язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 27.07.2020 й. ПҚ-4790-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 27 июлдаги

ПҚ-4790-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва

жамоат саломатлиги хизмати тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (кейинги ўринларда - Санитария-эпидемиология хизмати) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.


2. Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Санитария-эпидемиология хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари, шунингдек, унинг таркибига кирадиган тегишли идоравий мансуб ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Молия вазирлигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан тижорат банкларида очилган хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади.


5. Санитария-эпидемиология хизматининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мулкчилик шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Санитария-эпидемиология хизмати ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади, шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиология соҳасидаги халқаро ва хорижий ташкилотларда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади.


7. Санитария-эпидемиология хизматининг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати;

қисқартирилган номи - Санэпидхизмат;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Служба санитарно-эпидемиологического благополучия и общественного здоровья Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Санэпидслужба;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Sanitary-epidemiological Welfare and Public Health Service of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Sanepidservice;


8. Санитария-эпидемиология хизмати жойлашган манзил (почта манзили): Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 46-уй, 100097.



2-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ

ХИЗМАТИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА

ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Санитария-эпидемиология хизматининг вазифалари ҳисобланади:

жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги соҳасида давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (СанҚваН) риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш ва санитария-эпидемиология соҳасида қонун бузилишлар бўйича маъмурий жавобгарлик чораларини белгиланган тартибда қўллаш;

озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилиш, озиқ-овқат хомашёси ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи объектлар фаолияти, шунингдек, зарур халқаро амалиётларни қўллаш тажрибасига асосланган стандартлар талабларига риоя қилиш устидан назорат қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этиш;

соҳага оид давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш, маҳсулот, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларга тааллуқлилиги бўйича махсус экспертизалар тайинлаш ва ўтказиш;

юқумли бўлмаган, юқумли, паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва санитария-гигиеник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

санитария-гигиена, радиацион гигиена, физик омиллар, бактериология, вирусология, паразитология ва ўта хавфли касалликлар ташхиси бўйича лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш;

инсон саломатлигига таъсир этувчи хавфли омилларни бошқариш, тизимли мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилишнинг янги шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш;

юқумли ва паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари ўтказилишини ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлигини таъминлаш соҳасида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш жараёнида хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва илмий асосланган ёндашувлар асосида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатни амалга оширишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўлатнинг табиий ўчоқлари эпизоотологик мониторингини олиб боришни, ўлат ва ўта хавфли инфекциялар бўйича эпидемиологик назорат ҳамда профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

ОИВ-инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, ОИВ ва ҳамроҳ касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ягона тизимнинг амал қилишини таъминлаш, ОИВ юқтирган шахсларга тиббий ёрдам ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил қилиш;

жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси, санитария, гигиена, эпидемиология, паразитология, микробиология, вирусологиянинг долзарб масалалари бўйича истиқболли йўналишларни белгилаш ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб борилишини мувофиқлаштириш;

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларни санитария-гигиеник ўқитиш ва тарбиялашни ташкил этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш;

турли соҳа ходимларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича тўлов-контракт асосида малакасини ошириш;

давлат ва идоравий тиббиёт статистикасини юритиш, тўплаш, таҳлил қилинишига услубий раҳбарлик қилиш, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни аниқлаш мақсадида зарур текширишлар ва сўровлар ўтказиш;

тармоқнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш.


10. Санитария-эпидемиология хизмати ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

санитария-эпидемиология соҳасида тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

санитария-эпидемиология масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва уларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

инсон саломатлиги учун хавф-хатарлар омилларини бошқариш, мониторинг олиб бориш ва таҳлил қилишнинг янги шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш фаолиятини амалга оширади;

Санитария-эпидемиология хизматининг таркибий ва ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан қабул қилинган қарорларга, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатларига (ҳаракатсизликларига) нисбатан шикоятларни кўриб чиқади;


б) аҳолининг санитария-эпидемиология соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлаш соҳасида:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан бирга республика ҳудудида санитария-эпидемиология осойишталикни таъминлаш, шу жумладан карантин, ўта хавфли ва бошқа инфекцияларни, аҳоли учун ўта хавфли бўлган товар ва юклар Ўзбекистон Республикаси чегарасидаги ўтказиш пунктларидан олиб кирилиши, олиб ўтилиши ва тарқатилишининг олдини олиш борасидаги комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этади;

ветеринария хизмати билан бирга касаллик келтириб чиқарувчи манбаларни йўқ қилишга, антропоноз ва зооантропоноз инфекцияли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган фаолиятни амалга оширади;


в) юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (СанҚваН) риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш ва санитария-эпидемиология соҳасида қонун бузилишлар бўйича маъмурий жавобгарлик чораларини белгиланган тартибда қўллаш соҳасида:

белгиланган тартибда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан, санитария-эпидемиология соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан белгиланган тартибда давлат санитария-эпидемиология назоратини (кейинги ўринларда - назорат) лаборатория ва инструментал тадқиқот усулларини қўллаган ҳолда амалга оширади;

озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, шу жумладан умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказади;

истеъмолчиларни водопровод суви билан таъминлайдиган, оқова сувларни чиқариб ташлайдиган хўжалик юритувчи субъектларда текширувлар ўтказади;

қонун ҳужжатларига кўра ходимлари тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган, шу жумладан сартарошхона ва косметология хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказади;

аҳолига диагностика, даволаш-профилактика хизматларни кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказади;

аҳолига тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказади;

назоратдаги объектлар ишчи-ходимларини мажбурий, дастлабки ва даврий тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби ва даврийлигини ҳамда тиббий ташкилотлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилишининг тўлиқлигини назорат қилади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан умумий овқатланиш объектларида рационал ва хавфсиз овқатланишини ташкил этилиши устидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларнинг бажарилишини назорат қилади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан ионлаштирувчи ва ионлаштирмайдиган нурланиш, шовқин, тебраниш ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган бошқа физикавий омиллар билан ишлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилади;

назорат объектларида ўткир ва сурункали касб касалликларини келиб чиқиши ҳолатлари устидан назорат қилади;

юқумли ва паразитар касалликлар манбаи бўлган, шунингдек, тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтмаган шахсларни вақтинча ишдан четлаштириш тўғрисида иш берувчиларга тақдимнома киритади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария-эпидемиология соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши тўғрисидаги маълумотларни Санитария-эпидемиология хизматининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида ёритади;

санитария-эпидемиология соҳасида халқаро ташкилотлар ва қўшни мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни таъминлайди;

халқаро ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини такомиллаштиради ва уйғунлаштиради;


г) озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилиш, озиқ-овқат хомашёси ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи объектлар фаолияти, шунингдек, зарур халқаро амалиётларни қўллаш тажрибасига асосланган стандартлар талабларига риоя қилиш устидан назорат қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этиш соҳасида:

озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатни олиб боради, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини самарали мувофиқлаштиради ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлайди;

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига қўйиладиган талабларни, контаминантларни рухсат этилган максимал миқдорини, жумладан пестицидлар, биологик ва кимёвий омиллар, озуқа қўшимчалари ва ветеринария дори воситаларининг қолдиқ миқдорларини белгилайди;

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнида санитария-эпидемиологик ҳолатини ўрганади, озиқ-овқат корхоналарини текшириш ва маҳсулотлар импортини тартибга солиш бўйича хавфларни таснифлаш мезонларини белгилайди ва улар асосида текширади;

озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш тўғрисида хабар бериш тартибини белгилайди ва олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва санитария-гигиеник тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

болаларбоп озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчаларни, янги озиқ-овқат маҳсулотлари, функционал ҳамда ихтисослаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг давлат реестрини юритади;

озиқ-овқат хавфсизлигини тартибга солиш ва уларни амалга ошириш масалалари бўйича тавсиялар ва илмий асосларни ишлаб чиқарувчи илмий эксперт комитетларни ташкил қилади ва уларнинг фаолиятини таъминлайди;

Кодекс Aлиментариус ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини тартибга солувчи бошқа халқаро ташкилотларда белгиланган тартибда қатнашади;


д) юқумли бўлмаган, юқумли, паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва санитария-гигиеник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

ҳудудларни карантин ва ўта хавфли, юқумли ва паразитар касалликларнинг олиб кирилиши, олиб ўтилиши ва тарқалишидан санитария жиҳатидан ҳимоя қилиш бўйича санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва назорат қилади;

аҳолига профилактик эмлашлар ўтказиш сифати ва самарадорлигини, ўз вақтида қамраб олиш жараёнида хавф-хатарни таҳлил қилади ва илмий асосланган ёндашувларни инобатга олган ҳолда юқумли касалликларнинг иммунологик профилактикаси соҳасида чора-тадбирларни амалга оширади;

юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида суриштирув ишларини ташкил этади, санитария-гигиенага оид ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар амалга оширилиши устидан назорат қилади;

санитария-эпидемиологик ҳолатни баҳолаш натижалари бўйича аҳолининг санитария-эпидемиология соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мунтазам равишда бузаётган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда тақдимномалар киритиш бўйича таъсир чораларини қўллайди;

аҳоли яшайдиган ҳудудларни ривожлантириш, ер участкалари ажратиш бўйича лойиҳа материалларини, хўжалик ва саноат мақсадидаги объектларни қурилиш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини кўриб чиқишда ва хулоса беришда иштирок этади;

тадқиқотларни апробация қилиш ҳамда дезинфекциялаш ва стерилизациялашнинг янги замонавий усулларини жорий қилиш учун синов базасини ташкил этади, янги технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш ускуналари, асбоблар ва қурилмаларни санитария-гигиена жиҳатидан экспертизадан ўтказади;

инсон саломатлиги ва атмосфера ҳавосига зарарли физик омиллар орқали таъсир кўрсатувчи объектларнинг рўйхатини ва ҳисобини олиб боради ва назорат қилади;

санитария-эпидемиология соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни ташкиллаштиради;

хавфли юкларни ташишга бўлган талабларга риоя қилган ҳолда биоматериаллар намуналарини республика ичида ва унинг ташқарисида ташиш чора-тадбирларини ташкил этади;


е) юқумли ва паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари ўтказилишини ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш соҳасида:

юқумли ва паразитар касалликлар юзага келишининг олдини олишга ва уларни камайтиришга, улар юқиш йўллари ва омилларига таъсир кўрсатишга ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ бўлган эпидемиологик асоратлар оқибатларини тугатишга қаратилган профилактик ва ўчоқли дезинфекция, дезинсекция, дератизация, эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилишини ташкил этади;


ж) санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлигини таъминлаш соҳасида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш жараёнида хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва илмий асосланган ёндашувлар асосида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатни амалга оширишга кўмаклашиш соҳасида:

аҳолининг хавфсиз овқатланиш концепцияси, халқаро ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган миллий стандартларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

аҳолининг турли гуруҳлари овқатланиши мақомини баҳолайди, овқатланиш сифати билан боғлиқ бўлган аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини ўрганади;

нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва уларнинг тарқалиши даражасини пасайтириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, аҳоли соғлом турмуш тарзининг асослари сифатида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ва тарғиботини, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фаол фойдаланган ҳолда ташкил этади;

таълим ва тиббиёт ташкилотларида овқатланишни ташкил этиш тизимларини тартибга солиш, уюшган болалар жамоаларининг овқатланиш рационини яхшилаш механизмларини такомиллаштиради;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва хориждан етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хомашёсининг сифатини назорат қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этади;


з) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўлатнинг табиий ўчоқлари эпизоотологик мониторингини олиб боришни, ўлат инфекцияси бўйича эпидемиологик назорат ҳамда профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш соҳасида:

ҳудуднинг санитария ҳимояси, ўлат инфекцияси бўйича эпидемик вазият оғирлашувига йўл қўймаслик юзасидан санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар комплексини ишлаб чиқади;

Санитария-эпидемиология хизмати органлари ва ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси аҳолисини карантин ва ўта хавфли касалликлар эпидемияларидан муҳофаза қилиш масалаларида иштирок этувчи бошқа вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлигининг шакллари ва тартибини белгилайди.


и) ОИВ-инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, ОИВ ва ҳамроҳ касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ягона тизимнинг амал қилишини таъминлаш, ОИВ юқтирган шахсларга тиббий ёрдам ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил қилиш соҳасида:

ОИВ инфекцияси профилактикасини амалга ошириш, ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш ва ОИВни юқтириб олганларни махсус даволаш, шунингдек, ташхис қўйиш, даволаш ва илмий мақсадларда фойдаланиладиган тиббий препаратларнинг, биологик суюқликларнинг хавфсиз бўлиши устидан назоратни амалга ошириш;

ОИВ инфекцияси тарқалиши устидан эпидемиологик назоратни амалга ошириш;

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш;

ОИВ мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида аҳолини хавфсиз ва махфий тиббий текширувдан ўтказиш учун шароитлар яратиш;

ОИВни юқтириб олганларнинг умрини узайтириш ва турмуши сифатини оширишга, уларнинг ўлимини камайтиришга доир тадбирларни амалга ошириш;

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;


к) жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси, санитария, гигиена, эпидемиология, паразитология, микробиология, вирусологиянинг долзарб масалалари бўйича истиқболли йўналишларни белгилаш ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб борилишини мувофиқлаштириш соҳасида:

санитария-эпидемиология соҳасида истиқболли йўналишларни белгилайди ва долзарб масалалар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришда иштирок этади;

юқумли, паразитар ва оммавий юқумли бўлмаган, заҳарланиш ва касбий касалликларнинг лаборатория диагностикаси, даволаш ва уларга қарши курашишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади;

санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлашга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар танловларига тақдим қилинган илмий лойиҳаларни кўриб чиқишда иштирок этади;

гигиена ва эпидемиология масалалари бўйича илмий, ўқув ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва жамғармалар, шу жумладан хорижий иштирокчилар билан ҳамкорликни амалга оширади, халқаро илмий форумлар ва анжуманларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;


л) хавф-хатарларни барвақт аниқлашни таъминлаш, баҳолаш ва бартараф этиш мақсадида келиб чиқиши озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлар устидан миллий мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш тизимини жорий этиш соҳасида:

озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ бўлган касалликларни олдини олиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва реализациясини ўрнатилган тартибда назорат қилади;

оммавий овқатдан заҳарланиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган юқумли касалликларни рўйхатга олиш электрон маълумотлар базасини яратади ва юритади, уларни эрта аниқлаш ва хавфларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади;


м) соғлом турмуш тарзини шакллантириш, барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларни санитария-гигиеник ўқитиш ва тарбиялашни ташкил этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш соҳасида:

фуқароларни гигиенага оид ўқитиш ва тарбиялаш борасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни таъминлайди;

фаолияти озиқ-овқат хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сув ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш, аҳолига маиший ва коммунал хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ходимларни, шунингдек, тиббиёт, таълим ташкилотлари ходимларини ишга қўйишдан олдин, тайёрлаш ва қайта тайёрлашда гигиена бўйича таълим берилишини тўлов-контракт асосида ташкил этади;

санитария-эпидемиология соҳасида норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишда, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда, хавфли кимёвий, радиоактив моддалар, биологик воситалар ва материаллар билан боғлиқ ишларни ташкил этади ва тегишлича гигиеник хулоса беради;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолининг санитария бўйича саводхонлигини ошириш бўйича оммавий ахборот воситалари учун материаллар ва махсус дастурлар ишлаб чиқади;


н) давлат ва идоравий тиббиёт статистикасини юритиш, тўплаш, таҳлил қилинишига услубий раҳбарлик қилиш, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни аниқлаш мақсадида зарур текширишлар ва сўровлар ўтказиш соҳасида:

соғлиқни сақлаш тизими ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг таркибига кирувчи тиббиёт ва ёрдамчи муассасалардаги тиббий статистика маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

аҳоли соғлиғининг ҳолатига ва касалликлар тарқалишига таъсир қилувчи тенденциялар ва қонуниятларни аниқлаш;

давлат ва идоравий тиббиёт статистикасини юритиш, тўплаш ва таҳлил қилинишида услубий ёрдам кўрсатиш;


о) тармоқнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш соҳасида:

Санитария-эпидемиология хизмати мутахассисларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга режалаштириш ва тайёрлашда назорат олиб боради;

тегишли ихтисосликдаги илмий-тадқиқот ва таълим ташкилотлари билан бирга Санитария-эпидемиология хизмати мутахассисларини тайёрлаш учун дарсликлар, монографиялар, ўқув тавсиялари ва қўлланмаларини ишлаб чиқади;

Санитария-эпидемиология хизмати таркибий бошқарма ва бўлимлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари лавозимларини тўлдириш учун раҳбар кадрлар захирасини шакллантиради ва тайёрлайди;

Санитария-эпидемиология хизмати санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ

ХИЗМАТИ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Санитария-эпидемиология хизмати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида санитария-эпидемиология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига санитария-эпидемиология соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

санитария-эпидемиология соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

юридик ва жисмоний шахсларга назорат объектидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, аммо олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш;

юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган тиббий-санитария чора-тадбирларини амалга ошириш;

инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалиши ёхуд техноген ёки табиий хусусиятга эга ҳалокат содир бўлиши реал хавфи вужудга келганда мулкчилик шаклидан қатъий назар объектларда текширишлар ўтказиш;

фавқулодда вазиятларда, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келганда, оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилганда (даволаш муассасаси хабари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва бошқа ҳолларда) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш;

бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятига шартнома асосида қўшимча ходимлар жалб қилиш;

озиқ-овқат хомашёси ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш фаолияти устидан инспекцион назорат ўтказиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва мансабдор шахслардан Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар ва идоралар, шунингдек, бошқа ташкилотлар вакилларини чақириш ва жалб этиш;

белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни киритиш;

ўрнатилган тартибда тасдиқланган рўйхат ва тарифларга мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, Санитария-эпидемиология хизмати ваколатига кирувчи масалалар бўйича идоралараро аҳамиятдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Санитария-эпидемиология хизмати ваколатига кирувчи масалалар юзасидан халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифода этиш;

ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга ошириш;

ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган шундай тадбирларда иштирок этиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

санитария-эпидемиология соҳасини ривожлантиришга оид долзарб ва истиқболдаги муаммолар ечимини ишлаб чиқиш мақсадида, жумладан хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳларини тузиш;

санитария-эпидемиология масалалари соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

ўз ваколатига кирадиган масалаларни кўриб чиқишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъати йиғилишларида иштирок этиш;

Санитария-эпидемиология хизмати ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

тасдиқланган штат бирликлари доирасида Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли тузилмаларни ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг уставлари (низомлари)ни тасдиқлаш.

Санитария-эпидемиология хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Санитария-эпидемиология хизмати:

санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;

Санитария-эпидемиология хизмати таркибий тузилмаларининг Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича ишларининг ташкил этилиши;

санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, иш режалари, тадбирлар, йўл хариталари ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг амалга оширилиши бўйича жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ ХИЗМАТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Санитария-эпидемиология хизматининг марказий

аппарати фаолиятини ташкил этиш


13. Санитария-эпидемиология хизматига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи - Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари (кейинги ўринларда - Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи) бошчилик қилади.

Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.


14. Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган тўрт нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.



2-§. Санитария-эпидемиология хизмати раҳбарларининг

функционал мажбуриятлари


15. Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифаларга мувофиқ Санитария-эпидемиология хизмати раҳбарлари қуйидаги функционал мажбуриятларни бажаради:

а) Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этади;

яккабошчилик асосида Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи ўринбосарларининг ва Санитария-эпидемиология хизмати бошқа мансабдор шахсларининг фаолиятнинг айрим йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш бўйича ваколатларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Санитария-эпидемиология хизмати иш юритиш соҳасига дахлдор таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида санитария-эпидемиология соҳаси ва жамоат саломатлигига оид давлат сиёсатига қатъий риоя этилишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин уларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари, унинг таркибий ташкилотлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатмалар беради;

белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ишларини амалга оширади, шунингдек, уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитларни яратади ва Санитария-эпидемиология хизмати кадрлар захирасини шакллантиради;

Санитария-эпидемиология хизмати таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларни ва унинг ходимлари лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ижро этиш муддатларига риоя этилишини таъминлайди;

Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти режалаштирилишини ташкил этади, Санитария-эпидемиология хизмати йиллик иш режаларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади;

б) Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари:

Санитария-эпидемиология хизматига юкланган вазифаларни бажаришда Санитария-эпидемиология хизмати тегишли бошқарма ва бўлимлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширади;

раҳбариятнинг топшириғига биноан кичик санитария-эпидемиология соҳасида устувор вазифаларнинг ва дастурларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Санитария-эпидемиология хизмати ўзига топширилган ва мутасаддилик қилинадиган бўлинмалари устидан бевосита раҳбарликни амалга оширади;

Санитария-эпидемиология хизмати таркибий тузилмалари бошлиқлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи томонидан тасдиқланиши учун белгиланган тартибда киритади;

Санитария-эпидемиология хизмати ўзи мутасаддилик қилаётган бошқармалар ва бўлимлари бошлиқлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги таклифларни киритади;

в) Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи ўринбосари Санитария-эпидемиология хизматининг Махсус жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) фаолиятини ўзига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этади ва унинг фаолияти учун жавоб беради.



3-§. Санитария-эпидемиология хизмати

раҳбарларининг жавобгарлиги


16. Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи:

ушбу низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, Санитария-эпидемиология хизмати ишидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши;

амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар бўйича кутилган натижаларга эришилиши;

Санитария-эпидемиология хизмати ижро интизомига оғишмай риоя этилиши учун жавоб беради.


17. Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича топшириқлар ўз вақтида ва самарали бажарилиши;

бириктирилган йўналишлар бўйича вазифаларини ва дастурларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун жавоб берадилар.



4-§. Санитария-эпидемиология хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий

бошқармалари, идоравий мансуб ташкилотлар,

давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари,

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа

ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


18. Санитария-эпидемиология хизмати ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг идоравий мансуб ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


19. Санитария-эпидемиология хизмати ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



5-§. Санитария-эпидемиология хизматининг

санитария-эпидемиология кенгаши


20. Санитария-эпидемиология соҳасидаги энг муҳим масалалари бўйича муаммоларни илмий таҳлил қилиш, тавсияларни кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш учун Санитария-эпидемиология хизматига юқори малакали ходимлар, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг вакиллари, санитария-эпидемиология соҳасидаги етакчи олим ва мутахассислардан иборат махсус илмий кенгаш (кейинги ўринларда - Кенгаш) ташкил этилади.

Кенгаш Санитария-эпидемиология хизмати доимий ишловчи маслаҳат органи ҳисобланади.

Кенгаш низоми ва унинг таркиби Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ ХИЗМАТИ

ФАОЛИЯТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИ ВА

НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


21. Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.


22. Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.



23. Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Санитария-эпидемиология хизмати раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



6-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ,

ХОДИМЛАР МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ, МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ


24. Санитария-эпидемиология хизматини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, шу жумладан марказий аппарат ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Давлат бюджети, Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


25. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

санитария-эпидемиология қонунчилигини бузганлик учун қўлланилган жарималар ва жарималарни тўлаш кечиктирилганлиги учун ҳисобланган пенялардан тушган маблағларнинг 50 фоизи (назорат тадбирлари бошқа давлат органлари билан биргаликда амалга оширилганда, жарима ҳамда жарималарни тўлаш кечиктирилганлиги учун ҳисобланган пенялардан тушган маблағларнинг 25 фоизи);

идоравий мансуб ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ихтисослашган пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган тушумларнинг уларни амалга оширишга кетган жами харажатлар қоплангандан кейин қолган суммасининг 15 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


26. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

Санитария-эпидемиология хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шу жумладан уй-жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

Санитария-эпидемиология хизматининг фармойиш бериш ва бошқариш функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш;

Санитария-эпидемиология хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

Санитария-эпидемиология хизмати олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида хорижий ва маҳаллий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш.


27. Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг таркибий ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан, кўп йил хизмат қилганлиги учун устама ҳақлардан, дам олиш ва байрам кунлари учун тўловлар, бошқа устама, қўшимча ҳақлар ва қонунда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.

Санитария-эпидемиология хизмати марказий аппарати ходимларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда узоқ муддатли узлуксиз хизмати учун ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

3 дан 5 йилгача - 0,5;

5 дан 10 йилгача - 0,8;

10 дан 15 йилгача - 1,0;

15 дан 20 йилгача - 1,5;

20 йилдан ортиқ - 1,8.

Узоқ муддатли узлуксиз хизмати учун ойлик устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Санитария-эпидемиология хизмати томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.



7-БОБ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ

ХИЗМАТИ ҲИСОБДОРЛИГИ


28. Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи тизимли равишда Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


29. Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Санитария-эпидемиология хизматининг таркибий тузилмасидаги барча раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти юзасидан мунтазам мониторинг олиб боради, Санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.


30. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Санитария-эпидемиология хизмати алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Санитария-эпидемиология хизматини қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Ушбу низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 июль