язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алока ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.07.2020 й. 444-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 16 июлдаги

444-сон қарорига

1-ИЛОВА



Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва

ресурслари ягона реестрини шакллантириш ва

юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот ресурси - ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси;


ахборот тизими - ахборотларни тўплаш, сақлаш, қидириш, ишлаш ва улардан фойдаланишга имкон берадиган давлат ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган йиғиндиси;


давлат органлари ва ташкилотлари - вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши бўлган хўжалик бирлашмалари;


Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри (кейинги ўринларда - ягона реестр) - идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурслари рўйхати ҳамда улар ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги очиқ ва умумий фойдаланилиши мумкин бўлган ахборот ресурси;


ягона реестр оператори (кейинги ўринларда - оператор) - ягона реестрдан фойдаланишни ва унинг фаолиятини назорат қилувчи, шу жумладан, маълумотлар базаларида жойлашган ахборотни қайта ишловчи юридик шахс.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасаси ягона реестрнинг оператори ҳисобланади.


4. Қуйидагилар ягона реестрни шакллантириш ва юритишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, ахборот ресурслари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларининг ҳисобини юритиш, уларни яратиш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши мониторингини олиб бориш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларида электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари, маълумотномалари ва классификаторларидан фойдаланилиши мониторингини олиб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларининг ўзаро электрон ҳамкорлигини ташкил этишга қулайлик яратиш, ахборот тизимлари функционал вазифалари такрорланишининг олдини олиш ва уларни ишлаб чиқиш бўйича ортиқча харажатларини қисқартириш.


5. Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини ягона реестрга киритиш мажбурий тартибда амалга оширилади.


6. Ахборот тизимларини ягона реестрга киритиш ва ундан чиқариш бепул асосда амалга оширилади.


7. Ягона реестр қуйидаги тузилишга эга:

а) ахборот тизимлари паспортларини жойлаштириш, сақлаш, юритиш ва уларга кириш учун мўлжалланган ахборот тизимларининг ҳисоби қуйи тизими;

б) давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари паспортларининг тўлдирилиши мониторингини таъминлашга мўлжалланган таҳлил қилиш ва мониторинг қуйи тизими;

в) ягона реестр ва бошқа (ташқи) ахборот тизимлари интеграциясини таъминлаш, шунингдек, манфаатдор ташкилотлар ва фуқароларнинг давлат органларини ахборотлаштириш ҳолати тўғрисидаги ахборотга очиқ киришларини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот ҳамкорлиги қуйи тизими.



2-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРГА КИРИШ ИМКОНИЯТИНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ


8. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ягона реестрга маълумотларни ўз вақтида киритиб бориш бўйича масъул мансабдор шахсни тайинлайди.

Масъул шахс ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш махсус бўлинмасининг раҳбари ёки махсус бўлинма мавжуд бўлмаган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича жавобгар мутахассис бўлиши мумкин.

Масъул шахс ягона реестрга киритилаётган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлилиги учун жавобгардир.


9. Давлат органлари ва ташкилотларининг масъул шахсларига ягона реестрга кириш имкониятини тақдим этиш оператор томонидан амалга оширилади.


10. Давлат органлари ва ташкилотларининг масъул шахслари ягона реестрдан фойдаланишни ягона реестрдаги шахсий кабинети орқали амалга оширади.


11. Давлат органлари ва ташкилотлари ягона реестр шахсий кабинетига киришга рухсат олишлари учун операторга хат кўринишида ягона реестрда шахсий кабинет очиш тўғрисида сўров юборади.


12. Оператор икки иш куни давомида ягона реестрда шахсий кабинетни рўйхатдан ўтказади ва логин ҳамда паролни тегишли давлат органлари ва ташкилотларига хат кўринишида йўллайди.



3-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА ЮРИТИШ


13. Ягона реестрга ахборот тизимларини киритиш ушбу тизимларнинг мулкдори ёки эгаси ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


14. Давлат сирлари мавжуд ахборот тизимлари ягона реестрга киритилмайди.


15. Ягона реестрга давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш ахборот тизимларини яратиш, улардан фойдаланиш, такомиллаштириш ва фойдаланишдан чиқаришнинг барча босқичларида амалга оширилади.


16. Ягона реестрда ахборот тизимларини рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ахборот тизимининг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали электрон ариза юбориш кўринишида амалга оширилади.


17. Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


18. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ахборот тизимларини ягона реестрга киритиш, ахборот тизимларини яратишни бошлаш босқичида (қарор қабул қилинганидан кейин) бошланади.


19. Қуйидаги турдаги ахборот тизимлари ягона реестрда рўйхатдан ўтказилади:

давлат органларининг асосий вазифалари ва функциялари бажарилиши қўллаб-қувватланишини таъминловчи транзакцион ва ҳисобга олиш тизимлари;

давлат органлари ахборот тизимлари ўртасидаги идоралараро электрон ҳамкорлик тизимлари;

давлат органлари фаолиятида маъмурий ва тартибга солиш жараёнларини қўллаб-қувватлашни таъминловчи ресурсларни бошқариш тизимлари;

хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларда молиявий-хўжалик фаолиятини ва техник-ишлаб чиқариш жараёнларини юритиш тизимлари;

давлат органларининг асосий вазифалари ва функциялари бажарилиши натижалари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилишни таъминловчи ахборот-таҳлил тизимлари;

электрон ҳужжат айланиши тизимлари;

ҳужжатларнинг электрон архивларини бошқариш тизимлари;

фойдаланишни бошқариш тизимлари (шу жумладан, инфратузилма компонентларини бошқариш тизимлари);

интернет жаҳон ахборот тармоғи ёки алоқанинг бошқа усуллари орқали давлат органлари электрон давлат хизматларини кўрсатишни таъминловчи юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлик тизимлари, шу жумладан, порталлар.


20. Давлат органлари ва ташкилотларининг ягона реестрдаги шахсий кабинетлари орқали ахборот тизимларини киритиш ҳамда ахборот тизимлари паспортлари маълумотларини ўзгартириш (янгилаш):

ахборот тизимларини яратиш (такомиллаштириш) бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан;

техник-лойиҳа ҳужжатлари тасдиқлаш ва экспертиза ўтказишга киритилгандан;

ахборот тизимларини яратиш (такомиллаштириш) бўйича ижрочи (ишлаб чиқувчи) аниқлангандан;

ахборот тизимлари қабул қилингандан ва ишга туширилгандан;

ахборот тизимларини такомиллаштириш тугатилгандан;

ахборот тизимини фойдаланишдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингандан беш иш кунидан кечикмай амалга оширилади.


21. Ахборот тизимларини ягона реестрга киритиш тўғрисида ариза тақдим этилган кундан бошлаб оператор томонидан уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади, сўнгра давлат органлари ва ташкилотларининг ягона реестрдаги шахсий кабинетига ушбу ахборот тизимини ягона реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисидаги маълумотлар жўнатилади.


22. Ахборот тизимларини ягона реестрга киритишни рад этиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

аризада хатолар ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганида;

ариза тўлиқ тўлдирилмаганида;

ягона реестрга киритилган ахборот тизимларининг функционал вазифаларини такрорлаши аниқланганида.

Ахборот тизимларининг функционал вазифалари такрорланишини аниқлаш оператор томонидан ахборот тизимининг паспортида келтирилган маълумотлар ёки давлат органлари ва ташкилотларидан олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.

Бошқа асосларга кўра ахборот тизимларини ягона реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.


23. Камчиликлар бартараф этилган тақдирда, ахборот тизимини ягона реестрга киритиш учун ариза беш иш кунидан кечиктирмасдан қайтадан киритилади.

Бунда, аризани қайта кўриб чиқиш оператор томонидан икки иш куни мобайнида амалга оширилади. Йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилган тақдирда, оператор ахборот тизимини ягона реестрга киритади.


24. Ягона реестрда маълумотларни жойлаштиришга масъул шахс аризани тўлдирганда, ахборот тизими паспортига ўзгартириш киритганда ёки чиқариб ташлаганда уни электрон рақамли имзо билан имзолайди.


25. Ягона реестрга ахборот тизими киритилганда унга ноёб/ўзига хос (уникал) индентификация рақами бириктирилади.


26. Жойлаштирилаётган маълумотлар белгиланган талабларга мос келмаса, ахборот тизимига идентификация рақами бириктирилмайди.

Оператор томонидан аниқланган номувофиқликлар рўйхатини ўз ичига олган электрон ҳужжат кўринишидаги хабарнома шакллантирилади ҳамда оператор ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан имзоланган ҳолда ягона реестрдаги давлат органлари ва ташкилотларининг шахсий кабинетларига жўнатилади.



4-БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМИНИ ЯГОНА

РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ


27. Давлат органлари ва ташкилотларининг масъул шахслари операторнинг ягона реестрга киритилувчи ахборот тизимлари тўғрисидаги маълумотларига аниқлик киритиш бўйича сўровига биноан қўшимча ахборотни тақдим этишлари шарт.

Сўровга биноан маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этиш рад этилган тақдирда, оператор тегишли ахборот тизимини ягона реестрдан чиқариш ҳуқуқига эга.


28. Ахборот тизимларини ягона реестрдан чиқариш давлат органлари ва ташкилотларининг ягона реестрдаги шахсий кабинетлари орқали юборган аризаси асосида амалга оширилади.

Бунда давлат органлари ва ташкилотлари ягона реестрга киритилган ахборот тизимларининг фаолиятини тўхтатиш асослари ва сабабларини кўрсатади.


29. Ахборот тизимлари фаолияти тўхтатилгандан сўнг унинг паспорти "фойдаланишдан чиқарилган" мақомини олади ва ягона реестрнинг тегишли бўлимига ўтказилади.


30. Ахборот тизимларининг ягона реестрдан чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарлар оператор томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг ягона реестрдаги шахсий кабинетларига юборилади.



5-БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

МОНИТОРИНГИ


31. Давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхатдан ўтган ахборот тизимлари ҳисобини юритиш оператор томонидан амалга оширилади.


32. Давлат органлари ва ташкилотларида фойдаланилаётган ва шакллантирилаётган ахборот тизимлари тўғрисидаги маълумотларни тайёрлашда оператор уларга методик ёрдам кўрсатади.


33. Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Оператор билан биргаликда ягона реестрда ахборот тизимлари паспортларининг сифатли тўлдирилиши устидан мониторингни амалга оширади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари

ягона реестрида юритиладиган ахборот

тизимлари ва ресурсларининг

ПАСПОРТИ

  

Т/р

Кўрсаткич номи

Тавсифи

I. Умумий маълумотлар

1.

Номи (тўлиқ ва қисқа)


2.

Ташаббускор (буюртмачи)


3.

Ташкилотнинг юридик манзили


4.

Лойиҳани амалга ошириш учун масъул шахслар (Ф.И.О, телефон рақами, электрон почта манзили)


5.

Яратиш (харид қилиш), такомиллаштириш учун асос (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақами ва санаси)


6.

Мақсади, вазифаси ва қўлланилиш сохаси


7.

Топшириққа мувофиқ амалга ошириш муддати


II. Асосий техник хусусиятлар ҳақида маълумот

8.

Лойиҳа-техник ҳужжатни ишлаб чиқувчи (тасдиқловчи ҳужжат ва ишлаб чиқувчи номи)


9.

Электрон шаклга ўтказилувчи хизматлар рўйхати (мавжуд бўлса)


10.

Ахборот тизимининг асосий қуйи тизимлари


11.

Бошқа ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлиги (мавжуд бўлса, давлат ташкилоти, ахборот тизими ва узатиладиган ахборотлар номи)


12.

Фойдаланиладиган классификаторлар ва маълумотномалар (тақдим этувчи давлат ташкилоти кўрсатилади)


13.

Маълумотлар базаларида фойдаланиладиган ягона идентификаторлар


14.

Лойиҳа-техник ҳужжат экспертизадан ўтказилганлиги тўғрисида маълумот (тасдиқловчи ҳужжат ва сана)


III. Ишлаб чиқиш, фойдаланиш ва фойдаланишдан чиқариш тўғрисида маълумот

15.

Ахборот тизимини ишлаб чиқувчи (ишлаб чиқувчи номи, ишлаб чиқиш жараёнининг бошланиши ва тугашини тасдиқловчи ҳужжат)


16.

Ахборот тизимини ишлаб чиқиш


17.

Ахборот тизимининг ахборот хавфсизлиги ҳамда техник топшириқ талабларига мувофиқлиги юзасидан "Киберхавфсизлик маркази" ДУК экспертизаси (тасдиқловчи ҳужжат ва сана)


18.

Ахборот тизимини қабул қилиш (тасдиқловчи ҳужжат ва сана)


19.

Ишга тушириш (тасдиқловчи ҳужжат ва сана)


20.

Ишлаб чиқиш (харид қилиш), такомиллаштириш харажатлари


21.

Техник қўллаб-қувватлаш харажатлари


22.

Ахборот тизимини такомиллаштириш (тасдиқловчи ҳужжат ва сана)


23.

Фойдаланишдан чиқариш (тасдиқловчи ҳужжат ва сана, ўрнини босувчи ахборот тизими)


IV. Сервер қурилмаларининг техник кўрсаткичлари

тўғрисида асосий маълумотлар

24.

Сервер қурилмасини жойлаштириш (манзил)


25.

Сервер кучламаси (процессор, тезкор хотира, хотира)


26.

Операцион тизим (тури ва номи)


27.

Маълумотлар базаларини бошқариш тизими (тури ва номи)


28.

Амалий дастурий таъминот (номи)


29.

Ҳимоя воситаси (тури ва номи)


30.

Узлуксиз таъминот тизими (тури ва номи)


         

Изоҳ. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ягона реестрда юритиладиган ахборот тизимлари ва ресурсларининг паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.






Низомга

2-ИЛОВА



Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари

ягона реестрини шакллантириш ва юритиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Масъуллар


Тадбирлар


Муддат

1-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари

Ягона реестрда ахборот тизимининг паспортини ўз вақтида ва сифатли тўлдириш учун масъул шахсни белгилайди


2020 йил 1 августга қадар










2-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари


Ташкилотнинг масъул шахсини ягона реестрда рўйхатдан ўтказиш учун операторга ёзма сўров юборади


Талабга асосан










3-босқич


Оператор


Масъул шахсни рўйхатга олади ва ягона реестрда ташкилотнинг шахсий кабинетини очади


Сўров қабул қилинган кундан бошлаб 2 кун ичида










4-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари


Мавжуд ахборот тизимларини хатловдан ўтказади ва ягона реестрда уларнинг паспортларини тўлдиради


2021 йил 1 январга қадар










5-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари


Янги яратилаётган ахборот тизимларини ягона реестрга киритади, шунингдек, мавжуд ахборот тизимларининг паспортларини босқичларга мувофиқ янгилайди


Доимо










6-босқич


Оператор, Ўзкомназорат, "Киберхавфсизлик маркази" ДУК


Барча ахборот тизимларининг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ягона реестрга киритилиши мониторингини олиб боради


2021 йил 1 январдан бошлаб доимо









7-босқич


Ўзкомназорат,

оператор

Ягона реестрда ахборот тизимлари паспортларини ўз вақтида ва сифатли тўлдириш мониторингини амалга оширади


Доимо




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 июль