язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.2020 й. 489-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 14 августдаги

489-сон қарорига

4-ИЛОВА



Товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича

мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик

деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш

лозим бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғи

базасига тузатиш киритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда солиқ тўловчилар томонидан қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш тартибини белгилайди.


2. Товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деганда қонунчиликка мувофиқ даъво қилиш муддати ўтган ва ундириш нореал бўлган бошқа қарзлар бўйича дебиторлик қарзларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар билан ҳисоб-китоблар бўйича тўланиши шубҳали қарзларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар тушунилади.


3. Солиқ тўловчи томонидан солиқ базасига тузатиш киритиш, товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда амалга оширилади.


4. Мазкур Низом талаблари Солиқ кодексининг 15-моддасига асосан лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда қарздорлик хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланиб жиноят иши қўзғатилганлиги оқибатида хўжалик юритувчи субъект тугатилганда банкрот деб эътироф этиш орқали ҳосил бўлган бўлиши лозим.



2-БОБ. ТОВАРЛАРГА (ХИЗМАТЛАРГА) ҲАҚ ТЎЛАШ

БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТ БЎЙИЧА УМИД ҚИЛИБ

БЎЛМАЙДИГАН ҚАРЗДОРЛИК ЮЗАСИДАН

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ШАРТЛАРИ


5. Солиқ тўловчи олдинги ҳисобот (солиқ) даврларида солиқ солинадиган даромадлар олиш билан боғлиқ бўлган умид қилиб бўлмайдиган қарздорликларни чегириб ташлашга ҳақли.

Бунда умид қилиб бўлмайдиган қарздорликларни чегириб ташлашга фақат қарз ҳисобдан чиқарилган ва солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисоботида акс эттирилган тақдирда йўл қўйилади.


6. Мажбуриятлар бекор қилиниши оқибатида қарздор томонидан сўндирилиши мумкин бўлмаган ундирилиши умид қилиб бўлмайдиган қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида корхона раҳбарининг фармойишини чиқариши учун қуйидаги ҳужжатлар асос ҳисобланади:

суд ҳал қилув қарорига биноан мажбуриятлар тугатилганлиги;

банкротлик (иқтисодий суднинг банкрот юридик шахсни тугатишга доир иш юритиш тамомланганлиги тўғрисидаги ажрими);

хўжалик юритувчи субъектларнинг тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги якуний ҳисоботи;

қарздор жисмоний шахс вафот этганлиги ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганлиги;

қарздорликнинг даъво қилиш муддати ўтганлиги.


7. Қуйидаги ҳолларда қарздорликлар умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилмайди:

ҳужжатлар билан тасдиқланмаган қарздорлик;

ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш билан боғлиқ кечикишлардан ҳосил бўлган қарздорлик;

даъво муддати оралиғида қарз берувчи томонидан ўз пул маблағлари ёки активларини муддати ўтказиб юборилган ҳолда узоқ вақт мобайнида қарзни ундириш чоралари кўрилмаган қарздорлик;

кафолатли (кафиллик мажбурияти олинган) қарздорлик;

солидар шартнома шартлари асосида юзага келган қарздорлик.


8. Солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадлари учун қарздорликни бекор қилиш мезонлари ҳисоб сиёсатида аниқланиши лозим.



3-БОБ. ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ

БАЗАСИГА ТУЗАТИШЛАР КИРИТИШ


9. Солиқ базасига уни камайтириш ёки кўпайтириш тарафга тузатиш киритиш бир йиллик муддат доирасида, кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича эса кафолат муддати доирасида амалга оширилади.


10. Тадбиркорлик субъекти томонидан умид қилиб бўлмайдиган қарздорликни ҳисобдан чиқариши учун қарздорлик суммаси юзага келганлигини ҳамда даъво муддати ўтганлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар жамланган бўлиши зарур. Бунда:

тўлов муддати аниқ белгиланган шартнома;

шартнома шартларига мувофиқ берилган товар моддий қийматликларни ўтказиш бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳамда товарлар (хизматлар)ни қабул қилиш далолатномалари;

тўлов топшириқномалари, шунингдек, охирги ҳисобот даврида тузилган ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган дебитор қарздорлик ҳақиқатдан қайтарилмаганлигини тасдиқловчи инвентаризация ҳисоботи;

умид қилиб бўлмайдиган дебитор қарздорликни ҳисобдан чиқариш юзасидан чиқарилган корхона раҳбари фармойиши.

Шунингдек, солиқ тўловчи олдида дебитор қарздорлик юзага келганлиги юзасидан молиявий операцияларни тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари бўлиши мумкин.


11. Солиқ базасига тузатишлар киритиш вақтида уни амалга оширувчи солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатда турган бўлиши лозим.


12. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича қарздорлик суммаси суд органлари томонидан умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб топилса, қўшилган қиймат солиғини тўловчи бундай қарздорлик бўйича солиқ солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш суммасига мос равишда камайтиради.


13. Умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисобдан чиқарилганда солиқ солинадиган айланма суммаси товарларни (хизматларни) реализация қилишда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурада акс эттирилган кўрсаткичлар бўйича, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси миқдорида, солиқ солинадиган айланма сумма доирасида камайтирилади.


14. Қарздорлик ҳисобдан чиқарилганда тарафлар томонидан шартнома шартларига мувофиқ ҳисобланган жарима ва пеня суммалари тузатиш киритиш суммасига киритилмайди.


15. Қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш бир нечта айланмалар расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича қуйидаги формула орқали амалга оширилади:


СҚҚС = Қ х Cc%


Бунда:

СҚҚС - жами амалга оширилган айланмалар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси;

Қ - жами реализация қилинган товарлар (хизматлар) қиймати.

Cc - солиқ ставкаси.


16. Товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширган корхона томонидан аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилганда тузатиш киритилган тегишли ўзгартиришлар қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига 1-илова "Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар"да акс эттирилади.


17. Товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширган корхона томонидан солиқ базасига тузатишлар киритиш амалга оширилганда харидор томонидан илгари ҳисобга қабул қилинган солиқ суммасига тегишли тартибда тузатиш киритади.


18. Товарлар (хизматлар)ни харид қилишда илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган солиқ суммаси, агар бундай товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисобланса, бундай тузатиш амалга оширилган солиқ даврида ҳисобдан чиқарилади.


19. Солиқ суммасига тузатиш киритишда агар харидор томонидан қабул қилиб олинган тузатиш киритиладиган ҳисобварақ-фактураларда солиқ солинадиган ва солинмайдиган айланма мавжуд бўлса, қўшилган қиймат солиғи суммаси мутаносиб усулда аниқланади.


20. Солиқ базасига тузатиш киритишда, бир нечта айланмалар расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси мазкур низомнинг 15-бандида келтирилган формула орқали амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Солиқ тўловчи солиқ ва молиявий ҳисоботларга киритилган тузатишлар учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


22. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 август