язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган касб-ҳунар мактабларининг Намунавий устави (ЎзР ВМ 07.08.2020 й. 466-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 7 августдаги

466-сон қарорига

2-ИЛОВА



Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар

тайёрлайдиган касб-ҳунар мактабларининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган касб-ҳунар мактабларининг мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Касб-ҳунар мактаби - Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси ҳисобланади.


3. Касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Устав асосида амалга оширади.


4. Касб-ҳунар мактабини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


5. Касб-ҳунар мактаблари юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, алоҳида мол-мулкига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, давлат намунасидаги бланкаларга, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлимларида шахсий ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ва бошқа ҳисобварақларига, реквизитларга эга бўлган, ўз номидан шартномалар тузадиган, мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширадиган, юкланган мажбуриятларни бажарадиган ҳамда суд, арбитраж органларида даъвогар ва жавобгар бўладиган таълим муассасаси ҳисобланади.


6. Касб-ҳунар мактабларининг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи: ".....касб-ҳунар мактаби", қисқартирилган номи - "..КҲМ";

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи: " ..... vocational school", қисқартирилган номи - "...VSc";

в) рус тилида:

тўлиқ номи: "...профессиональная школа", қисқартирилган номи - "...ПШ".


7. Касб-ҳунар мактабининг жойлашган жойи (почта манзили): почта индекси, вилояти (шаҳар), _______тумани, ____-мавзе, кўча номи, -"___"-уй.



2-БОБ. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Касб-ҳунар мактабларининг асосий мақсади:

умумтаълим муассасаларининг 9-синфи битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида кадрлар тайёрлашни амалга ошириш;

ўқувчиларни танлаган касб бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий - ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар этиб тайёрлашдан иборат.


9. Қуйидагилар касб-ҳунар мактабларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодиёт соҳа ва тармоқларидаги зарур соҳавий касб-ҳунар бўйича билим, малака ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллай оладиган мутахассислар тайёрлаш;

эгаллаган касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, сифатли билим олишни ва касбий тайёргарликни таъминлайдиган таълим дастури асосида ўқитиш;

танлаб олинган касб-ҳунарни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини шакллантириш;

Таълим стандартлари талабларига кўра ўқувчиларда малака ва кўникмаларни шакллантириш;

таълим жараёни учун зарур моддий - техника, ўқув - методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш;

касб-ҳунарга тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият ва замонавий инновацион техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;

ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, Ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;

ўқувчиларни маънавий - ахлоқий тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда камол топтириш;

ўқитувчи, таълим олувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг билим олиши, турмуши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш.



3-БОБ. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Касб-ҳунар мактаби:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколати доирасида ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар ва бошқа ҳужжатларни тузиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва мазкур Уставга зид бўлмаган фаолиятни амалга ошириш;

таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида танловлар ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Касб-ҳунар мактаби қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Касб-ҳунар мактаби:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим-тарбия соҳасидаги фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив ҳужжатларида белгиланган вазифаларни бажариши;

Таълим стандартлари, ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида сифатли касб-ҳунар таълимини бериши;

касб-ҳунар мактаби ахборот - кутубхона технологияси фонди умумий ўқувчилар сонини ҳисобга олган ҳолда замонавий талабга жавоб берадиган дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар (шу жумладан, бадиий адабиётлар) мажмуи билан етарли даражада таъминланишини ташкил этиши;

касб-ҳунар мактаби ўқувчиларида юксак маънавий - ахлоқий ва миллий ўзликни англаш каби сифатларни шакллантириши;

касб-ҳунар мактаби ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари малакасини ошириш, тажриба алмашинувини ташкил этиш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши;

таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиши;

педагогик фаолиятнинг сифати, ижтимоий мақоми, нуфузи ва обрў-эътиборини ошириш борасида фаолият кўрсатиши;

меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб берадиган таълим-тарбия ва меҳнат шароитларини яратиши зарур.

Касб-ҳунар мактаби қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ОЛУВЧИЛАР


12 .Касб-ҳунар мактабига ўқишга қабул қилинган фуқаро ушбу таълим муассасаси ўқувчиси ҳисобланади.


13. Касб-ҳунар мактаби ўқувчиларига ўқувчилик гувоҳномаси берилади.


14. Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари:

билим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, тегишли касблар бўйича замонавий илм, фан-техника тараққиёти ривожланишига мос назарий ва амалий билим олиш;

таълим-тарбия жараёни давомида ўқув-техника жиҳозлари ва воситаларидан, фан кабинетлари ахборот-кутубхонаси фондидан, ахборот-кутубхона ўқув зали ва бошқа ўқув, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, касб-ҳунар мактабига қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан бепул фойдаланиш;

туман, шаҳар, ҳудуд ва республика миқёсида ўтказиладиган турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, амалий семинарлар, конференцияларда иштирок этиш;

касб-ҳунар мактабида ташкил этилган турли тадбирларда ва тўгаракларда қатнашиш;

касб-ҳунар мактаби Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларига сайлаш ва сайланиш, таълим-тарбия жараёнига тааллуқли масалалар юзасидан ваколати доирасида таклифлар киритиш, шунингдек, ўқувчилар давомати, уларнинг ички тартиб-қоидаларга риоя этиши ва бошқа масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари:

таълим-тарбия жараёнида касб-ҳунар мактаби Уставига, ички тартиб-қоидаларига, одоб - ахлоқ, кийиниш ва ўқувчи-ёшлар уйида яшаш қоидаларига қатъий риоя қилишга;

ўқув ва амалий машғулотларда тўлиқ иштирок этиш, фанлар бўйича ўқув дастури асосида билимларни мунтазам ўзлаштириб бориш, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан берилган топшириқларни бажариш ҳамда дарсларга тайёргарлик кўришга;

таълим-тарбия жараёни давомида ўқув-техника жиҳозлари ва воситаларидан, фан кабинетлари, ахборот - кутубхона фондидан, ўқув зали ва бошқа ўқув, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, касб-ҳунар мактабига қарашли жиҳозлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга;

ўқув режасида белгиланган муддатларда амалиётларни тўлиқ ўташга;

фан кабинетлари, ахборот-кутубхона ўқув зали ва спорт залида, ошхона, ётоқхона ва устахоналарда санитария-гигиена, техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилишга;

касб-ҳунар мактаби ҳудудида уяли телефонлардан фойдаланишни тартибга солувчи тегишли ички тартибларга риоя қилишга мажбурдир.

Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


16. Ўқишда эришган ютуқлари, ижодий фаолияти ва жамоат ишларида фаол қатнашган ўқувчиларга рағбатлантиришнинг турли шакллари қўлланилади.


17. Ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган ўқувчиларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.



5-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДИК ИШ


18. Ўқитувчилар, иш берувчилар, ўқувчилар таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.


19. Касб-ҳунар мактабида:

таълим бериш муддати 2 йил бўлиб, таълим кундузги шаклда амалга оширилади;

ўқувчилар ўқитиш курслари ва тили бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса бўлимларга бирлаштирилади;

гуруҳларда ўқувчилар сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади;

ўқув йилининг бошланиши, тугалланиши, ҳафталик юклама, таътилларнинг муддати, давомийлиги, шунингдек, ўқув-тарбия жараёни якунланларини белгилаш шакллари, амалиёт турлари ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби ҳамда таълим жараёнига тегишли бошқа талаблар қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида белгиланади;

касб-ҳунар мактабида барча турдаги ўқув машғулотлари давомийлиги тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


20. Таълимни ташкил этиш таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган таълим дастурлари (малака талаби, ўқув режаси ва ўқув дастурлари) асосида белгиланади.


21. Ўқувчиларнинг назарий ва амалий кўникмалари норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда аниқлаштирилади.


22. Касб-ҳунар мактабида ўқитиш курси тугагандан кейин назоратларнинг якуний натижалари асосида ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш, курсда қолдириш ва ўқишни кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, курсда қолдириш касб-ҳунар мактаби педагогик кенгашининг қарори ва директорнинг буйруғи билан расмийлаштирилади.


23. Ўқувчиларни касб-ҳунар мактабида ўқитиш таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида амалга оширилади.


24. Касб-ҳунар мактаби ўқувчиларининг корхона ва ташкилотларда тизимли асосда ишлаб чиқариш ва малакавий амалиёт ўташи учун шарт-шароитлар яратилади.


25. Ўқув режаси ва фан дастурларининг барча талабларини бажарган ўқувчи касб-ҳунар мактаби педагогик кенгашининг қарорига асосан директорнинг буйруғи билан Якуний давлат аттестацияси имтиҳонларига қўйилади. Якуний давлат аттестацияси амалдаги норматив ҳужжатларга асосан ёки "Амалий-кўргазмали" имтиҳон топшириш шаклида ўтказилади.


26. Якуний давлат аттестацияси комиссияси қарори билан таълим олган мутахассислиги (касби) ва эгаллаган малакаси (малакалари) кўрсатилган ҳолда давлат намунасидаги диплом берилади.


27. Дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, ўтилган соатлар ҳажми, уларни ўзлаштириш даражаси (баҳолар) ва Якуний давлат аттестацияси натижалари кўрсатилган қўшимча варақ илова қилинади.


28. Касб-ҳунар мактабини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом эгалланган билим ва квалификацияни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради.


29. Ўқув-методик, илмий-методик ва тажриба ишларини амалга ошириш мақсадида касб-ҳунар мактабида фанлар бўйича методик бирлашма(уюшма)лар ташкил қилинади.


30. Ўқув жараёни шакли илмий асосланган инновацион восита ва ўқитиш усулларини танлаш асосида ташкил этилади.


31. Касб-ҳунар мактабида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар умумбашарий қадриятларга ва миллий анъаналарга асосланади:

касб-ҳунар мактабида ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига ҳисса кўша оладиган шахсни тарбиялаш ўқув жараёни билан узвий равишда "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, шахснинг ижодий фаоллигини шакллантирувчи фондларнинг фаол иштироки билан амалга оширилади;

ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий-маданий, тарихий анъаналарига, урф-одатларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли шаклларини оммалаштириш мақсадида касб-ҳунар мактабининг веб-сайти ва ижтимоий саҳифаларини яратиш йўлга қўйилади;

ўқувчиларнинг ўз интеллектуал даражасини оширишлари учун бадиий адабиётларни ўқишга қизиқтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини олиб бориш янги адабий китобларнинг тақдимотини уюштириш ва тарғиб қилиш орқали амалга оширилади;

ёш авлодни маънавий-ахлоқий, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришда миллий-маданий, тарихий анъаналарга, урф-одатлар ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган тарбиявий ишларнинг турли хил шакллари қўлланилади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


32. Касб-ҳунар мактабига Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тайинланган директор раҳбарлик қилади.

Касб-ҳунар мактаби фаолиятини бошқариш директор томонидан амалга оширилади.

Директор:

касб-ҳунар мактабининг фаолиятини юритишга шахсан жавоб беради;

давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда Касб-ҳунар мактаби номидан иш юритади;

ташаббускор ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантириш чораларини кўради;

ўз ваколати доирасида ходимлар томонидан ижро этилиши шарт бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ўз ваколати доирасида бошқа функцияларни бажаради.

Директор маъмурият фаолияти натижалари бўйича педагогик кенгаш ва Касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ҳамда вазирликка ҳисобот беради.


33. Касб-ҳунар мактабининг олий органи Педагогик кенгаш ҳисобланади.

Педагогик кенгаш:

касб-ҳунар мактабини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, бошланғич профессионал таълимга эга кадрлар тайёрлаш ва тарбиялаш сифатини ошириш ва такомиллаштиришни;

ўқувчиларни қабул килиш, курсдан курсга ўтказиш ва қолдириш масалаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли қарорлар қабул қилади;

ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ижодий ташаббускорлигини ошириш, уларнинг педагогик тажрибасини оммалаштириш бўйича малака ошириш ишларининг ташкил этилишини муҳокама қилади;

тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига касбий тоифа бериш ҳамда базавий таъриф ставкасига белгиланган устама ҳақ тўловларини белгилаш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилади ва тегишли тоифаларга тавсия беради;

Давлат аттестация комиссияси ва қабул комиссияси ҳисоботини муҳокама қилади;

Педагогик кенгаш таркибига касб-ҳунар мактаби директори, унинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, психолог, ахборот-кутубхона бўйича мутахассис киради. Педагогик кенгаш таркибига заруратга кўра ишлаб чиқариш корхоналари ва иш берувчиларнинг вакиллари киритилиши мумкин. Директор Педагогик кенгаш раиси ҳисобланади.


34. Педагогик кенгаш мажлислари икки ойда камида бир марта ўтказилади, зарур ҳолларда навбатдан ташқари Педагогик кенгаш мажлиси ўтказилиши мумкин. Кенгаш қарори умумий, очиқ овоз бериш орқали қабул килинади. Педагогик кенгаш қарорлари директорнинг буйруғи билан кучга киради.


35. Касб-ҳунар мактаби штатлари жадвали белгиланган тартибда ишлаб чиқилади, тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.


36. Касб-ҳунар мактабида Педагогик кенгаш, методик кенгаш, ота-оналар кенгаши тузилади ва фаолият юритади.


37. Касб-ҳунар мактаби таркибида касаба уюшмаси, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакили, мураббийлар кенгаши ва касб-ҳунар мактабидаги таълим-тарбия жараёнига дахлдор бўлган бошқа жамоат тузилмалари ташкил этилиши мумкин.


38. Касб-ҳунар мактабида фан кафедралари ташкил этилади.

Ташкил этилган кафедралар улар фаолияти тўғрисидаги низомлар билан тартибга солинади.


39. Касб-ҳунар мактаби ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан ҳамкор ташкилотлар ўртасида таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.



7-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР,

ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ХОДИМЛАР


40. Тегишли олий маълумотга, касбий тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар касб-ҳунар мактабида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.


41. Педагогларни ишга қабул қилиш, уларнинг ўқув юкламасини белгилаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


42. Ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг педагогик фаолият даражасини баҳолаш учун аттестациядан ўтказиш ва малака тоифаси бериш тартиби тегишли норматив ҳужжатларга асосан амалга оширилади.


43. Ўқитувчиларнинг педагогик, психологик, касбий маҳоратини ва малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш 4 йилда камида бир марта амалга оширилади.


44. Гуруҳларда ўқув, маънавий - ахлоқий, тарбиявий ҳамда ташкилий ишларга раҳбарлик қилиш учун ўқитувчилардан гуруҳ мураббийлари тайинланади.


45. Ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари, лавозим вазифалари, малака талаблари ва мажбуриятлари касбга қўйилган талаблар билан белгиланади ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳақидаги қонунлари асосида тартибга солинади. Ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимлар педагогик меҳнатнинг, тарбиявий ва илмий жараённинг юқори самара беришига, ўқувчиларда мустақиллик, ташаббускорлик, ижодий қобилият, зарур касбий кўникмаларни ривожлантиришга, касб-ҳунар мактаби Уставига риоя қилишга мажбур.


46. Ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимлар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳақидаги қонунлари асосида лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


47. Ўқув-тарбия жараёни сифати ошишига аниқ шахсий ҳисса қўшаётган, юксак касб маҳоратига эга бўлган;

ўқувчиларда амалий кўникмалар ва ижодий фаолиятни ривожлантиришдаги хиссаси учун;

ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг илмий-тадқиқотчилик ишларидаги фаоллиги учун;

ижтимоий, маънавий-маърифий ва жамоат ҳаётида фаол иштироки учун ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ходимлар рағбатлантирилади.



8-БОБ. ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ


48. Касб-ҳунар мактабида ўқувчи, ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, маъмурий ва ёрдамчи ходимларни бирлаштирувчи жамоат ташкилотлари фаолият кўрсатади. Жамоат ташкилотларининг фаолияти амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


49. Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти ўқувчиларни ихтиёрий равишда бирлаштиради.

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг мақсад ва вазифалари касб-ҳунар мактаби ёшларини бирлаштириш, соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборатдир.


50. Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмаси қўмитаси касб-ҳунар мактаби ходимлари ва ўқувчиларининг кўнгилли жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилади.

Касаба уюшмаси қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонунига ва бошқа тегишли норматив ҳужжатларга асосан иш кўради.



9-БОБ. КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИНИНГ

МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


51. Касб-ҳунар мактаби ўзининг молия-хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширади.


52. Ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, ходимларнинг иш ҳақи, сифатли фаолият учун уларни рағбатлантириш миқдори ва иш хақига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


53. Молиявий маблағлар касб-ҳунар мактабининг тасарруфида бўлади ва улардан қонунчиликда белгиланган тартибда Уставда белгиланган вазифаларини амалга ошириш мақсадида фойдаланилади.


54. Касб-ҳунар мактабининг объектлари ва мол-мулкидан ўқув машғулотлари даврида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.


55. Фан кабинетлари, устахона ва бошқа объектларнинг ўқув-методик ва техник жиҳозланиши намунавий нормативлар билан белгиланади.


56. Касб-ҳунар мактабининг мол-мулкидан самарали ва мақсадга йўналтирилган тарзда фойдаланилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ директор тўлиқ жавоб беради.


57. Касб-ҳунар мактаби ўз молиявий фаолиятини амалга ошириш учун амалдаги қонун ҳужжатларига биноан бухгалтерия ва статистика ҳисобини юритади, молиявий фаолиятни мунтазам таҳлил қилади ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлайди, молиявий ва статистик ҳисоботларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тегишли органларга тақдим этади.


58. Касб-ҳунар мактабининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


59. Касб-ҳунар мактаби қонунда белгиланган тартибда ваколатли органлар томонидан ташкил қилинади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 август