язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Туризм, меҳмонхона хўжалиги/ Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2020 й. 433-сон қарорига 10-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 июлдаги

433-сон қарорига

10-ИЛОВА



Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш

ва малакасини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасаси (кейинги ўринларда - таълим муассасаси) - мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига асосан белгиланган туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари;


туризм соҳаси мутахассиси - олий ёки ўрта-махсус касб дипломига ва (ёки) белгиланган намунадаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиганлик ҳақидаги дипломга эга бўлган жисмоний шахс;


туризм соҳасидаги мутахассисни қайта тайёрлаш - касбий фаолиятнинг қўшимча турларини амалга ошириш учун билим, кўникма ва қобилиятларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминловчи ўқитиш шакли;


туризм соҳасидаги мутахассиснинг малакасини ошириш - туризм соҳасида аввал эгалланган билим, кўникма ва қобилиятларни қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш, чуқурлаштириш ва такомиллаштиришга имкон берувчи ўқитиш шакли.


3. Туризм соҳасида мутахассисларнинг қайта тайёрланиши ва малакасини ошириш амалга ошириладиган лавозим ва мутахассисликлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) томонидан тасдиқланади.


4. Бошқа давлатларда таълим муассасаларини тамомлаган жисмоний шахсларга малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимидаги ўқитишга олий ёки ўрта-махсус касбий маълумот тўғрисидаги ҳужжат тан олиниш жараёнидан ўтгандан сўнг рухсат этилади.


5. Туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларида амалга оширилади.


6. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ташкил қилиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИДА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА МАЛАКА ОШИРИШНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мақсади юқори даражадаги касбий фаолиятни таъминлаш учун зарур бўлган касбий билимлар, кўникма ва қобилиятларни олиш ва доимий янгилаш, касб стандартлари ва таълим дастурлари асосида касбий маҳоратни тизимли ривожлантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.


8. Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

функционал мажбурият ва ваколатларнинг самарали бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган даражада мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, уларнинг билим, кўникма ва қобилиятларини узлуксиз янгилаш механизмларини жорий қилиш;

миллий иқтисодиёт, туризм соҳаси, ҳудудлардаги ва умуман республикадаги ҳақиқий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими таркибини оптималлаштириш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг бевосита ва билвосита шаклларини амалиётга жорий этиш ва уларнинг натижаларини мониторинг қилиш;

туризм бозори ривожланишининг ҳозирги йўналишларини эътиборга олган ҳолда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ўқув-услубий, ахборот ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ва уни такомиллаштириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг янада ривожланиши ва модернизациясини таъминлаш.



3-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИДА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА МАЛАКА ОШИРИШ ТИЗИМИНИНГ ТАРКИБИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


9. Туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими таркибига Қўмита, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти (кейинги ўринларда - Институт), давлат ва нодавлат таълим муассасалари ҳамда буюртмачилар киради.


10. Қўмита:

туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида умумий раҳбарликни амалга оширади;

туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида таълим жараёни механизмлари ва такомиллаштириш усулларини белгилайди;

туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги тегишли норматив ҳужжатларни тасдиқлайди;

туризм соҳасидаги касб стандартлари ҳамда йўналиш ва мутахассисликлар Классификаторининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари йўналишлари билан мувофиқлигини таъминлайди.


11. Институт ягона норматив базани ишлаб чиқиш ва туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи муассаса ҳисобланади.


12. Институтнинг туризм соҳасидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимидаги асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

миллий ва хорижий мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда туризм соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим жараёнининг илмий-услубий асосларини ишлаб чиқиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида илғор халқаро амалиётни ўрганиш ва жорий қилиш;

таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва мураббийларнинг касбий ўсишига қаратилган, ташкилотларнинг ишлаб чиқариш базасидан фойдаланган ҳолда амалий ўқитишнинг интерфаол усулларини жорий қилиш;

касб ва таълим стандартларига мувофиқ ҳолда, ўқув дастурлари, ўқув-услубий ҳужжатлар ва туризм соҳасидаги адабиётларни ишлаб чиқиш ва уларнинг таҳлилини амалга ошириш;

таълим муассасаларига туризм соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув-услубий ҳужжатлар ва туризм соҳасидаги адабиётларни тақдим этиш, тарқатма материалларнинг ишлаб чиқилиши ва нашр қилинишини ташкиллаштириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш масалалари бўйича таълим муассасалари фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш;

туризм соҳаси мутахассислари касбий фаолияти, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув жараёни мониторингининг ягона электрон тизими ахборот ресурсларини шакллантирган ва рўйхатдан ўтказган ҳолда, туризм соҳасининг иштирокчилари ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари ўртасидаги ўзаро электрон алоқани таъминлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг ягона реестрини юритади.


13. Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали жараёнини ташкиллаштириш мақсадида таълим муассасалари:

тегишли йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг зарур сифатини таъминлайди;

курслар доирасида сифат жиҳатидан ташкилий ва маҳорат машғулотларини юқори савияда ўтказиш учун зарур бўлган ўқув, услубий ва моддий-техник базани яратади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотларни ўтказиш учун юқори малакали педагогик кадрлар ва туризм соҳасидаги етакчи амалиётчи-мутахассисларни, шунингдек хорижий мутахассислар ва ўқув-услубий ходимларнинг кенг жалб қилинишини таъминлайди;

фаннинг амалиёт билан алоқасини таъминлайди, туризм соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижаларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг таълим жараёнига ўз вақтида жорий қилиш механизмини амалга оширади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқувчиларга амалиёт ва очиқ маърузалар ҳамда амалий машғулотларнинг ўтказилиши, уларнинг кейинги муҳокамаси ва танқидий таҳлилини ташкиллаштиради;

илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштириш ва туризм соҳасидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнини такомиллаштириш учун тавсияларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ўқитишда битирувчиларга давлат намунасидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш тўғрисидаги ҳужжатларни беради;

Институтга қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тугатган тингловчилар ҳақидаги маълумотларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари Ягона реестрига киритиш учун мажбурий тартибда тақдим этади.


14. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимидаги туризм соҳаси мутахассисларини ўқитишнинг буюртмачилари вазирлик ва идоралар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар ҳисобланади.


15. Буюртмачилар:

ҳар йили мутахассисларнинг миқдор ва сифат таркиби, белгиланган касбий тайёргарлиги ва ихтисослик даражаси, иш тажрибаси, алоҳида ходимларнинг ишчанлик ва шахсий сифатларининг таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишида ўз эҳтиёжларини мустақил равишда белгилайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида тегишли курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишини таъминлайди;

курсларни муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибаси, янги билимлари ва кўникмалари оммалашишини ташкиллаштиради, уларнинг ижобий тажрибасини тарғиб қилиш бўйича чораларни кўради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ички мониторингини олиб боради, юқори кўрсаткичларга эга бўлган мутахассисларни моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек, бўш лавозимларни тўлдириш учун танловлар ўтказиш жараёнида уларни асосий мезон сифатида эътиборга олади.



4-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИДА МУТАХАССИСЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИ

ТАШКИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


16. Соҳага оид бўлмаган йўналишдаги олий ёки ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим муассасаларини битирган ва туризм соҳаси корхоналарида ишлаётган мутахассислар, уларнинг асосий касбий маълумотларини тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш, улар томонидан касб мезони ва малака талаблари билан белгиланган даражада касб фаолиятини олиб бориши учун зарур ва етарли бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашини таъминлаш мақсадида қайта тайёрловдан ўтиши тавсия этилади.


17. Туризм соҳаси мутахассислари фаолият талабларидан келиб чиққан ҳолда, доимий асосда, ҳар уч йилда бир марта малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича малака оширишдан ўтиши зарур.


18. Туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш пуллик асосда амалга оширилади.

Ўқитиш нархи туризм соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурининг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасаси ва буюртмачи ўртасидаги шартнома асосида белгиланади.


19. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим жараёнини ташкиллаштириш тасдиқланган касбий стандартлар ва малака талаблари, тегишли йўналишлар бўйича таълим дастурлари, машғулотлар жадвали орқали тартибга солинади.


20. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим жараёнида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, интерфаол семинарлар, амалий машғулот, сайёр машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш (таълим), малакавий амалиёт, лойиҳа ишини ҳимоя қилиш ва имтиҳон.

Тегишли ахборот-услубий ва ташкилий-техник асос бўлган тақдирда, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг таълим жараёни масофавий ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда ташкил қилиниши мумкин.

Масофавий таълим онлайн шаклларда ташкиллаштирилади.


21. Барча турдаги аудитория машғулотларининг давомийлиги 80 дақиқани, ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.


22. Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг таълим жараёни, қоидага кўра, буюртмачилардан келиб тушган йиллик буюртмалар бўйича гуруҳларнинг тўлишидан келиб чиққан ҳолда, академик гуруҳларда ташкил қилинади.

Тингловчиларнинг кам сонли йўналишлари бўйича таълим жараёнини ташкиллаштириш доирасида, ўқитишнинг алоҳида йўналишлари бўйича белгиланган меъёрга мувофиқ гуруҳларни шакллантириш учун - битта гуруҳдаги тингловчилар сони 5 нафардан кам бўлмаган миқдорда ўрнатилиши мумкин.


23. Таълим муассасаларида туризм соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқитишнинг қуйидаги шакллари орқали амалга оширилади:

асосий ишдан ажралган ҳолда;

асосий ишдан қисман ажралган ҳолда (аралаш усул);

масофавий ўқитиш шакли ёрдамида асосий ишдан ажралмаган ҳолда.


24. Асосий ишдан ажралган ва қисман ажралган ҳолда (аралаш усулда) қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларида ўтказилади.


25. Қайта тайёрлаш касбий фаолиятнинг қўшимча турларини амалга ошириш учун зарур бўлган билим, кўникма ва қобилиятларни ўзлаштириш борасида камида 576 академик соат ҳажмдаги касбий қайта тайёрлаш дастурларини ўз ичига олади.

Малака ошириш ўз ичига қуйидаги ўқитиш турларини олади:

туризм соҳаси мутахассисларининг аниқ ваколатларига оид алоҳида предметларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли мавзули ўқитиш (18-72 академик соат);

касбий фаолият йўналиши билан ўзаро боғлиқ бўлган, туризм соҳаси ва туризм бозори ривожланишининг долзарб муаммоларини чуқур ўрганиш бўйича узоқ муддатли ўқитиш (72-144 академик соат);

касбий фаолиятни амалга ошириш жараёнида вужудга келувчи бошқарув, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-техник ва бошқа масалалар бўйича мавзули ва муаммоли семинарлар.


26. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларининг ўзлаштирилиши таълим муассасалари томонидан ўтказиладиган якуний аттестация билан тасдиқланади ва унинг натижалари бўйича ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ, давлат намунасидаги ҳужжат - қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом берилади.

Малака ошириш курслари натижалари бўйича ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ, малака оширганлик ҳақидаги гувоҳнома берилади.

Қайта тайёрлаш ва малака оширишни ўзлаштириш учун танланган дастурни тамомламаган ёки аттестациядан ўтмаган тингловчиларга, таълим муассасалари томонидан, ўзлаштирилган таълим дастурининг ҳақиқий ҳажми ва мазмуни акс эттирилган академик маълумотнома берилади.


27. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини мустақил ёки масофавий ўқитиш технологиялари орқали ўзлаштираётган тингловчиларнинг якуний аттестациядан ўтишига рухсат этилади. Тегишли йўналишлар бўйича якуний аттестация таълим муассаларининг аттестация комиссияларида ўтказилади.


28. Асоссиз сабаблар билан машғулотларни ўтказиб юборганлиги учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг тингловчилари сафидан четлатилганлар, такроран пуллик асосда курсдан ўтишлари, шунингдек қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг навбатдаги курсларида тегишли йўналиш (мутахассислик) бўйича аттестациядан ўтишлари лозим.


29. Аттестация натижалари бўйича қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсида такроран имтиҳон топшириш имконияти берилади. Такрорий имтиҳон топшириш имконияти фақат бир марта тақдим этилади.



5-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИДА МУТАХАССИСЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

БАҲОЛАШ


30. Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ва баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ички назорат:

асосий билимларни баҳолаш;

янги билим, кўникма ва қобилиятларнинг ўзлаштирилганлик даражасини жорий назорат қилиш;

ўқитиш якунлангандан сўнг мутахассислик бўйича аттестацияни ўз ичига олган якуний назорат;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат.


31. Эгалланган билим ва кўникмаларни баҳолаш мезонлари, якуний аттестация ўтказиш тартиби, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимидаги таълим жараёнининг сифатини баҳолаш механизмлари Қўмита томонидан белгиланади.


32. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим муассасалари фаолиятини баҳолаш тартиби қонун ҳужжатларига асосан тартибга солинади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА

НИСБАТАН ТАЛАБЛАР


33. Таълим муассасалари мулчилик шаклидан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларга эга бўлиши лозим:

а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда берилган нодавлат таълим фаолиятини юритиш учун лицензиянинг мавжуд бўлиши;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда нодавлат таълим муассасаларининг давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши;


34. Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолиятни олиб бораётган таълим муассасаси қуйидаги ҳужжатларни камида уч йил давомида сақлаши шарт:

а) Институт билан келишилган ва таълим муассасаси томонидан тасдиқланган имтиҳон билетлари саволномалари;

б) баҳолар, билет рақамлари, имтиҳон комиссияси аъзоларининг исм ва фамилиялари акс эттирилган ва уларнинг имзолари қўйилган имтиҳон комиссияси қайдномаси;

в) машғулотларни ўтказиш санаси, машғулотларнинг мавзуси, ўқув соатлари миқдори, ўқитувчиларнинг фамилияси ва имзоси кўрсатилган таълим жараёнида тингловчиларнинг давомат журнали;

г) ҳужжатларнинг рақами, берилиш санаси, ўқитиш даври, ўқув курсининг номи, тингловчиларнинг фамилияси ва исми-шарифи, паспорт маълумотлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тўғрисидаги ҳужжатларнинг берилганлигини ҳисобга олиш журнали.



7-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИДА МУТАХАССИСЛАРИНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

БЎЙИЧА ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТАЛАБЛАР


35. Туризм соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув-мавзули режалар ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўқув дастурлари таълим муассасалари томонидан Институт билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.

Ўқув дастурлари заруратга қараб, аммо уч йилда камида бир марта янгиланади.


36. Ўқув дастурлари тингловчиларнинг амалдаги эҳтиёжлари ва уларнинг тайёргарлик даражасини эътиборга олган ҳолда шакллантирилади. Ўқув дастурлари ишлаб чиқариш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, турли фаолият соҳалари учун алоҳида ишлаб чиқилиши мумкин.

Ўқув дастурлари асосий ва қўшимча ўқув модулларига ажратилган ҳолда алоҳида ўқув модулларига бўлинади.


37. Ўқув дастурларининг мазмунига бўлган асосий талаблар, мутахассислик бўйича зарур ва етарли билим ва кўникмаларнинг ўзлаштирилишини эътиборга олган ҳолда, касб стандартлари ва мутахассиснинг малака тавсифномасига қатъий мувофиқлик принципларига асосланади.

Ўқув дастури фан, техника, технология ва туризм бозори ривожланишининг илғор ютуқларига мувофиқ ҳолда яратилиши, туризм таълими тизимида узлуксизлик, изчиллик ва кетма-кетликни таъминлашга доир талабларга жавоб бериши лозим.


38. Ўқув дастури таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил излаш ва уларни ўзлаштириш учун имкониятларни назарда тутиши керак.


39. Туризм соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича ўқув дастурлари назорат тадбирларида қуйидагилар назарда тутилади:

тингловчиларни тестдан ўтказиш;

камида 15 та слайд ҳажмидаги малакавий лойиҳа (тақдимот)ни тайёрлаш ва ҳимоя қилиш;

намойиш имтиҳони.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


42. Ўз вақтида ва сифатли қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун жавобгарлик таълим муассасалари зиммасига юклатилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш

ва малакасини ошириш тизимини ташкиллаштириш

СХЕМАСИ


Босқич

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати



1-босқич


Вазирлик ва идоралар, юридик ва жисмоний шахслар


Ходимни туризм соҳасидаги мутахассисларнинг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларидан ўтиш учун йўллайди.


Эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда






2-босқич


Таълим муассасалари


1. Мазкур Низом талабларига мувофиқ, мутахассислар қайта тайёрланиши ва малакасини оширишини ташкил қилади.


2. Туризм соҳасидаги мутахассисларга (имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган тақдирда) қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом ёки малака оширганлик ҳақида белгиланган намунадаги гувоҳномани топширади.


Ушбу Низомда белгиланган муддатларга мувофиқ







3-босқич


Қайта тайёрлаш ҳақида диплом ёки малака оширганлик тўғрисида гувоҳнома олган мутахассис


Туризм соҳасида мутахассисларнинг малакасини оширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки қайта тайёрланганлиги ҳақида диплом албатта бўлиши шарт бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.


Курс натижаларига кўра





Низомга

2-ИЛОВА



Кадрларни қайта тайёрлаш бўйича дипломнинг

давлат намунаси


Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби тасвири


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI


Qayta tayyorlash haqida

DIPLOM


QT N 0000000

(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil _________ _________________dan 20___ yil _______ ____________________gacha

da

(ta'lim muassasasining nomi)


soatga mo'ljallangan

(kurs hajmi)



(qayta tayyorlash kursining nomi)

qayta tayyorlash kursini tamomladi.

Ta'lim muassasasi rahbari:


(imzo)

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro'yxatdan o'tkazish raqami:



Berilgan sanasi:




(kun, oy, yil)






Низомга

3-ИЛОВА



Кадрлар малакасини ошириш бўйича гувоҳноманинг

давлат намунаси


Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби тасвири


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI


Malaka oshirganlik haqida

GUVOHNOMA


МО N 0000000

(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil _________ _________________dan 20___ yil _______ ____________________gacha

da

(ta'lim muassasasining nomi)


soatga mo'ljallangan

(kurs hajmi)



(ta'lim muassasasining nomi)

malaka oshirish kursini tamomladi.

Ta'lim muassasasi rahbari:


(imzo)

(familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro'yxatdan o'tkazish raqami:



Berilgan sanasi:




(kun, oy, yil)



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 июль