язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Статистика/ Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 03.08.2020 й. ПҚ-4796-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 августдаги

ПҚ-4796-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

ҳузуридаги Статистика кенгаши тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Статистика кенгаши расмий статистикани ривожлантириш, фаолият юритиш ва мувофиқлаштириш муаммолари бўйича коллегиал маслаҳат органидир.


2. Статистика кенгаши давлат ҳокимияти органлари, илмий жамоатчилик, жамоат ташкилотлари ва статистика бўйича миллий экспертлардан тузилади.



II. СТАТИСТИКА КЕНГАШИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


3. Статистика кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

статистика соҳасидаги амалдаги қонунчилик ижросини таъминлаш ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, статистика тизимини самарали ташкил этишда кўмаклашиш;

мамлакат миллий статистика тизимида умумий тушунчалар, таърифлар ва таснифларни изчил қўллаб бориш;

давлат статистика органлари, давлат статистика маълумотларини юритиш ваколатига эга бўлган давлат ташкилотлари ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг расмий статистика соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, инновацион ёндашув ва технологияларни жорий қилиш, методологияни такомиллаштириш ва статистика фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича тавсиялар бериш;

расмий статистиканинг энг муҳим тамойилларига, биринчи навбатда, статистик ахборотнинг ишончлилиги, холислиги, қулайлиги, ошкоралиги ва очиқлигига риоя этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, статистик ҳисоботларни тўплаш, қайта ишлаш ва умумлаштириш тартибига ҳар қандай аралашувни истисно этувчи статистика ишларини ташкил этиш тизимини яратиш;

статистик ахборот сифатини ошириш, хусусан, миллий ҳисоблар тизими кўрсаткичларини ва уларни ҳисоблаш методологиясини халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ такомиллаштириш;

расмий статистик ахборотларни ишлаб чиқариш жараёнларининг Миллий моделини ва GSBPM халқаро стандарт моделига мувофиқ, сифатни бошқаришнинг замонавий усулларини жорий қилиш;

статистик маълумотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш орқали статистик салоҳият кўрсаткичи рейтингини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

халқаро статистика ташкилотларининг электрон маълумотлар базалари ва махсус нашрларида Ўзбекистон Республикаси тўғрисидаги статистик маълумотларни жойлаштиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини ривожлантириш;

давлат статистика органлари, шунингдек, идоравий статистикани юритиш бўйича ваколатли давлат органлари фаолиятининг натижаларини ҳар йили кўриб чиқиш, давлат статистика кузатувларининг респондентларга бўлган юкини камайтириш, уларни унификация қилиш, соддалаштириш ва оптималлаштириш мақсадида давлат статистика ҳисоботлари ва кузатув шаклларини, шунингдек, услуб ва таснифларни қайта кўриб чиқиш;

мамлакатда миллий иқтисодиётни ва ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш жараёнларини ҳисобга олишда ишончлилик ва тўлиқликни таъминлашни инобатга олган ҳолда Статистика ишлари дастурини шакллантириш;

статистик тўпламлар ва бюллетенлар нашрини ташкил этиш, уларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали статистик ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш.



III. СТАТИСТИКА КЕНГАШИНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Статистика кенгаши асосий вазифаларидан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ҳукумат, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига статистика сиёсатининг барча жиҳатлари бўйича маслаҳат бериш;

миллий статистика фаолиятининг ишончлилик, холислик, беғаразлик, қулайлик, ошкоралик ва очиқлик каби асосий тамойилларини амалга оширишда кўмаклашиш;

статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва умумлаштириш тартибига ҳар қандай аралашувни истисно қилишни таъминлаш;

Давлат статистика ишлари дастури лойиҳасини кўриб чиқиш ва у бўйича хулосалар тайёрлаш, уни амалга ошириш масалаларини мониторинг қилиш ва ҳал қилишда кўмаклашиш;

статистик методологияни такомиллаштириш ва маълумотларни шакллантиришда фойдаланувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олиш масалаларини кўриб чиқиш;

статистик ва иқтисодий таҳлилнинг замонавий услубларини, халқаро стандартларга мос ва бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб берадиган кўрсаткичлар тизимини амалиётга жорий этиш бўйича ишларни ташкил этиш;

давлат статистика органлари фаолиятига инновацион ёндашувлар ва замонавий технологияларни самарали жорий этиш;

сифатни бошқаришнинг замонавий халқаро усулларини ҳисобга олган ҳолда расмий статистика маълумотларини ишлаб чиқариш жараёнларининг Миллий моделини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширишда кўмаклашиш.



IV. СТАТИСТИКА КЕНГАШИНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ


5. Статистика кенгаши юклатилган вазифаларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, идоралар, корхоналар ва ташкилотлардан давлат ва идоравий статистикани такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда маълумот сўраш ва олиш;

давлат идоралари вакилларининг ахборот йиғиш жараёнларини ташкил этиш масалалари, шунингдек, сўралаётган ахборотлар билан расмий статистика ва (ёки) идоравий ҳисоботларда мавжуд маълумотлар ўртасида такрорланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотларни кўриш ва ҳисоботларини эшитиш;

Статистика Кенгаши ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз йиғилишларида мулкчилик шаклидан қатъий назар, бошқа ташкилот вакилларининг маълумотларини эшитиш;

расмий статистиканинг айрим масалаларини кўриб чиқиш учун эксперт комиссияларини тайинлаш;

Статистика кенгаши ҳамда эксперт комиссияларининг йиғилишларига статистика масалалари бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг вакилларини таклиф этиш.



V. СТАТИСТИКА КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Статистика кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


7. Статистика кенгаши аъзолари уларнинг касбий малакаси ва статистика соҳасидаги салоҳияти асосида тайинланади.


8. Статистика кенгашини Статистика кенгаши Раиси бошқаради.

Раис бўлмаган тақдирда унинг вазифасини унинг ўринбосари ёки Статистика кенгаши аъзоларидан бири раиснинг фармойиши билан амалга оширади.


9. Статистика кенгаши Раиси қуйидагиларни таъминлайди:

давлат статистикасининг фаолият юритиши, ривожланиши ва статистик ахборотдан фойдаланувчилар билан алоқа масалалари бўйича Статистика кенгашининг самарали ва мақсадли ишлашини;

Статистика кенгашининг йиллик дастурлари ва иш жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;

Статистика кенгаши иш жадвалига мувофиқ, Статистика кенгаши мажлисларини ўтказишни;

Статистика кенгаши фаолиятини ташкилий-техник қўллаб-қувватлашни.


10. Статистика кенгаши фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш Статистика кенгаши раиси томонидан тасдиқланадиган котибият томонидан амалга оширилади.


11. Статистика кенгаши мажлислари унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми миқдорида кворум мавжуд бўлганда ваколатли ҳисобланади.


12. Статистика кенгашининг қарорлари мажлисда иштирок этаётган Статистика кенгаши аъзоларининг кўпчилиги овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.


13. Статистика кенгашининг қарорлари Статистика кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

Қарорларнинг ижросини назорат қилиш Статистика кенгаши котиби томонидан амалга оширилади.

Статистика кенгашининг фаолияти ва унинг қарорлари оммавий ахборот воситаларида ёритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 4 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 10 август, 31-сон, 352-модда