язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Бухгалтерия ҳисоби ва аудит/ Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 507-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

507-сон қарорига

ИЛОВА



Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари

ва унга тушунтиришлар матнини

тан олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари фонди (кейинги ўринларда - МҲХС фонди) томонидан қабул қилинган молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар (кейинги ўринларда - МҲХС ҳужжатлари) матнига МҲХС фонди томонидан қабул қилинган қуйидаги ҳужжатлар киради:

молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари;

молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига тушунтиришлар;

МҲХС ҳужжатлари матнига киритиладиган ўзгартиришлар;

МҲХС ҳужжатлари матнининг ажралмас қисми сифатида МҲХС фонди томонидан белгиланган бошқа ҳужжатлар.


3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларини тан олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги) томонидан МҲХС фонди билан МҲХС ҳужжатларини давлат тилига таржима қилиш ва бошқа тилларда фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун шартнома тузиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш;

Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларини тан олиш тўғрисидаги буйруғини қабул қилиш;

Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасида тан олиш тўғрисидаги буйруғини белгиланган тартибда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш;

Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғини ҳамда МҲХС ҳужжатлари матнини "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилиш;

Молия вазирлигининг веб-сайтида МҲХС ҳужжатларининг давлат ва бошқа тиллардаги матнини эълон қилиш;

давлат тилидаги МҲХС ҳужжатлари матнининг доимий равишда янгиланиб борилишини таъминлаш.


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги матни тан олиниши лозим.

Молия вазирлиги МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги таржимасини МҲХС фондидан олинишини таъминлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларини тан олиш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

ҚЎЛЛАШ УЧУН МҲХС ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


6. МҲХС ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун Молия вазирлиги томонидан экспертиза комиссияси тузилади.

Экспертиза комиссиясининг таркиби ва иш регламенти Молия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.

Экспертиза комиссиясининг таркиби бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари, МҲХС ҳужжатларидан фойдаланувчилар, халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакилларидан иборат бўлиб, камида етти нафарни ташкил этади.


7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш мумкинлигини тасдиқлаш мақсадида экспертиза комиссияси ҳар бир МҲХС ҳужжатларини ҳар томонлама кўриб чиқишни таъминлаши лозим.


8. МҲХС ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун Молия вазирлиги томонидан экспертиза комиссиясига барча зарур ҳужжатлар тақдим этилади.


9. Экспертиза натижалари экспертиза комиссиясининг хулосаси шаклида расмийлаштирилади ва унда қуйидаги якуний фикрлардан бири акс эттирилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатларини тўлиқ қўллаш мумкинлигини тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатларининг айрим қоидаларини чиқариб ташлаган ҳолда қўллаш мумкинлигини тасдиқлаш ва бунда ушбу ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши мумкин бўлмаган қоидаларини кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатларини тўлиқ қўллаш мумкин эмаслигини тасдиқлаш.


10. Ушбу Низомнинг 9-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги ҳолатларда, экспертиза комиссиясининг хулосасида МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш мумкин эмаслиги тасдиқланиши ёки алоҳида МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллашни тасдиқлашга олиб келиши мумкин бўлмаган шартлар ва шароитлар кўрсатилган бўлиши лозим.


11. Экспертиза комиссиясининг фаолияти ва экспертиза натижалари Молия вазирлигининг расмий веб-сайти орқали жамоатчиликка тақдим этиб борилади.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

МҲХС ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатларини жорий этиш тўғрисидаги қарор Молия вазирлиги томонидан экспертиза комиссиясининг хулосаси асосида қабул қилинади.


13. Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини амалга киритиш бўйича қарори қуйидагилардан бири тўғрисида бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатини тўлиқ амалга киритиш тўғрисида;

ушбу Низомнинг 9-банди учинчи хатбошида назарда тутилган МҲХС ҳужжатларининг айрим қоидаларини чиқариб ташлаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга киритиш тўғрисида;

ушбу Низомнинг 9-банди тўртинчи хатбошида назарда тутилган алоҳида МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш мумкин эмаслиги тўғрисида.


14. Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МҲХС ҳужжатларини амалга киритиш ёки тугатиш тўғрисидаги қарори экспертиза комиссиясининг хулосаси келиб тушгандан сўнг эътирозлар бўлмаганда қабул қилинади.

Экспертиза хулосаси бўйича эътирозлар бўлса, Молия вазирлиги уни экспертиза комиссиясига қайта кўриб чиқиш учун юборади. Қайта кўриб чиқиш натижалари экспертиза комиссиясининг хулосаси шаклида расмийлаштирилади ва шунга асосан Молия вазирлигининг буйруғи қабул қилинади.

МҲХС фондидан МҲХС ҳужжатларини тўлиқ ёки унинг алоҳида қоидаларининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги тегишли ҳужжат келиб тушганда, МҲХС ҳужжатларини экспертизадан ўтказмаган ҳолда уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


15. МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Мазкур буйруқ белгиланган тартибда Адлия вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилади.


16. Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олинган МҲХС ҳужжатлари матни ушбу Низомнинг 3-банди олтинчи хатбошида белгиланган тартибда расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Бунда МҲХС ҳужжатларининг ўзида бошқача муддат белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олинган МҲХС ҳужжатлари матни ҳужжатнинг ўзида белгиланган вақтдан бошлаб кучга киради.


17. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олинган МҲХС ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилишини тугатиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Мазкур буйруқ белгиланган тартибда Адлия вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олинган МҲХС ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилишини тугатиш ушбу Низомнинг 3-банд олтинчи хатбошида белгиланган тартибда расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Агар МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги матни билан ушбу ҳужжатларнинг инглиз тилидаги матни ўртасида фарқ аниқланса, манфаатдор шахслар давлат тилидаги матнга аниқлик киритиш учун Молия вазирлигига мурожаат қилиши мумкин. Молия вазирлиги МҲХС ҳужжатларини уларнинг давлат тилидаги матни билан ушбу ҳужжатларнинг инглиз тилидаги матни ўртасидаги мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказиш учун экспертиза комиссиясига тақдим этади.

Экспертиза комиссияси ушбу фарқ тасдиқлангандан сўнг Молия вазирлиги томонидан МҲХС фонди билан келишилган ҳолда, белгиланган тартибда МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги матнига тегишли тушунтириш бериш учун Молия вазирлигига хулоса юборади.


19. МҲХС ҳужжатлари расмий эълон қилингандан сўнг Молия вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилади.






Низомга

ИЛОВА



Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга

тушунтиришлар матнини тан олиш тартибининг

СХЕМАСИ


Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич


Молия вазирлиги


МҲХС фонди билан МҲХС ҳужжатларининг давлат тили ва бошқа тиллардаги матнидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун шартнома тузиш.

Белгиланган муддатларда



2-босқич

Молия вазирлиги


МҲХС фондидан олинган МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги матнини экспертиза комиссиясига тақдим этиш.

Ҳужжатлар олингандан сўнг

10 кун муддатда



3-босқич


Экспертиза комиссияси (таркиби Молия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади)


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш мумкинлигини тасдиқлаш мақсадида МҲХС ҳужжатларини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва натижаси бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш.

Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг бир календар ой муддатда



4-босқич


Молия вазирлиги


Экспертиза комиссиясининг хулосаси асосида МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга киритиш ёки тугатиш тўғрисида Молия вазирлигининг буйруғини қабул қилиш ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиш.


Экспертиза комиссияси хулосаси тақдим этилгандан сўнг бир ҳафта муддатда







5-босқич


Адлия вазирлиги



1. Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга киритиш ёки тугатиш тўғрисида буйруғини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш.


2. Молия вазирлигининг МҲХС ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғини ҳамда МҲХС ҳужжатлари матнини "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилиш.

Молия вазирлигининг буйруғи тақдим этилгандан сўнг ўттиз кун муддатда



6-босқич


Молия вазирлиги


МҲХС ҳужжатлари расмий эълон қилингандан сўнг веб-сайтда жойлаштириш.

Давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг уч кун муддатда





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август