда таъсирчан механизмлар мавжуд эмас ва амалда монополияга қарши органнинг қарорлар қабул қилишда мустақиллиги чекланган.

Рақобатни чеклашга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олувчи чоралар тизими шаклланмаган, йирик корхоналарни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар устидан таҳлил ўтказиш ва самарали монополияга қарши назоратни амалга ошириш механизми ўрнатилмаган, савдолар жараёнида рақобатни чеклашни олдини олишнинг ҳуқуқий механизмлари самарасизлигича қолмоқда, монополияга қарши орган фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари ишлаб чиқилмаган.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


2.1. Стратегиянинг асосий мақсади самарали фаолият юритадиган бозорларни ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳисобига иқтисодий ўсишни ва инновацияларни рағбатлантириш, инвестициялар оқимини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳисобланади.


2.2. Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш тизимини трансформация қилиш;

шаффофлик ва кириш учун тенг шароитларни таъминлаган ҳолда самарали фаолият юритадиган бозорларни яратиш;

тадбиркорлик субъектларининг маъмурий юкини ва харажатларини, иқтисодиётда давлатнинг иштироки даражасини камайтириш, шунингдек, давлат кўмаги тақдим этилишини тартибга солиш;

нархларни (тарифларни) давлат томонидан оқилона тартибга солиш тизимини яратиш;

табиий монополиялар соҳаларининг рақобат мавжуд бозор ҳолатига ўтиши учун тўсиқларни бартараф этиш;

рақобат чекланишини олдини олувчи воситаларни жорий этиш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига нисбатан, биринчи навбатда, "картель" келишувлар ва тил бириктиришларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш;

рақамли иқтисодиётни монополияга қарши тартибга солишнинг самарали воситаларини жорий этиш;

монополияга қарши орган фаолиятининг шаффофлигини ва самарадорлигини таъминлаш, жамиятда рақобат маданиятини ва рақобатга қарши ҳаракатларнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизликни шакллантириш;

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кадрлари салоҳиятини тизимли шаклда ошириб бориш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ

БЎЙИЧА АСОСИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР


3.1. Қуйидагилар орқали рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш тизимини трансформация қилиш:

бозор иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишга ўтишни назарда тутувчи "ақлли" монополияга қарши тартибга солиш моделини жорий қилиш, ҳалол рақобатни рағбатлантирувчи тизимни яратиш, жараёнларни рақамлаштириш орқали рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдиндан йўл қўймаслик (профилактика) механизмларини жорий этиш;

хулқ-атвор иқтисодиёти (behavioral economics) тамойилларига асосланган товар ва молия бозорларини таҳлил қилиш воситаларини жорий этиш;

Бутунжаҳон иқтисодий форуми Глобал рақобатбардошлик индекси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти товар бозорини тартибга солиш индекси методологияси асосида товар ва молия бозорларида рақобат ҳолатини мунтазам диагностика қилиш;

бозор иштирокчиларига нисбатан маъмурий юкни камайтириш мақсадида монопол корхоналар Давлат реестри ва табиий монополиялар Давлат реестрларини юритишни бекор қилиш;

бозор улушига асосланган устунлик мавқени аниқлаш мезонларини қайта кўриб чиқиш ва бозордаги устунлигини аниқлашда бозор иштирокчиларининг рақобатга зид хулқ-атворини баҳолашга ўтиш;

бозор концентрациясини (қўшиб юбориш ва қўшиб олиш) тартибга солишда жараёнларни рақамлаштириш ва рақобатга бўлган таъсирини баҳолаш сифатини ошириш йўли билан янада такомиллаштирилган механизмини яратиш;

тармоқлардан ва фаолиятни ҳалол амалга оширишдан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектларни тоифалаштиришни назарда тутувчи монополияга қарши давлат назоратини амалга оширишда хавф-хатарга асосланган ёндашувни жорий этиш.


3.2. Самарали фаолият кўрсатадиган бозорларни яратиш, уларнинг шаффофлигини ва кириш учун тенг шароитларни таъминлаш, шу жумладан:

асосий товар ва молия бозорларда бозор иштирокчилари сонини кўпайтириш ва улар учун киришни соддалаштириш ҳисобига уларнинг самарадорлигини оширишни назарда тутувчи рақобатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;

тендер савдолари жараёнида рақобат тўғрисидаги қонун бузилишларини аниқлаш механизмини кучайтириш ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан кичик бизнес субъектларига давлат харидлари жараёнларида қатнашиш учун тенг имконият яратиш;

стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналарга монополияга қарши талабларни киритиш йўли билан уларнинг харидлари жараёнида рақобатни таъминлаш;

биржа савдоларига чиқариладиган товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва уларга тадбиркорлик субъектларининг эркин киришини таъминлаш орқали биржа савдолари механизмини такомиллаштириш;

биржа савдолари жараёнида юқори талаб даврида нархларнинг манипуляциясини олдини олиш бўйича монополияга қарши таъсир кўрсатиш механизмини ишлаб чиқиш;

чакана ва улгуржи савдога нисбатан монополияга қарши талабларни жорий этиш.


3.3. Қуйидагилар орқали тадбиркорлик субъектларининг маъмурий юки ва харажатларини, иқтисодиётда давлат иштироки даражасини камайтириш ва давлат кўмагини кўрсатилишини тартибга солиш:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни монополияга қарши қонун ҳужжатларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан "гильотина" усулидан фойдаланган ҳолда комплекс ўрганиб чиқиш;

амалдаги лицензия турлари ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, кейинчалик уларни камида икки бараварга қисқартириш;

давлатнинг иқтисодиётда иштирок этиш мақсадларини белгилаш механизмини жорий қилиш ва бозорда хусусий сектор мавжуд бўлган ҳолда давлат корхоналари ташкил этилишини чеклашни кўзда тутувчи "сариқ саҳифалар" тамойилига ўтиш;

рақобат муҳитига салбий таъсирини олдини олиш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил қилишда монополияга қарши орган розилигини олиш механизмини жорий қилиш;

давлат органларининг айрим давлат ва хўжалик функцияларини бажариш учун хусусий секторни жалб қилиш бўйича дастурларни тайёрлаш;

рақобатга салбий таъсир кўрсатадиган давлат органлари томонидан таъсис этиладиган, шунингдек, давлат иштирокидаги йирик хўжалик бирлашмалари ва табиий монополия субъектлари билан аффилланган давлат унитар корхоналари сонини қисқартириш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига "давлат кўмаги" тушунчасини ҳамда имтиёзлар ва преференциялар берилишида монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олишни назарда тутувчи механизмни жорий қилиш;

имтиёз ва преференцияларнинг реестрини жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;

давлат томонидан берилган имтиёз ва преференцияларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш;

ўзини ўзи тартибга солиш механизми каби давлат томонидан тартибга солишга муқобил бўлган механизмларни жорий қилиш.


3.4. Рақобатни рағбатлантирувчи таъсирни вужудга келтирувчи нархларни шакллантиришнинг юқори самарали усулларини қўллаган ҳолда нархларни (тарифларни) давлат томонидан оқилона тартибга солиш тизимини яратиш:

иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, истеъмолчиларнинг манфаатлари, харажатларни камайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан харажатларини пасайтириш ва сармоянинг қайтишини рағбатлантиришга асосланган товар ва молия бозорларидаги нархларни (тарифларни) шакллантиришда бозор механизмларига тўлақонли ўтиш;

табиий монополия субъектлари фаолиятида рақобатни рағбатлантириш эффектини яратувчи нархларни шакллантиришнинг прогрессив бозор механизмларини (инвестиция қилинган сармоянинг иқтисодий асосланган рентабеллиги усули (Regulatory Asset Base), қиёсий таҳлил ва бошқалар) жорий қилиш;

тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлар харажатларининг асослилигини аниқлаш учун таққосланадиган бозорлар ва ўзаро боғлиқ бозорларда нархларнинг "қиёсий қийматлари" усулидан фойдаланишни назарда тутадиган тартибга солинадиган нархлардан фойдаланишни мониторинг қилишнинг янги моделини ишлаб чиқиш.


3.5. Қуйидагилар орқали табиий монополия соҳаларининг рақобат бозори ҳолатига ўтиши учун тўсиқларни бартараф этиш:

табиий монополия субъектлари фаолияти ва ишлашини, шу жумладан ўзаро боғлиқ бозорларда рақобат шароитларини яратиш имконияти нуқтаи назаридан ўрганиб чиқиш;

табиий монополия субъектлари фаолиятининг шаффофлигини ва уларнинг инфратузилмасига хўжалик юритувчи субъектларнинг камситишсиз киришини таъминлаш;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш функцияларини хусусий секторга ўтказиш ва электр энергиясининг улгуржи бозорини босқичма-босқич шакллантириш;

темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш бозорида рақобатни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш.


3.6. Рақобатни ҳимоя қилишда қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига олдиндан йўл қўймаслик (профилактика) воситаларини, шу жумладан давлат органларида ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенсни - рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хавф-хатарларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ички тартиб-қоидалар тизимини жорий қилиш.


3.7. Қуйидагилар орқали тил бириктиришлар ва "картель" келишувларини бартараф этиш чора-тадбирларини кучайтириш ва ҳалол рақобатни рағбатлантириш:

ижтимоий аҳамиятга эга ва монопол турдаги товарлар ва хизматлар нархларини доимий кузатиб боришнинг янги механизмини ишлаб чиқиш;

тил бириктиришлар ва "картель" келишувларига қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан битимлар тузиш;

"картель" келишувларини аниқлаш мақсадида "юмшатувчи ҳолатлар" дастури самарадорлигини ошириш йўли билан жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, шу жумладан "картель" келишувлари ва тил бириктиришларга нисбатан таъсир чоралари ва жарима санкцияларини қайта кўриб чиқиш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларига самарали чек қўйиш учун муайян ҳолатларда монополияга қарши аралашувнинг қуйи чегарасини жорий этиш;

ноҳалол рақобат ҳолатларини содир этганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш;

интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузадиган ноҳалол хўжалик юритувчи субъектлар реестрини юритиш;

информацион технологиялар ёрдамида Интеллектуал мулк агентлиги билан ахборот алмашинувининг янги механизмларини жорий қилиш;

монополияга қарши курашиш органи ҳузурида ҳуқуқшунослар, патент вакиллари ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги мутахассисларидан тузилган маҳсулотнинг ўхшашлик даражасини баҳолаш бўйича эксперт комиссиясини ташкил қилиш.


3.8. Қуйидагилар орқали рақамли иқтисодиётни монополияга қарши тартибга солишнинг самарали воситаларини жорий этиш:

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига "рақамли бозорлар" тушунчасини киритиш, уларнинг географик ва товар чегараларини ҳамда тартибга солиш усулларини белгилаш;

рақамли бозорларда устун мавқени аниқлаш мезонларини жорий этиш;

электрон тижорат орқали савдоларнинг монополияга қарши қоидаларини жорий этиш;

монополияга қарши тартибга солиш мақсадида "RegTech" (рақамли бозор иштирокчилари томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини самарали қўллашга имкон берувчи тартибга солиш технологиялари) концепциясига асосланган рақамли платформани яратиш;

рақамли бозорларда инновацияларни ортиқча тартибга солиш ҳужжатларисиз синаш имкониятини берувчи махсус ҳуқуқий режим - "тартибга солиш қумдони" (regulatory sandbox)ни яратиш.


3.9. Қуйидагилар орқали монополияга қарши орган фаолиятининг шаффофлигини ва самарадорлигини таъминлаш, жамиятда рақобат маданиятини ва рақобатга қарши ҳаракатларнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизликни шакллантириш:

жамоат ташкилотлари, экспертлар ва бизнес ҳамжамиятлари билан ўзаро муносабатларни кучайтириш ва уларни соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ишларига кенг жалб қилиш мақсадида "Рақобат 4.0" мунозаралар платформасини (майдончасини) янада ривожлантириш;

рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Экспертлар кенгашини тузиш;

рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича нодавлат ташкилотларни шакллантириш;

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти методикасига мувофиқ товар ва молия бозорларида рақобат муҳитининг ривожланиши кўрсаткичларидан фойдаланган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини (KPI) жорий қилиш;

рақобатни чеклаш ҳолатларини аниқлаш ва таъсир чораларини қўллаш тезкорлигини ошириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг фаолиятига инновацион ишланмалар ва ахборот технологияларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектлари учун рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига оид бозор кўникмаларини шакллантириш ва билимларни ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш.


3.10. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кадр салоҳиятини тизимли ошириш, шу жумладан:

олий таълим муассасалари ўқув дастурларига монополияга қарши тартибга солиш ва рақобат ҳуқуқи бўйича кадрлар тайёрлаш бўйича махсус йўналишларни жорий этиш;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий органлари ходимлари учун рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш.



4-БОБ. 2024 ЙИЛГА ҚАДАР ЭРИШИЛАДИГАН

СТРАТЕГИЯ САМАРАДОРЛИГИНИНГ

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ


1. Монополлашган товар бозорлари сонини камида 45 фоизга камайтириш.


2. Монопол корхоналар сонини 40 фоизга қисқартириш.


3. Монопол корхоналарнинг камида 80 фоизида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий қилиш.


4. Иқтисодиётда тақдим этилган имтиёзлар ҳажмини ЯИМ кўрсаткичига нисбатан 10 фоизгача камайтириш.


5. Эксклюзив ҳуқуқлар ва преференцияларни тақдим этишни кўзда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг камида 60 фоизини бекор қилиш.


6. Иқтисодий эркинлик индексида Инвестицион фаолият эркинлиги индикатори бўйича кўрсаткични 20 дан 80 гача ошириш.


7. Глобал рақобатбардошлик индексида Ўзбекистон Республикасининг иштирок этиши ва унинг кўрсаткичларини изчил равишда яхшилаш.


8. Товар, молия ва рақамли бозорлар иштирокчилари сонини камида 25 фоизга ошириш.


9. Давлат харидлари иштирокчилари сонини 40 фоизга ошириш.


10. Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки кўрсаткичини ЯИМ кўрсаткичига нисбатан 40 фоизгача пасайтириш.


11. "Тартибга солиш гильотина" усули фойдаланган ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги тадбиркорлик фаолиятини қийинлаштирувчи ва рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи нормаларни камида 30 фоизга қисқартириш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 июль