язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикасининг 24.07.2020 й. ЎРҚ-630-сон "Инновацион фаолият тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 07.04.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.06.2020 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.07.2020 й.

N ЎРҚ-630



ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 7 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 19 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Инновацион фаолият тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


инновация - фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлайдиган янги ишланма;


инновацион инфратузилма - инновацион фаолиятни моддий-техник, молиявий, ташкилий-услубий, ахборот, консультатив ва бошқа жиҳатдан таъминлайдиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мулкчиликнинг исталган шаклидаги улар бирлашмаларининг мажмуи;


инновацион лойиҳа - янги ишланмалар яратиш учун бажариш муддатларини, ижрочиларни, молиялаштириш манбаларини ва тегишли инфратузилмани шакллантиришни назарда тутувчи тадбирлар мажмуи;


инновацион фаолият - янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолият;


инновациялар яратиш учун давлат буюртмаси - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига инновацион лойиҳани бажариш учун топшириқ;


технологиялар трансфери - янги ишланмани у олинадиган (ишлаб чиқариладиган) соҳадан амалда қўллаш соҳасига ўтказишга қаратилган тадбирлар мажмуи;


янги ишланма - мавжуд ўхшаш интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан янги белгиларга эга бўлган, амалда қўллаш мумкин бўлган ва амалиётда ундан фойдаланганда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлай оладиган интеллектуал фаолият натижаси (ишлаб чиқариш, маъмурий, тижорат ёки бошқа хусусиятга эга янги ёки мукаммал технология, хизмат ва ташкилий-техник ечим).



4-модда. Инновацион фаолиятнинг

асосий принциплари


Инновацион фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

инновацион фаолиятнинг эркинлиги;

инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан тенг фойдаланилишини таъминлаш;

инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ошкоралиги ва аниқ йўналтирилганлиги;

рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш;

ахборотни эркин алмашиш;

инновацион фаолият натижасида яратилган интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслик.



2-БОБ. ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Инновацион фаолият соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

инновацион ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини таъминлаш;

инновацион фаолият соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш, шу жумладан технологик тараққиётни прогнозлаштириш асосида белгилаш;

инновацион фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;

инновацион фаолият субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

инновацион фаолият соҳасидаги республика, тармоқ ва ҳудудий давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

инновацион фаолиятга инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;

инновацион фаолият соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

инновацион фаолият соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

инновацион ривожлантириш стратегияларини амалга ошириш бўйича фаолиятнинг шакллантирилиши ва мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тасдиқлайди;

инновацион ривожланиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;

инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига эришилишини баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;

янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери учун зарур шарт-шароитлар яратади;

инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



7-модда. Инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли

давлат органининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион фаолият соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

инновацион ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

инновацион фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

инновацион фаолият хавфларини баҳолаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

мамлакатнинг инновацион ривожланиш ҳолати таҳлилини амалга оширади;

инновацион фаолият субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

инновацион лойиҳаларнинг давлат экспертизаси ташкил этилишини таъминлайди;

ягона давлат буюртмачиси сифатида инновацион лойиҳаларни шакллантиради, тасдиқлайди ва молиялаштиради;

инновациялар яратиш учун давлат буюртмаси доирасида инновацион лойиҳаларнинг бажарилишини мониторинг қилади ва бажарилиш самарадорлигини баҳолашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган технологиялар трансферига оид шартномаларни рўйхатдан ўтказади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга молиялаштириш учун янги ишланмаларни тавсия қилади;

янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштиради ва технологиялар трансферига кўмаклашади;

инновацион фаолият субъектларини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашади, инновацион фаолият натижаларини жорий этишга доир самарали механизмларни шакллантиради;

инновацион фаолият субъектлари учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилишда иштирок этади;

инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Давлат бошқаруви органларининг инновацион

фаолият соҳасидаги ваколатлари


Давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;

инновацион лойиҳаларни шакллантириш, молиялаштириш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўз тасарруфидаги инновацион фаолият субъектларининг инновацион лойиҳаларни амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради.

Давлат бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

инновацион фаолият соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

тегишли ҳудудда инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда инновацион лойиҳаларни шакллантириш, молиялаштириш ва амалга оширишда иштирок этади;

ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда инновацион фаолият соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

тегишли ҳудудда инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади;

ваколатли давлат органининг тавсиясига кўра ёки ўз ташаббуси билан инновацион фаолиятни, шунингдек янги ишланмаларни тижоратлаштиришни ва технологиялар трансферини молиялаштиради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Инновацион фаолиятни давлат томонидан

қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш


Инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш инновацион фаолиятни амалга оширувчи субъектлар учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш, инновацион лойиҳалар ҳамда янги ишланмаларни молиялаштириш мақсадида амалга оширилади.

Давлат инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашни қуйидаги йўллар билан амалга оширади:

инновацион ривожлантириш стратегияларини қабул қилиш ва амалга ошириш;

инновацион фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

инновацион фаолият субъектларига солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан инновацияларни яратишга оид давлат буюртмасини бажариш;

инновацион фаолиятни молиялаштиришга хўжалик юритувчи субъектлар маблағларини жалб қилиш учун шарт-шароит яратиш;

илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулотнинг ва илғор технологияларнинг кафолатланган тарзда татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида уларнинг давлат харидларини ташкил этиш;

инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.



11-модда. Инновацион ривожлантириш стратегиялари


Инновацион ривожлантириш стратегиялари дунё илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ишланмалар ва технологиялар асосида инсон капиталини, мамлакатни жадал ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади.

Инновацион ривожлантириш стратегиялари ўрта муддатли ва узоқ муддатли даврлар учун қабул қилиниши мумкин.

Инновацион ривожлантириш стратегиялари давлат ва жамият олдида турган комплекс мақсад ва вазифаларни, тегишли даврга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларни, шунингдек уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаларини белгилайди.

Инновацион ривожлантириш стратегияларининг лойиҳалари ваколатли давлат органи томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, илмий ташкилотларнинг, тадбиркорлик субъектларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва экспертларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилади.



12-модда. Инновацияларни яратишга доир давлат

буюртмасини шакллантириш


Инновацияларни яратишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар таклифлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Инновацияларни яратишга доир давлат буюртмаси доирасида бажариладиган инновацион лойиҳаларни танлаб олишнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:

импорт ўрнини босишга ва экспортга йўналтирилган ёки сифатни такомиллаштиришга, жорий этишга тайёр бўлган мавжуд маҳсулотлар ва технологиялар таннархини пасайтиришга қаратилган янги миллий маҳсулотлар ва технологиялар ишлаб чиқилишини, шу жумладан янги иш ўринлари ташкил этиш ва маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда таъминлаш;

тажриба, экспериментал намуналардан, технологиялардан, асбоб-ускуналардан, материаллардан, буюмлардан ва бошқа илмий ишланмалардан келгусида амалда фойдаланиш мақсадида уларни конструкция қилиш, тайёрлаш ҳамда синовдан ўтказиш билан боғлиқ тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш;

илм-фан ютуқларига, юқори технологияга асосланган маҳсулот намуналарини ёки прототипларини тайёрлашни тугаллаш ва (ёки) илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулотни ишлаб чиқаришни тайёрлаш ва (ёки) хизматларни (тиббий, молиявий, ахборотга оид ва бошқа хизматлар) иқтисодиётнинг тегишли тармоғига, ижтимоий соҳага, банк-молия секторига жорий этиш учун уларнинг тажриба-синовини ўтказиш ва бошқалар.

Инновацион лойиҳаларни инновацияларни яратишга доир давлат буюртмаси доирасида амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йилдан ошиши мумкин эмас.

Инновацион фаолият инновацияларни яратишга доир давлат буюртмаси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган тақдирда, уларнинг натижалари давлатга тегишли бўлади.



13-модда. Инновацион лойиҳаларнинг техник

ва илмий экспертизалари


Инновацион лойиҳаларнинг техник ва илмий экспертизалари инновацион лойиҳаларнинг амалий аҳамиятини, илмий-технологик даражасини ҳамда иқтисодий самарадорлигини комплекс баҳолаш, уларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ва ҳажми тўғрисида тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида амалга оширилади.

Техник ва илмий экспертизаларни ўтказиш жараёнида иштирокчиларнинг мустақиллиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги, экспертизалар натижаларининг холислиги, очиқлиги таъминланиши керак, давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно.

Техник ва илмий экспертизалар инновацион лойиҳани амалга ошириш учун бажарилаётган ёки таклиф этилаётган йўналишга мувофиқ бўлган мутахассисларни жалб этиш орқали ўтказилади.

Техник ва (ёки) илмий экспертизаларни ўтказиш жараёнида экспертизалар натижаларидан шахсан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Техник ва (ёки) илмий экспертизаларни ўтказишда иштирок этган ҳамда қабул қилинган хулосадан норози бўлган эксперт мазкур хулосага ўзининг асослантирилган фикрини илова қилишга ҳақлидир.

Техник экспертиза лойиҳага оид талабноманинг тақдим этилган ҳужжатлари белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлашга, шунингдек лойиҳага оид талабнома бўйича тақдим этилган ахборотни идрок этиш ва таҳлил қилишнинг бузилишига олиб келадиган хатоларни аниқлашга қаратилган фаолиятдир.

Техник экспертизани ўтказиш муддати лойиҳага оид талабнома олинган пайтдан эътиборан ўн беш календарь кундан ошмаслиги керак.

Техник экспертиза қуйидаги тартиб-таомилларни ўз ичига олади:

лойиҳага оид талабноманинг тўлиқ ва тўғри расмийлаштирилганлигини, шунингдек зарур имзолар, муҳрлар ва штампларнинг мавжудлигини текширишни;

берилган лойиҳага оид талабномага ўхшаш бўлган, илгари амалга оширилган лойиҳаларнинг мавжудлигини текшириш ва лойиҳага оид талабномаларнинг такрорланишини аниқлашни;

тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини аниқлашни;

лойиҳага оид талабномада кўрсатилган маълумотларни текширишни, техник хатолар ва ноаниқликларни аниқлашни;

ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган лойиҳаларни техник экспертизадан ўтказиш регламентига мувофиқ бошқа тартиб-таомилларни.

Илмий экспертиза инновацион лойиҳа бўйича асосланган қарор (хулоса) қабул қилиш мақсадида инновацион лойиҳанинг илмий янгилигини, долзарблиги ва амалий аҳамиятини ўрганишга, шу жумладан илмий жамоанинг илмий-услубий салоҳиятини, моддий-техника базасини таҳлил қилиш ҳамда баҳолашга қаратилган фаолиятдир.

Илмий экспертизани ўтказиш муддати лойиҳага оид талабнома олинган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кундан ошмаслиги керак.

Илмий экспертизани баҳолаш мезонлари қуйидагилардан иборат:

илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулот ишлаб чиқаришни тайёрлаш (ташкил этиш), ушбу маҳсулотнинг импорт ўрнини босиши ва (ёки) экспортга йўналтирилганлиги бўйича салоҳиятини баҳолаш учун илмий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишни режалаштиришни назарда тутувчи лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар;

лойиҳани тижоратлаштириш истиқболлари;

инновация объектига бўлган талаб даражаси;

интеллектуал мулк объектларига доир муҳофаза ҳужжатларининг мавжудлиги;

лойиҳа ижрочиларида илмий-техник ёки инновацион фаолиятни амалга ошириш бўйича тегишли тажрибанинг ва тажриба-конструкторлик ишлари натижаларининг мавжудлиги;

ишлаб чиқариш базасининг технологик жиҳатдан таъминланганлик даражаси.

Илмий экспертизани ўтказишга хорижлик мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Инновацияларни яратишга доир давлат буюртмаси доирасида бажариладиган инновацион лойиҳалар илмий ва техник экспертизалар ўтказишни назарда тутувчи мажбурий давлат экспертизасидан ўтказилиши лозим.

Давлат илмий ва техник экспертизалари ваколатли давлат органи томонидан ўтказилади.



14-модда. Инновацион фаолият соҳасида кадрларни

тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини

оширишга кўмаклашиш


Давлат инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишга:

инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашга доир давлат буюртмаларини шакллантириш;

инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир давлат талаблари ва стандартларини ишлаб чиқиш;

инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи нодавлат таълим ташкилотлари, касб-ҳунар таълими марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

илм-фан ва техника ютуқларини тарғиб қилиш;

ёшларнинг техник ижодкорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш орқали кўмаклашади.

Давлат инновацион тадбиркорлик соҳасида кадрларни тайёрлашга ихтисослашган давлат таълим ташкилотлари фаолиятига молиявий ёрдам кўрсатади.



3-БОБ. ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


15-модда. Инновацион фаолият субъектлари


Инновацион фаолият субъектлари қуйидагилардан иборат:

инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар;

инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва мулкчилигидан қатъи назар, янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар;

инновациялар ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар манфаатларини ифодаловчи ва ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари;

инновацион фаолият жараёнида амалга ошириладиган ва фойдаланиладиган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари;

инновацион фаолиятга инвестиция қилишни амалга оширувчи инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари.



16-модда. Инновацион фаолият субъектларининг

ҳуқуқлари


Инновацион фаолият субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

усулларни, техник воситаларни ва асбоб-ускунани мустақил равишда танлаган ҳамда қўллаган ҳолда эркин инновацион фаолиятни амалга ошириш;

инновацион фаолиятни якка тартибда ёки жамоавий асосда амалга ошириш;

инновацион лойиҳалар танловларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳалар танловларида иштирок этиш;

инновацион фаолият хавфларини мустақил белгилаш ва баҳолаш, уларни баҳолаш ҳамда камайтириш усулларини танлаш;

инновацион фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган илмий, технологик, статистикага оид ва бошқа ахборотни олиш, давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно;

интеллектуал мулк объектлари яратилган ҳолларда, уларнинг муаллифлари ёки ҳуқуқ эгалари деб эътироф этилиш, шунингдек интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ, божхона имтиёзларидан ва преференциялардан фойдаланиш;

инновацион фаолият давомида ўзлари олган натижаларни, агар улар давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олмаган бўлса, эълон қилиш.

Инновацион фаолият субъектлари қонун ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



17-модда. Инновацион фаолият субъектларининг

мажбуриятлари


Инновацион фаолият субъектлари:

инновацион фаолиятни амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида яратилган янги ишланмаларнинг белгиланган тартибда тижоратлаштирилишини таъминлаши;

инновацион фаолиятга йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиши;

фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги;

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича талабларга риоя этиши шарт.

Инновацион фаолият субъектларининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Инновацияларнинг турлари


Инновациялар қуйидаги турларга бўлинади:

маҳсулотга оид инновациялар - техник ва технологик жиҳатдан янги ёки такомиллаштирилган маҳсулотни (ишларни ва хизматларни) ишлаб чиқишга ҳамда жорий этишга қаратилган инновациялар;

жараёнга оид инновациялар - техник ва технологик жиҳатдан янги ёки такомиллаштирилган ишлаб чиқариш ёхуд таълим усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга, шунингдек технологиялар трансферини амалга оширишга қаратилган инновациялар;

маркетингга оид инновациялар - маҳсулотларнинг дизайни ва қадоқларидаги ўзгаришларни қамраб олувчи янги ёки такомиллаштирилган усулларни жорий этишга, маҳсулотни (ишларни ва хизматларни) сотиш ва тақдим этишнинг янги усулларидан фойдаланишга, янги нархлаш стратегияларини шакллантиришга қаратилган инновациялар;

ташкилий инновациялар - бизнесни ташкил этиш ва юритиш, иш ўринларини ташкил этиш ва ташқи алоқаларни йўлга қўйишнинг янги ёки такомиллаштирилган усулларини жорий этишга қаратилган инновациялар.



19-модда. Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик

хавфлари, уни баҳолаш ва камайтириш усуллари


Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфлари - инновацион фаолият мақсадига эриша олмаслик, шу жумладан инновацион лойиҳанинг бажарилмаслиги эҳтимолидир.

Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфлари сиёсий, ташкилий, молиявий, бозорга, тижоратга, саноатга, инвестицияга ва экологияга оид бўлиши мумкин.

Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфлари инновацион фаолият субъектлари томонидан мустақил тарзда ёки тузиладиган шартномаларга мувофиқ бошқа шахслар томонидан аниқланиши ва баҳоланиши мумкин.

Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфларини баҳолаш эҳтимол тутилган зарарни камайтириш ёки унинг олдини олиш мақсадида, шу жумладан инновацион лойиҳани молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлигига доир асосланган қарор қабул қилиш учун ўтказилади.

Инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфларини камайтириш учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:

инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфларини инновацион фаолият субъектлари ва давлат ўртасида тақсимлаш;

ресурсларни бошқа инновацион лойиҳалар ўртасида қайта тақсимлаш;

инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфларининг ўрнини қоплаш учун суғурта қилиш механизмларидан фойдаланиш.

Инновацион фаолият хавфларини баҳолашда йўқотилган фойда ҳисобга олинмайди.

Инновацион фаолият субъектлари инновацион лойиҳанинг ўзига хос техникавий ёки иқтисодий хусусиятларидан ва лойиҳанинг амалга оширилишидан келиб чиққан ҳолда инновацион фаолиятнинг амалга ошмаслик хавфларини баҳолашга ҳақли.



20-модда. Технологиялар трансферининг устувор

йўналишлари ва усуллари


Технологиялар трансферининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

мавжуд технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган ўхшаш маҳсулотга нисбатан юқори сифатли ва рақобатбардош янги ёки яхшиланган маҳсулот ишлаб чиқариш;

янги ишланмалар ва технологиялар асосида маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқариш;

ўхшаш технологияларга нисбатан энергияни ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш.

Технологиялар трансферининг асосий усуллари қуйидагилардан иборат:

технологияларни бепул асосда олиш;

қўшма корхоналар ташкил этиш орқали технологияларни жорий этиш;

технологияларни лицензия шартномалари асосида жорий этиш;

технологик ҳужжатларни бериш;

технологияларни тўлалигича сотиб олиш.

Технологиялар трансфери қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.



21-модда. Технологиялар трансфери механизмлари


Технологиялар трансфери:

техник тавсифномаларни, техник-иқтисодий асосларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни таҳлил қилиш ва баҳолаш;

технологиялар трансферини амалга оширувчи тарафнинг экспертларини жалб қилган ҳолда ўқув тренингларини ташкил этиш;

иншоотлар қуриш ва асбоб-ускуналарни ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган техник билимларни ўзлаштириш;

технологияларни жорий этишга кўмаклашувчи механизмлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Технологиялар трансфери бошқа механизмлардан фойдаланган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.



22-модда. Технологиялар трансферини амалга

ошириш чекловлари


Ўзбекистон Республикасига:

таркибида ҳимояланмаган (яъни табиий атроф-муҳитга тарқалувчи) заҳарли моддалар ёки қайта ишланмайдиган, экологик жиҳатдан хавфли чиқиндилар мавжуд бўлган;

белгиланган нормадан юқори радиоактив моддалар мавжуд бўлган;

аҳолининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи маҳсулотлар яратиш учун мўлжалланган;

миллий қадриятларга, анъаналарга ва ижтимоий хулқ-атворга салбий таъсир кўрсатувчи маҳсулотларни яратиш ҳамда тарғиб қилиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар ва маҳсулотлардан фойдаланишга асосланган технологиялар трансферига йўл қўйилмайди.



23-модда. Технологиялар трансфери учун шартнома

тузиш ва рўйхатдан ўтказиш


Технологиялар трансфери қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ мавжудлиги ва ундан тушган фойда технологиялар трансфери учун шартнома тузишнинг асосий шарти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинадиган технологиялар трансфери учун шартномалар ваколатли давлат органи томонидан рўйхатга олинади.



24-модда. Янги ишланмаларни тижоратлаштириш


Фойда олиш мақсадида инновацион фаолият субъектлари муносабатларини тартибга солувчи ҳар хил турдаги шартномалардан фойдаланган ҳолда янги ишланмаларни фуқаролик муомаласига жорий этиш жараёни янги ишланмаларни тижоратлаштиришдир.

Янги ишланмаларни тижоратлаштириш:

янги ишланмаларни қўллаган ҳолда яратилган товарларни (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) реализация қилиш ёки улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

таъсисчиси ёки таъсисчиларидан бири устав жамғармасига улуш сифатида интеллектуал мулк объектини ёки технологияни киритган ташкилот (афилланган ташкилот) бўлган тижорат ташкилотларини ташкил этиш;

интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни роялти ажратмаларига асосланган лицензия шартномаларини тузиш йўли билан бериш, шу жумладан уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқларни олувчи томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш орқали амалга оширилади.

Интеллектуал мулк объектига доир ҳуқуқ эгасининг ташкилот устав фондидаги улуши миқдори таъсисчиларнинг ўзаро келишуви бўйича белгиланади.

Давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки давлат сирлари жумласига кирувчи маълумотларни ўз ичига олган янги ишланмаларни тижоратлаштириш давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ИННОВАЦИОН ИНФРАТУЗИЛМА


25-модда. Инновацион инфратузилманинг субъектлари


Инновацион инфратузилманинг субъектларига қуйидагилар киради:

инновацион технологик парк;

технологиялар трансфери маркази;

инновацион кластер;

венчур ташкилоти;

инновация маркази.

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа шахслар инновацион инфратузилманинг субъектлари бўлиши мумкин.



26-модда. Инновацион технологик парк


Инновацион технологик парк дирекцияси номидан инновацион технологик парк (бундан буён матнда инновацион технопарк деб юритилади) инновацион фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиладиган ягона моддий-техника мажмуаси бўлган ҳудудга мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда эгалик қилувчи юридик шахсдир.

Инновацион технопарк резиденти инновацион технопарк ҳудудида инновацион лойиҳани амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахсдир.

Инновацион технопарк фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга кўмаклашиш;

инновацион тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

инновацион фаолият субъектларига моддий-техник, ташкилий-услубий, молиявий, ахборотга оид, маслаҳат хизматлари ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш;

инновацион лойиҳаларни бошқаришда кўмаклашиш;

янги ишланмаларнинг тажриба-саноат синовларини ўтказиш ва интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза берилишига кўмаклашиш;

юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил этишдан манфаатдор бўлган маҳаллий, хорижий инвесторларни ҳамда тадбиркорлик субъектларини жалб этиш;

инновацияларни ташқи бозорда илгари суриш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда кўмаклашиш;

инновацион фаолият субъектлари ўртасида узвий ва амалий ҳамкорликни таъминлаш.

Инновацион технопаркнинг асосий вазифаси унинг резидентларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлашдан иборат:

бозорда реализация қилиш учун янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот чиқарувчи ишлаб чиқаришларни ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек янги ёки такомиллаштирилган технологияларни ўзлаштириш;

кўчар ва кўчмас мулкни, шу жумладан турли функционал мақсадларга мўлжалланган хоналарни шартнома асосида ижарага бериш;

тажриба намунасини тайёрлаш ҳамда уларнинг синовларини ўтказиш билан боғлиқ ишларни ва бошқа тажриба-конструкторлик ишларини бажариш;

маҳсулотни сертификатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш бўйича хизматлар кўрсатиш;

кўргазмаларда, конференцияларда ва бошқа тадбирларда уларнинг иштирок этишини ташкил қилиш орқали инновацион маҳсулотни, технологияларни илгари суриш;

инновацион технопаркнинг илмий, илмий-техникавий ва инновацион фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш).

Резидентлардан лаборатория асбоб-ускуналарининг, ишлаб чиқариш, офис хоналарининг ва бошқа хоналарнинг ижараси, кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда инновацион технопарк тасарруфида қолади.

Инновацион технопаркнинг фаолият кўрсатиш муддати ўттиз йилгачани ташкил этади, кейинчалик бу муддат узайтирилиши мумкин.

Инновацион технопарк резидентининг мақоми танлов асосида ўн йил муддатгача берилади.

Инновацион технопаркнинг резидентлар билан муносабатлари улар ўртасида тузиладиган инновацион фаолиятни амалга оширишга доир шартномалар асосида ташкил этилади.

Инновацион технопаркка ҳамда унинг резидентларига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар белгиланиши мумкин.

Инновацион технопаркни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Инновацион технопаркнинг фаолияти ваколатли давлат органи томонидан мувофиқлаштирилади.



27-модда. Технологиялар трансфери маркази


Технологиялар трансфери маркази технологиялар трансферини ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни таъминлаш мақсадида ташкил этилган юридик шахсдир.

Технологиялар трансфери маркази фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

янги ишланмаларни илгари суриш ташкилий-техникавий имкониятларини аниқлаш бўйича бозор конъюнктураси тадқиқотларини ўтказиш;

муҳандислик-маслаҳат ва лойиҳа (инжиниринг) хизматлари кўрсатиш;

бизнес-режалар тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш;

инвестицияларни жалб қилиш;

технологиялар трансфери билан боғлиқ ахборотни тарқатиш.

Технологиялар трансфери марказини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



28-модда. Инновацион кластер


Инновацион кластер тегишли ҳудудда инновацияларни яратишда иштирок этувчи инновацион фаолият субъектларининг, инновацион фаолият натижалари истеъмолчиларининг йиғиндиси сифатида юридик шахс ташкил этмасдан тузилади ва ушбу субъектларнинг, истеъмолчиларнинг асосий мақсади самарали ҳамкорлик қилишдан, қувватлардан биргаликда фойдаланишдан ҳамда билимлар, кўникмалар алмашишдан, шунингдек технологиялар трансферига улушни таъминлаш орқали инновацион фаолиятни рағбатлантиришдан иборат бўлади.

Инновацион кластер фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

муайян инновацияларни яратиш, шунингдек бозор эҳтиёжларини қаноатлантириш учун илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳасидаги инновацион фаолият субъектларининг салоҳиятини бирлаштириш;

инновацион кластерлар фаолиятига тааллуқли бўлган кадрларни тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, шу жумладан инновацияларни яратишга доир буюртмаларни шакллантириш;

янги ёки яхшиланган ишланмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги тармоқлар ва корхоналар ташкил этишга кўмаклашиш;

инновацион фаолият натижаларини биргаликда бозорда илгари суриш.

Инновацион кластер иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, инновацион фаолият субъектларининг ўзаро манфаатдорлиги асосида ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг қарори бўйича тугатилади.



29-модда. Венчур ташкилотлар, фондлар, ширкатлар


Асосий фаолият тури хавфли инновацион лойиҳалар амалга оширилишини молиялаштиришдан иборат бўлган ҳам юридик шахс шаклида ташкил этиладиган, ҳам юридик шахс сифатида ташкил этилмайдиган ихтисослаштирилган молия институтлари венчур ташкилотлар, фондлар, ширкатлардир (бундан буён матнда венчур ташкилотлар деб юритилади).

Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахслар венчур ташкилотларининг таъсисчиси бўлиши мумкин.

Венчур ташкилотлари:

янги ташкил этилаётган юридик шахсларнинг устав фондида улуш асосида иштирок этишга;

ўз маблағларини янги ишланмаларни амалга ошириш учун гаровсиз, кафилликсиз ва кафолатсиз беришга ҳақли.

Венчур ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсисчиларнинг қарорига биноан амалга оширилади.



30-модда. Инновация маркази


Инновация маркази инновацион фаолият соҳасида янги ғояларни яратишдан янги ишланмаларни тижоратлаштиришгача бўлган тўлиқ ишлар туркумини амалга ошириш мақсадида юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

янги ғоялар ва ишланмалар базасини шакллантириш;

янги ғояларни такомиллаштириш ва кучайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш (акселерация);

инновацияларга янги ғоялар ва ишланмаларни татбиқ этиш учун моддий-техник шарт-шароитларни таъминлашга кўмаклашиш;

инновацион менежмент бўйича тренинглар ўтказиш;

инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш;

маркетинг тадқиқотлари ўтказиш;

янги ишланмаларни бозор талабларига йўналтириш ва мослаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

инновацион фаолият субъектлари ўртасида кооперацияни ривожлантириш;

янги ғоялар, ишланмалар ва технологияларни оммалаштириш мақсадида реклама ва кўргазмага оид хизматлар кўрсатиш.

Инновация марказини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


31-модда. Инновацион фаолиятни молиялаштириш

манбалари


Инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари жумласига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари;

Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари;

венчур жамғармалари;

инновацион фаолият субъектларининг ўз маблағлари;

халқаро грантлар, тижорат банкларининг, шу жумладан чет эл банкларининг ва халқаро молия институтларининг мақсадли кредитлари;

хусусий инвесторларнинг, шу жумладан чет эллик хусусий инвесторлар ва бошқа ҳомийларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



32-модда. Инновацион ривожланишни ва новаторлик

ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси


Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси инновацион фаолиятни ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида ваколатли давлат органи ҳузурида, юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмаларига мувофиқ инновацион фаолиятга оид тадбирларни молиялаштириш;

инновацион фаолият субъектлари томонидан инновацияларни яратиш ва уларни жорий қилишни молиялаштириш;

инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларини танлаб олиш асосида молиялаштириш;

илмий лабораторияларни замонавий юқори технологияга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек зарур сарф материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

илмий фаолият бўйича давлат дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни (патентларни) хорижда рўйхатдан ўтказиш ва патентни сақлаб туриш харажатларининг ўрнини қоплаш;

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек халқаро нашрларда илмий натижаларни чоп этишга тайёрлаш бўйича харажатларни тўлаш;

олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотлардаги (марказлардаги, университетлардаги ва бошқа ташкилотлардаги) илмий стажировкаларини молиялаштириш;

илмий ва инновацион фаолият соҳасидаги жалб қилинаётган юқори малакали хорижлик олимлар ва мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) улар билан тузиладиган шартномалар (контрактлар) асосида молиялаштириш.

Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қабул қилишда белгиланадиган миқдорларда устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларидаги давлат улуши бўйича ҳисобланадиган дивидендларнинг ҳамда давлат корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларининг бир қисми;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига патент божларидан, йиғимлардан ва солиқ тоифасига кирмайдиган бошқа тўловлардан келиб тушадиган валюта маблағларининг бир қисми;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ҳамда кредитлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



33-модда. Инновацион фаолиятни

қўллаб-қувватлаш жамғармалари


Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари технологияларни яратиш, жорий этиш, ишлаб чиқариш, уларнинг трансфери ва янги ишланмаларни тижоратлаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида, юридик шахс тузмасдан ташкил этилади.

Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларининг маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

инновацион фаолият соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш;

инновацион фаолият субъектлари томонидан тақдим этиладиган буюртмаларга мувофиқ инновацион лойиҳаларни, янги ишланмаларни тижоратлаштиришни ва технологиялар трансферини молиялаштириш;

инновацион фаолият субъектларини моддий рағбатлантириш, уларнинг илмий тадқиқотларини молиялаштириш ва кадрлар малакасини ошириш, ушбу субъектларнинг моддий-техника ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш.

Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари қайтариш шартлари асосида ёки беғараз асосда маблағлар ажратиши, шунингдек инновацион фаолият субъектларининг мажбуриятлари бўйича кафил сифатида иш юритиши мумкин.

Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34-модда. Инновацион фаолият соҳасидаги

халқаро ҳамкорлик


Инновацион фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Инновацион фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорлик қуйидагилар асосида амалга оширилади:

манфаатдор хорижий ташкилотлар, жамғармалар ва инвесторлар билан тузилган шартномалар ёки меморандумлар;

биргаликда инновацион фаолиятни амалга ошириш, халқаро инновацион дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, уларни амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш;

инновацион фаолият соҳасида биргаликда кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш;

инновацион фаолият соҳасида халқаро конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, инновацион ярмаркалар (кўргазмалар) ва тадбирлар ўтказиш.



35-модда. Низоларни ҳал этиш


Инновацион фаолият соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



36-модда. Инновацион фаолият тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



37-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



38-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



39-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 июль


"Халқ сўзи", 2020 йил 25 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 27 июль, 28-29-сон, 325-модда