язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган коллежларнинг Намунавий устави (ЎзР ВМ 07.08.2020 й. 466-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 7 августдаги

466-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўрта профессионал таълим босқичида

кадрлар тайёрлайдиган коллежларнинг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган коллежларнинг мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Коллежлар - Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари ҳисобланади.


3. Коллеж ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Устав асосида амалга оширади.


4. Коллежлар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг тизимидаги ташкилий тузилма ҳисобланади ва фаолиятлари уларнинг маблағи асосида молиялаштирилади.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар коллеж ўқувчиларининг касбий таълим жараёнида амалий кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашади, меҳнат бозорида Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи мутахассисларга (кейинги ўринларда - мутахассислар) бўлган эҳтиёжни аниқлайди, битирувчиларни иш билан таъминлаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги идоравий бўйсунувидан қатъи назар коллежларда таълим жараёнида давлат сиёсатини юритади ва уларга ўқув-методик раҳбарлик қилади.


5. Коллеж юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, алоҳида мол-мулкига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, давлат намунасидаги бланкаларига, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлимларида шахсий ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ва бошқа ҳисобварақларга, реквизитларга эга бўлган, ўз номидан шартномалар тузадиган, мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширадиган, юклаган мажбуриятларни бажарадиган ҳамда суд, арбитраж органларида даъвогар ва жавобгар бўладиган таълим муассасаси ҳисобланади.


6. Коллежнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "…." ;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "…." ;

в) рус тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "…." .


7. Коллежнинг жойлашган жойи (почта манзили): почта индекси, вилояти (шаҳар), туман, -мавзе, - кўчаси, "…"-уй.



2-БОБ. КОЛЛЕЖЛАРНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Коллежларнинг асосий мақсади:

кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан "Ҳаёт давомида таълим олиш" принципи асосида касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлашдан;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш борасида соҳага доир илмий, методик тадқиқотларни олиб боради, педагог ходимларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришини қўллаб-қувватлашдан;

ўқувчиларни танлаган касб ёки мутахассислиги бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар этиб тайёрлашдан иборат.


9. Қуйидагилар коллежларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодиётнинг соҳа ва тармоқларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тизимли фикрлаш, иш юритиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш кўникмаларига эга бўлган ҳамда хорижий тилларни биладиган мутахассислар тайёрлаш;

эгаллаган касби ва мутахассислиги бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, юқори даражада сифатли билим олишини ва касбий тайёргарликни таъминлайдиган Миллий профессионал ва таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича ўқитиш;

соҳадаги мутахассислар ва ишчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

танлаб олинган касб ёки мутахассислик бўйича бир ёки бир неча ихтисосликни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ошириш;

мутахассисларни тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият ва замонавий инновацион техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;

ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, Ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;

ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда камол топтириш;

таълим стандартлари талабларига кўра ўқувчиларда билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, таълим олувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг билим олиши, турмуши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш;

таълим жараёни учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш.



3-БОБ. КОЛЛЕЖЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Коллеж:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ваколати доирасида шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва мазкур Уставга зид бўлмаган фаолиятни амалга ошириш;

таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида танловлар ташкил этиш;

иқтисодиёт тармоқлари, хўжалик ва хизмат кўрсатиш соҳасида кадрларга бўлган реал эҳтиёж асосида кадрлар тайёрловчи қўшимча касблар ва мутахассисликлар, шартнома асосида қисқа муддатли ўқув курслари очиш;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни коллежнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга ва таълим-тарбия жараёнини замонавий ўқувтехник воситалар, мебеллар билан таъминлашга, коллеж ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари, ходимларини ижтимоий ҳимоялашга ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишни рағбатлантиришга сарфлаш.

коллеж ўқувчининг касбий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бюджетдан ташқари маблағ ишлаб топиш мақсадида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш бўйича турли соҳалар билан боғлиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Коллеж қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Коллеж:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим-тарбия соҳасидаги фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва фармойишлари, тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органларининг норматив ҳужжатларида белгиланган вазифаларини бажариши;

коллежнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда маблағ билан таъминлашнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, ташкилотлар, ҳомийлар маблағларини, хорижий инвестицияларни жалб этиши;

таълим стандартлари, малака талаби, ўқув режаси ва фан дастурлари асосида юқори сифатли касб-ҳунар таълимини бериши;

коллеж Ахборот-кутубхона фондини умумий ўқувчилар сонини ҳисобга олган ҳолда замонавий талабга жавоб берадиган дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар (шу жумладан, бадиий адабиётлар) мажмуи билан етарли даражада мунтазам равишда тўлдириб боришни таъминлаш ва ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиши;

коллеж ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталари малакасини ошириш, тажриба алмашинувини ташкил этиш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши;

таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиши;

педагогик фаолиятнинг сифати, ижтимоий мақоми, нуфузи ва обрў-эътиборини ошириш борасида фаолият кўрсатиши;

меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб берадиган таълим-тарбия ва меҳнат шароитларини яратиши зарур.

Коллеж қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ОЛУВЧИЛАР


12. Коллежга ўқишга қабул қилинган фуқаро ушбу таълим муассасаси ўқувчиси ҳисобланади.


13. Коллеж ўқувчиларига ўқувчилик гувоҳномаси берилади.


14. Коллеж ўқувчилари:

билим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, тегишли касблар ва мутахассисликлар бўйича замонавий илм, фан-техника тараққиёти ривожланишига мос назарий ва амалий билим олиш;

таълим-тарбия жараёни давомида ўқув-техника жиҳозлари ва воситаларидан, фан кабинетларидан Ахбороткутубхона фондидан, Ахбороткутубхона ўқув зали ва бошқа ўқув, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, коллежга қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан бепул фойдаланиш;

коллеж, туман, шаҳар, республика миқёсида ўтказиладиган турли кўрик танловлар, спорт мусобақалари, амалий семинарлар, конференцияларда иштирок этиш;

коллеж Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларига сайлаш ва сайланиш, таълим-тарбия жараёнига тааллуқли масалалар юзасидан ваколати доирасида таклифлар киритиш, шунингдек, ўқувчилар давомати, уларни ички тартиб-қоидаларга риоя этиши ва бошқа масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Коллеж ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Коллеж ўқувчилари:

таълим-тарбия жараёнида коллеж Уставига, ички тартибқоидаларга, ўқув интизомига, кийиниш қоидаларига, ўқувчи-ёшлар уйида яшаш қоидаларига қатъий риоя қилишга;

фанлар бўйича ўқув дастури асосида билимларни виждонан ва мунтазам ўзлаштириб боришга, ўқитувчилар томонидан берилган топшириқларни бажаришга ҳамда дарсларга мустақил тайёргарлик кўришга;

таълим-тарбия жараёни давомида ўқув-техника жиҳозлари ва воситаларидан, фан кабинетлари, Ахбороткутубхона фондидан, ўқув зали ва бошқа ўқув, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, коллежга қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга;

ўқув режасида белгиланган муддатларда ўқув ва малакавий амалиётларни ўташга ҳамда амалиёт дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришга;

коллеж ҳудудида, фан кабинетлари, Ахборот кутубхона ўқув зали ва спорт залида санитариягигиена, техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилишга ҳамда ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи, коллеж мол-мулкига моддий зарар етказувчи ҳар қандай ҳолатлар тўғрисида зудлик билан маъмуриятни хабардор қилишга;

тўлов-контракт бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга;

миллий қадриятлар ва урф-одатларни ҳурмат қилишга, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга;

коллеж ҳудудида уяли телефонлардан фойдаланишни тартибга солувчи тегишли норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилишга мажбур.

Коллеж ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


16. Ўқишда эришган ютуқлари, ижодий фаолияти ва коллежнинг жамоат ишларида фаол қатнашган ўқувчиларга рағбатлантиришнинг турли шакллари қўлланилади.


17. Коллеж ички тартиб қоидаларини, ўқув интизомини бузган ҳамда бошқа турдаги ҳуқуқий жавобгарликларни келтириб чиқарувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этган ўқувчиларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилади.



5-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДИК ИШ


18. Коллежда ўқитувчилар таркиби, иш берувчилар, ўқувчилар таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


19. Коллежда ўқитиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

таълимнинг демократик характерда эканлиги - давлат таълим дастурлари доирасида таълим-тарбия усулларини танлашда коллежнинг мустақиллиги;

таълимнинг инсонпарварлиги - шахснинг таълимга нисбатан бўлган турли-туман эҳтиёжларининг қондирилиши, миллий ва умумбашарий қадриятлар устуворлигининг таъминланиши, инсон, жамият ва атроф муҳит ўзаро муносабатларининг уйғунлашуви;

таълимнинг ижтимоийлиги - таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш;

таълимнинг миллий йўналтирилганлиги - таълимнинг миллий тарих, халқ анъаналари ва урф-одатлари билан узвий уйғунлиги, Ўзбекистон халқларининг маданиятини сақлаб қолиш ва бойитиш, таълимни миллий тараққиётнинг ўта муҳим омили сифатида эътироф этиш, бошқа миллатларнинг тарихи ва маданиятини ҳурмат қилиш;

таълим ва тарбиянинг узлуксизлиги ва узвий боғлиқлиги уйғун олиб борилиши;

ёшларнинг келгусида меҳнат фаолиятини давом эттиришини таъминловчи юқори даражадаги билимларни эгаллаши;

иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларга сифатли билим олиш учун шарт-шароитлар яратиш.


20. Коллежда:

таълим бериш 2 йилгача муддатда кундузги, кечки, сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати ва семестрлар давомийлиги ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади;

ўқувчилар ўқитиш курслари ва тили бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса бўлимларга бирлаштирилади;

гуруҳларда ўқувчилар сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади;

ўқув йилининг бошланиши, тугалланиши, ҳафталик юклама, таътилларнинг муддати, давомийлиги, шунингдек, ўқув-тарбия жараёни якунланларини белгилаш шакллари, амалиёт турлари ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби ҳамда таълим жараёнига тегишли бошқа талаблар қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида белгиланади;

коллежда барча турдаги ўқув машғулотлари давомийлиги тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


21. Таълимнинг мазмуни таълим дастурлари (ўқув режаси ва ўқув дастурлари) асосида белгиланади.

Мутахассисларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар касб стандартлари ва малака талаблари асосида белгиланади.


22. Ўқувчиларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини рейтинг тизими асосида баҳолаш тегишли норматив-ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.


23. Коллежда ўқитиш курси тугагандан кейин назоратларнинг якуний натижалари асосида ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш, курсда қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, курсда қолдириш коллеж педагогик кенгашининг қарорига асосан коллеж директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Курсдан курсга шартли равишда ўтказишларга йўл қўйилмайди.


24. Ўқувчиларни коллежда ўқитиш таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида қуйидагича амалга оширилади:

коллеж ўқувчиларининг муассаса ва ташкилотларда тизимли асосда ишлаб чиқариш ва малакавий амалиёт ўташи учун шарт-шароитлар яратиш;

бевосита ишлаб чиқаришни модернизациялаш жараёнларида иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни қўллаб, коллеж ҳамда муассаса ва ташкилотларнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш.


25. Ўқувчиларнинг ўқув, ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиёти коллежнинг амалдаги норматив ҳужжатлари асосида амалга оширилади.


26. Ўқув режасида мавжуд бўлган фанлар бўйича фан дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ўқувчи коллеж педагогик кенгашининг қарори ва директорнинг буйруғи билан Якуний давлат аттестацияси имтиҳонларига қўйилади. Якуний давлат аттестацияси амалда бўлган норматив ҳужжатларга асосан ўтказилади.

Якуний давлат аттестацияси комиссияси қарори билан таълим олган мутахассислиги (касби) ва эгаллаган малакаси (малакалари) кўрсатилган ҳолда давлат намунасидаги диплом берилади.

Дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, ўтилган соатлар ҳажми, уларни ўзлаштириш даражаси (баҳолар) ва Якуний давлат аттестацияси натижалари кўрсатилган қўшимча варақ илова қилинади.


27. Коллежни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом олинган билим, кўникма ва малакаларини меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.


28. Ўқув-методик, илмий-методик ва тажриба ишларини амалга ошириш мақсадида коллеж фан кафедраларини ташкил килади.


29. Ўқув жараёни шакли илмий асосланган инновацион восита, интеграциялашган дастурлар ва ўқитиш усулларини танлаш асосида ташкил этилади.


30. Ўқув жараёнига йўналишлар бўйича олим ва мутахассислар жалб қилинади. Коллежда ўқитувчиларнинг ўқув-методик ва илмий ижод қилишлари учун шароит яратилади ва рағбатлантирилади.


31. Коллежда маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар умумбашарий қадриятларга ва миллий анъаналарга асосланади:

коллежда ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига ҳисса кўша оладиган шахсни тарбиялаш ўқув жараёни билан узвий равишда "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, шахснинг ижодий фаоллигини шакллантирувчи фондларнинг фаол иштироки билан амалга оширилади;

ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий-маданий, тарихий анъаналарига, урф-одатларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли шаклларини оммалаштириш мақсадида коллежнинг веб-сайти ва ижтимоий саҳифаларини яратиш йўлга қўйилади;

ўқувчиларнинг ўз интеллектуал даражасини ошириш бадиий адабиётларни ўқишга қизиқтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини олиб бориш, янги адабий китобларнинг тақдимотини уюштириш ва тарғиб қилиш орқали амалга оширилади;

коллеж ўқувчиларида мулоқот маданиятининг замонавий шаклларини яратиш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда баҳс-мунозаралар ва давра суҳбатлари уюштирилади;

чет тилларидаги бадиий адабиётлар, илмий материалларни ўрганиш ва таълим-тарбияга татбиқ этиш мақсадида видеороликлар, буклетлар, флайерлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

коллежда ёш авлодни маънавий-ахлоқий, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришда миллий-маданий, тарихий анъаналарга, урф-одатлар ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган тарбиявий ишларнинг турли хил шакллари қўлланилади.


32. Ўқувчиларда таълим муассасаси ва танлаган касбни эгаллаш бўйича берилган имкониятлардан ғурурланиш ҳиссини оширишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилади.


33. Коллежда ўқув йилининг биринчи куни вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўқувчиларнинг тантанали сафланиши, Ўзбекистон Республикаси байроғини олиб чиқиш, Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланади ва белгиланган тадбир асосида давом эттирилади.


34. Биринчи машғулот Ўзбекистон Республикасининг миллий мустақиллик ғояларига бағишланади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


35. Коллеж фаолиятини бошқариш директор томонидан амалга оширилади. Коллеж директори тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Унинг лавозим мажбуриятлари қонун ҳужжатларига асосан белгиланади.


36. Коллеж директори:

умумий раҳбарлик қилади, коллежнинг жорий фаолиятини ташкил этади ва ўз зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда коллеж номидан иш юритади;

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келишган ҳолда коллежнинг штатлар жадвалини, уни сақлаш учун харажатлар сметасини тасдиқлайди;

ўз функционал мажбуриятларини самарали бажараётган, коллеж олдига қўйилган вазифаларга эришишга салмоқли ҳисса қўшган юксак профессионал, ташаббускор ходимлар меҳнатини моддий рағбатлантириш чораларини кўради;

ўз ваколати доирасида ходимлар томонидан ижро этилиши шарт бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

коллежга юкланган вазифаларга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.


37. Директор коллежнинг мол-мулки, моддий базаси ва маблағининг тақсимотчиси ҳисобланади, меҳнат ва хўжалик шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисобварақларини очади.


38. Коллеж директорининг ўринбосарлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишган ҳолда профессионал таълим муасасалари директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

коллежнинг бош бухгалтери ва ўқув бўлимлари бошлиқлари коллеж директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Директор маъмурият фаолияти натижалари бўйича илмий - педагогик кенгаш ва юқори ташкилотларга ҳисобот беради.


39. Коллежнинг олий органи Педагогик кенгаш ҳисобланади.

Педагогик кенгаш:

коллежни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, мутахассислар тайёрлаш ва тарбиялаш сифатини ошириш ва такомиллаштиришни, коллежга қўшимча маблағларни жалб қилишни ва моддий-техника базани мустаҳкамлашни белгилайди;

таълим мазмунининг турли вариантларини муҳокама килиш ва танлаб олиш (ўқув режалари, дастурлар, дарсликлар), ўқув-тарбия жараёнининг шакл ва усулларини, уларни амалга ошириш усулларини, ўқувчиларни қабул килиш, курсдан курсга ўтказиш ва қолдириш, четлаштириш масалаларини муҳокама этади ҳамда тегишли қарорлар қабул килади;

ўқитувчиларнинг ижодий ташаббускорлигини ошириш, уларнинг педагогик тажрибасини оммалаштириш бўйича малака ошириш ишларининг ташкил этилишини муҳокама қилади;

тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўқитувчиларга касбий тоифа бериш ҳамда базавий таъриф ставкасига белгиланган устама ҳақ тўловларини белгилаш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилади ва тегишли тоифаларга тавсия беради;

коллежнинг бўлимлари, Давлат аттестация комиссияси ва қабул комиссияси ҳисоботини эшитади ва муҳокама қилади.

Педагогик кенгаш таркибига коллеж директори, унинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, психолог, Ахборот-кутубхона бўйича мутахассис киради. Коллеж директори Педагогик кенгаш раиси ҳисобланади.


40. Педагогик кенгаш мажлислари икки ойда камида бир марта ўтказилади, зарур ҳолларда навбатдан ташқари Педагогик кенгаш мажлиси ўтказилиши мумкин. Кенгаш қарори умумий, очиқ овоз бериш орқали кабул килинади. Педагогик кенгаш қарори коллеж директорининг буйруғи билан кучга киради. Педагогик кенгаш мажлисларида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда иш берувчи ташкилот вакиллари кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.


41. Коллежнинг штатлари жадвали амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилади, тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.


42. Коллежда Педагогик кенгаш, методик кенгаш, ота-оналар кенгаши тузилади ва фаолият юритади.


43. Коллеж таркибида касаба уюшмаси, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, мураббийлар кенгаши ва касб-ҳунар мактабидаги таълим-тарбия жараёнига дахлдор бўлган бошқа жамоат тузилмалари ташкил этилади.


44. Коллежда фан кафедралари ташкил этилади.

Ташкил этилган кафедралар улар фаолияти тўғрисидаги Низомлар билан тартибга солинади.


45. Коллежнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан ҳамкор корхона ва ташкилотлар ўртасида таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.



7-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР,

ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ХОДИМЛАР


46. Тегишли олий маълумотга, касбий тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар коллежда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Суднинг қарорига асосан педагогик фаолият билан шуғулланиш таъқиқланган шахслар бу ишга қўйилмайди.


47. Коллежга профессор-ўқитувчилар, педагоглар таркибини ишга қабул қилиш, уларнинг ўқув-педагогик юкламасини белгилаш тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


48. Ўқитувчиларнинг (ўқув фанлари ва соатлар бўйича) бошқа ўқитувчилар ўрнида ишлаши тартиби тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


49. Ўқитувчиларнинг педагогик фаолият даражасини баҳолаш учун аттестациядан ўтказиш ва малака тоифаси бериш тартиби тегишли норматив ҳужжатларга асосан амалга оширилади.


50. Ўқитувчиларнинг педагогик, психологик, касбий маҳоратини ва малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда амалга оширилади.


51. Директорнинг буйруғи билан ўқитувчилар зиммасига ўқув фанлари бўйича кафедра мудирлиги, тегишли ўқув фанлар бўйича мавжуд ўқув хонаси мудирлиги вазифаси юкланиши мумкин.

Гуруҳларда ўқув, маънавий-ахлоқий, тарбиявий ҳамда ташкилий ишларга раҳбарлик қилиш учун ўқитувчилардан гуруҳ мураббийлари тайинланади.


52. Коллежнинг ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълим усталари ва ходимларининг ҳуқуқ ва бурчлари, лавозим вазифалари, малака талаблари ва мажбуриятлари касбга қўйилган талаблар билан белгиланади ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳақидаги қонунлари асосида тартибга солинади. Ўқитувчи ва ходимлар педагогик меҳнатнинг, тарбиявий ва илмий жараёнининг юқори самара беришига, ўқувчиларда мустақиллик, ташаббускорлик, ижодий қобилият, зарур касбий кўникмаларни ривожлантиришга, коллеж Уставига риоя қилишга мажбур.


53. Коллеж ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг Устави, директор томонидан тасдиқланган Ички меҳнат тартиби қоидалари ва лавозим йўриқномалари билан белгиланади.


54. Коллежнинг ўқув-тарбия жараёни сифати ошишига аниқ ҳисса қўшаётган, юксак касб маҳоратига эга бўлган ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимларини рағбатлантириш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

ўқитувчилар томонидан ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ахборот технологияларини қўллаб таълим беришнинг юқори даражасига эришиш;

ўқувчиларда амалий кўникмалар ва ижодий фаолиятни ривожлантириш бўйича мустақил самарали ишлашни ўргатиш;

гуруҳлар мураббийларининг ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши;

ўқитувчи-педагогларнинг илмий-тадқиқотчилик ишлари;

коллеж ижтимоий, маънавий-маърифий ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш.


55. Коллежда ўқитувчи, ўқув-тарбиявий ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ишлаб чиқилган ички локал ҳужжатлар билан белгиланади.



8-БОБ. ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ


56. Коллежда ўқувчи, ўқитувчи, маъмурий ва ёрдамчи ходимларни бирлаштирувчи жамоат ташкилотлари фаолият кўрсатади. Жамоат ташкилотларининг фаолияти амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


57. Коллеж ўқувчиларининг Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб, ёшларни ихтиёрий равишда бирлаштиради ҳамда ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида иш юритади.

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг Низоми асосида фаолият кўрсатади.

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг мақсад-вазифалари коллеж ёшларини бирлаштириш, соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборатдир.


58. Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмаси қўмитаси коллеж ходимлари ва ўқувчиларининг кўнгилли жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилади.

Касаба уюшмаси қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонунига ва бошқа тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ иш кўради.



9-БОБ. КОЛЛЕЖНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


59. Коллеж ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади. Коллеж фаолиятини молиялаштириш:

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


60. Коллеж ходимларининг иш ҳақи, сифатли фаолият учун уларни рағбатлантириш миқдори ва иш хақига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


61. Коллежнинг молиявий маблағлари унинг тасарруфида бўлади ва улардан қонунчиликда белгиланган тартибда Уставда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланилади.


62. Коллеж фан кабинетлари ва бошқа объектларнинг ўқув-методик ва техник жиҳозланиши намунавий нормативлар билан ва илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


63. Коллежнинг мол-мулкидан самарали ва мақсадга йўналтирилган тарзда фойдаланилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ коллеж директори тўлиқ жавоб беради.


64. Коллеж ўз молиявий фаолиятини амалга ошириш учун амалдаги қонун ҳужжатларига биноан бухгалтерия ва статистика ҳисобини юритади, молиявий фаолиятни мунтазам таҳлил қилади ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлайди. Молиявий ва статистик ҳисоботларни тегишли органларга тақдим этади.


65. Коллежнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


66. Коллеж қонунда белгиланган тартибда ваколатли органлар томонидан қайта ташкил қилинади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 август