язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Туризм, меҳмонхона хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2020 й. 433-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 июлдаги

433-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш

бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бажарувчи - ташриф буюрувчига меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъекти;


брон қилиш - ташриф буюрувчи (буюртмачи) томонидан жойлаштириш воситасида номерни (жойни) аввалдан буюртма қилиш;


буюртмачи - меҳмонхона хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ меҳмонхона хизматларини буюрувчи ёки сотиб олувчи жисмоний ёки юридик шахс;


жойлаштириш бўйича хизматлар (кейинги ўринларда - меҳмонхона хизматлари) - жойлаштириш воситасида вақтинчалик яшаш жойи бериш бўйича хизматлар мажмуи;


жойлаштириш воситалари - меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, хостеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва меҳмонхона хизматлари - вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар, шунингдек тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти транспорти;


номер (жой) нархи - вақтинча яшаш ва бажарувчи томонидан белгиланган вақтинча яшаш билан боғлиқ бошқа меҳмонхона хизматлари қиймати;


оммавий шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) - бажарувчи томонидан тузилган ҳамда меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича унинг вазифаларини белгиловчи шартнома;

ташриф буюрувчи - меҳмонхона хизматларини буюрган, сотиб олган ва/ёки фойдаланадиган жисмоний шахс.


3. Меҳмонхона хизматларига, шу жумладан, уларнинг ҳажми ва сифатига доир талаблар, қонун ҳужжатларида бошқа талаблар назарда тутилмаган бўлса, бажарувчи ва ташриф буюрувчи (буюртмачи)нинг келишувига биноан белгиланади.


4. Номер (жой) нархи бажарувчи томонидан мустақил белгиланади.


5. Меҳмонхона хизматлари доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозим.


6. Бажарувчи мазкур Низом талабларига зид бўлмаган, жойлаштириш воситасида меҳмонхона хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланишнинг ички қоидаларини (кейинги ўринларда - жойлаштириш воситасининг ички қоидалари) белгилаши лозим.


7. Жойлаштириш воситасига ташриф буюрувчининг келиш вақтидан бошлаб ва унинг кетишигача бўлган муддатда у банд қилган номерга (жойга) турар-жой дахлсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилади.


8. Меҳмонхона хизмати кўрсатиш тартиби бажарувчи томонидан ташриф буюрувчига (буюртмачига) энг маъқул шаклда маълум қилинади.


9. Жойлаштириш воситалари мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги "Туризм хизматларини сертификатлаш маркази" ДУК томонидан сертификатлаштирилади.


10. Тоифа берилган жойлаштириш воситасининг мулкдори ва (ёки) эгаси унинг мазкур тоифага мувофиқ бўлишини таъминлаши шарт.



2-БОБ. БАЖАРУВЧИ ВА У ТОМОНИДАН

ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН МЕҲМОНХОНА

ХИЗМАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР


11. Бажарувчи, ташриф буюрувчилар танишиши учун қулай бўлган жойда, шу жумладан, жойлаштириш воситасининг қабул қилиш жойидаги маълумотлар тахтасига ва интернет тармоғидаги расмий веб-сайтига (агар мавжуд бўлса) қуйидаги маълумотларни жойлаштириши лозим:

а) бажарувчи тўғрисидаги маълумотлар, хусусан, номи, манзили, боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили;

б) бажарувчининг юқори турувчи ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

в) жойлаштириш воситасининг тегишли тоифаси тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

г) меҳмонхона хизматлари учун мувофиқлик сертификати нусхаси ёки оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирма;

д) номерлар (жойлар) нархи;

е) номер (жой) нархига кирадиган меҳмонхона хизматлари рўйхати;

ж) меҳмонхона хизматларига тўловни амалга ошириш шакли ва тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

з) алоҳида тўлов эвазига, бажарувчи томонидан кўрсатиладиган бошқа меҳмонхона хизматлари рўйхати, нархи ҳамда уларни олиш шартлари;

и) номер (жой) брон қилиш ва бронни бекор қилиш шакли, шартлари ва тартиби тўғрисида маълумотлар;

к) имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси рўйхати, шунингдек, меҳмонхона хизматларини кўрсатишда тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати (агар мавжуд бўлса);

л) жойлаштириш воситасида учинчи шахслар томонидан тўлов эвазига кўрсатиладиган бошқа хизматлар тўғрисида маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

м) жойлаштириш воситасига келиш (кетиш) вақти тўғрисида маълумотлар;

н) жойлаштириш воситасида меҳмонхона хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланиш қоидалари тўғрисида маълумотлар.


12. Бажарувчи жойлаштириш воситасида бўлиш қоидалари тўғрисида ҳар бир номерни ахборот билан таъминлаши лозим.


13. Бажарувчи ва у кўрсатадиган меҳмонхона хизматлари тўғрисидаги маълумотлар ташриф буюрувчиларга давлат тилида ҳамда қўшимча равишда инглиз ва рус тилларида, шунингдек, бажарувчининг ихтиёрига кўра бошқа тилларда маълум қилинади.



3-БОБ. МЕҲМОНХОНА ХИЗМАТЛАРИНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


14. Бажарувчи номерлар (жойлар) брон қилишни ҳар қандай шаклда, шу жумладан, шартнома ёки буюртма қабул қилиш усулида (телефон ёки бошқа шаклда) амалга ошириш ҳуқуқига эга.


15. Бажарувчи томонёидан жойлаштириш воситасида брон қилишнинг қуйидаги турлари қўлланилади:

кафолатланган - жойлаштириш воситасида номер (жой) ташриф буюрувчи келишигача ушлаб туриладиган брон қилиш тури бўлиб, бунда ташриф буюрувчи томонидан брон ўз вақтида бекор қилинмаган, ташриф буюрувчи белгиланган муддатдан кечиккан ёки келмаган ҳолларда ташриф буюрувчидан номер (жой)нинг бўш турганлиги учун, бироқ бир суткадан кўп бўлмаган миқдордаги тўлов суммаси бажарувчи томонидан ундирилади.

Бунда ташриф буюрувчи бир суткадан кўп вақтга кеч қолганда кафолатланган брон қилиш бекор қилинади;

кафолатланмаган - жойлаштириш воситасида номер (жой) бажарувчи томонидан маълум бир соатгача брон қилинади, белгиланган муддатда ташриф буюрувчи келмаганда кафолатланмаган брон бекор қилинади.

Брон қилишнинг бошқа турлари жойлаштириш воситасининг ички қоидаларида белгиланиши мумкин.


16. Ташриф буюрувчи (буюртмачи) томонидан буюртма қилинган номер тоифаси ва унинг нархи, брон қилиш шартлари, жойлаштириш воситасида яшаш муддати тўғрисидаги, шунингдек, бажарувчи томонидан аниқланадиган бошқа маълумотлар олинган вақтдан бошлаб брон ҳақиқий ҳисобланади.


17. Ташриф буюрувчи (буюртмачи) номерлар (жойлар) брон қилиш ҳақидаги буюртмани ўз ихтиёрига кўра бекор қилиш ҳуқуқига эга. Номерлар (жойлар) бронни рад этиш тартиби ва шакли жойлаштириш воситасининг ички қоидалари билан белгиланади.


18. Агар буюртмада кўрсатилган санада бўш номер (жой) мавжуд бўлмаса бажарувчи брон қилишни рад этиш ҳуқуқига эга.


19. Меҳмонхона хизматлари ташриф буюрувчи томонидан паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат кўрсатганидан сўнг тақдим этилади.


20. Жойлаштириш воситасида ўн олти ёшга тўлмаган фуқароларни рўйхатдан ўтказиш улар билан бирга бўлган ота-оналари (қонуний вакиллари) ёки ҳамроҳлик қилаётган бошқа шахсларнинг фуқаролик паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати, ҳамроҳлик қилаётган шахсларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, ушбу вояга етмаган шахсларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки паспорти асосида амалга оширилади.


21. Ташриф буюрувчиларни рўйхатдан ўтказиш жойлаштириш воситаларида яшовчиларни Интернет бутун жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури орқали амалга оширилади.


22. Бажарувчи ташриф буюрувчининг талабига кўра у билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи шартнома тузиши лозим:

а) бажарувчининг номи;

б) ташриф буюрувчи тўғрисида маълумотлар;

в) тақдим этилаётган номер (жой) тўғрисида маълумотлар;

г) номер (жой) нархи;

д) жойлаштириш воситасида бўлиш муддати;

е) бошқа зарур маълумотлар (томонлар ихтиёрига кўра).

Шартнома электрон ёки ёзма шаклда тузилиши мумкин.


23. Бажарувчи жойлаштириш воситасига ташриф буюрувчиларга кеча-кундуз хизмат кўрсатилишини таъминлайди.


24. Ташриф буюрувчининг жойлаштириш воситасига келиши ва ундан кетиши маҳаллий вақт бўйича шу кундаги сутканинг 12:00 соатида белгиланадиган ҳисоб-китоб соатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Бажарувчи маҳаллий хусусиятлар ва фаолият турини ҳисобга олган ҳолда белгиланган ҳисоб-китоб соатини ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Ҳисоб-китоб соати ва кейинги ташриф буюрувчининг номерга (жойга) жойлаштириш соати оралиғидаги вақт (номер ва/ёки жойни тайёрлаш учун) уч соатдан ошмаслиги керак. Келиш вақти бажарувчи томонидан белгиланади.


25. Номер (жой) нархи, номер (жой) нархига кирадиган меҳмонхона хизматлари рўйхати, шунингдек, номер (жой)га тўловни амалга ошириш шакли ва тартиби бажарувчи томонидан белгиланади.

Бажарувчи яшаш учун суткали ва/ёки соатли тўловни белгилаши мумкин.


26. Бажарувчи ташриф буюрувчининг розилигисиз номер (жой) нархига кирмайдиган бошқа қўшимча тўлов эвазига кўрсатиладиган меҳмонхона хизматларини тақдим қилиши тақиқланади.


27. Бажарувчи ташриф буюрувчининг сўровига кўра қуйидаги турдаги хизматларни бепул тарзда кўрсатиши лозим:

а) тез ёрдам ва бошқа махсус хизматларни чақириш;

б) тиббиёт дори қутисидан фойдаланиш;

в) ташриф буюрувчининг номига юборилган ёзишмаларни етказиб бериш;

г) маълум вақтда уйғотиш;

д) қайнаган сув, игналар, иплар, идиш-товоқлар ва ошхона анжомларининг бир тўпламини тақдим этиш;

е) бажарувчининг ихтиёрига кўра бошқа меҳмонхона хизматлари.


28. Ташриф буюрувчиларга кўрсатилган меҳмонхона хизматлари учун тўлов шартномада белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Ҳисоб-китоб соатидан кейин ташриф буюрувчининг кетиши кечиккан ҳолларда ташриф буюрувчидан кўрсатилган меҳмонхона хизмати учун тўлов миқдори бажарувчи томонидан белгиланади.


30. Ташриф буюрувчи бажарувчига ҳақиқатан қилган харажатларини тўлаш шарти билан меҳмонхона хизматларидан фойдаланишни тўхтатиши мумкин.



4-БОБ. БАЖАРУВЧИ ВА ТАШРИФ

БУЮРУВЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


31. Бажарувчи ташриф буюрувчининг сақлаш учун топширилган буюмларининг бутлиги учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 899-моддасида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бажарувчи томонидан ташриф буюрувчига буюмларини сақлаш учун қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши шарт.


32. Бажарувчи шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


33. Шартнома талаблари ва/ёки шартларига жавоб бермайдиган меҳмонхона хизматларини тақдим этиш натижасида ташриф буюрувчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бажарувчи томонидан қопланиши шарт.


34. Ташриф буюрувчининг айби билан жойлаштириш воситасининг мулки йўқолган ёки унга зиён етказилган ҳолларда ташриф буюрувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


35. Агар шартнома шартлари тарафларнинг бири томонидан бузилган тақдирда, иккинчи тараф шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Ушбу Низом талабларига риоя қилишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризмни рвиожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


37. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 июль