язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.08.2020 й. 478-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.08.2020 й.

N 478




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАКИЛЛАРИНИНГ ЎҚИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ УЧУН ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИ

ГРАНТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси вакилларининг 2020-2021 йилларда Японияда ўқишини ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (кейинги ўринларда - JICA) "Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш лойиҳаси" (кейинги ўринларда - лойиҳа) доирасида Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш мақсадида қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

2018-2019 йиллар учун 261 млн япон йени (2,46 млн АҚШ доллари эквивалентида) ва 2019-2020 йиллар учун 262 млн япон йени (2,47 млн АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида грант ажратилди;

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ (кейинги ўринларда - "Ўзмиллийбанк" АЖ) томонидан Япониянинг MUFG Bank, Ltd. банки (кейинги ўринларда - Япония банки) билан банклараро шартнома ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишув асосида ўтган давр учун грант бўйича ҳисоб-китоб хизматлари кўрсатилди;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари иштирокида Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ва JICA билан ҳамкорликда ўтказилган танлов натижаларига кўра йилига 17 нафардан, ўтган икки йил учун жами 34 нафар Ўзбекистон Республикасининг вакиллари Япония университетларида ўқишга юборилди;

бошқарув комиссияси, иш берувчилар ва лойиҳа стипендиатлари ўртасида ўқиш даврида стипендиатларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, шунингдек, ўқишни тамомлагач ишга жойлаштириш мажбуриятлари ҳамда кафолатлари белгиланган уч томонлама битимлар имзоланди.


2. 2019 йил 28 августда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва JICA ўртасида Айирбошлаш нотаси ва Грант битими имзолангани ҳамда уларда қуйидагилар назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси вакилларининг 2020-2021 йилларда Япония етакчи университетлари магистратураси ва докторантурасида ўқишини ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури бўйича Япония Ҳукумати томонидан 263 млн япон йени (2,48 млн АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида грант тақдим этиш;

JICA томонидан белгиланадиган ташкилотнинг стипендиатни танлаш, унга ўқиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш ҳамда уч томонлама битим бажарилишининг мониторинги билан боғлиқ хизматлари учун харажатларни грант ҳисобидан қоплаш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида меҳнат қилаётганлар орасидан Япония етакчи университетлари магистратурасида ўқиш учун 18 нафар ва докторантурасида ўқиш учун 1 нафар талабгорни танлаш шартлари;

Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон томонидан, Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ва JICA Япония томонидан ушбу лойиҳанинг амалга оширилишини ва ўқиш учун номзодларни танлаб олишни мувофиқлаштирувчилар этиб белгилаш;

грантга ҳисоб-китоб хизматини кўрсатиш шартлари ва тартиби, шунингдек, "Ўзмиллийбанк" АЖ томонидан банк битимлари тузиш асосида зарур ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

грант бўйича ҳисоб-китоб хизматини кўрсатиш учун "Ўзмиллийбанк" АЖ ва Япония банки ўртасида банклараро шартнома имзолаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига:

Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш доирасида грант олиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча тартиботларни расмийлаштириш;

"Ўзмиллийбанк" АЖ томонидан тегишли талабнома тақдим этилгандан сўнг уч иш куни ичида Япония банки комиссияси харажатларини тўлаб бериш вазифаси юклатилсин.


4. "Ўзмиллийбанк" АЖга ҳар йили тегишли Япония банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан лойиҳа доирасида шартнома асосида ҳисоб-китоб хизматларини амалга ошириш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги грант бўйича ҳисоб-китоб хизмати кўрсатилганлиги учун Япония томонига воситачилик харажатлари учун тўловни Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божлари ундирилмасдан визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилиши, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилиши ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда:

лойиҳа доирасида Япониянинг етакчи университетлари магистратураси ва докторантурасида мақсадли ўқиб келган битирувчиларнинг ишга жойлашиши ҳолати мониторинги ва таҳлилини таъминласин;

мониторинг ва таҳлил натижаларига кўра, ҳар йили ҳисобот йилининг октябрь ойигача ўқиш тугагандан сўнг уч йил мобайнида битирувчиларни иш билан таъминлашнинг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ҳамда Япония Ҳукумати грантидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин;

лойиҳанинг барча битирувчиларини иш билан таъминлашнинг жорий ҳолати тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 август