ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссия ва органлар /

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 05.12.2018 й. ПҚ-4053-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 5 декабрдаги

ПҚ-4053-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида" 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ягона ғазна ҳисобварағининг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозит ҳисобларига жойлаштиришдан олинадиган даромадларнинг 70 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг (кейинги ўринларда - Администрация) мулкларини ижарага беришдан тушадиган тушумларнинг қонунчиликда белгиланган миқдордаги қисми;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ва беғараз ёрдамлари;

Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларига вақтинча жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида махсус очилган ғазначилик шахсий ҳисоб рақамида жамланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


5. Жамғарма маблағлари:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бошқа марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан қопланмаган қисмида Администрациянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, Администрация ва унинг таркибий бўлинмалари ихтиёрида бўлган бино ва иншоотларни қуриш ва таъмирлаш, уларни зарур инвентарлар, мебель, компьютер ва оргтехника билан таъминлаш, шунингдек, транспорт воситаларини харид қилиш;

б) мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида давлат органлари, шу жумладан Администрация ходими ва консультантлари сифатида жалб қилинган хорижий ва маҳаллий мутахассислар билан тузилган шартномалар бўйича ҳақ тўлаш, шунингдек, Администрация зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш;

в) Администрация ходимларининг, шу жумладан хорижий мамлакатлардаги магистратура, докторантура дастурлари бўйича ўқишини, шунингдек, малакасини ошириш ва амалиёт ўташларини ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганишларини ташкил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмаган қисмида Администрациянинг чет мамлакатларга юбориладиган ходимларига хизмат сафари харажатларини тўлаш;

г) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Администрация ходимларини моддий рағбатлантириш:

ташаббускорлиги ва ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарганлиги ҳамда меҳнат фаолиятидаги юксак натижалари учун лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар;

ҳар йили Администрация ходими фаолиятини якка тартибда баҳолаш асосида икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлаш;

юбилей саналари муносабати билан мукофотлаш;

д) узоқ йиллик ва бенуқсон хизмати (меҳнати) учун, шунингдек, пенсияга чиқиши муносабати билан икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдоригача бўлган ҳажмда бир марталик мукофотлаш;

е) Администрация ходимларини алоҳида эҳтиёж юзага келган ҳолларда (бахтсиз ҳодиса, тўй ва бошқа тадбирлар, авария, узоқ давом этган касаллик билан боғлиқ махсус даволаниш ва саломатликни тиклаш, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол, бошқа ҳолатлар) моддий ёрдам беришни назарда тутган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилиш;

ж) Администрация ходимлари учун турар жойлар қуриш, шунингдек, уй-жой сотиб олишга кредитлар бўйича дастлабки тўловни амалга ошириш учун фоизсиз қарз бериш;

з) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмаган қисмида байрам кунлари муносабати билан мукофот пуллари бериш;

и) хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлардан Ўзбекистон Республикасига Администрация фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича келадиган меҳмонлар ва делегацияларнинг ташрифларини ташкил этиш;

к) республикага келган ва хориждаги олий даражадаги меҳмонларга совға қилиш учун маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган сувенирлар сотиб олиш;

л) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация раҳбарининг топшириқлари бўйича бошқа тадбирларга йўналтирилади.


6. Ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун Жамғарма маблағлари етарли бўлмаган ҳолларда етишмаётган маблағларни қоплаш Администрациянинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармага ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


7. Берилган фоизсиз қарз ўз вақтида қайтарилмаган ҳолларда уни мажбурий ундириш қонун ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида амалга оширилади.


8. Мазкур Низомнинг 5-банди "г", "д", "е" ва "ж" кичик бандларида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар ажратиш бўйича қарор Администрация раҳбари томонидан тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларининг таклифлари асосида қабул қилинади.


9. Жамғарма маблағларини сарф қилиш тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари Администрация раҳбари, у жойида бўлмаган вақтда тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахс томонидан бошқарилади.


10. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан келгуси йилда фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ДАРОМАДЛАР

ВА ХАРАЖАТЛАР СМЕТАСИНИ ТУЗИШ

ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


11. Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ҳажмларини аниқлашда Жамғарма маблағларининг ўтган йил якунидаги қолдиқлари ва келгуси йилда кутилаётган тушумлар инобатга олинади.


12. Сметанинг харажатлар қисми харажатлар гуруҳи бўйича тузилади ва унга харажатларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар таснифидаги бюджет қисмлари бўйича батафсил баёни илова қилинади.


13. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Администрация раҳбари томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатга олинади.


14. Администрация раҳбари Жамғармага тушумларнинг ҳажмидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган ҳолда Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиши мумкин.



5-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТЛАР

ЮРИТИШ ВА НАЗОРАТ


15. Жамғармага тушумлар ва унинг маблағлари сарфини ҳисобга олиш Администрациянинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.


16. Жамғарма маблағларидан мақсадли равишда фойдаланилишини назорат қилиш Администрациянинг Молия-хўжалик департаменти зиммасига юклатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 декабрь

























































Время: 0.2113
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск