язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 03.07.2020 й. 12-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

03.07.2020 й.

N 12



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ

ПЛЕНУМИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ АЙРИМ

ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шунингдек, суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қуйидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1. Ўзбекиcтон Реcпубликаcи Олий cуди Пленуми ва Ўзбекиcтон Реcпубликаcи Олий хўжалик суди Пленумининг "Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарори қуйидаги мазмундаги 30.1-банд билан тўлдирилсин:


"30.1. Кредиторнинг кафил - "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси"га (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) нисбатан даъвосини кўришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 январдаги 28-сонли қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида"ги Низом талабларига эътибор қаратилиши лозим.

Бунда судлар инобатга олиши керакки, агар Жамғарма билан кафиллик шартномаси кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида тузилган бўлса, Жамғармага талаб билдирилгунга қадар кредитор қарздордан қарзни ундиришга қаратилган бошқа, шу жумладан, кредит қайтарилиши мажбуриятининг таъминотига қаратилган барча чораларини кўриши зарур ва фақат қарздорнинг (бошқа кафилнинг) мажбуриятни бажариш учун мол-мулки етарли бўлмаганда, шунингдек, қарзни гаровга қаратилган мол-мулкдан ундириш мумкин бўлмагандагина, кредитор Жамғармага талаб билдириш ҳуқуқига эга, агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса.

Қарздорнинг (бошқа кафилнинг) мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги, шунингдек, қарзни гаровга қаратилган мол-мулкдан ундириш имконияти мавжуд эмаслиги, давлат ижрочисининг ижро ҳужжатини "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан, ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланади. Ушбу қоидаларга амал қилинмаганлиги Жамғармага нисбатан берилган даъвони қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади".


2. "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида" 2011 йил 11 февралдаги 1-сонли қарори:


2-банди қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Жиноий фаолиятдан олинган даромадлар деганда, жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк, шунингдек, бундай мол-мулкдан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф, худди шунингдек тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк тушунилади";


3-бандининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ЖК 243-моддаси мазмунига кўра, даромадларни легаллаштириш деганда, айбдор томонидан жиноий фаолият натижасида орттирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни ўтказиш, алмаштириш, мулкка айлантириш йўли билан уларнинг келиб чиқишига қонуний тус берилиши, худди шунингдек бундай пул маблағлари ёки мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёхуд сир сақлаш тушунилиши лозим. Мулк объекти сифатида бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 169-моддасида назарда тутилган ҳар қандай мулк, шу жумладан, виртуал активлар (криптовалюта ва ҳ.к.) бўлиши мумкин".


3. "Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2013 йил 6 сентябрдаги 18-сонли қарори:


16-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"16. Шахснинг валютани қонунга хилоф равишда божхона чегарасида ўтказишда айбдорлиги масаласини ҳал этишда судлар шуни назарда тутиши лозимки, Ўзбекистон Республикасига эркин олиб кириладиган ва олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий ва миллий валюта миқдори қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 25 февралдаги 86-сонли қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил   30 январдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари билан белгиланган.

Шахс томонидан Ўзбекистон Республикасига бир вақтнинг ўзида олиб кириладиган ёки олиб чиқиб кетиладиган нақд валютанинг фақат бир қисми декларация қилинган бўлса, шахснинг ҳаракатлари нақд валютанинг декларация қилинмаган қисми миқдоридан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади";


17-бандининг биринчи хатбошиси "гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлардан кейин "уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


4. "Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида" 2016 йил 29 июлдаги 11-сонли қарори:


2-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Қонунга мувофиқ, вояга етмаган, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент тарафларнинг келишувига кўра ихтиёрий тартибда, шунингдек, суд тартибида ундирилади.

Тушунтирилсинки, алимент ота-онанинг бирининг аризаси ёки даъвоси билан, агар бошқа ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини бажармаган ҳолатларда суд тартибида (суд буйруғи  ёки суднинг ҳал қилув қарори билан) ундирилади.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда, шунингдек, алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилмаган ҳолларда, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент ундириш ҳақидаги даъво билан вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола мурожаат қилишга ҳақли. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она) ва бола алоҳида яшаган ҳолларда, вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола ота ёки онасига ёхуд ота-онасининг ҳар икковига нисбатан даъво тақдим қилиши ҳуқуқига эга.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент васийлик ва ҳомийлик органлари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган етим болалар ва болалар учун муассасалар, шунингдек, прокурор даъвосига кўра, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.

Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ота-онанинг бирининг даъвоси билан суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади";


6-банди:

биринчи хатбошидаги "Солиқ кодексининг 329-моддаси 3-бандига мувофиқ" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи" тўғрисида"ги Қонуни 8-моддаси 2-банди, шунингдек, ФПК 174-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги "чиқаришда" деган сўзи "беришда" деган сўзи, "Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб" деган сўзлар "қонун ҳужжатларида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


7-банди чиқариб ташлансин;


14-бандининг биринчи, иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги "қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига" деган сўзлар "қонун ҳужжатларида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5. "Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2016 йил 27 декабрдаги 26-сонли қарори 10-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Бунда валюта қимматликлари қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳукм чиқарилган кунда белгиланган курс бўйича аниқланади".


6. "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2017 йил 28 апрелдаги 12-сонли қарори:


номи "Гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлардан кейин "уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


матни "гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлардан кейин тегишли келишикдаги "уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. Қонунга кўра, маъмурий ва жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган қуйидаги рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганда келиб чиқади:

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (I рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (II рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхати (III рўйхат);

Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган прекурсорларнинг рўйхати (IV рўйхат).

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-моддаси). Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш ЖК 273-моддасининг биринчи қисми билан квалификация қилинади";


31-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бундай турдаги экспертиза олдига ҳал этиш учун қуйидаги саволларни қўйиш мақсадга мувофиқ:

олинган восита ёки модда гиёҳвандлик, унинг аналоги, психотроп ҳисобланадими, агар ҳисобланса, унинг тури, актив моддасининг миқдори ва соф оғирлиги қанча;

олинган объектда гиёҳвандлик воситаси, унинг аналоги, психотроп моддаси қолдиқлари (микрозарралари) ёки излари борми;

муайян ер майдонидан олинган ўсимлик қайси турга мансуб ва у таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимлик ҳисобланадими;

олинган воситалар ёки моддалар бир хил ҳисобланадими, улар тайёрлаш усули (технологияси), сақлаш шароити, фойдаланилган бошланғич хом ашёси, кўкариб турган жойи бўйича келиб чиқиши жиҳатидан умумий манбага эгами".

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби в.б., Олий суд судьяси

Р. Исмайлов