язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.07.2020 й. 455-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 июлдаги

455-сон қарорига

1-ИЛОВА



Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда

уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши

жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни

сертификатлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш (кейинги ўринларда - сертификатлаш) тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


талабгор - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни (кейинги ўринларда - қурол ва ўқ-дорилар) сертификатлашни сўраб мурожаат қилувчи, махсус органлар ва ҳарбий қисмлар, юридик шахслар (махсус хизмат вазифалари билан шуғулланувчи, қурол ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, сотиш фаолияти билан шуғулланувчи, ов ва ўқ отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмаси билан шуғулланувчи) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар;


ўқ-дори тури - отиш учун мўлжалланган қурол тури билан тавсифланадиган (силлиқ стволли ўқотар, сойли ўқотар, газли, сигналли ва бошқалар), товар белгиси туширилган, калибр, гилза узунлиги, тури, улоқтириладиган таркибий қисимлари материали, ўқ тури билан тавсифланувчи ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқариладиган ўқ-дори тузилиши;


ўқ-дори турининг модификацияси - ўқ-дори тамғасида фарқли белгисига эга бўлган, тузилишини қатъий ўзгартирмайдиган, бироқ техник талабларга мувофиқлиги ва ишлаш хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзгаришлар билан тавсифланувчи ўқ-дори тури;


ўқ-дорилар тамғаси - ўқ-дориларнинг идентификациясини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчи томонидан ўқ-дорилар ва уларнинг қадоғига туширилган шартли белгилар (ҳарфлар, сўзлар, рақамлар, геометрик шакллар ва ихтиёрий тасвирлар) мажмуи;


ўқ-дорилар тўпи (партияси) - бир хил турдаги порохдан, бир хил массали ўқлар ва сочма ўқлардан ва бир хил моделдаги пистондан фойдаланган ҳолда, битта ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва тайёрланган бир хил турдаги ўқ-дорилар;


қурол русуми - аниқ маҳсулотга хос бўлган, аниқ ишлаб чиқарувчи томондан ишлаб чиқариладиган ва тамғага эга бўлган аниқ таркибий қисмлар ва компонентлар (механизмлар) мажмуи билан тавсифланадиган қурол тузилиши;


қурол русумининг модификацияси - қурол тамғасида кўрсатиладиган ажралиб турувчи индексга (ҳарф ва/ёки рақам) ёки калибр белгисига эга бўлган, тузилишини қатъий ўзгартирмайдиган, лекин мустаҳкамлигига, ишлаш хавфсизлигига ва қурол русумининг техник талабларга мувофиқлигига таъсир кўрсатадиган қурол русумининг таркибий қисмлари ва компонентларига ҳар қандай киритилган ўзгартириш, шу жумладан калибр ўзгаришини қўшиш билан тавсифланадиган русум тури;


қурол русумининг бажарилиши (қурол русумининг модификациясини бажарилиши) - мустаҳкамлик, ишлаш хавфсизлиги ва қурол русумини техник талабларга мувофиқлигига таъсир кўрсатмайдиган таркибий қисмларнинг дастлабки тўпламига киритиладиган ўзгартиришлар билан фарқ қилувчи қурол русуми тури. Қурол русуми бажарилишини фарқ қилувчи индекси қурол тамғасига ва (ёки) унга илова қилинадиган ҳужжатга туширилади;


қуроллар тўпи (партияси) - сертификатлаш учун мўлжалланган аниқ вақт интервали давомида бир хил шароитда битта ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган бир номдаги ва бир хил тамғали қурол бирлиги мажмуи.



2-БОБ. ҚУРОЛ ВА ЎҚ-ДОРИЛАРНИ

СЕРТИФИКАТЛАШ ТАРТИБИ


3. Қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, шунингдек, мазкур Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Қурол ва ўқ-дорларни сертификатлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг муомалада хавфсиз бўлишини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган сертификатлаш органлари (кейинги ўринларда - сертификатлаш органлари) томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш ва ёзма тарзда хабардор қилиш, шунингдек, қурол ва ўқ-дориларнинг тавсифларини техник талабларга мувофиқлигини таҳлил қилиш йўли билан амалга оширилади.

Қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш талабгорнинг сертификатлаштириш органига ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича тақдим этилган аризасига асосан амалга оширилади.

Сертификатланадиган қурол ва ўқ-дориларнинг ҳар бири муайян турдаги қурол ва ўқ-дориларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ тамғага эга бўлиши керак.


4. Сертификатлашда қурол ва ўқ-дориларнинг хусусиятлари текширилади ҳамда қурол ва ўқ-дориларни идентификация қилиш имконини берувчи синов усуллари қўлланилади. Бунда:

қурол русумлари (қурол русумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурол ва ўқ-дориларни кўплаб ишлаб чиқариш;

қурол ва ўқ-дориларнинг тўпи (партияси);

қуролнинг ягона намунаси сертификатланади.


5. Қурол русумига расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати қурол русумининг бажарилишига қўшимча сертификатлаштириш синовларисиз тааллуқли ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқарувчи қурол русумига ўзгартиришлар киритилган вақтдан бошлаб бир ой муддатда қурол русумини сертификатлаган органга тегишли ўзгартиришлар тўғрисида хабар қилиши шарт.


6. Қурол модели ва ўқ-дори турларининг янги намуналари ишлаб чиқилганда, серияли ишлаб чиқарилганда, шунингдек, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илк бор олиб кирилганда ишлаш чидамлилиги ва хавфсизлиги ҳамда техник талабларга мувофиқлиги бўйича синов турларини ўз ичига олган ҳолда сертификатлаш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва экспортга мўлжалланган қурол ва ўқ-дорилар экспорт қилинаётган давлатнинг талабларига мос келадиган техник шартларга асосан сертификатланганда, уларнинг ишлаши ва хавфсизлиги бўйича синовлар ўтказилади.

Қурол русумини ва ўқ-дори турини сертификатлашда ҳар бир қурол русуми (қурол русумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси) учун алоҳида мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади.

Қурол русуми (ўқ-дори тури) ва (ёки) унинг модификацияси бир вақтнинг ўзида сертификатлаш учун тақдим этилган тақдирда, битта сертификатни расмийлаштиришга рухсат этилмайди.

Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан айнан бир турдаги қурол русуми (қурол руcумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси) ишлаб чиқарилганда, сертификатлаш ишлари ҳар бир ишлаб чиқарувчи учун алоҳида амалга оширилади.


7. Қурол ва ўқ-дориларнинг серияли ишлаб чиқарилишини сертификатлашда қурол русуми (қурол русумининг модификацияси)ни, ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси)ни синаш билан бир қаторда, қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларнинг мавжудлик ҳолати ўрганилади.


8. Қуролнинг битта намунасини, қурол ва ўқ-дорилар тўпламини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда, қурол модели ва ўқ-дори турига қараб сертификатлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

мустаҳкамлиги ва фойдаланиш хавфсизлиги бўйича синовларни;

тиббий-биологик ва кимёвий талабларга мувофиқлигини текширишни;

сертификатлаш органларида идентификация қилишни.

Кейинчалик олиб кириш мақсадида совуқ ва улоқтириш қуролларининг тўпини сертификатлашда ушбу қуролларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган техник талабларга мувофиқлиги текширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган қурол ҳужжатлари (фойдаланиш йўриқномаси ва паспорти) асл тилдаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади ҳамда ишлаб чиқарувчилари, асосий техник тавсифлари, фойдаланиш қоидалари ва сақлаш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттириш шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган ўқ-дориларни хавфсиз айланмасига тааллуқли бўлган ҳамда ўқ-дориларнинг дастлабки қадоқлаш ёрлиқларига тушириладиган тамғаси ва маълумотлари асл тилдаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади.


10. Сертификатлаш ишлари шартномага асосан тўлов амалга оширилгандан сўнг бажарилади. Сертификатлаш ишлари билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг натижаларидан қатъи назар, талабгор томонидан қопланади.


11. Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш органларини ва синов лабораторияларини аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги "Аккредитация маркази" ДУК томонидан амалга оширилади.

Синов лабораториялари қурол ва ўқ-дорилар синовларини ўтказади ҳамда сертификатлаш мақсадлари учун синов баённомаларини расмийлаштиради.


12. Қурол ва ўқ-дорилар сертификатлаш органлари томонидан сертификатланади.

Сертификатлаш мақсадида синовлар белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораторияларида (марказларида) (кейинги ўринларда - синов лабораториялар) ўтказилади.


13. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш ишларини ташкил этади;

қурол ва ўқ-дориларни сертификатлашда тасдиқланадиган кўрсаткичлар номенклатурасини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан биргаликда Давлат қурол кадастрига киритиладиган қурол ва ўқ-дориларнинг асосий техник хусусиятлари номенклатурасини белгилайди.


14. Сертификатлаш жараёнида келиб чиқадиган низолар икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Зарур ҳолларда, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги низоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги вакилларини Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига жалб қилиши мумкин.


15. Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлашда қўлланиладиган чизмалар текширишлар ҳажмига қараб, сертификатлаш чизмасининг мураккаблиги, маҳсулотнинг хавфсизлик даражасига боғлиқ ҳолда сертификатлаш органлари томонидан белгиланади.

Ҳар бир муайян ҳолатда сертификатлаш органи талабгорнинг таклифини, етказиб бериладиган қурол ва ўқ-дориларнинг ҳажми ва муддатини, синаш усулларини, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятларини ва унинг барқарорлигининг бузилиш хавфи мавжудлигини, шунингдек, мазкур қурол ва ўқ-дориларнинг потенциал хавфини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаш чизмасини танлайди.


16. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш, бир хил қоидалар бўйича ўтказилади.

Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:

талабгорнинг сертификатлашга ариза бериши;

сертификатлаш ишларининг бажарилиши юзасидан шартнома расмийлаштириш;

сертификатлаш учун келиб тушган ариза бўйича ишларни бошлаш юзасидан қарор қабул қилиш, шу жумладан сертификатлаш чизмасини белгилаш;

синаш учун намуна танлаш, идентификация қилиш, шунингдек, уларнинг синовларини ўтказиш;

ишлаб чиқариш ҳолатини ўрганиш ёки сифатни бошқариш тизимлари сертификатланганини текшириш (агар сертификатлаш чизмасида назарда тутилган бўлса);

олинган натижаларни таҳлил қилиш ва мувофиқлик сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

мувофиқлик сертификатини бериш;

сертификатланган қурол ва ўқ-дорилар бўйича инспекция назоратини ўтказиш (агар сертификатлаш чизмасида назарда тутилган бўлса);

қурол ва ўқ-дориларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги бузилганда ва мувофиқлик белгиси нотўғри қўлланилганида, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш;

мувофиқликни баҳолаш натижалари тўғрисида маълумотларни юритиш ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига киритиб бориш.


17. Талабгор томонидан қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш учун берилган аризага қуйидаги қўшимча маълумотлар илова қилинади:


а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:

қуролнинг паспорти;

қуролни йиғиш чизмаси (йиғилиш схемаси);

фойдаланиш йўриқномаси;


б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:

қуролнинг паспортининг (фойдаланиш йўриқномасининг) асл тилидаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси;

қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчининг қурол ва ўқ-дорилар сифатини тасдиқловчи ҳужжатларнинг ва сертификатлаш ўтказилган давлатнинг мувофиқлик сертификатларининг асл тилидаги нусхаси ва уни асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси;

қурол ва ўқ-дориларини сотиб олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

битим (шартнома), юкларни кузатиб бориш ҳужжатлари.


18. Қурол ва ўқ-дориларни синаш учун синов лабораториялари мавжуд бўлмаганда, уларни сертификатлаш ишлари ишлаб чиқарувчининг назорат тамғаларини ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини эътироф этиш йўли билан амалга оширилади.


19. Қурол ва ўқ-дориларни идентификация қилишда ва уларнинг синовлари салбий натижалар берганда, сертификатлаш органи талабгорга мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қонуний асосларни аниқ кўрсатган ҳолда тақдим этади ва бу ҳақда уч иш кунидан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясини, Ички ишлар вазирлигини, Мудофаа саноати давлат қўмитасини ва Давлат божхона қўмитасини хабардор қилади.


20. Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати сертификатлаш органидан мазкур Низомда назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги керак.

Мувофиқлик сертификати:

чет элдан олиб келинаётган қурол ва ўқ-дорилар тўпламига уларнинг яроқлилик муддатига, яроқлилик муддати бўлмаган қурол ва ўқ-дориларга эса - муддати кўрсатилмасдан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар тўпламига уларнинг яроқлилик муддатига, яроқлилик муддати бўлмаган қурол ва ўқ-дориларга эса - муддати кўрсатилмасдан берилади.

Ўзбекистон Республикасида қурол ва ўқ-дориларни серияли ишлаб чиқариш учун - уч йил муддатга берилади.


21. Сертификатлашнинг умумий муддати қурол ва ўқ-дорини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларида белгиланган синов усулларига мувофиқ ўтказиладиган синовлар давомийлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


22. Мувофиқлик сертификатига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишга йўл қўйилмайди.


23. Қурол ва ўқ-дориларга берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаш органлари томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Берилган, тўхтатиб қўйилган, бекор қилинган ва мувофиқлик сертификатини беришда рад этилган мувофиқликни баҳолаш натижалари ҳисоби сертификатлаш органи томонидан юритилади ҳамда ҳар ойда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига тақдим этиб борилади.


25. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, заруратга кўра, сертификатлаш органидан қурол ва ўқ-дориларга расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳужжатлар тўпламини талаб қилиши мумкин.


26. Мувофиқлик сертификатида келтирилган маълумотларнинг аниқлиги, белгиланган муддатларни ва сертификатлаш қоидаларининг бузилиши бўйича жавобгарлик сертификатлаш органига юкланади.


27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда

уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши

жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган

буюмларни сертификатлаш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич


Талабгор


Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни (кейинги ўринларда - қурол ва ўқ-дорилар) сертификатлашга ариза тақдим этади.


зарурат бўлганда








2-босқич


Сертификатлаш органи


Аризани кўриб чиқиб, сертификатлаш ишларини ўтказиш бўйича қарор қабул қилади ёки талабгорга асослантирилган рад жавобини беради.


2 иш куни давомида








3-босқич


Сертификатлаш органи


Синов ва сертификатлаш ишларини ўтказиш бўйича шартнома расмийлаштиради.


қарор қабул қилинган кунда








4-босқич


Талабгор


Синов ва сертификатлаш ишларини ўтказиш учун расмийлаштирилган шартнома бўйича тўловларни амалга оширади.


шартномада белгиланган муддатларда








5-босқич


Сертификатлаш органи


Қурол ва ўқ-дориларидан намуна танлайди, идентификация қилади ва синов лабораториясига топширади.


тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 2 иш куни давомида








6-босқич


Сертификатлаш органи


Ишлаб чиқариш шароитларини ўрганади.


зарурат бўлганда








7-босқич


Синов лабораторияси


Қурол ва ўқ-дориларининг синовларини ўтказади.



техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган муддатларда








8-босқич


Сертификатлаш органи


Ҳужжатлар тўпламини таҳлил қилади, сертификатлаштириш бўйича тегишли қарор қабул қилади ва мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради ёки асосланган рад жавобини беради.


3 иш куни давомида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 июль