язык интерфейса

4-сон БҲМС "Товар-моддий захиралар" (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3259-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 28.05.2020 й. 24-сон буйруғи билан тасдиқланган)

4-сон БҲМС "Товар-моддий захиралар" (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3259-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 28.05.2020 й. 24-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3259-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирининг

2020 йил 28 майдаги

24-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


4-СОНЛИ БҲМС


"ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАР"


Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ юридик шахсларга (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) мулк ҳуқуқида тегишли бўлган товар-моддий захираларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва уларни молиявий ҳисоботда акс эттириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Стандарт молиявий инструментлар ҳисобини юритишга нисбатан тадбиқ этилмайди.


2. Қуйидагилар товар-моддий захиралар ҳисобининг асосий қоидалари ҳисобланади:

тан олиш пайтини аниқлаш, таснифлаш, баланс қийматини баҳолаш;

товар-моддий захиралар таннархига киритиладиган харажатларни аниқлаш, келгусида харажатларни, шу жумладан товар-моддий захиралар қийматини харажат сифатида тан олиш;

товар-моддий захиралар қийматини реализация қилишнинг соф қийматига қадар камайтириш (баҳолаш);

товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижаларни аниқлаш ҳамда молиявий ҳисоботда улар бўйича ахборотни ёритиб бериш тартиби.


3. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


товар-моддий захиралар - фаолият юритиш жараёнида кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб туриладиган ва ишлаб чиқариш жараёнида бўлган, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган моддий активлар;


реализация қилишнинг соф қиймати - товар-моддий захираларни мақсадига кўра ишлатиладиган ҳолатга келтириш ва реализация қилиш бўйича баҳоланган харажатлар чегирилган ҳолда жорий қиймати;


жорий қиймат - маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари бўйича товар-моддий захираларнинг қиймати ёки бир-биридан мустақил, хабардор ва бундай битимни амалга оширишни хоҳловчи тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма;


бевосита харажатлар - алоҳида турдаги товар-моддий захираларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш) жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган ҳамда уларнинг бирлиги таннархига тўғридан-тўғри киритиладиган ишлаб чиқариш харажатлари;


билвосита харажатлар - бир неча турдаги товар-моддий захираларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш) жараёни билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш харажатлари бўлиб, уларни муайян товар-моддий захиралар бирликлари таннархига бевосита киритиб бўлмайди, бунинг оқибатида улар харажатлар объектлари ва уларнинг бирликлари таннархи ўртасида ҳисоб-китоб йўли билан тақсимланади;


бўлиниш нуқтаси - биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда алоҳида турдаги маҳсулотлар аниқ идентификация қилинадиган ишлаб чиқариш жараёнининг муайян пайти;


тара - маҳсулотларни (товарларни) сақлаш, ўраш ва транспортда ташиш учун ишлатиладиган буюмни ифода этувчи моддий объект.


4. Товар-моддий захиралар ташкилотларда:

маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш, маъмурий эҳтиёжлар ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган хом ашё ва материаллар, харид қилинадиган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар, ёқилғи, тара ва тарабоп материаллар, эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва хўжалик жиҳозлари, бошқа материаллар захиралари;

боқувдаги ва яйловдаги ёш ҳайвонлар, катта ёшдаги ҳайвонлар, паррандалар, асалари оилалари, сотиш учун асосий подадан яроқсизга чиқарилган катта ёшдаги чорва моллари, сотиш учун четдан қабул қилинган чорва моллари;

механизм қисмлари, қурилмалар, буюмларга тугалланмаган ишлов берилиши ва уларнинг йиғилиши ҳамда тугалланмаган технологик жараёнлар кўринишида тугалланмаган ишлаб чиқариш. Хизматлар кўрсатувчи ва ишлар бажарувчи ташкилотларда тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг қиймати сифатида қабул қилиш-топшириш ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва ташкилот томонидан тегишли даромад сифатида тан олинмаган тугалланмаган хизматлар (ишлар) бўйича харажатлардан ташкил топади;

ташкилотда тайёрланган тайёр маҳсулот (реализация қилиш учун мўлжалланган ва шартномада ёки қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларнинг талабларида назарда тутилган техник ва сифат тавсифларига мувофиқ келадиган ишлов берилиши (бутланиши) тугалланган актив);

бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва ташкилотнинг одатий фаолияти давомида қўшимча ишлов беришсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар. Бунда узоқ муддатли активлар объектлари (бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар ва бошқалар) ҳам кейинчалик сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган ҳолларда товар бўлиб ҳисобланиши мумкин.


5. Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таркибига қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берадиган активлар киритилади:

хизмат муддати бир йилдан ошмайдиган;

хизмат муддатидан қатъи назар харид қилиш пайтида қиймати бир бирлик (комплект) учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда бўлган активлар. Ташкилот раҳбари ҳисоб сиёсатида активларни инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таркибида ҳисобга олиш учун қийматининг бундан паст чегарасини белгилаш ҳуқуқига эгадир.


6. Хизмат муддати ҳамда қийматидан қатъи назар инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таркибига қуйидагилар киритилади:

махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни серияли ва оммавий ишлаб чиқариш ёки якка тартибдаги буюртмани тайёрлаш учун мўлжалланган мақсадли асбоблар ва мосламалар). Бунда махсус асбоблар ва мосламалар таркибига асбоб-ускуналар, штамплар, пресс-шакллар, прокат ўтказувчи валлар, мослама ускуналари моделлари, опоклар, андозалар ва бошқа турли махсус асбоблар ва мосламалар киради;

махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал. Махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал таркибига сақловчи мосламалар, комбинезонлар, костюмлар, курткалар, шимлар, халатлар, жун пўстинлар, ҳар хил пойабзаллар, қўлқоплар, кўзойнаклар, респираторлар, бошқа турли махсус ва санитария кийимлари ҳамда махсус пойабзал киради;

кўрпа-тўшаклар;

канцелярия ашёлари (калькуляторлар, стол жиҳозлари ва ҳоказо);

ошхона инвентари, шунингдек, ошхона чойшаблари;

барпо этиш харажатлари қурилиш-монтаж ишларининг таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар, мосламалар ва қурилмалар;

фойдаланиш муддати бир йилдан кам бўлган алмаштириладиган ускуналар;

овлаш қуроллари (траллар, ёйма тўрлар, тўрлар, жиҳозлар ва ҳоказо).


7. Товар-моддий захиралар бухгалтерия ҳисобининг бирлиги захиралар тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантириш ҳамда уларнинг мавжудлиги ва ҳаракати устидан лозим даражада назоратни таъминлаш мақсадида ташкилот томонидан мустақил равишда белгиланади. Товар-моддий захираларнинг хусусиятлари, уларни харид қилиш ва улардан фойдаланиш тартибидан келиб чиқиб товар-моддий захираларнинг бирлиги номенклатура рақами, партия, бир турдаги гуруҳ ва ҳоказо бўлиши мумкин.



2-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИ

ТАН ОЛИШ


8. Товар-моддий захиралар актив сифатида тан олинади, агар:

ташкилотга актив билан боғлиқ келгусидаги иқтисодий наф келишига ишонч мавжуд бўлса;

актив қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлса;

уларга бўлган мулк ҳуқуқи ўтса.


9. Товар-моддий захираларга бўлган мулк ҳуқуқи, улар билан боғлиқ таваккалчилик ва мукофотларнинг ўтиш пайти маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартлари келишиладиган маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси асосида белгиланади.


10. Мулк ҳуқуқи ташкилотга тегишли бўлмаган, бироқ шартнома шартларига мувофиқ унинг ихтиёрида бўлган товар-моддий захиралар балансдан ташқари счетларда шартномада назарда тутилган баҳо бўйича акс эттирилади.


11. Товар-моддий захиралар ташкилотнинг бухгалтерия балансига қуйидагилар натижасида киритилиши лозим:

маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиш;

таъсисчилардан ташкилотнинг устав капиталига улуш сифатида келиб тушиши;

таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланаётганда ташкилотнинг илгари бошқа ташкилотнинг устав капиталига киритилган таъсис улуши қайтарилишидан келиб тушиши;

бепул келиб тушиш (ҳадя шартномаси бўйича);

айирбошлаш;

узоқ муддатли активлар таркибидан ўтказиш;

ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларни аниқлаш;

илгари берилган товар қарзининг қайтарилиши ёки товар қарзини олиш;

ташкилотнинг ўзида тайёрланиши;

ҳисобот даври охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш сифатида ҳисобга олинадиган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

товар-моддий захираларга бўлган мулк ҳуқуқи олинишига олиб келадиган бошқа операциялар ва ҳодисалар.


12. Товар-моддий захираларни баҳолаш қуйидаги иккита қийматлардан энг пасти бўйича амалга оширилади:

баланс тузилаётган санадаги таннарх (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи);

баланс тузилаётган санадаги реализация қилишнинг соф қиймати.


13. Бухгалтерия ҳисобида товар-моддий захираларнинг тегишли тарзда тан олинган таннархи қонун ҳужжатлари ва мазкур Стандарт билан белгиланган ҳоллардан бошқа ҳолатларда ўзгартирилмайди.



3-БОБ. ХАРИД ҚИЛИНГАН ТОВАР-МОДДИЙ

ЗАХИРАЛАРНИНГ ТАННАРХИ


14. Товар-моддий захиралар ташкилотнинг бухгалтерия балансига таннархи бўйича киритилади ҳамда улар харид қийматини (етказиб берувчига тўланадиган сумма) ва харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади.


15. Товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ва уларнинг таннархига киритиладиган харажатларга қуйидагилар киритилади:

божхона божлари ва йиғимлари;

товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса (ҳисобга олишга қабул қилинмаса);

товар-моддий захиралар таъминотчи ва воситачи ташкилотлар орқали харид қилинганда уларга тўланадиган тўловлар (воситачилик ҳақи);

товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган товар-моддий захираларни сертификатлаш ва уларни техник шартларга мувофиқ синаш бўйича харажатлар;

товар-моддий захираларни тайёрлаш ва уларни айни пайтдаги жойлашиш ёки фойдаланиш жойига етказиб бериш бўйича транспорт-тайёрлов харажатлари. Улар тайёрлаш, юклаш-тушириш ишлари ва товар-моддий захираларни барча турдаги транспорт билан уларни айни пайтдаги жойлашиш ёки фойдаланиш жойига транспортда ташиш учун (фрахт) тўловларни амалга ошириш бўйича харажатлар, шу жумладан товар-моддий захираларни транспортда ташишда хатарларни суғурталаш бўйича харажатлардан ташкил топади.

Товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ва уларнинг таннархига бошқа харажатлар ҳам киритилиши мумкин.


16. Шартномага мувофиқ товар-моддий захиралар чегирма билан харид қилинганда, улар мазкур бандда назарда тутилган тартибда бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Харидор томонидан товар-моддий заҳираларни қабул қилиш санасида фойдаланилган чегирмалар, агар тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари мавжуд бўлганда, улар харид қилинган товар-моддий захиралари қийматини камайтиришга олиб борилади (сотиб олиш харажатлари таркибига киритилмайди).

Товар-моддий захиралари қабул қилинган санадан сўнг уларни харид қилиш бўйича шартнома шартларини бажариш натижасида юзага келган (олинган) чегирмалар, ташкилотнинг молиявий натижаларига олиб борилади ва сотиб олинган товар-моддий захиралар қийматини камайтирмайди.

Қўшимча товар-моддий захиралар бепул олинганда, агар тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари мавжуд бўлганда, сотиб олинган товар-моддий захиралар қиймати барча олинган товар-моддий захиралар миқдорига (бепул олинган товар-моддий захираларини ҳам ҳисобга олган ҳолда) тақсимлаш орқали уларнинг таннархи аниқланади.

Аввал етказиб берилган товар-моддий захиралар ҳисобидан қўшимча товар-моддий захиралар бепул олинганда, мазкур бандда белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқарилган қўшимча олинган товар-моддий захиралар таннархи ҳисобот даврининг молиявий натижаларига олиб борилади.

Агарда товар-моддий захираларини сотиб олиш пайтида аввалги харид қилинган товар-моддий захираларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча товар-моддий захиралари бепул олинганда, аввал харид қилинган ва охирги харид қилинган товар-моддий захираларига тўғри келадиган қўшимча бепул олинган товар-моддий захирлари улушлари аниқланади. Бунда охирги харид қилинган товар-моддий захиралари қиймати уларга тўғри келадиган қўшимча бепул олинган товар-моддий захиралари улушини ҳисобга олган ҳолда кирим қилинади.


17. Харид қилинган товар-моддий захиралар учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар (аккредитив очиш харажатлари, ўтказмалар учун банк комиссияси, товар-моддий захираларни чет эл валютасига харид қилишда уни айирбошлаш бўйича комиссия ва бошқа банк хизматлари), товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича шартномаларни тайёрлаш, рўйхатдан ўтказиш ва ёпиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда активларни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа харажатлар товар-моддий захираларнинг таннархига киритилмайди ҳамда улар юзага келган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади.


18. Товар-моддий захиралар қарз маблағлари ҳисобига харид қилинганда ёки ишлаб чиқилганда қарздан фойдаланганлик учун фоизлар кўринишидаги харажатлар қарз маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман сотиб олинган товар-моддий захираларнинг таннархига киритилмайди.


19. Товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича харажатлар уларнинг юзага келишини тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар асосида белгиланади.


20. Агар шартнома шартларида харид қилинадиган товар-моддий захиралар учун тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, улар бухгалтерия ҳисобига тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилмасдан сотиладиган қиймат бўйича кирим қилинади.

Бунда товар-моддий захираларнинг тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилмасдан сотиладиган қиймати билан сотиб олинаётган товар-моддий захиралар бўйича умумий тўлов суммаси ўртасидаги фарқ тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври мобайнида жорий тўловнинг кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларнинг умумий суммасидаги салмоғидан келиб чиқиб молиявий харажатлар (фоизлар бўйича харажатлар) сифатида тан олинади.


21. Товар-моддий захираларга қўшимча ишлов бериш ва уларни фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш бўйича ишлар билан боғлиқ харажатлар ташкилотнинг маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган навларга ажратиш, ўраб-жойлаш ва уларни товар кўринишига келтириш бўйича харажатларини ўз ичига олади. Яроқли ҳолга келтириш бўйича ишлар билан боғлиқ бўлган харажатлар товар-моддий захираларнинг таннархига киритилади.


22. Ташкилотнинг транспорт-тайёрлов харажатлари қуйидаги усуллардан бири бўйича ҳисобга олинади ёки харид қилинган товар-моддий захиралар қийматига киритилади:

а) транспорт-тайёрлов харажатларини товар-моддий захиралар таннархига бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш (шартнома нархига қўшиш, устав капиталига киритилган улушнинг пул баҳосига қўшиш, текинга олинганларнинг жорий қийматига қўшиш ва бошқалар).

Транспорт-тайёрлов харажатларини товар-моддий захиралар таннархига бевосита (тўғридан-тўғри) киритиш усули номенклатураси кўп бўлмаган товар-моддий захираларга эга бўлган ташкилотларда, шунингдек, товар-моддий захираларнинг алоҳида турлари ва гуруҳларининг қиймати муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолларда қўлланилиши мумкин;

б) етказиб берувчининг ҳисоб-китоб ҳужжатларига биноан транспорт-тайёрлов харажатларини "Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш" синтетик счетида акс эттириш ва кейинчалик уларни материаллар тури бўйича товар-моддий захиралар таннархига ёки ишлатилишига қараб ишлаб чиқариш харажатларига ёхуд давр харажатларига киритиш.

Транспорт-тайёрлов харажатларининг суммаси алоҳида йиғилади ва товар-моддий захираларнинг тегишли номлари (ушбу транспорт-тайёрлов харажатлари олиб бориладиган партиялар, гуруҳлар) ўртасида тақсимланади.

Алоҳида йиғиладиган транспорт-тайёрлов харажатлари суммаси ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида белгиланган даврга боғлиқ ҳолда давр охиридаги товар-моддий захиралар қолдиғи суммаси ва ушбу даврда чиқиб кетган (ишлатилган, сотилган, бепул берилган ва бошқалар) товар-моддий захиралар суммаси ўртасида тақсимланади.

Чиқиб кетаётган товар-моддий захираларга тегишли бўлган транспорт-тайёрлов харажатлар суммаси чиқиб кетган товар-моддий захиралар қийматидан транспорт-тайёрлов харажатларнинг ўртача фоизини ҳисоблаш орқали аниқланиб, ушбу товар-моддий захираларнинг чиқиб кетиши акс эттирилган бухгалтерия ҳисоби счетлари билан боғланган счетларида акс эттирилади. Транспорт-тайёрлов харажатларнинг ўртача фоизи давр бошидаги транспорт-тайёрлов харажатлар қолдиғи ва давр ичида қилинган транспорт-тайёрлов харажатлар суммаларини давр бошидаги товар-моддий захиралар қолдиғи ва давр ичида келиб тушган товар-моддий захиралар суммасига бўлиш билан аниқланади.

Транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олишнинг қўлланиладиган усули ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.


23. Харид қилинган товар-моддий захираларнинг таннархи қопланадиган (ҳисобга олишга қабул қилинадиган) солиқларни чегирган ҳолда шартномага ёки уларнинг харид қилинганлиги, ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга мувофиқ етказиб берувчига (сотувчига) тўланадиган сумма ҳамда унга мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларни қўшган ҳолда аниқланади.


24. Чет эл валютасида харид қилинган товар-моддий захираларнинг таннархи мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган тегишли харажатларни қўшган ҳолда, уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларида (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларациясида) кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан сўмда белгиланади.


25. Ташкилотнинг устав капиталига улуш сифатида олинган товар-моддий захираларнинг таннархи, агар қонун ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, ташкилот таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан келишилган қиймат асосида аниқланади.

Агар ташкилот томонидан товар-моддий захиралар устав капиталига улуш сифатида олинаётганда мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар мавжуд бўлса, товар-моддий захираларнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади.


26. Таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланаётганда ташкилотнинг илгари бошқа ташкилотнинг устав капиталига киритилган таъсис улуши қайтарилишидан келиб тушган товар-моддий заҳираларнинг таннархи, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, ташкилот таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан келишилган уларнинг пулда ифодаланган баҳосида аниқланади.

Агар ташкилот томонидан товар-моддий захиралар таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланишида ташкилотнинг илгари бошқа ташкилотнинг устав капиталига киритилган таъсис улуши қайтарилишида олинаётганда мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар мавжуд бўлса, товар-моддий захираларнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади.

Олинаётган товар-моддий заҳираларнинг қиймати бошқа ташкилотнинг устав капиталидаги таъсис улуши бўйича қарз суммасидан юқори бўлган ҳолларда, фарқ таъсисчилар таркибидан чиқиб кетаётган таъсисчи томонидан қопланади.

Бошқа ташкилотнинг устав капиталидаги таъсис улуши бўйича қарз суммаси олинаётган товар-моддий заҳираларнинг қиймати юқори бўлган ҳолларда, фарқ бераётган ташкилот томонидан қопланади.


27. Ташкилот томонидан бепул (ҳадя шартномаси бўйича) олинган ҳамда асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетиши натижасида олинган товар-моддий захираларнинг таннархи уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиниш санасидаги жорий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Агар ташкилот томонидан товар-моддий захиралар бепул (ҳадя шартномаси бўйича) ёки асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетиши натижасида олинаётганда мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар амалга оширилса, товар-моддий захираларнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади.


28. Товар-моддий захиралар худди шундай товар-моддий захираларга айирбошлаш йўли билан олинган ҳолларда, уларнинг таннархи берилган товар-моддий захираларнинг баланс қийматига тенг бўлади.

Товар-моддий захиралар худди шундай бўлмаган товар-моддий захираларга айирбошлаш йўли билан олинган ҳолларда, уларнинг таннархи берилган товар-моддий захираларнинг жорий қийматига тенг бўлади.

Товар-моддий захиралар қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда олинган товар-моддий захираларнинг таннархи берилган товар-моддий захираларнинг айирбошланишда ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган (камайтирилган) жорий қийматига тенг бўлади.


29. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажариш назарда тутиладиган шартномалар бўйича олинган товар-моддий захираларнинг таннархи деб ташкилот томонидан берилган ёки берилиши лозим бўлган активларнинг жорий қиймати ёки бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг жорий қиймати бўйича тан олинади.

Ташкилот томонидан берилган ёки бериладиган активларнинг қийматини белгилаш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажаришни назарда тутадиган шартномалар бўйича ташкилот томонидан олинган товар-моддий захираларнинг таннархи худди шундай товар-моддий захиралар харид қилинадиган жорий қийматдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Агар ташкилот томонидан товар-моддий захиралар айирбошлаш йўли билан олинаётганда мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар амалга оширилса, уларнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади.


30. Ташкилот томонидан бошқа шахслардан қайта сотиш учун харид қилинган товарлар харид қиймати бўйича ҳисобга олиниши мумкин. Бунда мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган товарларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар улар юзага келган ҳисобот даврида ташкилотнинг давр харажатларига (сотиш бўйича) киритилади.

Моддий жавобгар шахсларнинг фаолияти устидан тегишлича назорат ўрнатиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш билан шуғулланувчи ташкилотларга устамаларни (чегирмаларни) бухгалтерия ҳисоби счетларида алоҳида ҳисобга олган ҳолда, харид қилинган товар-моддий захираларни ҳисобда сотиш қиймати бўйича акс эттирилишига рухсат берилади.

Товар-моддий захираларни ҳисобга олишнинг қўлланиладиган тартиби ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.


31. Узоқ муддатли активлар таркибидан товар-моддий захиралар таркибига ўтказилган активларнинг таннархи ушбу узоқ муддатли активларнинг баланс (қолдиқ) қиймати бўйича белгиланади.


32. Инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларининг таннархи улар аниқланган санадаги жорий қийматдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


33. Битта умумий суммага харид қилинган барча товар-моддий захиралардан ҳар бирининг таннархи ушбу суммани алоҳида товар-моддий захиранинг жорий қийматига мутаносиб равишда тақсимлаш йўли билан аниқланади.



4-БОБ. ТАШКИЛОТДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН

ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИНГ

ТАННАРХИ


34. Ташкилотнинг ўзи томонидан ишлаб чиқариладиган (тайёрланадиган) товар-моддий захираларнинг таннархи сифатида уларнинг ишлаб чиқариш таннархи тан олинади.

Товар-моддий захираларнинг ишлаб чиқариш таннархига уларни ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш сифатидаги харажатлар киритилади. Бунда ушбу харажатларга қуйидагилар киради:

бевосита ва билвосита моддий харажатлар;

бевосита ва билвосита меҳнат харажатлари;

ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа бевосита ва билвосита харажатлар.


35. Маҳсулот (иш, хизмат)ларнинг ишлаб чиқариш таннархини ҳосил қилувчи харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги элементлар бўйича гуруҳларга ажратилади:

ишлаб чиқариш моддий харажатлар (қайтариладиган чиқиндилар қиймати чиқариб ташланган ҳолда);

ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

ишлаб чиқаришга мўлжалланган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси;

ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа харажатлар.


36. Реализация харажатлари, ташкилотни бошқариш бўйича умумий харажатлар (маъмурий харажатлар), бошқа операцион харажатлар, молиявий фаолият бўйича харажатлар ва фавқулодда зарарлар маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ишлаб чиқариш таннархига киритилмайди.



5-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИНГ

ТАННАРХИНИ АНИҚЛАШ УСУЛЛАРИ


37. Товар-моддий захиралар (маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархини аниқлаш усуллари уларнинг тури, ишлаб чиқариш тури, унинг мураккаблиги, тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг мавжудлиги, ишлаб чиқаришнинг давомийлиги, товар-моддий захиралар номенклатурасига боғлиқдир. Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархини аниқлашнинг асосий усуллари бўлиб оддий, меъёрий, буюртмали, босқичли усуллар ҳисобланади, савдо ташкилотларида эса харажатларни инвентарь баҳолаш усули қўлланилиши мумкин.


38. Таннархни аниқлашнинг оддий усули бир турдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқарадиган ҳамда ярим тайёр маҳсулотлар ва тугалланмаган ишлаб чиқаришга эга бўлмаган ташкилотларда қўлланилади.

Ушбу усул қўлланилганда ҳисобот давридаги барча ишлаб чиқариш харажатлари барча ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархига киритилади.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигининг таннархи ишлаб чиқариш харажатлари суммасини ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) бирликларининг умумий миқдорига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.


39. Таннархни аниқлашнинг меъёрий усули хом ашё, материаллар, меҳнат ва ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишнинг белгиланган меъёрлари бўйича харажатларни ҳисобга олишга асосланган.

Меъёрлар вақти-вақти билан таҳлил қилиниб турилади ва зарур ҳолларда жорий шарт-шароитларга мувофиқ қайтадан кўриб чиқилади.


40. Таннархни аниқлашнинг буюртмали усули якка тартибдаги ва кўп серияли бўлмаган ишлаб чиқаришга эга бўлган ташкилотларда қўлланади, бунда ишлаб чиқариш харажатлари маҳсулотга (ишга, хизматга) (бир хилдаги маҳсулотлар гуруҳига) доир алоҳида буюртмалар бўйича идентификацияланади ва ҳисобга олинади. Буюртманинг объекти бўлиб маҳсулот (иш, хизмат), бир хилдаги маҳсулот (иш, хизмат)нинг майда туркумлари ёки таъмирлаш, монтаж ва экспериментал ишлар ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёни узоқ давом этадиган йирик маҳсулотларни тайёрлашда буюртмалар яхлит маҳсулотга эмас, балки унинг тугалланган конструкцияларга эга бўлган алоҳида агрегатлари, узелларига берилиши мумкин.

Таннархни аниқлашнинг ушбу усулида барча харажатлар буюртманинг якунланишига қадар тўлалигича тугалланмаган ишлаб чиқариш деб ҳисобланади.

Буюртма бирлигининг таннархи унинг бажарилиши (маҳсулот ишлаб чиқарилиши, ишлар бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилиши) тугаллангандан кейин аниқланади.

Буюртма бўйича харажатларнинг бутун суммаси унинг таннархини ташкил қилади.

Агар ушбу буюртма бир хилдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) туркумидан иборат бўлса, маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигининг таннархи мазкур буюртма бўйича харажатлар суммасини маҳсулот бирликлари миқдорига бўлиш орқали аниқланади.

Буюртмалар қисман бажарилиб, улар буюртмачиларга топширилганда қисман ишлаб чиқариш таннархи уларнинг конструкциялари, технологиялари, ишлаб чиқариш шарт-шароитларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда илгари бажарилган буюртмаларнинг таннархи бўйича баҳоланади.


41. Таннархни аниқлашнинг босқичли усули бошланғич хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш жараёнида бир қатор босқич, фаза, поғоналардан ўтадиган ташкилотларда қўлланади. Ушбу усулда аввал барча маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархи, сўнгра унинг бирлиги таннархи аниқланади.

Босқичли усул ташкилотнинг тармоққа мансублигига боғлиқ ҳолда ярим тайёр маҳсулотли ва ярим тайёр маҳсулотсиз турларда амалга оширилиши мумкин.

Ярим тайёр маҳсулотли турда ҳар бир босқич бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳисоблаб чиқарилади ҳамда у аввалги босқичлар маҳсулоти (ишлар, хизматлар) таннархи ва мазкур босқич бўйича харажатлардан иборат бўлади. Охирги босқич маҳсулотининг таннархи барча тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳисобланади.

Ярим тайёр маҳсулотсиз турда фақат охирги босқич бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳисоблаб чиқарилади. Бунда харажатлар аввалги босқичлар маҳсулоти (ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олмасдан, ҳар бир босқич бўйича алоҳида ҳисобга олинади. Тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига барча алоҳида босқичлар бўйича уни ишлаб чиқариш харажатлари киритилади.


42. Бир технологик жараёнда битта хом ашё ва материаллардан турли хилдаги, улардан ҳар бири ўзининг сотиш нархига эга бўлган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилганда ушбу турдаги маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) деб ҳисобланади.

Асосий маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган ва сотиш қиймати асосий маҳсулотга (ишларга, хизматларга) қараганда ўта паст бўлган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) деб ҳисобланади.

Биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни (ишларнинг, хизматларнинг) тақсимлаш нуқтасига етгунга қадар турли хилдаги маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) сифатида идентификация қилиш мумкин эмаслиги уларнинг қўшимча маҳсулотдан (ишлардан, хизматлардан) фарқи ҳисобланади.


43. Биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) сотиш қийматини бўлиниш нуқтасида аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ишлаб чиқариш таннархини аниқлаш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларини бўлиниш нуқтасида тақсимлаш қуйидаги усуллардан бири орқали амалга оширилади:

натура кўрсаткичларидан фойдаланиш усули;

бўлиниш нуқтасидаги реализация қилиш қиймати асосидаги усул.


44. Натура кўрсаткичларидан фойдаланиш усулида бўлиниш нуқтасига қадар қилинган харажатлар асосий маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳар бир турига унинг натура кўрсаткичларида ифодаланган ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади.

Бўлиниш нуқтасидаги реализация қилиш қиймати асосидаги усулда бўлиниш нуқтасига қадар қилинган харажатлар асосий маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳар бир турига уни реализация қилишдан кутилаётган тушум умумий суммасидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади.


45. Биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) алоҳида турлари кейинги қайта ишлов беришга ўтказилган ҳамда бўлиниш нуқтасида уларни сотишнинг жорий қийматини (реализация қилиш қийматини) аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда ишлаб чиқариш харажатларини бўлиниш нуқтасида биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) турлари ўртасида тақсимлаш қуйидаги усуллардан бири орқали амалга оширилади:

реализация қилишнинг соф қиймати усули. Ушбу усулда биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) турлари бўйича харажатлар уларни реализация қилишнинг соф қийматига мутаносиб равишда тақсимланади;

реализация қилишдан ялпи фойданинг доимий улуши усули. Ушбу усулдан фойдаланилганда харажатлар ҳар бир алоҳида маҳсулот (ишлар, хизматлар) учун умумий ялпи фойданинг фоиз улуши бир хил бўлиши ҳамда умумий ялпи фойда кўрсаткичига тенг бўлиши керак. Ялпи фойданинг фоиз улуши биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) турларининг умумий таннархини ушбу маҳсулот турларини сотишдан тахмин қилинган умумий тушумдан чиқариб ташлаб, сўнгра фойда миқдорини сотишдан тахмин қилинган умумий тушумдан фоиз кўринишида акс эттириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.


46. Агар ишлаб чиқаришнинг бир технологик жараёнида бир вақтнинг ўзида бир қанча турдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) чиқиб, маҳсулотлардан (ишлар, хизматлар) бири ёки бир қанча тури асосий (мақсадли) турга тегишли бўлса, унда қолган маҳсулот (ишлар, хизматлар) турлари қўшимча маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) сифатида қаралиши мумкин.

Асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини аниқлашда қўшимча маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) жорий қиймати ёки реализация қилишнинг соф қиймати ишлаб чиқариш жараёнларининг умумий харажатларидан чегирилади, харажатларнинг қолган қисми эса асосий маҳсулотга (ишларга, хизматларга) тегишли бўлади.


47. Маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қўшимча турларини ҳисобга олиш қуйидаги усуллардан бири бўйича амалга оширилади:

қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда реализация қилиш;

қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда ишлаб чиқариш.

Қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда реализация қилиш усулида жорий даврда сотилган асосий маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархи қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда реализация қилиш (реализация қилишнинг соф) суммасига камайтирилади.

Қўшимча маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) сотилмаган захиралари қолдиғи бўлиниш нуқтасидан кейин қўшимча маҳсулотларни кейинги қайта ишланишига қилинган харажатлар суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олинади. Қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) қолдиғини ҳақиқатда реализация қилиш (реализация қилишнинг соф) суммаси қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда тан олинади;

Қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда ишлаб чиқариш усулидан фойдаланилганда асосий маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқаришда сарфланган харажатлар ишлаб чиқарилган қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) барча миқдорининг реализация қилишнинг соф суммасига дарҳол камайтирилади. Сотилмаган қўшимча маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қолдиғи реализация қилишнинг соф қиймати бўйича ҳисобга олинади.


48. Ишлаб чиқариш тармоғининг хусусиятларидан келиб чиқиб, товар-моддий захиралар, шу жумладан қўшимча маҳсулотлар таннархини аниқлашнинг қўлланадиган усуллари ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.



6-БОБ. РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ

СОФ ҚИЙМАТИ


49. Товар-моддий захиралар, агар реализация қилишнинг соф қиймати уларнинг таннархидан паст бўлса, реализация қилишнинг соф қиймати бўйича акс эттирилади. Реализация қилишнинг соф қиймати товар-моддий захираларнинг ҳар бир бирлиги (тури) бўйича аниқланади.


50. Реализация қилишнинг соф қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда товар-моддий захиралари қайта баҳоланади ва уларнинг қиймати жорий қийматга мувофиқлаштирилади.


51. Товар-моддий захиралар уларнинг алоҳида бирликлари таннархини қайта баҳолашни ўтказиш санасида шаклланган ўхшаш баҳоланадиган товар-моддий захираларнинг ҳужжат билан тасдиқланган жорий қийматлари бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан қайта баҳоланади.

Қайта баҳолаш ташкилот томонидан мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳоловчи ташкилотни жалб этиш орқали амалга оширилади.


52. Товар-моддий захиралар бирлигининг жорий қийматини ҳужжатли тасдиқлаш учун ташкилотнинг ихтиёрига кўра қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржаларидан ёзма шаклда олинган товар-моддий захиралар ўхшаш бирлигининг жорий қиймати (нархи) тўғрисида маълумотлар;

харид қилиш санасида (тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганида) чет эл валютасида товар-моддий захиралар бирлигининг таннархи тўғрисида маълумотлар, бунда чет эл валюталари курсларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қайта баҳолашни ўтказиш санаси ва товар-моддий захираларнинг тегишли бирлигини харид қилиш санасида белгиланган миллий валютага (сўмга) нисбати сифатида аниқланадиган ҳисоб-китоб коэффициенти қўлланилади;

тегишли давлат органларидаги мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

баҳоловчининг товар-моддий захиралар тегишли бирлигининг жорий қиймати тўғрисидаги ҳисоботи.


53. Товар-моддий захиралар, агар улар шикастланган, тўлиқ ёки қисман эскирган ёки уларни реализация қилишнинг соф қиймати пасайган бўлса, шунингдек тан олинган бутлаш харажатлари, захираларни товар кўринишига келтириш бўйича ишлар ёки мўлжалланган сотиш харажатлари ошган бўлса товар-моддий захираларнинг қиймати арзонлаштирилади.

Товар-моддий захираларни реализация қилишнинг соф қийматига қадар таннархдан паст арзонлаштириш уларнинг ҳаддан ташқари тўпланиши ва секин айланувчанлиги ҳолларида товар-моддий захиралар молиявий ҳисоботда уларни реализация қилиш ёки ишлатишдан кутиладиган суммадан юқори акс эттирилмаслиги учун қўлланилади.


54. Товар-моддий захиралар одатда моддалар бўйича усул асосида реализация қилишнинг соф қийматига қадар арзонлаштирилади.

Бунда бир турдаги ёки ўзаро боғланган товар-моддий захираларни гуруҳлашдан, хусусан, маҳсулотнинг биргина ассортиментига тааллуқли бўлган, бир хил вазифа ёки пировардда бир хил ишлатишга эга бўлган, биргина географик ҳудудда ишлаб чиқариладиган ёки биргина географик ҳудуддаги бозорга чиқариладиган, маҳсулотнинг ушбу ассортиментида бошқа материаллардан амалда алоҳида баҳоланиши мумкин бўлмаган товар-моддий захиралардан фойдаланиш мумкин.

Товар-моддий захираларни муайян тармоқ ёки биргина географик ҳудуддаги тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) ёки товар-моддий захираларга таснифлашга асосланиб арзонлаштирилмайди.


55. Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва бошқа материаллар, агар улардан тайёрланган маҳсулот жорий қийматда сотилса, таннархдан паст қилиб арзонлаштирилмайди.

Агар материаллар нархининг тушиши муносабати билан тайёр маҳсулот нархи пасайтирилса, яъни ушбу материаллардан тайёрланган тайёр маҳсулотнинг таннархи мазкур тайёр маҳсулотни реализация қилишнинг соф қийматидан ошса, материаллар қиймати камайтирилади.

Бунда, реализация қилишнинг соф қийматини баҳолашнинг энг ишончлиси бўлиб уларга ўхшаш материалларни сотиб олиш харажатлари ҳисобланади.


56. Товар-моддий захиралар таннархининг ушбу товар-моддий захираларни реализация қилишнинг соф қиймати суммасидан ошадиган суммаси, яъни қайта баҳолаш натижасида товар-моддий захираларнинг арзонлашиш суммаси у юзага келган ҳисобот даврининг харажатларига киритилади.


57. Ҳар бир кейинги даврда реализация қилишнинг соф қийматини янгидан қайта баҳолаш ўтказилиши мумкин.

Иқтисодий ҳолатнинг ўзгарганлиги сабабли ташкилотга тегишли бўлган илгари қиймати пасайтирилган товар-моддий захиранинг реализация қилишнинг соф қиймати ошган ҳолда тегишли ҳисобдан чиқариш суммаси янги баланс қийматини мазкур Стандартнинг 55-бандида назарда тутилган тартибда қуйидаги икки қийматнинг энг камига қадар келтириш орқали тикланади (тиклаш дастлабки ҳисобдан чиқариш миқдорлари билан чекланган):

таннарх;

қайта кўриб чиқилган реализация қилишнинг соф қиймати.



7-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИНГ

ЧИҚИБ КЕТИШИ


58. Чиқиб кетаётган товар-моддий захираларнинг қиймати чиқиб кетиш факти аниқланган пайтда балансдан ҳисобдан чиқарилади. Товар-моддий захиралар ташкилотнинг балансидан:

реализация қилиш;

бошқа ташкилотнинг устав капиталига таъсис улуши кўринишида бериш;

таъсисчининг таъсисчилар таркибидан чиқишида ёки тугатилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мол-мулкини унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаётганда илгари ташкилотнинг устав капиталига киритилган улушни таъсисчига қайтариш;

бепул бериш;

айирбошлаш;

сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ қилиш);

камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;

товар қарзи кўринишида тақдим этиш ёки илгари олинган товар қарзини қайтариш;

бошқа операциялар ва ҳодисалар натижасида ҳисобдан чиқарилади.


59. Товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) уларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қиймати ва чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқларни чегириш орқали аниқланади.


60. Чиқиб кетаётган товар-моддий захираларнинг таннархи харажат сифатида улар билан боғлиқ даромад олинган ҳисобот даврида тан олинади.

Чиқиб кетиш муносабати билан товар-моддий захираларни исталган ҳисобдан чиқариш суммаси ва уларга доир барча зарарлар ҳисобдан чиқариш юз берган ёки зарар етказилган ҳисобот даври мобайнида харажат сифатида ҳисобга олиниши керак. Реализация қилишнинг соф қийматини ошириш натижасида юзага келадиган, илгари ҳисобдан чиқарилган товар-моддий захираларнинг қийматини тиклаш суммаси ошиш юз берган ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган, чиқиб кетган (шу жумладан, реализация қилинган) товар-моддий захиралар таннархининг пасайиши сифатида тан олинади.


61. Савдо ва умумий овқатланиш ташкилотлари томонидан товар-моддий захиралар ҳисоби сотиш қиймати бўйича юритилганда сотилган товар-моддий захиралар таннархи сотилган товар-моддий захираларнинг сотиш қиймати билан уларга тўғри келувчи савдо устамаси суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

Сотилган товар-моддий захираларга тўғри келувчи савдо устамасининг суммаси сотилган товар-моддий захираларнинг сотиш қиймати (товар айланмаси) ва савдо устамасининг ўртача фоизи кўпайтмаси сифатида аниқланади.

Савдо устамасининг ўртача фоизи ҳисобот даври бошидаги савдо устамаларининг қолдиғи ва ҳисобот даврида келиб тушган товар-моддий захиралар бўйича савдо устамалари суммасини ҳисобот даври бошида товар-моддий захиралар қолдиғининг сотиш қиймати ва ҳисобот даврида олинган товар-моддий захираларнинг сотиш қиймати суммасига бўлиш йўли билан аниқланади.


62. Товар-моддий захиралар қолдиқлари ва чиқиб кетаётган (ишлаб чиқаришга берилган) товар-моддий захиралар қийматини аниқлаш қуйидаги усуллардан бири орқали амалга оширилади:

тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи бўйича;

ўртача тортилган қиймат бўйича (AVECO);

товар-моддий захиралар харид қилинган вақт бўйича дастлабки захиралар таннархи бўйича (ФИФО).


63. Товар-моддий захираларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича ҳисобот йили мобайнида қийматни аниқлашнинг фақат бир усули қўлланади. Товар-моддий захираларнинг гуруҳи (тури) бўйича қийматни аниқлаш усулларидан бирини қўллаш, ҳисоб сиёсатини қўллашда йўл қўйилган изчилликдан келиб чиқиб амалга оширилади.


64. Ташкилот томонидан алоҳида тартибда фойдаланиладиган (қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар ва ҳоказо) ва бир-бирининг ўрнини босмайдиган (алмаштирилмайдиган), шунингдек, махсус лойиҳалар учун ишлаб чиқарилган ва мўлжалланган (ишлатиладиган) товар-моддий захиралар тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи усули бўйича баҳоланади.

Мазкур усулда ўзига хос харажатлар муайян товар-моддий захираларга олиб борилади ҳамда товар-моддий захиралар сотиб олинганлиги ёки ишлаб чиқарилганлигидан қатъи назар махсус лойиҳалар учун мўлжалланган маҳсулотлар учун қўлланилади.


65. Ўртача тортилган қиймат (AVECO) усули бўйича товар-моддий захиралар ҳар бир бирлигининг қиймати давр бошида айнан бир хил бирликларнинг ўртача тортилган қиймати ва давр мобайнида харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган айнан бир хил бирликларнинг қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

Товар-моддий захиралар ҳар бир бирлиги қийматини ўртача тортилган қиймат (AVECO) усули бўйича аниқлаш давр бошидаги товар-моддий захиралар қолдиғининг таннархи ва миқдори ҳамда ушбу давр мобайнида келиб тушган товар-моддий захираларнинг таннархи ва миқдоридан шаклланадиган, айнан бир хил бирликларнинг умумий таннархини уларнинг умумий миқдорига бўлиш йўли билан амалга оширилади. Ўртача қиймат ташкилот томонидан танланган усулга қараб даврий ёки товар-моддий захираларнинг ҳар бир янги партияси келиб тушишига кўра ҳисоблаб чиқарилиши мумкин.


66. Товар-моддий захиралар харид қилинган вақт бўйича дастлабки захиралар таннархи (ФИФО) усули бўйича товар-моддий захираларнинг чиқиб кетаётган бирликлари таннархига биринчи навбатда харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган захираларнинг қиймати киради, давр охиридаги товар-моддий захиралар қиймати эса охирги бўлиб харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган захиралар бирликларининг умумий қийматидан ташкил топади.


67. Ҳисобот даври охирида товар-моддий захиралар қийматини аниқлаш уларнинг чиқиб кетишида товар-моддий захиралар қийматини аниқлашнинг қабул қилинган усулига боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

Товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишида уларнинг қийматини аниқлашнинг қўлланиладиган усули ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.



8-БОБ. ИНВЕНТАРЬ ВА ХЎЖАЛИК ЖИҲОЗЛАРИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


68. Инвентарь ва хўжалик жиҳозларини фойдаланишга топширишда уларнинг қиймати вазифасига қараб ишлаб чиқариш харажатларига ёки давр харажатларига тўлиқ ҳисобдан чиқарилиб, кейин ташкилот томонидан оддий шакл бўйича (бир томонлама тартибда), таннархи бўйича номлар (номенклатура рақамлари) ёки гуруҳлар (йириклаштирилган комплектлар) кесимида тезкор миқдорий ҳисоб юритилади, бунда фойдаланишга келиб тушиш санаси (ой, йил), фойдаланиш жойи (бўлинмалар бўйича) ва улардан фойдаланиш муддати мобайнида моддий жавобгар шахслар кўрсатилади.


69. Агар инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, ташкилот уларни фойдаланишга беришда ушбу инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қийматини муддати кечиктирилган харажатларга киритиши мумкин. Бунда кечиктирилган харажатларни камайтириш, яъни уларни харажатларга ҳисобдан чиқариш қуйидаги усуллардан бирини қўллаш орқали амалга оширилади:

қийматни ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш;

тенг меъёрда.


70. Қийматни ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш усулида кечиктирилган харажатлар суммасини ҳисобдан чиқариш ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ва инвентарь ҳамда хўжалик жиҳозлари таннархининг кўрсатилган инвентарь ва хўжалик жиҳозларини фойдали ишлатишнинг бутун кутилаётган муддатида маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришнинг тахмин қилинаётган ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Қийматни тенг меъёрий усулда ҳисобдан чиқариш инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг таннархидан ҳамда ушбу инвентарь ва хўжалик жиҳозларини фойдали хизмат муддатини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган меъёрлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.


71. Инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қийматини харажатларга ҳисобдан чиқариш усулларидан бирини қўллаш инвентарь ва хўжалик жиҳозларидан фойдали ишлатишнинг бутун муддати мобайнида амалга оширилади.


72. Агар маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш муддатидан аввал тўхтатилган ва уни тиклаш кутилмаётган бўлса, кечиктирилган харажатларни ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинадиган инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қолдиқ қиймати (инвентарь ва хўжалик жиҳозлари қийматининг ҳисобдан чиқарилмаган миқдори қолдиғи) ташкилотнинг молиявий натижаларига бошқа операцион харажатлар сифатида ҳисобдан чиқарилади.


73. Ташкилотнинг инвентарь ва хўжалик жиҳозларини таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича харажатлари (масалан, махсус асбобни чархлаш, алоҳида узел ва деталларни алмаштириш ва ҳоказолар) инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг вазифасидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш харажатлари ёки давр харажатларига киритилади.


74. Фойдаланиш жараёнида инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таннархини уларнинг алоҳида қисмларини алмаштириш орқали ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг айрим қисмларини алмаштириш ва таъмирлаш харажатлари мазкур тўпламни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари сифатида белгиланади.


75. Фойдаланишда бўлган, бироқ кейинчалик ўз вазифаси бўйича фойдаланилмаётган инвентарь ва хўжалик жиҳозлари бошқа операцион даромад сифатида реализация қилишнинг соф қиймати бўйича кирим қилиниши мумкин.

Бунда, ушбу инвентарь ва хўжалик жиҳозлари бўйича кечиктирилган харажатларни ҳисобга олувчи счётларда сумма қолдиғи бўлса, улар ҳам ҳисобот даврининг харажатлари сифатида молиявий натижаларга киритилади.


76. Инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қийматини уларни фойдаланишга бериш пайтида тўлиқ ишлаб чиқариш харажатларига ёки давр харажатларига ҳисобдан чиқаришда, фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг кейинчалик сақланишини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳисобини цех омборчилари ва алоҳида фойдаланувчилар бўйича балансдан ташқари счётларда юритиш лозим.


77. Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари қийматининг уларни фойдаланишга беришда ҳисобдан чиқариш тартиби, шунингдек, уларнинг қийматини харажатларга киритишнинг фойдаланилаётган усули ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.


78. Инвентарь ва хўжалик жиҳозларини қийматини балансдан ташқари ҳисобварақлардан чиқариш у хақиқатда ҳисобдан чиқарилганда ва бирламчи ҳисоб ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирдагина амалга оширилади.



9-БОБ. ТАРАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ХУСУСИЯТЛАРИ


79. Таралар ўз вазифасига кўра қуйидагиларга бўлинади:

товар-моддий захираларни омборларда сақлаш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш технологик жараёнини амалга ошириш учун мўлжалланган тара (сақлаш учун тара);

товар-моддий захираларни ишлаб чиқариш жараёнида, омборларда ёки савдо жойларида ўраш учун мўлжалланган тара (ўраш учун тара);

товар-моддий захираларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига қадар ҳаракати жараёнида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган тара (ташиш учун тара).


80. Етказиш шароитлари ва фойдаланиш сонига (маротабасига) кўра кўп маротаба ва бир марта ишлатиладиган тараларга ажратилади.

Кўп маротаба ишлатиладиган таралар етказиб берувчидан (ишлаб чиқарувчидан) истеъмолчига кўп маротаба айланади ва товар-моддий захиралардан бўшатилгандан сўнг етказиб берувчи ташкилотга қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган тартибда қайтарилади.

Бир марта ишлатиладиган таралар ишлаб чиқаришга берилганда ёки товар-моддий захиралар чиқиб кетганда ташкилот томонидан харажатларга ҳисобдан чиқарилади ва қайтарилмайди.


81. Ишлаб чиқариш жараёнида маҳсулотларни ўраш учун мўлжалланган бир марта ишлатиладиган таралар қиймати таннарх таркибига, савдо жойлари ва омборларда товарларни ўраш учун ишлатиладиган таралар эса сотиш харажатларига киритилади.


82. Гаров суммаси ўрнатилган кўп маротаба ишлатиладиган таралар ҳисобварақ-фактура ва (ёки) бошқа ҳужжатларда (товарларни кузатиб борувчи) тегишли шартномаларда кўрсатилган гаров суммаси бўйича алоҳида қаторда, унда қадоқланган маҳсулотларнинг (товарларнинг) сотиш баҳосига қўшилмаган ҳолда кўрсатилади. Етказиб берувчилар томонидан кўп маротаба ишлатиладиган таралар қайтарилганда улар баланс қиймати бўйича кирим қилинади.

Харидор томонидан таралар қайта ишлатиш учун етказиб берувчига ишга яроқли (бузилмаган) ҳолатда қайтарилганда, унга (тарани топширувчига) ушбу таралар учун тўланган суммалар қайтарилади.

Бунда тараларнинг харидор томонидан қайтарилиши ва ушбу таралардаги товар-моддий захираларни сотиб олган етказиб берувчи томонидан тараларнинг олиниши даромад келтирувчи операция сифатида қаралмайди. Қайтариладиган таралар бошқа етказиб берувчига ёки тара тайёрловчи ташкилотга сотилган тақдирда, ушбу операция бухгалтерия ҳисобида даромад келтирувчи битим сифатида тан олинади.


83. Агар гаров суммаси ўрнатилган кўп маротаба ишлатиладиган таралар белгиланган муддатда ва сонда қайтарилмаса, бухгалтерия ҳисобида уларни бериш асосий фаолиятдан даромад ва харажатлар сифатида улар юзага келган ҳисобот даврида акс эттирилади, яъни харидор томонидан етказиб берувчига гаров суммаси ўрнатилган кўп маротаба ишлатиладиган таралар қайтарилмаган ҳолларда мазкур таралар учун гаров суммаси қайтарилмайди ва мол етказиб берувчи мазкур гаров суммасини молиявий натижаларига олиб боради.


84. Таралар таркибида, шунингдек, тараларни тайёрлаш ва таъмирлаш учун махсус мўлжалланган материаллар ва деталлар ҳисобланувчи тарабоп материаллар ҳам ҳисобга олинади.

Юкланадиган маҳсулотларнинг (товарларнинг) сақланишини таъминлаш мақсадида вагонлар, кемалар, транспорт воситаларини қўшимча жиҳозлаш учун мўлжалланган буюмлар тарага киритилмайди.


85. Кўп маротаба ишлатиладиган тараларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар (айрим деталлар, қисмларни тозалаш, алмаштириш ва бошқалар) давр харажатларига киритилади.

Олинган кўп маротаба ишлатиладиган тараларни харидорлар қайтариб берганда уларни ишчи ҳолатга келтириш учун амалга оширилган таъмирлар ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар (тозалаш, айрим деталлар, қисмларни алмаштириш ва бошқалар) шартномада назарда тутилган тартибда харидорлар томонидан қопланиши мумкин.


86. Табиий эскириши, синиши (шикастланиши) ёки бузилиши натижасида яроқсиз ҳолга келган ва ташкилот томонидан ишлатилмайдиган таралар тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда харажатларнинг тегишли моддаларига ҳисобдан чиқарилади.



10-БОБ. ЎСТИРИШДАГИ ВА БОҚУВДАГИ

ҲАЙВОНЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ХУСУСИЯТЛАРИ


87. Ўстиришдаги ва боқувдаги ҳайвонларни ҳисобга олиш объектлари бўлиб насл, ортган вазн ва ўсиш, ёш ҳайвонларнинг катта ёшдаги гуруҳларга ва асосий подага ўтказилиши, асосий подадан яроқсизга чиқарилган чорва молларнинг боқувга қўйилиши ҳисобланади.


88. Асосий поданинг яроқсизга чиқарилган ва боқувга қўйилган чорва моллари яроқсизга чиқарилган маҳсулдор ҳайвонларнинг баланс қиймати ва яроқсизга чиқарилган катта ёшдаги ишчи ҳайвонларнинг сотилишидан кутилаётган сумма бўйича кирим қилинади.

Келиб тушган ҳайвонларнинг ўстиришга ва боқувга кирим қилиниши мазкур Стандартнинг 3-бобида белгиланган тартибда ўтказиладиган баҳолаш бўйича амалга оширилади.


89. Боқувдаги ҳайвонларнинг тирик вазни ўстириш ва боқиш натижасида ошади ва ҳайвонлар тирик вазннинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда қўшимча баҳоланади.

Тирик вазннинг ўсиши ҳайвонлар бириктирилган моддий жавобгар шахслар бўйича турлари ва ҳисоб-ишлаб чиқариш гуруҳлари бўйича аниқланади. Бунинг учун мазкур гуруҳ ҳайвонларининг ҳисобот даври охирида белгиланган тирик вазнига мазкур ёшдаги гуруҳдан ҳисобот даври мобайнида чиқиб кетган ҳайвонларнинг тирик вазни қўшилади ва мазкур гуруҳга тегишли ҳисобот даврида келиб тушган ҳайвонларнинг тирик вазни ҳамда ҳисобот даври бошида мавжуд бўлган ҳайвонларнинг тирик вазни айрилади. Олинган натижа ҳисобот даври мобайнида ўстиришда ёки боқувда ва яйловда бўлган ҳайвонларнинг ёш гуруҳи бўйича тирик вазнининг ўсишини акс эттиради.



11-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИ

ИНВЕНТАРИЗАЦИЯ ҚИЛИШ


90. Товар-моддий захираларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, уларнинг реализация қилиш соф қийматини тасдиқлаш ва уларнинг бут сақланишини назорат қилиш мақсадида ташкилотлар томонидан йилида камида бир маротаба товар-моддий захиралар инвентаразия қилинади.


91. Товар-моддий захираларни инвентаризация қилиш Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг Миллий стандарти (19-сонли БҲМС) (рўйхат рақами 833, 1999 йил 2 ноябрь) белгиланган тартибда ўтказилади.

Товар-моддий захиралар инвентаризацияси натижасида аниқланган камомадлар уларнинг (баланс) қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади.

Инвентаризация натижасида аниқланган товар-моддий захиралар камомади суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда табиий йўқолиш меъёрлари чегарасида, шунингдек, камомаднинг аниқ айбдорлари аниқланмаган ёки моддий жавобгар шахслардан ундириш имконияти бўлмаган ҳолларда уни бошқа операцион харажатларга ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳисобот давридаги молия натижаларига киритилади.

Инвентаризация натижасида аниқланган товар-моддий захиралар камомади аниқ айбдор шахслар аниқланмаганда ёки моддий жавобгар шахслардан ундириш имкони бўлмаганда камомад суммаси молиявий натижаларга олиб борилади.


92. Инвентаризацияда аниқланган ортиқча товар-моддий захираларнинг қийматини кирим қилиш бошқа операцион даромадлар сифатида акс эттирилади. Камомади инвентаризация вақтида аниқланган етишмайдиган товар-моддий захираларнинг баланс қиймати айбдор шахслар аниқланишига қадар камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишларни ҳисобга олувчи счётда акс эттирилади.



12-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИ

ОЛИШГА ИШОНЧНОМА


93. Ташкилот томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда етказиб берувчилардан товар-моддий захиралар олиш учун ишончли шахсга ёзма ишончнома беради. Ишончли шахс унга ишончнома бўйича берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қилади.


94. Товар-моддий захираларни олишга ишончномалар ташкилот ихтиёрига кўра мазкур Стандартнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда (берилган ишончномалар ишончномалар дафтарида ҳисобга олинган ҳолларда) ёки мазкур Стандартнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда (берилган ишончномалар ишончномалар журналида ҳисобга олинган ҳолларда) расмийлаштирилади.

Ишончномалар ташкилот раҳбари ёки бошқа масъул бўлган ваколатли шахслар томонидан имзоланади.


95. Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда, ишончнома ахборот тизимлари ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин.

Техник воситалар ҳамда ахборот тизимлари ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда электрон ишончномалар мазкур Стандартнинг иловаларига мувофиқ шаклда тузилади. Электрон ишончномаларни сақлашда уларни олиш ва қоғоз шаклидаги нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланган бўлиши шарт.

Электрон ишончномалар жавобгар шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши лозим.


96. Ишончномани беришда ташкилот танлаган шаклга боғлиқ ҳолда ишончнома ишончномалар дафтарида ёки берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналида рўйхатдан ўтказилади.

Ишончномалар дафтари рақамланади ва ип билан тикилади. Дафтарнинг сўнгги варағида ташкилот раҳбари ёки у томонидан белгиланган шахсларнинг имзосидан кейин "Мазкур дафтарда ... варақ рақамланди" деган ёзув қайд этилади. Варақлар сони ёзув билан кўрсатилади.

Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш мазкур Стандартнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда рақамланган ва ип билан тикилган журналда олиб борилади. Журналнинг сўнгги варағида ташкилот раҳбари ёки у томонидан белгиланган шахсларнинг имзосидан кейин "Мазкур журналда ... варақ рақамланди" деган ёзув қайд этилади. Варақлар сони ёзув билан кўрсатилади.

"Ишончномалар дафтари" ва "Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журнали" ишончномаларни рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган шахсда сақланиши лозим.

Тўлиқ ёки қисман тўлдирилмаган ишончномаларни бериш тақиқланади.

Ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилганда ишонч билдирилаётган шахснинг имзо намунаси реквизити тўлдирилиши талаб этилмайди.


97. Ишончноманинг амал қилиш муддати товар-моддий захираларни олиш ва олиб чиқиб кетиш имкониятига боғлиқ равишда белгиланади, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан ошмаслиги керак.


98. Ишончли шахсни унга берилган амал қилиш муддати ҳали тугамаган ишончномалар бўйича товар-моддий захираларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишда уларни олувчи дарҳол тегишли ишончномаларнинг бекор қилинганлиги ҳақида етказиб берувчини хабардор қилади. Бундай хабарнома олинган пайтдан бошлаб бекор қилинган ишончнома бўйича товар-моддий захираларни бериш тўхтатилади.


99. Ишончли шахс товар-моддий захираларни олгандан сўнг топшириқлар бажарилганлиги ва у олган товар-моддий захиралар омборга (омборхонага) топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни ташкилот бухгалтериясига ёки тегишли моддий жавобгар шахсга тақдим этади.

Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада уни берган ташкилотга қайтарилиши керак.

Фойдаланилмаган ишончноманинг қайтарилганлиги тўғрисида ишончномалар дафтарида ("Топшириқ бажарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг рақами ва санаси" устунида) ёки берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналида ("Ишончнома бўйича топшириқлар бажарилганлиги тўғрисидаги қайдлар" устунида) қайд этилади.

Қайтарилган фойдаланилмаган ишончномалар "фойдаланилмаган" ёзуви билан сўндирилади ва уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс томонидан ҳисобот йили охирига қадар сақланади.

Ҳисобот йили тугагач фойдаланилмаган ишончномалар йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

Амал қилиш муддати тугаган ишончномалардан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот бермаган шахсларга янги ишончномалар берилмайди.


100. Ишончномалар амал қилиш муддатидан қатъи назар товар-моддий захираларнинг дастлабки берилишида етказиб берувчида қолдирилади. Товар-моддий захираларни қисмларга бўлиб беришда ҳар бир берилган қисмга юкхат (қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки бошқа тегишли ҳужжат) тузилади, унда ишончнома рақами ва у берилган сана кўрсатилади.

Бундай ҳолларда юкхатнинг (қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки бошқа тегишли ҳужжатнинг) бир нусхаси товар-моддий захираларни олувчига берилади, бошқаси етказиб берувчида қолади ҳамда ишончномага кўра бойликларни бериш устидан кузатув ва назорат учун қўлланилади.

Товар-моддий захиралар берилганидан кейин ишончнома ишончномалар бўйича топширилаётган бойликларнинг охирги туркумини бериш учун ҳужжат билан бирга бухгалтерияга топширилади.


101. Ташкилот ишончномалари бўйича товар-моддий захиралар қуйидаги ҳолларда берилмайди:

тўлдириш тартибини бузган ҳолда ёки тўлдирилмаган реквизитлар билан берилган ишончномалар тақдим этилганда;

тузатилган ва бўялган жойлари мавжуд бўлган ишончномалар тақдим этилганда;

ишончномада кўрсатилган шахснинг паспорти тақдим этилмаганда;

ишончнома берилган муддат тугаганда;

қабул қилиб олувчидан ишончнома бекор қилинганлиги тўғрисида хабар олинганда;

унинг номидан ишончнома берилган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганда.


102. Ишончномалар беришнинг белгиланган тартибига риоя этилиши ҳамда товар-моддий захираларни ишончномалар бўйича бериш устидан назорат қилиш ташкилот раҳбари томонидан белгиланган масъул шахс зиммасига юкланади.



13-БОБ. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАХИРАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ТИЗИМЛАРИ


103. Маҳсулот ишлаб чиқариш, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнининг характери ва хусусиятларидан келиб чиқиб, товар-моддий захиралар ҳисоби узлуксиз (доимий) ёки даврий ҳисобга олиш тизимларидан бири бўйича амалга оширилиши мумкин.


104. Товар-моддий захираларнинг узлуксиз (доимий) ҳисобга олиш тизимидан фойдаланилганда товар-моддий захираларни ҳисобга олиш счётларида уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетиши бўйича операциялар батафсил акс эттириб борилади.

Товар-моддий захираларни узлуксиз (доимий) ҳисобга олиш тизимида бутун ҳисобот даври мобайнида товар-моддий захираларнинг қолдиғи суммалари ва сотилган (чиқиб кетган) захираларнинг таннархи тўғрисидаги маълумотлар олиниши мумкин. Сотилган товар-моддий захираларнинг таннархи, улар сотиб борилишига қараб сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш счётларида акс эттирилади.


105. Даврий ҳисобга олиш тизими қўлланилганида ҳисобот даври мобайнида товар-моддий захираларни ҳисобга олувчи счётларда уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетишининг батафсил ҳисоби юритилмайди.

Товар-моддий захираларнинг ҳақиқатдаги мавжудлиги уларни инвентаризация қилиш натижалари бўйича аниқланади. Сотилган (чиқиб кетган) товар-моддий захираларнинг таннархи уларни инвентаризация қилиш якунланишига қадар аниқланиши мумкин эмас.

Сотилган (чиқиб кетган) товар-моддий захираларнинг таннархи давр бошидаги қолдиқ суммаси ва давр мобайнида тушумларни қўшиш ҳамда давр охиридаги қолдиқ суммасини айириш йўли билан аниқланади.

Товар-моддий захираларни ҳисобга олишнинг қўлланиладиган тизими ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.



14-БОБ. АХБОРОТЛАРНИ ЁРИТИБ БЕРИШ


106. Молиявий ҳисоботда қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:

товар-моддий захиралар қийматини аниқлашда қабул қилинган ҳисоб сиёсати, шу жумладан товар-моддий захиралар қийматини баҳолашнинг қўлланадиган усуллари;

товар-моддий захираларнинг якуний баланс суммаси ва баланс суммаси ташкилотга мувофиқ келадиган таснифда;

сабабларини баён этган ҳолда, товар-моддий захираларни реализация қилишнинг соф қийматига қадар жиддий ҳисобдан чиқариш;

ҳар қандай қисман ҳисобдан чиқарилган суммани тиклаш суммаси;

хўжалик фаолиятининг ҳисобдан чиқарилган товар-моддий захираларни тиклашга олиб келган ҳолатлари ёки воқеалари;

мажбуриятлар учун кафолат сифатида гаровга қўйилган товар-моддий захираларнинг баланс қиймати;

ҳисобот даврида чиқиб кетадиган товар-моддий захиралар таннархи.






(4-сонли БҲМС)га

1-ИЛОВА


Ишончнома рақами

Берилган санаси

Амал қилиш муддати

Ишончнома берилган шахснинг лавозими, Ф.И.О.

Ишончномани олганлиги ҳақида имзо









Етказиб берувчининг номи

Шартнома ва (ёки) бошқа битимларнинг рақами ва санаси

Топшириқнинг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами ва санаси





- - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - Кесиш чизиғи- - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - -


Товар-моддий захираларни олишга

ИШОНЧНОМА

_____-сон



Берилган сана:          "___"______________ 20__ йил.


Ишончномани ҳақиқийлиги "___" _________________ 20__ йилгача.

ташкилот номи ва унинг манзили

Ишончнома берилди


лавозими ва Ф.И.О.

Паспорт серияси __________ рақами ______________________

Ким томонидан берилди

Берилган сана "____" _______________ _____ йилгача.

дан

етказиб берувчининг номи


Қийматликларни


бўйича олиш учун.

(орқа томони)

Олиниши керак бўлган материал қийматликларнинг

РЎЙХАТИ

Т/р

Материал қийматликларнинг номи

Ўлчов бирлиги

Сони (ёзув билан)

1.



2.



Ишончномани олган шахснинг имзоси ___________

Тасдиқлаймиз:


имзо


Ф.И.О.


имзо


Ф.И.О.




(4-сонли БҲМС)га

2-ИЛОВА



Товар-моддий захираларни олишга

ИШОНЧНОМА

_____-сон

Берилган сана _____________"___" ______________20__ йил

Ишончноманинг ҳақиқийлиги "___" ___________________20__йилгача

ташкилотнинг номи ва унинг манзили

Ишончнома берилди


лавозими ва Ф.И.О.

Паспорт серия ________ рақами _____________________

Ким томонидан берилган

Берилган сана "___" ______________20__ йил

дан

етказиб берувчининг номи


товар-моддий қийматликларни

бўйича олиш учун


ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси


(орқа томони)

Олиниши керак бўлган материал қийматликларнинг

РЎЙХАТИ

  

Т/р

Материал қийматликларнинг номи

Ўлчов бирлиги

Сони (ёзув билан)




























Ишончномани олган шахснинг имзоси ___________

Тасдиқлаймиз



имзо


Ф.И.О.


имзо


Ф.И.О.




(4-сонли БҲМС)га

3-ИЛОВА



Берилган ишончномани ҳисобга олиш

журнали

Берилган сана

Амал

қилиш

муддати

Ишончнома

кимга

берилган

(лавозими,

Ф.И.О.)

Етказиб

берувчининг

номи

Шартнома

ёки бошқа

битимларнинг

рақами ва

санаси

Ишончномани

олган шахснинг

имзоси

Ишончнома

бўйича

топшириқнинг

бажарилиши

тўғрисидаги

белги













Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 13 июль, 27-сон, 318-модда