язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Ўзбекистон Республикасининг 13.08.2020 й. ЎРҚ-632-сон "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.07.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 07.08.2020 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.08.2020 й.

N ЎРҚ-632



"ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИКЛАРИ

ТЎҒРИСИДА"ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 22 июлда қабул қилинган

Cенат томонидан 2020 йил 7 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги ЎРҚ-501-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 10, 677-модда; 2019 йил, N 12, 880-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 13-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи - олтинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларга ёзма шаклда билдиришнома берилиб, унда ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун фуқаролардан ҳақ ундиришга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек хусусий бандлик агентлиги томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, мурожаат қилиш учун хусусий бандлик агентлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг почта манзиллари ҳамда алоқа боғлаш учун телефон рақамлари кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича чет эллик шериклар билан ўз ваколатлари доирасида музокаралар (суҳбатлар) ўтказиш, шартномалар, битимлар ва баённомаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

эҳтимол тутилган иш берувчиларни қидириш, хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганиш асосида бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларга ахборот тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳлаётган шахслар ҳақидаги ахборотни фақат уларнинг розилиги билан чет эллик иш берувчилар ўртасида тарқатиш;

иш қидираётган шахсларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун дастлабки тайёргарлик тадбирларини ўтказиш йўли билан кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлашиладиган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва уй-жой-маиший таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслар билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаларини тузишга кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслардан Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ ундириш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликлари захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш, шунингдек лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда маблағларни қайтариш шартлари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди";


2) 14-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишга жойлаштириш соҳасидаги ахборот ва маслаҳат хизматларини хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатади. Ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридан ошмаслиги керак";


3) 15-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Хусусий бандлик агентлиги томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "labor-migration" ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказилади";


4) қуйидаги мазмундаги 15-1-модда билан тўлдирилсин:


"15-1-модда. Хусусий бандлик агентлигининг

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни

қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича

чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан

ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома


Хусусий бандлик агентлиги Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузади.

Хусусий бандлик агентлигининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш шартларини (касб ёки мутахассислик тури, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, ажратилган квоталар сони, иш вақтининг давомийлиги, иш жойигача ва иш жойидан транспортда ташиш, ишидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий ҳимоя қилиш, санитария-гигиена тадбирларини ҳамда тиббиётга оид бошқа тадбирларни ташкил этиш, меҳнат ва дам олишни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги юзага келган тақдирда компенсация олиш тартиби ва бошқа шартлар);

тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини;

шартноманинг муддатларини, уни ўзгартириш ва бекор қилиш тартибини, шунингдек унинг бошқа шартларини.

Хусусий бандлик агентлигининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартноманинг матни хусусий бандлик агентлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Хусусий бандлик агентлигининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича чет эллик иш берувчи ва (ёки) чет эллик шерик билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномани тузмасдан, хусусий бандлик агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланади";


5) 17-модданинг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги саккизинчи - ўн биринчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг сўровига кўра ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши;

хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "labor-migration" ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиши;

хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги бажарилган шартномаларга оид архив материалларини шакллантириши ва сақлаши;

хусусий бандлик агентлиги тўғрисидаги, шунингдек унинг филиаллари ва (ёки) ваколатхоналари ҳақидаги маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини етти иш куни ичида хабардор қилиши шарт";


6) 20-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Хусусий бандлик агентликлари томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг текширувларини (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш тартибида ўтказилади. Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида:

хусусий бандлик агентликларининг ҳудудлари ва биноларига монеликсиз кириш;

текширувга тааллуқли барча зарур ҳужжатлар билан танишиб чиқиш;

хусусий бандлик агентликларининг мансабдор шахсларидан текширув ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар, шунингдек ҳужжатларнинг зарур бўлган, тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини олиш ҳуқуқига эга";


7) 23-модда учинчи қисмининг еттинчи хатбошисидаги "эллик минг АҚШ доллари" деган сўзлар "базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2020 йил 14 август