язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Низом расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги Конвенцияни (Истанбул, 1990 йил 26 июнь) қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3264-сон билан рўйхатга олинган Давлат божхона қўмитасининг 23.06.2020 й. 01-02/12-28-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3264-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

2020 йил 23 июндаги

01-02/12-28-сон қарорига

ИЛОВА



Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги Конвенцияни

(Истанбул, 1990 йил 26 июнь) қўллаш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси (бундан буён матнда Божхона кодекси деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги ПҚ-4694-сон "Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан товарларни божхона назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказишда Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги Конвенцияни (Истанбул, 1990 йил 26 июнь) (бундан буён матнда Конвенция деб юритилади) қўллаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


АТА карнети - божхона декларациясига тенглаштирилган, товарларни идентификациялашга ва вақтинча олиб киришга (транспорт воситаларидан ташқари) имкон берадиган ҳамда божхона тўловларини тўлашнинг халқаро миқёсда кафолатини ўз ичига олган халқаро божхона ҳужжати;


кафолатловчи уюшма - вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатларни бериш учун масъул бўлган ва вақтинча олиб кириш шартлари бузилган тақдирда божхона тўловларини тўлаш бўйича кафолатловчи ваколатли ташкилот - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда Савдо-саноат палатаси);


божхона операцияси - товарларнинг божхона расмийлаштирувида товарларга нисбатан божхона органларининг мансабдор шахси ва (ёки) ваколатли шахс томонидан амалга ошириладиган ҳаракат;


божхона режими - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи;


декларациялаш - божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида турган товарлар тўғрисидаги зарур маълумотларни божхона органларига маълум қилиш.


2. АТА карнетини қўллаган ҳолда божхона тўловларидан тўлиқ шартли равишда озод қилинадиган товарларга нисбатан божхона операциялари Конвенциянинг А-иловаси "Вақтинча олиб кириш ҳужжатлари тўғрисида" билан биргаликда Конвенциянинг қуйидаги иловалардан бирининг шартларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

В.1-илова "Кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар ёки шу каби тадбирларда намойиш қилиш ёхуд фойдаланиш учун товарлар тўғрисида";

В.2-илова "Профессионал асбоб-ускуна тўғрисида";

В.3-илова "Тижорат операцияси муносабати билан олиб кирилган контейнерлар, поддонлар, ўрамлар, намуналар ва бошқа товарлар тўғрисида";

В.5-илова "Таълим, илмий ёки маданий мақсадларда олиб кирилган товарлар тўғрисида";

В.6-илова "Саёҳатчиларнинг шахсий буюмлари ва спорт мақсадларида олиб кирилган юкларга тегишли илова".


3. Божхона органи қуйидаги ҳолларда АТА карнетини божхона декларацияси ва божхона тўловларини тўлашнинг халқаро миқёсидаги кафолати ҳамда божхона органлари олдидаги мажбуриятнинг бажарилишини кафолатловчи ҳужжат сифатида қабул қилиши мумкин:

агар АТА карнетида кафолатловчи уюшма ва халқаро тизимнинг номи кўрсатилган бўлса;

АТА карнетини эгаси ва уни берган кафолатловчи уюшма томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда тўлдирилган бўлса;

товар олиб чиқилаётган (экспорт қилувчи) мамлакатнинг божхона органи томонидан расмийлаштирилган бўлса.


4. ATA карнетини қўллаган ҳолда расмийлаштириладиган товарлар учун вақтинчалик олиб кириш муддати товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда назорат божхона органи томонидан ATA карнети қабул қилинган кундан бошлаб ушбу товарлар амалда олиб чиқилган кунгача ҳисобланади.


5. ATA карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларни қайта олиб чиқиш мажбурияти улар Ўзбекистон Республикасидан амалда олиб чиқилганидан ёки Божхона кодексига мувофиқ "вақтинча олиб кириш" божхона режими тугалланганидан бошлаб бажарилган ҳисобланади.


6. Божхона органи ATA карнетини қабул қилиб олганда ATA карнетининг тўғри тўлдирилганлигини текширади.

Бунда Конвенцияга аъзо мамлакатларнинг кафолатловчи уюшмалари томонидан берилган ATA карнети муқовасининг устки қисмида ATA карнети қабул қилиниши мумкин бўлган мамлакатлар кўрсатилиши лозим, ушбу мамлакатларнинг кафолатловчи уюшмалари номлари ёки божхона ҳудудлари ATA карнетининг охирги яшил бети орқа томонининг юқори бандида кўрсатилиши керак.

ATA карнетининг амал қилиш муддати уюшма томонидан берилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги лозим.

ATA карнетини қўллаган ҳолда товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) муддати ATA карнетида белгиланган муддатдан ошиб кетмаслиги керак.

ATA карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарлардан фақат ATA карнетида назарда тутилган мақсадларда фойдаланиш мумкин, тижорат мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилмайди, бундан Конвенция ва унинг иловаларида бошқача қоида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


7. ATA карнетининг барча варақлари бир хил тўлдирилиши лозим, бириктирилган қоғозлар, стикерлар ва ҳавола (изоҳ) кўринишидаги қўшимчаларга йўл қўйилмайди. Барча варақлардаги маълумотлар муқовадаги маълумотлар билан бир хил бўлиши керак; ATA карнети расмийлаштирилгандан кейин бу маълумотларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Муқова ва унга қўшимча варақлар ATA карнети муқовасининг "А" графаси ҳамда унинг варақларида кўрсатилган эгаси (ATA карнетини божхона органларига тақдим этиш орқали товарларни декларациялаётган жисмоний ва (ёки) юридик шахс) томонидан ATA карнети расмийлаштирилишидан олдин имзоланиши лозим, қолган варақлари божхона органидан ўтишига қараб эгаси (вакили) томонидан тўлдирилади.


8. ATA карнетининг тўғри тўлдирилганлигини текширишда қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:

ATA карнетининг амал қилиш муддати;

Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга нисбатан ATA карнетини қўллаш имконияти;

ATA карнети муқовасининг устки қисмида ундан Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш мумкинлиги тўғрисидаги ёзувнинг мавжудлиги ва кафолатловчи уюшмаси ATA карнетининг охирги яшил бети орқа томони юқори бандида кўрсатилиши;

товарларнинг умумий рўйхати ва қўшимча варақлари (мавжуд бўлса) тўлдирилганлиги ва расмийлаштирилганлиги;

ATA карнетининг корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерлари тўлдирилганлиги (уларга киритилган маълумотлар ATA карнети муқовасининг устки қисми ва орқа томонида кўрсатилган маълумотларга ҳамда транспорт ва товарнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мос келиши керак);

АТА карнетининг юқори ўнг бурчагида "have been exported" ёки "ont ete exportees" ёзуви бўлган ATA карнетининг сариқ рангдаги "exportation" корешогида олиб чиқилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлиги тўғрисидаги белгиларнинг (тўлдирилиши, олиб чиқаётган мамлакатнинг муҳр ва штамплари) мавжудлиги.

ATA карнетини расмийлаштириш учун барча зарур талаблар бажарилган ҳолларда божхона органининг мансабдор шахси бундай ATA карнетини қабул қилади.


9. Божхона органлари ATA карнетини қўллаган ҳолда олиб кириладиган товарларни божхона назоратидан ўтказади.

Божхона кўриги далолатномаларини тузишда товарларнинг тавсифи сифатида товарларнинг умумий рўйхатидан фойдаланишга рухсат этилади.

Божхона органлари томонидан божхона мақсадлари учун товарларни таснифлаш амалга оширилади.

Бунда ATA карнетида кўрсатилган товарларни идентификациялаш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқ ва чекловлар ўрнатилмаганлигини аниқлаш имкони мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ягона Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) мувофиқ товар позицияси даражасида 6 белгидан кам бўлмаган товарларни таснифлашга йўл қўйилади. Агар товарларга божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тақиқ ва чекловлар ўрнатилган бўлса, товар коди ТИФ ТНга мувофиқ 10 белги даражасида аниқланади.


10. ATA карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб кирилаётган (олиб чиқилаётган) товарлар бўйича божхона органи томонидан "ATA карнети бўйича товарларни қайд этиш журнали" электрон кўринишда юритилади.


11. Божхона органлари томонидан ATA карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб киришга рухсат берилган товарларнинг тўланган божхона тўловлари бутун муддат давомида кафолатланиши учун божхона органлари томонидан белгиланган бундай товарларни қайтиб олиб чиқиш муддати ATA карнетини берган кафолатловчи уюшма томонидан қўйилган амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.


12. Олиб чиқилаётган товарларга нисбатан божхона операцияларини амалга оширишда "вақтинча олиб чиқиш" божхона режимига мувофиқ Конвенциянинг амал қилиш доирасига кирадиган товарларнинг божхона декларацияланиши декларантнинг танловига кўра божхона декларацияси сифатида Савдо-саноат палатаси томонидан берилган ATA карнетини унга илова қилинган транспорт (ташувчи) ва тижорат ҳужжатлари билан бирга қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


13. Божхона органи томонидан ATA карнети қабул қилиб олинганидан сўнг, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.


14. Божхона органига тақдим этиладиган ATA карнети давлат тилида ёки рус тилида ва инглиз (француз) тилида тўлдирилган бўлиши лозим.



2-БОБ. ATA КАРНЕТИНИ ҚЎЛЛАГАН ҲОЛДА

ОЛИБ КИРИЛАЁТГАН ТОВАРЛАРНИ

ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


15. ATA карнетини қўллаган ҳолда товарларни олиб киришда унинг эгаси (вакили) назорат божхона органига товарларни ҳамда ATA карнетини тақдим этади.


16. ATA карнетини расмийлаштиришда назорат божхона органининг мансабдор шахси ATA карнетининг оқ рангдаги "importation" корешоклари ва йиртиб олинадиган ваучерларини мазкур Низом иловасининг 1-бандига мувофиқ тартибда тўлдиради.


17. Корешоклар ва йиртиб олинадиган ваучерларни тўлдиргандан сўнг назорат божхона органининг мансабдор шахси:

ATA карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "importation" ваучерини бирлаштирилган варақларидан ажратиб олади;

ATA карнети бўйича вақтинча олиб киришни рўйхатдан ўтказилганини ёки ATA карнети бўйича етказиб берилган товарларнинг рўйхатдан ўтказилганини, ATA карнетини қўллаган ҳолда товарларга нисбатан божхона операцияларини амалга оширишдаги ҳаракатлар тўғрисидаги зарур маълумотларни электрон маълумотлар базасига киритади;

расмийлаштирилган ATA карнетини унинг эгаси (эгасининг вакили)га қайтаради.


18. ATA карнетининг расмийлаштирилган йиртиб олинадиган ваучерлари АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар нусхаси билан бирга назорат божхона органида қолади.


19. Назорат божхона органи товарларни "вақтинча олиб кириш" божхона режими шартларига риоя этилишини олиб қолинган АТА карнетининг расмийлаштирилган йиртиб олинадиган ваучерлари ҳамда АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси асосида божхона назоратини амалга оширади.



3-БОБ. ATA КАРНЕТИНИ ҚЎЛЛАГАН ҲОЛДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ВАҚТИНЧА

ОЛИБ КИРИЛГАН ТОВАРЛАРНИНГ ВАҚТИНЧА

ОЛИБ КИРИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


20. ATA карнети эгасининг (вакилининг) аризасига асосан товарларни вақтинча олиб кириш учун белгиланган муддат ATA карнети эгаси (вакили) жойлашган жойдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тегишли бошқармаси (бундан буён матнда ҳудудий божхона бошқармаси деб юритилади) қарорига асосан ATA карнетининг амал қилиш муддати мобайнида узайтирилади.

Товарларни вақтинча олиб кириш учун белгиланган муддатни узайтиришда ҳудудий божхона бошқармасининг мансабдор шахси томонидан мазкур Низом иловасининг 3-бандида белгиланган тартибда ATA карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "importation" ваучерлари тўлдирилади ва электрон маълумотлар базасида ATA карнетининг маълумотлари бўйича узайтириш муддатини кўрсатган ҳолда тегишли ёзувни киритади.



4-БОБ. ИЛГАРИ АТА КАРНЕТИДАН

ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА ВАҚТИНЧА ОЛИБ

КИРИЛГАН ТОВАРЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДАН ҚАЙТА ОЛИБ ЧИҚИШДА

(РЕЭКСПОРТДА) ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


21. Товарлар реэкспорт қилинаётганда, назорат божхона органига АТА карнетининг эгаси (вакили) илгари олиб кирилган товарлар ва АТА карнетини тақдим этади. Божхона органи мансабдор шахси томонидан АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "reexportation" ваучерлари тўлдирилади.

Товарлар бир ёки бир нечта партияларда қайтариб олиб чиқилиши мумкин.

АТА карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни олиб чиқиш (реэкспорт) дастлаб олиб кирилган назорат божхона органи жойлашган ҳудуддан бошқа ҳудудда жойлашган божхона органи орқали олиб чиқилиши мумкин.


22. Илгари АТА карнетидан фойдаланган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни қайта олиб чиқишда (реэкспортда) назорат божхона органининг мансабдор шахси томонидан мазкур Низом иловасининг 2-бандига мувофиқ тартибда АТА карнетининг оқ рангли йиртиб олинадиган "reexportation" ваучери тўлдирилади.


23. Божхона органининг мансабдор шахси томонидан АТА карнетининг оқ рангдаги "reexportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучери тўлдирилганидан сўнг:

АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "reexportation" ваучерини бошқа бирлаштирилган АТА карнети варақларидан ажратади;

АТА карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб киришни руйхатдан ўтказишнинг электрон маълумотлар базасида АТА карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларга нисбатан амалга оширилган божхона операциялари тўғрисида маълумотларни киритади;

расмийлаштирилган АТА карнетини унинг эгасига (вакили) қайтаради.


24. АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "reexportation" ваучерлари АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар нусхаси билан бирга божхона органида қолади.

АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар билан бирга назорат божхона органида қолади


25. АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларни қайта олиб чиқишда (реэкспорт) декларациялаш Ўзбекистон Республикасидан товарларни олиб чиқишни расмийлаштирадиган божхона органи томонидан амалга оширилади.


26. АТА карнети эгасининг (вакили) "вақтинча олиб кириш" божхона режими шартларига риоя қилиш мажбурияти, АТА карнетидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари ва божхона тўловларини тўлаш кафолатини ҳисобга олган ҳолда товарлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилишига қадар ўз кучини сақлаб қолади.


27. Назорат божхона органи АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинган "reexportation" ваучери ҳамда АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси асосида "вақтинча олиб кириш" божхона режими шартларига риоя қилиниши юзасидан божхона назоратини амалга оширади.


28. АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларни қайта олиб чиқиш (реэкспорт) амалга оширилганда, тегишли божхона органи АТА карнетининг оқ рангли йиртиб олинадиган "reexportation" ваучерини расмийлаштиради ва уч кун ичида унинг нусхасини "вақтинча олиб кириш" божхона режимини назорат қилишни якунлаш учун назорат божхона органига юборади.

ATA карнетининг расмийлаштирилган йиртиб олинадиган ваучерлари АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар нусхаси билан бирга назорат божхона органида қолади.



5-БОБ. АТА КАРНЕТИДАН ФОЙДАЛАНГАН

ҲОЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА

ВАҚТИНЧА ОЛИБ КИРИЛГАН ТОВАРЛАРГА

НИСБАТАН БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ

ТЎЛАНИШИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


29. Конвенция қоидалари бузилган тақдирда АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарлар бўйича Савдо-саноат палатаси божхона тўловлари тўланишини кафолатлайди.


30. ATA карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарлар учун назорат божхона органи олдида мазкур Низомнинг 35-бандига мувофиқ ҳисобланган божхона тўловларини тўлаш бўйича Савдо-саноат палатаси билан биргаликда АТА карнетининг эгаси солидар тартибда жавобгар бўладилар.

Савдо-саноат палатасига тўлаш учун тақдим этилган божхона тўловлари умумий миқдорининг 10 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.


31. АТА карнетининг амал қилиш муддати тугаган санадан бошлаб, бир йиллик муддат ичида божхона тўловларини тўлаш юзасидан назорат божхона органи томонидан АТА карнети эгаси ва Савдо-саноат палатасига божхона тўловларини тўлаш тўғрисида талабнома (бундан буён матнда талабнома деб юритилади) юборилади.


32. АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарлар қайта олиб чиқилганлигини (реэкспорт) исботлаш учун Савдо-саноат палатаси талабномани олган кундан эътиборан олти ой ичида назорат божхона органига АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб чиқишни (реэкспорт) расмийлаштирган божхона органи томонидан белгиланган тартибда тўлдирилган ва муҳри билан тасдиқланган АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "reexportation" ваучерлари нусхасини тақдим этади.

Назорат божхона органи АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларнинг қайта олиб чиқилиганлиги (реэкспорт) далиллари сифатида бошқа ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида "вақтинча олиб кириш" божхона режимининг амал қилиш муддати тугаган ҳолатларда, назорат божхона органи бу ҳақда Савдо-саноат палатасига хабар беради.


33. Мазкур Низомнинг 32-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг амал қилиш муддати белгиланган муддатгача божхона органларига тақдим этилмаган тақдирда, АТА карнети эгалари ва Савдо-саноат палатаси мазкур Низомнинг 30-бандида кўрсатилган миқдорларда божхона тўловларини тўлаши шарт.


34. Агар Савдо-саноат палатаси ёки АТА карнетининг эгаси ёки бошқа манфаатдор шахс божхона органларига авария ёки енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолати туфайли товарларнинг тўлиқ йўқ қилиниши ёки йўқотилиши тўғрисида қониқарли далилларни тақдим этса ва АТА карнетининг амал қилиш муддати тугаган кундан бошлаб бир йил ўтган бўлса, талабнома Савдо-саноат палатасига тақдим этилмайди.



6-БОБ. КОНВЕНЦИЯ ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛГАН

ТАҚДИРДА АТА КАРНЕТИНИ ҚЎЛЛАГАН

ҲОЛДА ОЛИБ КИРИЛГАН ТОВАРЛАР БЎЙИЧА

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ УНДИРИШ


35. Конвенция талаблари, шунингдек, "вақтинча олиб кириш" божхона режимлари шартлари бузилган тақдирда, божхона тўловларини ҳисоблаш назорат божхона органи томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:

a) ATA карнетини қўллаб расмийлаштирилган товарлар Ўзбекистон Республикасидан ATA карнетида кўрсатилган муддатда амалда олиб чиқилмаган бўлса, божхона тўловлари суммаси ушбу товарлар "эркин муомалага чиқариш (импорт)" режимига жойлаштирилганда тўланиши лозим бўлган суммалар миқдорида ҳисобланади.

Бунда Божхона кодексининг 45-бобига мувофиқ божхона органи АТА карнетини қабул қилинган кунда амал қиладиган бож тўловлари ставкалари, шунингдек чет эл валютасининг курслари қўлланилади;

б) товарлар вақтинча олиб кириш муддати якунланганидан сўнг олиб чиқилганда, божхона тўловлари Божхона кодексининг 11-бобига мувофиқ вақтинча олиб кириш муддати тугаган кундан товарлар амалда олиб чиқилган кунгача бўлган вақт учун ҳисобланади;

в) ATA карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни мақсадсиз фойдаланган, аммо улар белгиланган муддатда олиб чиқилган тақдирда, Божхона кодексининг 11-бобига мувофиқ улар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари ушбу товарларни уларнинг мақсади бўйича фойдаланиш талабини бузган ҳолда муомалага чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади, агар ушбу кун белгиланмаган бўлса АТА карнетининг назорат божхона органи қабул қилган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади.


36. Мазкур Низомнинг 35-бандида кўрсатилган "вақтинча олиб кириш" божхона режимининг шартлари бузилган тақдирда, божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари ундирилади.


37. Конвенция талаблари ва "вақтинча олиб кириш" божхона режими шартлари бузилган тақдирда божхона органи томонидан АТА карнети эгаси ва Савдо-саноат палатасига бу ҳақда талабнома юборади.

Талабномада қоидабузарликнинг моҳияти баён қилинади, бузилиш фактини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, шу жумладан, божхона органи томонидан расмийлаштирилган АТА карнетининг назорат варақаси нусхаси, шунингдек, божхона тўловлари ва божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари миқдорини ҳисоби кўрсатилади.


38. Мазкур Низомнинг 35-бандида кўрсатилган "вақтинча олиб кириш" божхона режимининг шартлари бузилган тақдирда, божхона органи АТА карнети эгасидан божхона тўловлари ва йиғимларини мажбурий ундириш бўйича зарур чораларни кўради.

Божхона органи томонидан АТА карнети эгасидан божхона тўловлари ва йиғимлари қисман ундирилган бўлса, у ҳолда қолган қисмини ундириш бўйича Савдо-саноат палатасига маълум қилади.

Божхона органи томонидан АТА карнети эгасидан божхона тўловлари ва йиғимлари тўлиқ ундирилган бўлса, у ҳолда Савдо-саноат палатасига талабнома қўйилмайди ёки юборилган талабнома қайтариб олинади.


39. Савдо-саноат палатаси талабнома олинган кундан бошлаб, олти ой ичида қайта олиб чиқиш тўғрисида далиллар ёки АТА карнетини тегишли равишда расмийлаштирилганлигини тақдим этса, божхона органи далиллар олинган кундан бошлаб 15 кун ичида уларни кўриб чиқади ва талабномани тўлиқ (қисман) қайтариб олиш ёки уларни рад этиш тўғрисида қарорини қабул қилади. Талабномани тўлиқ (қисман) қайтариб олиш ёки уларни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, божхона органи Савдо-саноат палатасини ушбу қарорни қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.


40. Савдо-саноат палатасидан талабнома олинган кундан бошлаб олти ой ичида ҳеч қандай тушунтириш олинмаса ёки улар божхона органи томонидан рад этилган бўлса, Савдо-саноат палатаси дарҳол божхона органининг ҳисоб рақамига талабномада кўрсатилган божхона расмийлаштируви учун божхона тўловлари ва божхона йиғимлари суммасини ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган миқдорларда ўтказиши шарт.


41. Талабномада кўрсатилган божхона тўловлар ва йиғимлари тўланган кундан бошлаб уч ой мобайнида Савдо-саноат палатаси товарларнинг қайта олиб чиқилиши (реэкспорт) тўғрисида далиллар тақдим қилиши мумкин.

Ҳудудий божхона бошқармаси товарларни қайтариб олиб чиқиш (реэкспорт) далиллари олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмай уларни кўриб чиқади ва Савдо-саноат палатасига далилларни тўлиқ (қисман) қабул қилинганлиги ёки улар рад этилганлиги (сабабларини кўрсатган ҳолда) ҳақида хабар беради. Товарларнинг олиб чиқилганлиги (реэкспорт) далиллари мавжуд бўлган ва Конвенция талаблари бузилмаган тақдирда, Савдо-саноат палатаси томонидан тўланган суммалар Божхона кодексининг 49-бобига мувофиқ қайтарилади.


42. Тўланиши лозим бўлган суммалар божхона органларининг ҳисоб рақамига ўтказилмаса, олти ойлик муддат ўтгандан сўнг божхона органи ушбу суммаларни Савдо-саноат палатасидан ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.


43. "Вақтинча олиб кириш" божхона режимини Божхона кодексига мувофиқ бошқа божхона режимига ўзгартиришда ва ушбу божхона режимининг шартлари Ўзбекистон Республикасидан товарларни олиб чиқишни назарда тутмайдиган бўлса, божхона органи АТА карнетининг оқ рангдаги йиртиб олинадиган "importation" ваучерига белги қўяди ва шу пайтдан бошлаб Савдо-саноат палатаси мажбуриятлардан озод қилинади, шунингдек, АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" корешогида божхона декларациясининг рақами кўрсатилади.



7-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН

ВАҚТИНЧА ОЛИБ ЧИҚИШ УЧУН АТА

КАРНЕТИДАН ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА

ТОВАРЛАРНИ ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


44. Конвенция талаблари тадбиқ қилинадиган товарлар "вақтинча олиб чиқиш" божхона режимига жойлаштирилганда, уларни декларациялаш Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этилган АТА карнети декларантнинг танловига кўра товарларга декларация сифатида фойдаланилиши мумкин.

Божхона органлари Божхона кодексида белгиланган тартибда АТА карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб чиқилаётган товарларга нисбатан божхона назоратини амалга оширади.

Божхона кўриги далолатномасини расмийлаштиришда товарларнинг тавсифи сифатида товарларнинг умумий рўйхатидан фойдаланишга рухсат этилади.


45. АТА карнети божхона органига тақдим этилади ва уни берган кафолатловчи уюшма томонидан тўлдирилган ва расмийлаштирилган тақдирда қабул қилинади.

Бунда, АТА карнетининг муқовасида уни берган кафолатловчи уюшма АТА карнети қабул қилиниши мумкин бўлган мамлакатларни ва ушбу мамлакатлар ёки божхона ҳудудларининг кафолатли бирлашмаларининг номлари кўрсатилиши керак.

Божхона органига АТА карнети тақдим этилганда, унинг эгаси (вакили) томонидан АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" йиртиб олинадиган ваучери тўлдирилади.


46. АТА карнетнинг амал қилиш муддати АТА карнетини тақдим этувчи кафолатловчи уюшма томонидан берилган санадан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

АТА карнетидан фойдаланиб ҳаракатланаётган товарларни вақтинча олиб чиқиш муддати Конвенцияда белгиланган талабларга мувофиқ белгиланади.


47. Божхона органи АТА карнетини қабул қилганда унинг тўлдирилганлигини текширади.

Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:

АТА карнетининг амал қилиш муддати;

товарларнинг умумий рўйхати ва қўшимча варақаларни тегишли равишда тўлдириш ва расмийлаштириш;

сариқ рангдаги ATA карнетининг йиртиб олинадиган ваучерини тўлдириш (унда келтирилган маълумотлар АТА карнетининг муқоваси олд ва орқа томонларида кўрсатилган ва юк кузатув ва транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мос келиши керак).

Барча талаблар бажарилган тақдирда АТА карнетини расмийлаштириш учун божхона органининг мансабдор шахси бундай АTA карнетини рўйхатдан ўтказиш учун қабул қилади.

Товарларни чиқаришга қарор қилинганда, ATA карнети вақтинча олиб чиқиш руйхатидан ўтказишнинг электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилади.

Бунда божхона органининг мансабдор шахси мазкур Низом иловасининг 4-бандида кўрсатилган маълумотларни АТА карнети муқовасининг олдинги чап томонининг пастки қисмига АТА карнетнинг сариқ рангдаги "exportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерига киритади.


48. АТА карнетнинг сариқ рангдаги "exportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучери тўлдирилганидан сўнг, божхона органининг мансабдор шахси:

АТА карнетининг сариқ рангдаги йиртиб олинадиган ваучерни бошқа бирлаштирилган варақларидан ажратади;

расмийлаштирилган АТА карнетини эгасига (вакилига) қайтаради.


49. ATA карнетининг расмийлаштирилган сариқ рангдаги йиртиб олинадиган ваучерлари АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар нусхаси билан бирга назорат божхона органида қолади


50. Назорат божхона органи товарларни "вақтинча олиб чиқиш" божхона режими шартларига риоя этилишини олиб қолинган АТА карнетининг расмийлаштирилган йиртиб олинадиган ваучерлари ҳамда АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси асосида божхона назоратини амалга оширади.


51. Божхона органи томонидан ATA карнети қабул қилиб олингандан сўнг унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.



8-БОБ. ИЛГАРИ АТА КАРНЕТИНИ ҚЎЛЛАГАН

ҲОЛДА ВАҚТИНЧА ОЛИБ ЧИҚИЛГАН ТОВАРЛАРНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ҚАЙТАРИБ

(РЕИМПОРТ) ОЛИБ КИРИШ


52. Ўзбекистон Республикасидан илгари вақтинча олиб чиқилган товарларни "реимпорт" божхона режими остида АТА карнетидан фойдаланган ҳолда жойлаштиришда уларнинг божхонада декларацияланиши АТА карнети товарлари учун декларация сифатида қўлланиши мумкин.


53. Божхона органи АТА карнетини расмийлаштиришда унинг сариқ рангдаги "reimportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерини мазкур Низом иловасининг 5-бандига мувофиқ тартибда тўлдирилади.


54. Божхона органлари Божхона кодексига мувофиқ АТА карнети асосида Ўзбекистон Республикасига қайта олиб кириладиган (реимпорт) товарларга нисбатан божхона назорати шаклларидан фойдаланади.

Божхона кўриги далолатномаларини тузишда товар тавсифи сифатида товарларнинг умумий рўйхатларидан фойдаланишга йўл қўйилади.


55. АТА карнетининг корешоги ва йиртиб олинадиган ваучери тўлдирилгандан сўнг, божхона органининг мансабдор шахси:

йиртиб олинадиган ваучерни "реимпорт" божхона режими остида товарларни жойлаштиришда АТА карнетининг сариқ рангдаги "reimportation" ваучерини бирлаштирилган АТА карнети варақларидан ажратади;

электрон маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритади;

расмийлаштирилган АТА карнетининг эгасига (вакилига) қайтаради.


56. АТА карнетининг расмийлаштирилган йиртиб олинадиган ваучерлари АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати ва унинг қўшимча варақларининг (мавжуд бўлганда) нусхаси ҳамда илова қилинадиган ҳужжатлар нусхаси билан бирга назорат божхона органида қолади


57. Товарлар "реимпорт" божхона режими остига ушбу товарларни "вақтинчалик олиб чиқиш" божхона режими остида жойлаштирган божхона органидан бошқа божхона органида жойлаштирилган бўлса, ушбу божхона органи АТА карнетининг сариқ рангдаги "reimportation" йиртиб олинадиган ваучери нусхаси ва товарлар умумий рўйхатининг нусхаси билан уч кун ичида товарларни "вақтинчалик олиб чиқиш" божхона режими остида АТА карнетини қўллаган ҳолда жойлаштирган божхона органига хабарнома (хат) юборади.



9-БОБ. АТА КАРНЕТИНИ ҚЎЛЛАГАН ҲОЛДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН ВАҚТИНЧА

ОЛИБ ЧИҚИЛГАН ТОВАРЛАРНИ ВАҚТИНЧАЛИК

ОЛИБ ЧИҚИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


58. АТА карнети эгасининг (вакилининг) аризасига асосан товарларни вақтинчалик олиб чиқиш учун белгиланган муддат АТА карнетининг эгаси (вакили) мурожаат қилган ҳудудий божхона бошқармаси қарори асосан ATA карнетининг амал қилиш муддати мобайнида узайтирилади.


59. Товарларни вақтинча олиб чиқиш учун белгиланган муддатни узайтиришда ҳудудий божхона бошқармасининг мансабдор шахси томонидан мазкур Низом иловасининг 6-бандида белгиланган тартибда ATA карнетининг сариқ рангдаги "exportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерлари тўлдирилади ва электрон маълумотлар базасига ATA карнетининг маълумотлари бўйича узайтириш муддати кўрсатилган ҳолда тегишли ёзув киритилади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


60. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


61. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Божхона органи томонидан АТА карнетининг

корешоклари ва йиртиб олинадиган ваучерларини

тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби


1. АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" корешок ва йиртиб олинадиган ваучерларини тўлдириш ва расмийлаштириш:


а) йиртиб олинадиган ваучерда:

"Н" графасининг "b" кичик бандида товарларни Ўзбекистон Республикасидан қайтариб олиб чиқиш вақтини ҳисобга олмаган ҳолда улардан АТА карнетини қўллаган ҳолда мақсадли фойдаланиш тугайдиган муддат санаси қўйилади ва у қуйидагича шакллантирилади:

GGGG/MM/DD, бунда

GGGG - йил;

ММ - ой;

DD - кун.

Ушбу сана АТА карнети муқовасининг олд томонидаги кафолатловчи уюшма томонидан қўйилган ("G" графанинг "с" кичик банди "Valid until/Valable jusqau") АТА карнетининг амал қилиш муддатидан кўп бўлиши мумкин эмас;

"Н" графасининг "с" кичик бандида божхона юк декларациясидаги рўйхатга олиш рақами каби шакллантириладиган божхона органида рўйхатга олиш рақами қўйилади;

"Н" графасининг "d" кичик бандида товарларга нисбатан амалга оширилган божхона операциялари тўғрисида назорат божхона органининг алоҳида қуйидаги белгилари қўйилади:

божхона кўриги ўтказилганлиги;

қўлланилган идентификация воситалари, шу жумладан, қўйилган божхона пломбалари, уларнинг рақамлари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади. Агар божхона органи томонидан идентификация воситалари қўлланилган бўлса, ушбу йиртиб олинадиган ваучерга тегишли бўлган товарларнинг умумий рўйхатининг 7-устунига ушбу товарлар тўғрисида маълумотлар киритилади;

"Н" графасининг пастки қисмига "At" сўзидан сўнг, назорат божхона органининг тўлиқ номи ва коди қўйилади ҳамда декларациялашнинг натижалари тўғрисидаги маълумот киритилади ("Юк чиқаришга рухсат берилди" штампи, товарлар чиқарилган сана, шунингдек, "signature and stamp" сўзларининг устига шахсий рақамли муҳр ва имзо қўйилади).


б) корешокда:

1-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "F" графаси "а" кичик бандидан божхона назорати амалга оширилган товарларнинг тартиб рақамлари қўйилади;

2-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "b" кичик бандида кўрсатилган сана қўйилади;

3-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "с" кичик бандидан божхона органида рўйхатга олиш рақами қўйилади;

4-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "d" кичик бандидан алоҳида белгилар қўйилади;

5-графада назорат божхона органининг тўлиқ номи ва коди қўйилади;

6-графада назорат божхона органининг таркибий тузилмаси жойлашган аҳоли пункти номи кўрсатилади;

7-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси қуйи қисмидан йиртиб олинадиган ваучернинг расмийлаштирув санаси қўйилади;

8-графада назорат божхона органининг мансабдор шахси штампи, шахсий муҳри, имзо, шунингдек, йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси қуйи қисмидан бошқа маълумотлар қўйилади.


2. АТА карнетининг оқ рангдаги "reexportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерининг назорат божхона органининг масъул мансабдор шахси томонидан тўлдирилиши ва расмийлаштирилиши:


а) йиртиб олинадиган ваучерда:

"Н" графасининг "а" кичик бандида йиртиб олинадиган ваучернинг "F" графаси "а" кичик бандидан кўрсатилиб, олиб кирилган товарларнинг божхона назоратидан ўтказилганлиги тўғрисида "текширилди" ёзувини қўлда ёзган ҳолда белги қўйилади;

"Н" графасининг "b" кичик бандида товарларга нисбатан амалга оширилган божхона операцияли кўрсатилади, агар улар амалга оширилса, бироқ олиб чиқилмасдан Ўзбекистон Республикасида бошқа божхона режимига жойлаштирилса (агар ушбу товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида белгиланган тартибда божхона операцияларини амалга ошириш лозим бўлса). Бундай ҳолда АТА карнетининг оқ рангдаги "reexportation" йиртиб олинадиган ваучерининг "F" графаси "b" кичик бандида кўрсатилган товарларнинг бошқа божхона режимига жойлаштирилган божхона декларациялари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади;

"Н" графасининг "с" кичик бандида божхона органига тақдим қилиш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш (реэкспорт) имкони йўқ бўлган товарларга нисбатан қўлланилган ҳаракатлар кўрсатилади. Мазкур кичик бандда қуйидаги каби ҳужжатлар (шу жумладан, божхона декларациялари) кўрсатилади:

ушбу товарларнинг аввал қайтариб олиб чиқилиши амалга оширилган АТА карнетининг оқ рангдаги "reexportation" йиртиб олинадиган ваучерлари;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ товарлар бошқа божхона режимларига жойлаштирилган божхона декларациялари;

"Н" графасининг "d" кичик бандида божхона юк декларациясидаги рўйхатга олиш рақами каби шакллантириладиган, божхонада рўйхатга олиш рақами қўйилади;

"Н" графасининг "е" кичик банди товарларни қайтариб олиб чиқишни расмийлаштириш ва амалда олиб чиқиш назорат божхона органидан бошқа божхона органи томонидан амалга оширилганда тўлдирилади. Мазкур кичик бандда товарлар олиб чиқиладиган божхона органининг коди ва тўлиқ номи қўйилади;

"Н" графанинг "f" кичик банди АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" йиртиб олинадиган ваучерининг "Н" графаси "d" кичик банди учун белгиланган тартибда тўлдирилади;

"Н" графасининг пастки қисмига "At" сўзидан сўнг, божхона органининг коди, тўлиқ номи қўйилади, божхона операциялари ва божхона назорати натижалари тўғрисидаги маълумот киритилади ("Юк чиқаришга рухсат берилди" штампи, товарлар шартли чиқарилган сана, шунингдек, "signature and stamp" сўзларининг устига шахсий муҳр ва имзо қўйилади).


б) корешокда:

1-графада АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" ваучерининг божхона рўйхат рақамларини кўрсатган ҳолда ушбу ваучерлар бўйича вақтинча олиб кирилган ва йиртиб олинадиган ваучернинг "F" графаси "а" кичик бандидан қайта олиб чиқишга (реэкспорт) рухсат берилган товарларга нисбатан товарларнинг умумий рўйхатидан товарларнинг тартиб рақамлари қўйилади;

2-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "b" кичик бандидан маълумотлар кўрсатилади;

3-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "с" кичик бандидан маълумотлар кўрсатилади;

4-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "d" кичик бандидан божхона органи томонидан рўйхатга олиш рақами қўйилади;

5, 6, 7 ва 8-графалар АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" корешогининг мос графаларини тўлдириш талабларига мувофиқ тўлдирилади.


3. Товарларни вақтинча олиб кириш учун белгиланган муддатни узайтиришда АТА карнетининг оқ рангдаги "importation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерларини тўлдириш ва расмийлаштириш:


а) ATA карнетининг оқ рангдаги "importation" йиртиб олинадиган ваучерининг "Н" графаси "b" кичик бандига "вақтинча олиб кириш муддати ....гача узайтирилди" ёзувини қўл билан ёзиб, узайтирилган муддатни кўрсатган ҳолда вақтинча олиб кириш муддатининг узайтирилганлиги тўғрисида белги, шахсий муҳр ва имзо қўйилади;


б) ATA карнетининг оқ рангдаги "importation" корешоги 2-бандига "вақтинча олиб кириш муддати ....гача узайтирилди" ёзувини қўл билан ёзиб, узайтирилган муддатни кўрсатган ҳолда вақтинча олиб кириш муддатининг узайтирилганлиги тўғрисида белги, шахсий муҳр ва имзо қўйилади.


4. Божхона органининг мансабдор шахси томонидан АТА карнетининг муқоваси юз томонидаги "Н" графанинг пастки чап катакчаси, сариқ рангдаги "exportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерларнинг тўлдирилиши ва расмийлаштирилиши:


а) АТА карнетининг муқоваси юз томонидаги "Н" графасининг пастки чап катакчасида:

"а" кичик бандида АТА карнетидаги товарларнинг умумий рўйхати 7 колонкасидаги идентификация воситалари қўйилган товарлар умумий рўйхатидан товарлар ва қўшимча варақлар рақамлари кўрсатилади;

"b" кичик бандида божхона кўриги ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Божхона кўриги ўтказилганда "yes/да"нинг рўпарасига тегишли белги қўйилади, "no/нет" чизиб ўчирилади;

"с" кичик бандида божхона юк декларациясидаги рўйхатга олиш рақами каби шакллантириладиган, божхонада рўйхатга олиш рақами қўйилади;

"d" кичик бандида товарларга нисбатан божхона операциялари амалга оширилаётган божхона органининг коди ва тўлиқ номи;

қуйидаги шаклда шакллантириладиган АТА карнетининг расмийлаштирув санаси:

GGGG/MM/DD, бунда:

GGGG - йил;

ММ - ой;

DD - кун;

шахсий рақамли муҳр ва имзо;


б) АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерда:

йиртиб олинадиган ваучерда:

"Н" графанинг "а" кичик бандида товарларнинг умумий рўйхатидан ва қўшимча варақларнинг "F" графаси "а" кичик бандидан олиб чиқилаётган товарларнинг тартиб рақамлари киритилади;

"Н" графанинг "b" кичик бандида агар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ товарларни олиб чиқишда қайтариб олиб кириш шарт бўлса, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилган ва "реимпорт" божхона режимига жойлаштирилаётган товарларнинг қайтариб олиб кириш санаси қўйилади ва у қуйидаги тартибда шакллантирилади:

GGGG/MM/DD, бунда:

GGGG - йил;

ММ - ой;

DD - кун;

"Н" графанинг "с" кичик банди тўлдирилмайди;

"Н" графанинг "d" кичик бандида товарларга нисабтан амалга оширилган божхона операциялари ва божхона назоратидаги ҳаракатлар тўғрисида божхона органининг махсус белгилари, хусусан:

божхона кўриги ўтказилганлиги,

қўлланилган қиёслаш воситалари, шу жумладан, қўйилган божхона пломбалари ва уларнинг рақамлари ҳамда бошқа маълумотлар кўрсатилади. Агар божхона органлари томонидан идентификация воситалари қўлланилган бўлса, улар тўғрисидаги маълумот ушбу йиртиб олинадиган ваучерга тегишли товарларнинг умумий рўйхати 7-устунининг тегишли жойида кўрсатилади;

"Н" графасининг пастки қисмига "At" сўзидан сўнг, товарлар "вақтинча олиб чиқиш" божхона режимига жойлаштирилган божхона органининг коди ва тўлиқ номи кўрсатилиб, божхона операцияларини амалга ошириш ва божхона назорати натижалари тўғрисидаги маълумотлар киритилади ("Юк чиқаришга рухсат берилди" штампи, товарлар шартли чиқарилган сана, шунингдек, "signature and stamp" сўзларининг устига шахсий рақамли муҳр ва имзо қўйилади);

корешокда:

1-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "а" кичик бандидан олиб чиқилаётган товарларнинг тартиб рақамлари қўйилади;

2-графада белгиланган катакда йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "b" кичик бандида кўрсатилган сана қўйилади;

3-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "d" кичик бандидан махсус белгилар қўйилади;

4-графада товарларни шартли чиқаришни амалга оширган божхона органининг коди ва тўлиқ номи кўрсатилади;

5-графада божхона органининг таркибий тузилмаси жойлашган аҳоли пункти номи кўрсатилади;

6-графада "Н" йиртиб олинадиган ваучернинг пастки қисмидан товарларнинг шартли чиқариш санаси қўйилади;

7-графада тегишли штамп ва шахсий рақамли муҳр, имзо ва йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси "d" кичик банди пастки қисмидан бошқа маълумотлар қўйилади.


5. Божхона органининг мансабдор шахси томонидан АТА карнетининг сариқ рангдаги "reimportation" корешоги ва йиртиб олинадиган ваучерларининг тўлдирилиши ва расмийлаштирилиши:


а) йиртиб олинадиган варақ ваучерда:

"Н" графасининг "а" кичик банди агар товарлар назорат божхона органидан бошқа божхона органида "вақтинча олиб чиқиш" божхона режимига жойлаштирилган бўлса тўлдирилади. Мазкур кичик бандда АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" 4-графасида божхона органининг коди ва тўлиқ номи қўйилади;

"Н" графанинг "с" кичик банди АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" йиртиб олинадиган ваучери "Н" графаси "d" кичик банди талаблари бўйича тўлдирилади. Агар товарлар бир нечта туркумлар билан қайтариб олиб кирилаётган бўлса, товарларнинг аввалги қайта олиб кирилганлигини (реимпорт) тасдиқловчи маълумотлар ва "вақтинча олиб чиқиш" божхона режимига жойлаштирилган товарларнинг бошқа божхона режимига жойлаштирилганлиги (бундай товарларга нисбатан божхона операциялари Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ тартибда амалга оширилади) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бундай ҳолда кичик бандда ушбу товарлар аввал реимпорт қилинган сариқ рангдаги "reimportation" йиртиб олинадиган ваучерлар тўғрисида. АТА карнетининг сариқ рангдаги йиртиб олинадиган ваучерининг "F" графаси "с" кичик бандида кўрсатилган, товарлар бошқа божхона режимларига расмийлаштирилган божхона юк декларациялари тўғрисида маълумотлар кўрсатилади;

"Н" графасининг пастки қисмига "At" сўзидан сўнг, товарларни "қайта олиб кириш" (реимпорт) божхона режимига жойлаштирган божхона органининг коди ва тўлиқ номи кўрсатилиб, божхона операцияларини амалга ошириш ва божхона назорати натижалари тўғрисидаги маълумотлар киритилади ("Юк чиқаришга рухсат берилди" штампи, товарлар чиқарилган сана, шунингдек, "signature and stamp" сўзларининг устига шахсий рақамли муҳр ва имзо қўйилади).


б) корешокда:

1-графада товарларнинг умумий рўйхатидан АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" ваучерлари бўйича вақтинча олиб чиқилган ва йиртиб олинадиган варақ ваучернинг "F" графаси "а" кичик бандидан қайта олиб киришга (реимпорт) рухсат берилган товарларнинг тартиб рақамлари ушбу ваучерларнинг божхонада рўйхатга олиш рақамлари кўрсатилган ҳолда қўйилади;

2-графада АТА карнетининг "exportation" йиртиб олинадиган варағи "Н" графаси "с" кичик бандидан маълумотлар кўрсатилади;

3-графада АТА карнетини қўллаган ҳолда қайта олиб кирилаётган (реимпорт) товарларни чиқаришни амалга оширган божхона органининг коди ва тўлиқ номи кўрстаилади;

4-графада божхона органининг таркибий тузилмаси жойлашган аҳоли пунктининг номи, товарларни расмийлаштираётган ваколатли мансабдор шахс кўрсатилади;

5-графада йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси пастки қисмидан АТА карнетининг сариқ рангдаги йиртиб олинадиган ваучер расмийлаштирилган ва товарлар чиқариб юборилган сана қўйилади;

6-графада тегишли штамплар, шахсий муҳр, имзо, шунингдек, йиртиб олинадиган ваучернинг "Н" графаси пастки қисмидан бошқа маълумотлар қўрсатилади.


6. Товарларни вақтинча олиб чиқиш учун белгиланган муддатни узайтиришда АТА карнетининг сариқ рангдаги "exportation" йиртиб олинадиган ваучерларини тўлдириш ва расмийлаштириш:


а) АТА карнетининг сариқ рангдаги йиртиб олинадиган "exportation" ваучери "Н" графасининг "b" бандига узайтириш санасини кўрсатган қўлда ёзилган ёзув билан белги қўяди, шунингдек, шахсий муҳр ва имзо қўйилади;


б) АТА карнетининг "exportation" корешоги 2-графасига вақтинчалик олиб чиқиш муддати узайтирилгани ҳақида қўлда ёзилган ёзув билан ҳамда шахсий муҳр ва имзо қўйилади;


в) АТА карнетлари бўйича вақтинчалик олиб чиқиш ва қайта олиб киришни рўйхатга олиш электрон маълумотлар базасида ушбу АТА карнетининг "вақтинчалик олиб чиқишга рухсат муддати" графасига узайтириш санаси кўрсатилган ҳолда "муддат ...гача узайтирилган" деб қўшимча қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь