язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2020 й. 463-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 5 августдаги

463-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати

қоидаларини бузган хорижий автотранспорт

воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни

ундириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус маълумотлар базаси - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - Ички ишлар вазирлиги) республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими;


хорижий автотранспорт воситалари - хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, юклар ва йўловчиларни халқаро ташиш мақсадида вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситалари;


хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий автотранспорт воситасини бошқарадиган шахс;


чиқиш (кириш) божхона пости - ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат божхона қўмитаси) ҳудудий бошқармасининг бевосита раҳбарлигида амалга оширадиган ва унинг таркибига кирадиган, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг ўтиш пунктида жойлашган давлат божхона органи.


3. Мазкур Низом қоидалари:

Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан тегишли жарималар ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан ички ишлар органлари онлайн режимда тақдим этган маълумотлар асосида ундирилади.


5. Божхона органлари хорижий автотранспорт воситаси ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни ундиришда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасидан Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор асос бўлади.


6. Ички ишлар органининг жарима солиш тўғрисидаги қарори, божхона органлари томонидан онлайн режимда тақдим этилган "Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома" маълумотлари асосида реал вақтда автоматик шаклланади.


7. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима, Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган миқдорда хорижий автотранспорт воситаси эгаси, ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан ундирилади.



2-БОБ. ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАРИМАНИ УНДИРИШ


8. Хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахс республика ҳудудидан чиқиш учун давлат божхона органига мурожаат қилганда, давлат божхона хизмати органи ходими ушбу хорижий автотранспорт воситаси иштирокида республика ҳудудида содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари мавжудлигини ички ишлар органи томонидан тақдим этилган маълумотлар базаси орқали мустақил равишда текширади.


9. Давлат божхона хизмати органи ходими республика ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчисини ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсни транспорт воситасининг жарима суммасини тўлаш шарти билан республикадан олиб чиқилишига йўл қўйилиши тўғрисида огоҳлантиради.


10. Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасидан Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқиш божхона пости ходими томонидан икки нусхада чоп этилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг биринчи нусхаси тўлов амалга оширилган квитанция билан биргаликда чиқиш божхона пости иш юритувида қолади, иккинчи нусхаси эса хорижий автотранспорт воситаси ҳайдовчисига ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсга берилади.


11. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахс жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган жарима суммасини чегара божхона постидаги банк кассалари ёки электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлайди.


12. Чегара божхона постларидаги банк кассалари:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан жарима суммасини қабул қилади;

жарима суммаси қабул қилинганлиги ҳақида хорижий автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини кўрсатган ҳолда квитанция расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсга беради.

Банк кассаси ходими жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг патта ва хазиначи қисмларини ўз имзоси ва муҳри билан тасдиқлайди, патта қисми иш юритувида қолади, қолган қисми эса хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсга қайтарилади.


13. Жарима суммаси электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўланади, божхона пости ходими электрон тўлов тизимлари орқали мустақил текширади ва жарима суммаси тўланган тақдирда, бу тўғрисидаги тегишли маълумотларни Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда - ДБҚ ЯААТ) шакллантирган ҳолда, хорижий автотранспорт воситасининг республика ҳудудидан чиқишига рухсат беради.


14. Ички ишлар органи тўланган жарима суммаси бўйича маълумотларни давлат божхона хизмати органи томонидан ДБҚ ЯААТда онлайн режимда кўриш имкониятини яратади.


15. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органи ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда автотранспорт воситаларини ушбу жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги далолатнома асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддасида белгиланган тартибда вақтинча сақловга олади.

Агар экспорт юкларини ташиш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги бўйича жарима суммасини тўлаш имконияти бўлмаганда, кейинчалик тўлаш шарти билан, шу жумладан жарима суммаси тўланмаган тақдирда мазкур транспорт воситаси ёки мулкдорга (ҳайдовчига) тегишли бошқа транспорт воситаси келгусида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча сақловга олиниши тўғрисида 2-иловага мувофиқ шаклдаги далолатнома асосида ёзма равишда огоҳлантирилиб, вақтинча сақловга олинмасдан божхона постининг республикадан чиқиш йўналиши орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.

Бунда чиқиш божхона пости ходими Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасида ушбу бандга мувофиқ транспорт воситаси ҳайдовчиси огоҳлантирилганлиги тўғрисида тегишли белги қўяди.

Огоҳлантириш берилганлик бўйича жарима суммаси тўланмаган транспорт воситаси ёки мулкдорга (ҳайдовчига) тегишли бошқа транспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганда вақтинча сақловга олинади ва тўланмаган қарздорлик суммасини мазкур Низом ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ундириб олиш чоралари кўрилади.

Бунда ташқи савдо юклари ташувлари амалга оширилаётган бўлса, тўланмаган қарздорлик суммасини ундириб олиш чоралари чегара ёки ташқи савдо юклари етказиб бериладиган манзилдаги божхона постларида амалга оширилади.

Транзит ташувларни амалга оширишда эса йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги бўйича қарздорлик суммалари тўланмагунга қадар республика ҳудудига киритилмайди.


16. Низомга 1-иловадаги далолатнома уч нусхада тузилиб, унинг биринчи нусхаси - транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун масъул бўлган шахсда, иккинчи нусхаси - чиқиш божхона пости иш юритувида қолади, учинчи нусхаси эса транспорт воситасининг ҳайдовчисига ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсга берилади.

Низомга 2-иловадаги далолатнома икки нусхада тузилиб, унинг биринчи нусхаси - чиқиш божхона пости иш юритувида қолади, иккинчи нусхаси эса транспорт воситасининг ҳайдовчисига ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсга берилади.

Далолатномалар уни тўлдирган давлат божхона хизмати ходими имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланади ва бу тўғрисида ДБҚ ЯААТга тегишли маълумотларни киритади.

Далолатномалар ҳисоби ДБҚ ЯААТда юритиб борилади.


17. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган автотранспорт воситаси белгиланадиган жойларда 60 календарь куни сақланади.


18. Жарима суммаси 60 календарь куни ичида тўланмаган тақдирда, тўланмаган қарздорлик суммасини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ижро ва суд органлари билан ҳамкорликда транспорт воситаси ҳисобидан ундириш чоралари кўрилади.


19. Қарздорлик бўйича якуний қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан, давлат бюджетига ундирилган суммадан қарорда белгиланган миқдордаги маблағ Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт

воситасини вақтинча сақловга олиш тўғрисида

Д А Л О Л А Т Н О М А

___________-сон


божхона пости коди/сана /рақами


20___ й. "____" __________

(ҳудуд)


Транспорт воситаси русуми _______________ давлат белгиси _______________________


Транспорт воситасини вақтинча сақловга олиш сабаби

(жарима суммаси тўланмаганлиги, жарима солиш тўғрисидаги

қарор рақами ва санаси, жарима суммаси (рақамда ҳамда сўз билан)

ва бошқа маълумотлар)


Вақтинча сақловга олинган транспорт воситаси ва унга тегишли ҳужжатлар

(Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) мувофиқ

автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги

гувоҳнома, ишончнома (агар мавжуд бўлса), суғурта полиси ва бошқа)

           

(транспорт воситаси вақтинча сақловга олинган жой (манзили, номи))

Транспорт воситасининг ташқи кўриниши:



3. Антенна _______________________

1. Ойна тозалагич ________________



4. Балонлар ҳолати _______________

2. Ён ойнаси ____________________



5. Кузов ҳолати __________________

Салон:




1. Орқа кўриниш ойнаси __________



5. Бар ___________________________

2. Магнитофон __________________



6. Ўриндиқлар ҳолати ____________

3. Бош қўйгич ___________________



7. Бошқа буюм ва жиҳозлар _______

4. Парда ________________________




Багажда:


1. Эҳтиёт балон ____________ 2. Домкрат ____________ 3. Темир калитлар ____________

           

(транспорт воситасида пул ва қимматбаҳо буюмлар, агар бундай буюмлар бўлган тақдирда номи кўрсатилади)

Жарима суммаси 60 календарь куни ичида тўланмаганда, қарздорлик суммасини транспорт воситаси ҳисобидан ундириш чоралари кўрилиши юзасидан огоҳлантирилади.

Ҳайдовчи:



(фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)

Қабул қилувчи:



(фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)

Божхона ходими:



(фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)

     





Низомга

2-ИЛОВА



Экспорт юклар ташувини амалга ошираётган

транспорт воситасини йўл ҳаракати хавфсизлиги

қоидаларини бузганлик учун жарима суммасини келгусида

тўлаш шарти билан республика ҳудудидан олиб чиқилишига

рухсат беришда, транспорт воситасини амалда олиб чиқаётган

шахсни (эгаси, мулкдор, ҳайдовчи) огоҳлантириш тўғрисида

Д А Л О Л А Т Н О М А


___________-сон


божхона пости коди/сана/рақами


20___ й. "____" __________

(ҳудуд)


Транспорт воситаси русуми _____________ давлат белгиси ___________________

Жарима солиш тўғрисидаги қарор рақами ва санаси, жарима суммаси

(рақамда ҳамда сўз билан).



Республика ҳудудидан олиб чиқилишига рухсат берилган, экспорт юклар

ташувини амалга ошираётган транспорт воситаси ва унга тегишли ҳужжатлар

(Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) мувофиқ

автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги

гувоҳнома, ишончнома (агар мавжуд бўлса), суғурта полиси ва бошқа)

        

     

Ташилаётган экспорт товарлари тўғрисида қисқача маълумот (номи, қиймати, вазни), БЮДва ЮЕБНК рақами.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима суммасини тўлаш имконияти бўлмаганда, кейинчалик тўлаш шарти билан, шу жумладан жарима суммаси тўланмаган тақдирда мазкур транспорт воситаси ёки мулкдор (ҳайдовчи)га тегишли бошқа транспорт воситаси келгусида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча сақловга олиниши ҳамда 60 календарь куни ичида тўланмаганда, қарздорлик суммасини транспорт воситаси ҳисобидан ундириш чоралари кўрилиши юзасидан огоҳлантирилади.

Ҳайдовчи:



(фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)

Божхона ходими:



(фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 август