язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алока ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.07.2020 й. 444-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 16 июлдаги

444-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими орқали

давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини

йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот ресурси - ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси;


ахборот тизимлари - идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ҳамда бошқа дастурий маҳсулотлар;


давлат органлари ва ташкилотлари - вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши бўлган хўжалик бирлашмалари;


"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими - давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини интеграция қилиш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш, келгусида прогнозлаштириш имконини берувчи, "Big Data" архитектураси ва "Business Intelligence" технологияларини қўллаш асосида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва бошқариш ахборот тизими;


"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими оператори (кейинги ўринларда - оператор) - маълумотларни бошқариш ахборот тизимидан фойдаланишни ва унинг фаолиятини назорат қилувчи, техник қўллаб-қувватловчи, шу жумладан, маълумотлар базаларида жойлашган ахборотни қайта ишловчи, белгиланган тартибда ўтказилган тендер (танлов) савдоларида ғолиб деб топилган юридик шахс;


"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими фойдаланувчилари - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ оператор томонидан "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган барча давлат органлари ва ташкилотлари.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лойиҳаси буюртмачиси ҳисобланади.


4. Қуйидагилар "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти билан боғлиқ мавжуд ва келгусида ишлаб чиқиладиган барча ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ягона интеграциялашган тизимга бирлаштириш - интеграция қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан олинаётган маълумотлардаги (рақамлардаги) тафовутларни бартараф этиш мақсадида бир турдаги маълумотлар тўплами ва ахборотнинг ягона манбадан олинган ҳолда шакллантирилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларидан олинадиган мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш учун зарур бўлган маълумотларни онлайн равишда автоматик шаклда умумлаштириш, таҳлил қилиш ва келгусида прогнозлаш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган статистик ҳисоботлар ва маълумотларнинг ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва долзарблигини ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотларни тезкор йиғиш ва реал вақт режимида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилинишини таъминлаш;

Ҳукумат, жумладан давлат органлари ва ташкилотларига реал вақт режимида тезкор ва сифатли маълумотларга эга бўлиш имкониятини тақдим этиш.


5. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси, Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобига, ахборот тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.



2-БОБ. "МАЪЛУМОТЛАРНИ БОШҚАРИШ"

АХБОРОТ ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ


6. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳар бир давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидан келиб чиқиб, уларни "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига интеграция қилиш бўйича ишлаб чиқиладиган технологик йўриқномалар билан белгиланади.

Технологик йўриқномалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига интеграция қилинадиган ахборот тизими ёки ахборот ресурси эгаси бўлган давлат органи ёки ташкилоти томонидан тасдиқланади.


7. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими учун керакли ягона маълумотномалар ва классификаторлар "Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри" ахборот тизимида юритилади.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларида ва ахборот ресурсларида "Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри" ахборот тизимида жойлаштирилган маълумотнома ва классификаторлардан фойдаланишлари шарт.


8. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимидан барча давлат органлари ва ташкилотлари бепул асосда фойдаланадилар.


9. Давлат органлари ва ташкилотлари "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимидан белгиланган тартибда Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига уланиш орқали фойдаланадилар.


10. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими фойдаланувчиларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:


а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига эгалик қилади, унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлайди, иқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш ишларида кенг фойдаланади;

"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари, жамланадиган ҳамда таҳлил этиладиган маълумотлар рўйхатини шакллантиради ва уларни тақдим этиш даврийлигини белгилайди;


б) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида фойдаланиш учун зарур бўлган маълумотларни:

давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатига киритади ва уларнинг белгиланган тартибда янгилаб борилишини мувофиқлаштиради;

давлат статистикаси ишлари дастури доирасида шакллантириладиган статистик ва таҳлилий маълумотларни жамланма ҳолатда ва эгаси мавҳумлаштирилган тарзда тақдим этади;

давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда бошқариш учун зарур бўлган иқтисодий-статистика таснифлагичларни ишлаб чиқади ва татбиқ этади;


в) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимининг электрон ҳукумат ахборот тизимлари, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари билан интеграциясини таъминлашда ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик самарали ташкил этилишида кўмаклашади;

"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимини Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига интеграция қилади ва узлуксиз ишлаб туришини таъминлайди;


г) давлат органлари ва ташкилотлари:

"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига жамланиши белгиланган маълумотларни белгиланган рўйхатга ва муддатларга мувофиқ электрон ҳамкорлик орқали тақдим этадилар ёхуд тизимга доимий равишда киритишни таъминлайдилар;

тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва долзарблигини таъминлайдилар.



3-БОБ. "МАЪЛУМОТЛАРНИ БОШҚАРИШ"

АХБОРОТ ТИЗИМИ ОРҚАЛИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА

ТАШКИЛОТЛАРИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ЙИҒИШ,

ҚАЙТА ИШЛАШ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


11. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


12. Давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган маълумотлар хатловдан ўтказилишини таъминлайдилар.


13. Давлат органлари ва ташкилотлари "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида жамланиши лозим бўлган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сўровига асосан тақдим этилишини таъминлайдилар.


14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида юритиладиган маълумотлар тўпламини бир турдаги ахборотлар ягона манбадан олинишини белгилаган ҳолда шакллантиради ҳамда тасдиқлайди.


15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими билан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш талабларини ишлаб чиқиш орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан электрон ҳамкорлик босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлайди.


16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда тасдиқланган маълумотлар тўплами асосида маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида амалга оширади.


17. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш борасидаги ҳисоботларни "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида шакллантириш ва реал вақт режимида олиш чораларини кўради.



4-БОБ. "МАЪЛУМОТЛАРНИ БОШҚАРИШ" АХБОРОТ

ТИЗИМИ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Давлат органлари ва ташкилотлари "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига:

жамланиши белгиланган маълумотларни белгиланган рўйхатга ва муддатларга мувофиқ электрон ҳамкорлик орқали тақдим этишга ёхуд тизимга доимий равишда киритишга;

тақдим этилаётган маълумотларнинг долзарблиги, ишончлилиги ва ҳаққонийлигини таъминлашга мажбурдирлар.


19. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимининг узлуксиз ишлаб туришини доимий мувофиқлаштириб боришга мажбурдир.


20. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимига эгалик қилади, унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлайди, иқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш ишларида кенг фойдаланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими орқали

давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини

йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар


Масъуллар


Чора-тадбирлар


Муддатлар








1-босқич


Давлат органлари ва ташкилотлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


1. Ўзларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган маълумотлар хатловдан ўтказилишини таъминлаш.


2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сўровига асосан "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида жамланиши лозим бўлган маълумотларни тақдим этиш.


Икки ҳафта муддатда


Бир ой муддатда











2-босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


"Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида юритиладиган маълумотлар тўпламини шакллантириш ва тасдиқлаш.

Бунда, бир турдаги ахборотларни аниқлаш ва улар ягона манбадан олинишини белгилаш.


Икки ой муддатда











3-босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, оператор


1. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизими билан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш талабларини ишлаб чиқиш.


2. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимини ишлаб чиқиш.


3. "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимининг вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан электрон ҳамкорлигини босқичма-босқич таъминлаш.


уч ой

муддатда

2021 йил

апрель

2021 йил

июль











4-босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, давлат органлари ва ташкилотлари


Тасдиқланган маълумотлар тўплами асосида маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида амалга ошириш.


Доимо











5-босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, оператор


Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш борасидаги ҳисоботларни "Маълумотларни бошқариш" ахборот тизимида шакллантириш ва реал вақт режимида олиш чораларини кўриш.


Доимо




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 июль