язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Ижтимоий таъминот/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2020 й. 458-сон "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.07.2020 й.

N 458




КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ

ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШ, АҲОЛИНИНГ

САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИГИ

ВА САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШГА ЖАЛБ ҚИЛИНГАН

ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ХОДИМЛАРИНИ ҚЎШИМЧА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Жаҳон миқёсида коронавирус инфекциясининг тарқалиши авж олаётган ҳозирги даврда республикамизнинг соғлиқни сақлаш тизимида 52 мингдан ортиқ тез тиббий ёрдам ходимлари (врач ходимлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар) ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда ҳамда кириб келаётган Қурбон ҳайити байрами муносабати билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сон ва "Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 24 апрелдаги ПҚ-4695-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 20 июлдаги 446-сон қарорлари билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари, шу жумладан тез тиббий ёрдам ходимларига қўшимча рағбатлантириш тўловлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ тез тиббий ёрдам ходимларини бир марталик моддий рағбатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 100 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Шунингдек, ушбу мақсадлар учун таниқли тадбиркор ватандошимиз А.Б. Усмонов томонидан қўшимча равишда 100 млрд. сўм (10 млн. АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилганлиги инобатга олинсин.


3. Республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига қуйидаги миқдорларда бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари белгилансин:

врач ходимларга - 5 миллион сўм;

ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар)га - 4 миллион сўм;

ҳайдовчиларга - 3 миллион сўм.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган тўловлар 2020 йил 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан тадбиқ қилинади.


4. Тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловларини ўз вақтида ва манзилли тўланишини таъминлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ ажратилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни мувофиқлаштириш жамғармасида (бундан буён - Жамғарма) жамланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (бундан буён - ҳудудий бошқармалар) уч кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловларини тўлаш учун Жамғармадан ажратилиши зарур бўлган маблағлар миқдори тўғрисида муассасалар кесимида буюртма беради. Бунда буюртма ушбу қарор билан белгиланган миқдорлардан келиб чиқиб, маблағларни олувчи муассасаларнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларини кўрсатган ҳолда шакллантирилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаларнинг буюртмаларига мувофиқ икки кун муддатда пул маблағларини Жамғармадан тегишли ҳажмларда маблағларни олувчи муассасаларнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиб беради;

пул маблағларни олувчи муассасалар бир иш куни ичида тегишли тез тиббий ёрдам ходимларининг банк карталарига ўтказиб бериш ёки нақд пул маблағларини бериш орқали бир марталик моддий рағбатлантириш тўловларининг тўлаб берилишини таъминлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига бир марталик моддий рағбатлантириш тўловларини ўз вақтида ва манзилли тўланиши устидан назорат қилиш юклансин.


6. Бир марталик моддий рағбатлантириш тўлови суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига кирмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Дж.А. Кучкаров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июль