язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Банк қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.07.2020 й. ПҚ-4782-сон "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.07.2020 й.

N ПҚ-4782



"ҲАР БИР ОИЛА - ТАДБИРКОР" ДАСТУРИНИ

ҲАМДА НАМАНГАН ВИЛОЯТИДАГИ КИЧИК

САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаини яратиш ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан (кейинги ўринларда - Жамғарма):

а) "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури учун қўшимча равишда 98 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни:

"Агробанк" АТБга - 40 миллион АҚШ доллари эквивалентида;

АТ Халқ банкига - 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида;

"Микрокредитбанк" АТБга - 28 миллион АҚШ доллари эквивалентида;

б) микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва хотин-қизларни кичик тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга - 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида;

в) Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш учун Наманган вилояти ҳокимлигига 50 миллион АҚШ доллари ажратиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

а) мазкур қарорга асосан ажратилган маблағлардан фойдаланиш мос равишда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4498-сон қарорида белгиланган тартиб ва шартларда Жамғарма ҳамда ваколатли банклар ўртасида тузилган кредит шартномаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади;

Жамғарма ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида тузиладиган шартнома орқали амалга оширилади;

Наманган вилоятида янги кичик саноат зоналарида инфратузилмани шакллантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Наманган шаҳридаги "Юксалиш" кичик саноат зонаси ҳудудида 2020-2021 йилларда полимер, енгил саноат, электр техникаси, кимё ва қурилиш маҳсулотларини халқаро талаблар асосида синов ўтказадиган лаборатория, молия, транспорт-логистика хизматларини ўз ичига оладиган комплекс хизматлар марказини ташкил этиш мақсадларига йўналтирилади;

б) Наманган вилоятига кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Кенгаш томонидан белгиланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ҳафта муддатда микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун маблағларни ажратиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 14 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 27 июль, 28-29-сон, 331-модда