язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Табиатдан фойдаланиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.07.2020 й. ПФ-6027-сон "Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

15.07.2020 й.

N ПФ-6027



ЕР РЕСУРСЛАРИ ВА ДАВЛАТ

МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ер участкаларидан, айниқса соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш, республиканинг туристик туманларида давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Белгилансинки, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан берилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

а) ер солиғи бўйича қуйидагилар томонидан эгалланган ер участкалари:

соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;

аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;

санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;

б) мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод қилиш ваколати берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.


2. Фойдаланилмаётган майдонларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш бўйича белгиланган тартиб 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб мазкур Фармоннинг 1-банди "а" кичик бандида кўрсатилган ер участкаларига татбиқ этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланилмаётган соғломлаштириш ва рекреацион ер майдонлари учун оширилган солиқ ставкаларини қўллаш механизми бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 сентябрга қадар бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида (капиталида) давлат улуши миқдори 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, уларнинг таркибий бўлинмаларига тегишли бўлган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ идоравий дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни (болалар дам олиш лагерларидан ташқари) белгиланган тартибда хусусий секторга сотиш бўйича таклиф киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган шунга ўхшаш объектларни хусусий секторга сотиш бўйича таклифларни киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда республиканинг туристик зоналаридаги алоҳида ер участкалари, шу жумладан жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкалари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер солиғининг 3 бараваригача оширилган ставкасини белгилаш имкониятини кўзда тутсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5978-сон Фармони 4-бандининг "в" кичик бандидаги "фойдаланилмаётган" сўзи "юридик ёки жисмоний шахс ўз фаолиятини коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли тўхтатишга мажбур бўлган ҳолларда, фойдаланилмаётган" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 27 июль, 28-29-сон, 326-модда