язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2020 й. 456-сон "Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.07.2020 й.

N 456




СИНОВ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИНИНГ

ТЕХНИК ЖИҲАТДАН МАЛАКАЛИЛИГИНИ

МАЪҚУЛЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида" 2019 йил 15 августдаги ПҚ-4419-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

а) техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш (кейинги ўринларда маъқуллаш деб аталади) фақат қуйидаги синов лабораторияларига (кейинги ўринларда лаборатория деб аталади) нисбатан амалга оширилади:

шахсий (ишлаб чиқариш) эҳтиёжлари учун ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ва/ёки кириб келаётган хомашё, материаллар ёки тайёр маҳсулотларни синовдан ўтказувчи ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар лабораториялари;

маҳсулотлар, ишлаб чиқариш жараёни ва хизматларни сертификатлаштириш жараёнида иштирок этишга даъво қилмайдиган лабораториялар;

б) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан маълум бир соҳа ёки йўналишдаги маҳсулотлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ва хизматларнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларини олиб бориш учун ваколатли этиб белгиланган давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ҳузурида ташкил этиладиган мувофиқликни баҳолаш органлари мувофиқликни баҳолаш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади ҳамда уларга юкланган вазифалар ва фукцияларга боғлиқ равишда белгиланган тартибда маъқуллаш ёки аккредитация тартиб-таомилидан ўтадилар;

в) мувофиқликни баҳолаш бўйича ваколатли ва маъқулланган органларнинг реестрини юритиш ва янгилаш Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги "Аккредитация маркази" давлат унитар корхонасига юкланади;

г) лабораториялар учун маъқуллаш тартибидан ўтиш ихтиёрийдир, ушбу қарорнинг 2-банди "б" кичик бандида назарда тутилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида мажбурийлиги белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


3. Белгилансинки:

мувофиқликни баҳолаш бўйича органлар идоравий мансублигидан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва фаолияти ихтисослиги туридан қатъи назар аккредитациядан ўтишдан манфаатдор бўлсалар, аккредитациядан ўтиш ҳуқуқига эгадирлар;

амалдаги аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалар лабораторияларнинг ёзма мурожаатларига асосан техник жиҳатдан малакалилигини қўшимча баҳоламасдан уларнинг амал қилиш муддатига маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳномаларга бепул қайта расмийлаштирилиши мумкин;

миллий аккредитация тизимининг белгисидан фойдаланиш, шунингдек, аккредитацияга ҳавола қилиш ҳуқуқи фақат аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш бўйича органларга берилади.


4. "Ўзстандарт" агентлиги бир ой муддатда мувофиқликни баҳолаш бўйича ваколатли органларнинг реестрини шакллантирсин ва кейинчалик Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги "Аккредитация маркази" давлат унитар корхонасининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаментига ҳамда "Ўзстандарт" агентлиги бош директори Д.Н. Саттаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 июлдаги

456-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомда (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон, 6-модда):


а) 9-банддаги "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан белгиланган тартибда аккредитациядан" сўзлари "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги "Аккредитация маркази" ДУК томонидан белгиланган тартибда техник жиҳатдан малакалилиги маъқуллашдан" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 13-банддаги "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан берилган аккредитациядан ўтказилганлиги ҳақидаги хулоса" сўзлари "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги "Аккредитация маркази" ДУК томонидан берилган маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 1-илованинг 2-бандидаги "аккредитациядан" сўзи "техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашдан" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сон қарори билан тасдиқланган Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентнинг рус тилидаги матнида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 45-сон, 578-модда):


а) 8-бандининг тўртинчи хатбошидаги "аккредитованных агентством "Узстандарт"" сўзлари "одобренных на техническую компетентность в ГУП "Центр по аккредитации" при Узбекском агентстве стандартизации, метрологии и сертификации" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 9-бандининг учинчи хатбошидаги "аккредитованной агентством "Узстандарт"" сўзлари "одобренной на техническую компетентность в ГУП "Центр по аккредитации" при Узбекском агентстве стандартизации, метрологии и сертификации" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 57-банддаги "аккредитованных агентством "Узстандарт"" сўзлари "на техническую компетентность в ГУП "Центр по аккредитации" при Узбекском агентстве стандартизации, метрологии и сертификации" сўзлари билан алмаштирилсин;


д) 1-илованинг 1-банди "г" кичик бандидаги "аккредитации" сўзи "одобрении на техническую компетентность" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 июль