язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.08.2020 й. 480-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 12 августдаги

480-сон қарорига

3-ИЛОВА



Олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни

қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг

ўқишини кўчириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДА


1. Ушбу Низом олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириш тартибини белгилайди.



2-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИГА

ЎҚУВЧИЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


2. Олимпия захиралари коллежига болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт таълим муассасаларида спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичининг биринчи йил тайёргарлигидан ўтган ҳамда олимпия захиралари коллежида ўқиш истагини билдирган ўқувчилар танлов асосида қабул қилинадилар.

Хорижий мамлакат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг олимпия захиралари коллежида таълим олишларига йўл қўйилмайди.


3. Ўқувчилар олимпия захиралари коллежига 7-синфдан қабул қилинади. Олимпия захиралари коллежининг спорт турлари бўйича контингенти Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.


4. Олимпия захиралари коллежига ўқувчилар қабулини самарали ташкил қилиш мақсадида таълим муассасасида қабул комиссияси ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан қабул комиссияси раиси ва масъул котиби белгиланади.

Қабул комиссияси аъзоларининг вазифалари қабул комиссияси раиси томонидан белгиланади.


5. Ҳужжатлар ҳар йили 20 июнь - 20 июль (шу куни ҳам) мобайнида қабул қилинади.


6. Ўқишга кирувчилар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан олимпия захиралари коллежи директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси (гувоҳноманинг асли қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади), такроран берилган ҳолларда туман (шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органининг тасдиқловчи маълумотномаси;

тиббий маълумотномалар (Ф-026-у шаклдаги мактаб тиббий анкетаси, Ф-063-у шаклдаги профилактик эмлаш картаси, Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома, қон, сийдик, гижжа тухуми таҳлили, ЭКГ, 14 ёшдан бошлаб флюрография, турар жойидан болалар врачидан кечирган касалликлари тўғрисидаги маълумотнома, психоневрологик диспансердан маълумотнома, якка кураш турлари учун умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел қисмларининг икки проекциядаги рентген расми ҳамда травматолог хулосаси);

3,5 х 4,5 ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат;

ўқувчининг спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичининг биринчи йил тайёргарлигидан ўтганлиги тўғрисидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт таълим муассасалари томонидан берилган маълумотнома;

спорт разрядини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси ҳамда спорт разрядни тасдиқланганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма.


7. Ҳужжатлар қабул комиссиясига ўқишга кирувчи томонидан шахсан тақдим этилади.


8. Мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда қабул комиссияси ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.



3-БОБ. КАСБИЙ (ИЖОДИЙ) ИМТИҲОН

ЎТКАЗИШ


9. Касбий (ижодий) имтиҳонлар икки босқичда: умумий ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш асосида амалга оширилади.


10. Касбий (ижодий) имтиҳонлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади, умумий жисмоний тайёргарлик учун - 30 балл ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик учун - 70 балл ажратилади.


11. Спорт турлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар меъёрлари ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.


12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўқувчиларни қабул қилиш учун ташкил этилган қабул комиссияси иш фаолиятини назорат қилиб бориш мақсадида тегишли спорт турлари бўйича тренер ва мутахассислардан иборат бўлган ишчи гуруҳ шакллантирилиши мумкин.


13. Касбий (ижодий) имтиҳонлар 21 - 28 июль кунлари давомида ўтказилади.


14. Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари 1 август куни эълон қилинади. Имтиҳондан ўтмаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари уларнинг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга қайтариб берилади.


15. Спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ғолиб ва совриндорлари (1 - 3-ўринлар), Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари аъзолигига ҳамда уларнинг захирасига кирган спортчилар олимпия захиралари коллежи ўқувчилари сафига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинадилар.


16. Қабул комиссияси қарори асосида ўқувчиларни қабул қилиш тўғрисида олимпия захиралари коллежи директори томонидан буйруқ чиқарилади ва ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


17. Олимпия захиралари коллежига ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини ёритиш, шунингдек, ўқувчилар қабулини шаффоф, ошкора ва демократик тамойиллар асосида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида видеокузатувга олиб (ёзиб) борилади ва оммавий ахборот воситалари жалб қилиниши мумкин.


18. Касбий (ижодий) имтиҳон натижаларидан норози бўлган шахслар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 24 соат ичида олимпия захиралари коллежининг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Касбий (ижодий) имтиҳон натижаларидан норози бўлган фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун уч нафар мутахассислардан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси уч кун муддатда аризани ва имтиҳон материалларини кўриб чиқиб, қабул комиссиясига ёзма ҳисобот топширади.



4-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИ

ЎҚУВЧИЛАРИНИ АТТЕСТАЦИЯДАН

ЎТКАЗИШ


19. Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари ўқув йили давомида икки маротаба (қишки ва ёзги) фанларни ўзлаштириши, тегишли спорт нормативларини топширганлиги, спорт натижалари ва тиббий мувофиқлик ҳолатлари юзасидан аттестациядан ўтказиш орқали холисона баҳо бериш ва уларни синфдан-синфга (босқичдан-босқичга) ўтказиш ҳамда ўтказилган аттестация натижасида қайд этилган талабларга жавоб бермаган ўқувчиларни ўқишдан четлатиш директор буйруғи асосида тузилган аттестация комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.


20. Аттестация олимпия захиралари коллежи ўқувчисининг ўқув йили давомидаги спорт тайёргарлиги даражасини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган спорт мусобақаларида эришган натижалари, ўқув режада белгиланган фанларни ўзлаштириши, ўқувчилар турар жойида тартиб-интизом талабларига риоя этиши, жамоатчилик ишларида қатнашганлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


21. Аттестация комиссияси аъзолари 7 - 9 кишини ташкил этади, олимпия захиралари коллежи директори - комиссия раиси, спорт ишлари бўйича директор ўринбосари - комиссия котиби, таълим муассасанинг касаба уюшмаси қўмита раиси, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, синф раҳбарлари, тренер-ўқитувчилар ва услубчилардан иборат таркибда шакллантирилади. Зарур ҳолларда аттестация комиссияси таркибига спорт-таълим муассасалари ва спорт турлари бўйича федерация (уюшма) лар мутахассислари жалб қилиниши мумкин.


22. Спорт турлари бўйича тренер-ўқитувчилар аттестация бошланишидан камида 10 кун олдин аттестациядан ўтувчиларнинг аттестацияга оид маълумотлари ва ҳужжатларини тўплайди ҳамда аттестация комиссиясига тақдим этади.


23. Аттестация комиссиясига аттестациядан ўтувчи ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:

йил (ўқув йили) давомида эришган натижалари;

йил бошидаги ва аттестация ўтказилаётган вақтдаги спорт разряди (унвони);

йил давомида қатнашган мусобақалари сони ва спортчи кўрсатган натижа таҳлили;

терма жамоага алоқадорлик даражаси;

кўрсатган энг яхши натижаси;

тренер-ўқитувчилар жамоасининг тавсияси;

йил (ўқув йили) давомида ўқув фанларни ўзлаштириши;

йил (ўқув йили) давомида ўқувчилар турар жойида ички тартиб-қоидаларга риоя этиши;

соғлиғи тўғрисида врач хулосаси.

Аттестация комиссияси аттестациядан ўтувчининг фаолиятига оид қўшимча маълумотлар сўраш ҳуқуқига эга.


24. Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари раҳбарлигида 3 - 5 кишидан иборат эксперт гуруҳи тузилиб, аттестацияга тақдим этилган ҳужжатлар таҳлил қилинади. Ушбу эксперт гуруҳи аттестациядан ўтувчининг спорт, маънавий-маърифий ва ўқиш жараёнидаги фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш асосида маълумотнома - аттестация варақасини тайёрлайди.


25. Аттестация варақаси спорт турлари бўйича катта тренер-ўқитувчи, спортчининг шахсий тренери-ўқитувчиси, бўлим услубчиси, бўлим тарбиячиси, синф раҳбари ва бўлим врачи томонидан имзоланади.


26. Тўпланган ҳужжатлар асосида ўқувчилар билан суҳбат ўтказилади, суҳбат жараёнида берилган савол ва жавоблар махсус (саҳифаланган, боғланган, муҳрланган) журналга қайд этилади. Зарур ҳолларда аудио ёки видеога туширилади.


27. Аттестация натижалари бўйича аттестация комиссиянинг қарори комиссия аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


28. Аттестация комиссияси қарори аттестация варағига ёзилади ва аттестациядан ўтувчига тўғридан-тўғри аттестациядан сўнг эълон қилинади.


29. Аттестация натижаларига кўра комиссия қуйидаги хулосалардан бирини қабул қилади: "Олимпия захиралари коллежида ўқишга лойиқ" ёки "Олимпия захиралари коллежида ўқишга нолойиқ".


30. Аттестация комиссияси қарори баённомалар билан расмийлаштирилади ва улар асосида тегишли буйруқлар чиқарилади ва ўқувчига олимпия захиралари коллежи томонидан маълум қилинади.


31. Аттестациядан ўтувчи ўқувчи аттестацияга узрли сабаб билан келмаган тақдирда, уни аттестациядан ўтказиш бошқа муддатга кўчирилади.


32. Аттестация якунларига кўра ўқувчилар сафидан чиқарилган ўқувчилар ўрнини тўлдириш спорт турлари бўйича тасдиқланган ўқувчилар контингентидан чиқмаган ҳолда, бир йилда икки маротаба (қишда ва ёзда) Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.

Олимпия захиралари коллежининг ўрта профессионал таълим босқичига спорт тайёгарлиги спорт такомиллаштириш босқичининг иккинчи йил тайёргарлигидан ўтган ўқувчилар қабул қилинадилар.



5-БОБ. ЎҚУВЧИНИНГ ЎҚИШИНИ ОЛИМПИЯ

ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИДАН БОШҚА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИГА КЎЧИРИШ


33. Ўқувчининг ўқишини олимпия захиралари коллежидан бошқа таълим муассасасига кўчириш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

а) ўз хоҳишига кўра (ота-онасининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси асосида);

б) аттестация комиссиясининг қарорига кўра;

в) тиббий номувофиқлик бўлганда - врач хулосасига кўра;

г) ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда, тегишли норматив талаблар топширилмаганда, спорт натижаси пасайганда, шу жумладан спорт одоби, спорт тайёргарлиги режими бузилган, тақиқланган фармокологик, алкоголли ва гиёҳванд воситалар қўлланилган тақдирда - педагогик кенгашнинг қарорига мувофиқ.

Мазкур банднинг "б", "в" ва "г" кичик бандларида кўрсатилган ҳолларда ўқувчининг ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчиришда ўқувчи ёки унинг ота-онасининг розилиги талаб этилмайди.


34. Ўқувчилар сафидан чиқарилган ўқувчи ўқишини доимий турар жойи бўйича умумтаълим мактабида давом эттиради.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.


36. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 август