язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Низом расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 500-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

500-сон қарорига

ИЛОВА



Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли иқтисодий оператор (кейинги ўринларда - оператор) - божхона операцияларни амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун ушбу Низом талабларига жавоб берувчи юридик шахсларга бериладиган мақом;


юридик шахсни ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (кейинги ўринларда - гувоҳнома) - мазкур Низомга 1-иловадаги шаклга мувофиқ электрон тарзда тузиладиган, оператор мақомини тасдиқловчи ва божхона операцияларни амалга оширишда махсус соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат;


махсус соддалаштиришлар - гувоҳноманинг турига қараб қўлланиладиган алоҳида божхона операциялари ва божхона назоратини амалга ошириш хусусиятлари;


ваколатли иқтисодий операторлар реестри (кейинги ўринларда - Реестр) - божхона операцияларни амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ва гувоҳномага эга бўлган юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) томонидан шакллантириладиган ва Қўмитанинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган рўйхати;


юридик шахснинг (операторнинг) ваколатли шахси - ишончнома ёки тегишли шартнома, шунингдек, божхона расмийлаштируви бўйича хизмат кўрсатиш шартномаси асосида ушбу юридик шахс манфаатларидан келиб чиқиб, унинг номидан ва/ёки топшириғи бўйича ҳаракат қилувчи шахслар;


ваколатли органлар - суд, прокуратура органлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва солиқ органлари.


3. Оператор реестрга киритилган вақтдан бошлаб, хавф даражаси паст бўлган тоифага киради.


4. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари операторлар бўла олмайди.



2-БОБ. ГУВОҲНОМА ВА УНИНГ ТУРЛАРИ


5. Гувохнома уч турга бўлиниб, мазкур Низомнинг 6-бобидаги божхона операцияларни амалга ошириш учун махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.


6. Гувоҳнома юридик шахс реестрга киритилган кундан бошлаб кучга киради.

Гувоҳномани бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


7. Гувоҳнома ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ берилади.

Гувоҳнома Қўмитанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



3-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


8. Реестр Қўмитанинг юридик шахсни реестрга киритиш ҳақидаги қарорига асосан шакллантирилади.


9. Қўмита юридик шахсни реестрга киритиш, шунингдек, унинг мақомини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ёки операторни реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маълумотни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.



4-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ УЧУН

ТАНЛАШ МЕЗОНЛАРИ


10. Барча турдаги гувоҳнома асосида реестрга киритиш ҳақида ариза берилган пайтда юридик шахс қуйидаги умумий мезонларга мос келиши лозим:

божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171, 171-1, 174, 175, 176, 177 ва 227-227-21, 227-22-модданинг биринчи қисми, 227-23-227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтери ва ваколатли шахсининг, шунингдек, ушбу лавозимларни охирги бир йил давомида эгаллаган шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар сўнгги беш йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 182, 184, 188, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд бўлмаслиги;

божхона органларида реестрга киритиш ҳақида аризани қайд этиш кунига қадар камида уч йил ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширган бўлиши, бунда:

божхона брокери сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар, ҳар йили товарларни фактура қиймати камида 10,0 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилган ҳолда, 500 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияларини тақдим этиши;

божхона омбори эгаси сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар, божхона органларида мурожаат қайд этилган кунда амал қилувчи валюта курси бўйича йиллик қиймати 10,0 мнл АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилган ҳолда, 10,0 млн кг миқдордаги товарлар сақловини амалга ошириши;

божхона ташувчиси сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар, ҳар йили 200 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт юкларининг (партия) халқаро ташувларини амалга ошириши;

товарларни импорт ва (ёки) экспортини амалга ошириш соҳасида фаолият юритувчи шахслар, импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати сўнгги ўн икки ой мобайнида камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши лозим.

Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишнинг бошланиш санаси деб:

божхона омбори эгалари учун - божхона омбори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилган сана;

божхона брокери ҳамда товарларни импорт/экспорт қилувчилар учун - божхона органларига эркин муомалага чиқариш (импорт)/экспорт божхона режимларига мувофиқ тақдим этилган дастлабки божхона юк декларациясини божхона расмийлаштируви санаси;

божхона ташувчилари учун - юридик шахс божхона ташувчилари реестрига киритилган сана ҳисобланади.


11. Иккинчи турдаги гувоҳнома асосида реестрга киритиш ҳақида ариза берилган пайтда юридик шахс қуйидаги қўшимча мезонларга мос келиши лозим:

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланган талабларга мос келадиган товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиши;

ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд эмаслиги.


12. Учинчи турдаги гувоҳнома асосида реестрга киритиш ҳақида ариза берилган пайтда юридик шахс божхона органларига ариза берган кунига қадар камида 2 йил давомида биринчи ва (ёки) иккинчи турдаги гувоҳномага эга бўлган оператор сифатида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши лозим.

Оператор мақоми тўхтатилган муддат даври кўрсатилган муддатга киритилмайди.


13. Қўмита календарь йилида бир марта ўрганиш якунлари бўйича оператор фаолиятининг ушбу Низомнинг 10-12-бандларида келтирилган мезонларга мослиги тўғрисидаги хулоса тузади.



5-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

АРИЗА БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


14. Юридик шахс реестрга киритиш учун Қўмитага ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича ёзма ариза тақдим этади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтери ва ваколатли шахсининг солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР) ҳамда уларнинг фуқаро паспорт нухсалари;

раҳбар, бош бухгалтер ва юридик шахснинг ҳамда ваколатли шахсининг иш жойини тасдиқловчи ҳужжат, шу жумладан ишончнома ва тегишли шартнома нусхаси;

операторнинг товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эгалигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки уларни ижарага (амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлмаган) олиш бўйича шартномаларнинг (контрактлар, битимлар) нусхалари.

Биринчи ва иккинчи турдаги гувоҳномаларни олиш билан реестрга киритиш учун юридик шахс битта ариза тақдим этиш ҳуқуқига эга.


15. Аризага алоҳида ҳужжатлар илова қилинмайди, агарда Қўмита бундай ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни ва (ёки) улардаги маълумотларни давлат божхона органлари фойдаланадиган ахборот тизимлари, шунингдек, идоралараро ахборот ҳамкорлиги доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали олиши мумкин бўлса, мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатлар бундан мустасно.


16. Қўмита аризани рўйхатга олинган кундан бошлаб 30 иш куни ичида кўриб чиқади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Ушбу Низомнинг 14-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолларда ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.


17. Қўмита ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган муддатдан кечиктирмай, юридик шахсни реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома юборади.

Юридик шахснинг ушбу Низомнинг 10-12-бандларида кўрсатилган мезонларга мувофиқ эмаслиги уни реестрга киритишни рад этишга сабаб бўлади.


18. Оператор реестрга киритилган кундан эътиборан махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. БОЖХОНА ОПЕРАЦИЯЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН МАХСУС

СОДДАЛАШТИРИШЛАР ТУРЛАРИ


19. Биринчи турдаги гувоҳнома операторга қуйидаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради:

товарларни декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини биринчи навбатда амалга ошириш;

оператор томонидан ташиладиган товарларга нисбатан товарни ташиш йўналишини белгиламаслик;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, операторнинг товарларини жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган жойгача етказиб бериш;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, операторнинг транспорт воситасида божхона транзитини амалга ошириш;

экспортга жўнатиладиган операторнинг товарлари юкланган транспорт воситаларининг юк хоналари (отсеклари) ёки уларнинг бир қисмига оператор томонидан қўйилган пломбаларни давлат божхона хизмати органлари томонидан идентификация воситалари сифатида тан олиниши;

давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтни қисқартириш ва божхона операцияларини ўтказиш тартибини оптималлаштиришга қаратилган тажриба лойиҳаларида устувор иштирок этиш;

божхона тўловлари тўланишини 50 фоизга таъминлаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини йигирма иш кунигача кечиктирган ҳолда операторнинг товарларини эркин муомалага чиқариш.


20. Иккинчи турдаги гувоҳнома операторга қуйидаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради:

товарларни декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини биринчи навбатда амалга ошириш;

операторнинг товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишда божхона назорати шакллари қўлланилмаслиги, хавфни бошқариш тизимида белгиланган чоралар бундан мустасно;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, товарларни операторнинг бинолари, очиқ майдончалари ва бошқа ҳудудларига божхона назорати остида жойлаштириш;

божхона органлари билан келишилган ҳолда, операторнинг очиқ майдонлари ва бошқа ҳудудларида товарларни чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини амалга ошириш;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини йигирма иш кунигача кечиктирган ҳолда товарларни эркин муомалага чиқариш;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, товарларни чиқаришда уларнинг божхона қийматини шартли равишда аниқлаш;

алоҳида ҳужжатлар (мувофиқлик сертификати) мавжуд бўлмаганда, товарларни (озиқ-овқат товарлари ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) шартли равишда чиқариш ва ҳужжатларни кейинчалик олтмиш календарь куни давомида тақдим этиш;

давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш ва тартибини такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган тажриба лойиҳалари синовларида иштирок этиш.


21. Учинчи турдаги гувоҳнома операторга қуйидаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради:

мазкур Низомнинг 19-20-бандларида кўрсатилган махсус соддалаштиришлар;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 272-моддасига мувофиқ божхона юк декларцияси тақдим этилгунга қадар товарларни чиқариб юбориш;

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини олтмиш иш кунигача кечиктирган ҳолда, товарларни эркин муомалага чиқариш;

божхона масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилишда операторга кўмаклашиш учун давлат божхона хизмати органларининг масъул ходимини (кейинги ўринларда координатор деб аталади) тайинлаш.



7-БОБ. ОПЕРАТОРЛАРНИ ЎЗАРО ТАН ОЛИШ


22. Учинчи турдаги гувоҳномага эга бўлган операторларга ушбу Низомда назарда тутилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро тегишли шартномалар тузган хорижий давлатлар ҳудудида қўлланиладиган бошқа имтиёзлар ва махсус соддалаштиришлар тақдим этилиши мумкин.


23. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган имтиёзлар ва махсус соддалаштиришлар хорижий давлатларнинг ваколатли хўжалик юритувчи субъектларига ҳам ўзаро асосда берилиши мумкин.



8-БОБ. ОПЕРАТОР МАҚОМИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ


24. Оператор мақоми қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб турилади:

операторнинг ёзма мурожаатига асосан;

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171, 171-1, 174, 175, 176, 177, 227-227-21, 227-22-модданинг биринчи қисми, 227-23-227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида суд қарори кучга кирганда;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 182, 184, 188, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери ёхуд ваколатли шахсига нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;

хабарномада белгиланган муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ёки тўлиқ бажарилмаганда;

ушбу Низомнинг 10-банди бешинчи хатбошига мувофиқ белгиланган фаолият кўрсаткичлари камайганда;

ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугаганда.


25. Ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, Қўмита операторнинг мақомини тўхтатади ва тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда, уни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.


26. Қуйидаги ҳолатлар юзага келганда:

24-банди учинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати бир йилни;

24-банди тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати суднинг оқлов ҳукми чиққунига қадар бўлган даврни;

24-банди бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати ўттиз иш кунини;

24-банди олтинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати 10-банди бешинчи хатбошида кўрсатилган мезонларга мувофиқ ҳолга келтирилгунга қадар бўлган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган даврни ташкил қилади.


27. Мақомни тўхтатиб туриш билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилганда ёки суднинг оқлов ҳукми чиқарилганда, оператор беш иш куни ичида Қўмитага тегишли хабарнома юборади.


28. Қўмита хабарномани олган кундан эътиборан беш иш куни ичида операторнинг мақомини қайта тиклаш ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қабул қилинган қарор тўғрисида уни хабардор қилади.

Ушбу Низомнинг 24-бандида келтирилган ҳолатларнинг бартараф этилмаслиги мақомни қайта тиклашни рад этишга сабаб бўлади.



9-БОБ. ОПЕРАТОРЛАРНИ РЕЕСТРДАН

ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


29. Оператор қуйидаги ҳолларда реестрдан чиқарилади:

операторнинг ўз хоҳиши билан реестрдан чиқариш тўғрисидаги ёзма мурожаати бўйича;

оператор мақомига эга бўлган юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган тақдирда;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 182, 184, 188, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери ёхуд ваколатли шахсига нисбатан суд ҳукми кучга кирганда;

оператор мақомини тўхтатиб қўйишга олиб келган ва ушбу Низомнинг 24-банди бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар ўттиз иш куни ичида бартараф этилмаганда;

оператор мақомини тўхтатиб қўйишга олиб келган ва ушбу Низомнинг 24-банди олтинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бир йил ичида бартараф этилмаганда;

оператор қайта ташкил этилганда, ўзгартириш орқали қайта ташкил этиш бундан мустасно;

оператор мақоми ваколатли орган томонидан тақдим этилган ва бундай мақомни бериш учун асос бўлиб хизмат қилган ишончсиз маълумотлар асосида берилгани аниқланганда;

оператор томонидан ушбу Низомнинг 33-бандида назарда тутилган мажбуриятлар бир йил мобайнида икки мартадан ортиқ бажарилмаганда.


30. Қўмита ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган асослар юзага келиши тўғрисида хабар олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан, операторни реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қўмита операторни реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида чиқариш учун асосларни кўрсатган ҳолда, операторни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.


31. Оператор реестрдан чиқарилган тақдирда, ушбу Низомнинг 29-банди иккинчи хатбошида келтирилган ҳолатдан ташқари юридик шахс уч йилдан сўнг ушбу Низомнинг 29-банди тўртинчи хатбошида келтирилган ҳолатда - беш йилдан сўнг реестрга киритиш тўғрисида такроран ариза бериш ҳуқуқига эга.

Оператор реестрдан чиқарилган кундан бошлаб, унга берилган гувоҳнома ўз кучини йўқотган хисобланади ва шу муддатдан бошлаб оператор мақоми учун назарда тутилган соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинади.



10-БОБ. ОПЕРАТОРНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Оператор қўйидаги ҳуқуқларга эга:

реестрга киритилган кундан бошлаб, ушбу Низомнинг 6-бобида назарда тутилган махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш, оператор мақомини тўхтатиб туриш ҳолати бундан мустасно;

координатор ёрдамида божхона масалалари юзасидан белгиланган тартибда маълумот ва маслаҳатлар олиш;

божхона операцияларини махсус соддалаштиришларни қўллаган ҳолда, амалга оширишга масъул раҳбарлар ва ўз штатидаги шахслар орасидан координатор билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун масъул шахсни белгилаш.

Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


33. Оператор қуйидагиларга мажбур:

реестрга киритилганидан сўнг ушбу Низомнинг 10-12-бандларида келтирилган мезонларга мувофиқ бўлиши;

божхона органларига реестрга киритишда тақдим этилган маълумотлар ўзгариши ҳақида хабар бериш ва бундай ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни ушбу маълумотлар ўзгарган кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этиш;

бўлиб тўлашга рухсат берилган ёки муддати кечиктирилган божхона тўловларининг божхона органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ юборилган хабарномада кўрсатилган муддатнинг охирги кунидан кечиктирмасдан тўланишини таъминлаш;

давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахслари операторларнинг божхона назоратида турган товарлар сақланаётган иншоотлари, бинолари (биноларнинг қисмлари) ва (ёки) очиқ майдонларига (очиқ майдонлар қисмларига) тўсиқсиз кириши тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг талабларини бажариш;

давлат божхона хизмати органлари талабларига мувофиқ божхона назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш;

давлат божхона хизмати органи божхона назорати шакллари ва божхона назоратининг амалга оширилишини таъминлаш чораларини қўллаш зарурлиги тўғрисида хабар бермаган тақдирда, товарлар чиқарилгунига қадар қонунбузарликларни мустақил равишда аниқлаш ва бартараф этиш;

товарларни декларациялаш ва ҳисобга олиш бўйича божхона операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган автоматлаштирилган тизимга эга бўлиш.

Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



11-БОБ. ОПЕРАТОР ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


34. Агар назорат чораси хавфни бошқариш тизимида мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда операторларнинг товарларига нисбатан божхона назорати шакллари қўлланиши мумкин.


35. Божхона назоратида бўлган операторнинг товарларига ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш (чеклаш) бўйича ваколатли органлар томонидан тақдим этилган асослар мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органи ушбу товарларга нисбатан божхона тартиб-таомилларини ваколатли органнинг алоҳида қарори қабул қилингунига қадар тўхтатиб туради.

Ваколатли органлар аниқланган ва фош этилган жиноятлар ёки бошқа тергов натижалари, жиноятларни содир этган шахслар, шунингдек, операторларнинг солиқлар бўйича қарздорлиги (жарималар, пенялар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар) тўғрисида уч иш кунидан кечиктирмасдан, давлат божхона хизмати органларини ахборот тизимлари орқали (мавжуд ахборотдан ноқонуний фойдаланиш имконини бермайдиган ҳимояланган алоқа каналлари орқали) хабардор қилиши шарт.



12-БОБ. ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ОПЕРАТОРЛАР БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


36. Қўмита операторнинг Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги ва ушбу Низом талабларига риоя этиши юзасидан назоратни таъминлайди.


37. Давлат божхона хизмати органлари ушбу Низомда белгиланган тартибда оператор декларант бўлган товарларга нисбатан божхона операцияларини амалга оширади.


38. Божхона органлари махсус соддалаштиришларни қўллашда, шу жумладан божхона қонунчилигини қўллаш масалалари юзага келганда, операторлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида бундай ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш учун координаторларни белгилаши мумкин.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


39. Давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахсларининг қарорлари, шунингдек, ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилиниши мумкин.


40. Давлат божхона хизмати органлари айрим операторларга қайд этилган фаолиятни амалга ошириш учун бошқа имтиёзли шароитлар яратишга ҳақли эмас.


41. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



ВАКОЛАТЛИ ИҚТИСОДИЙ ОПЕРАТОРЛАР

РЕЕСТРИГА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМА ШАКЛИ



Ваколатли иқтисодий операторлар

реестрига киритиш тўғрисидаги

ГУВОҲНОМА





(гувоҳнома тури кўрсатилади)


  

______________

Давлат божхона қўмитаси ушбу орқали тасдиқлайдики,


(ташкилий-ҳуқуқий шакли,

юридик шахс номи)

ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилди.

Юридик шахснинг манзили:


Мазкур гувоҳнома

дан кучга киради.


(сана)


Алоҳида белиглар:


(ДБҚ рахбарининг лавозими)


(имзо, рахбар Ф.И.О)

20___й. "____"______________






Низомга

2-ИЛОВА



Юридик шахсни ваколатли иқтисодий

операторлар реестрига киритиш

СХЕМАСИ

       

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддат







1-босқич


Юридик шахс


Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисида ёзма шаклдаги аризани Давлат божхона қўмитасига тақдим этади.


Юридик шахснинг хоҳишига кўра




2-босқич

Давлат божхона қўмитаси


1. Аризани кўриб чиқади.


2. Аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича хулоса асосида юридик шахсни ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


3. Юридик шахсга қуйидагилар ҳақида хабарнома юборади:

а) ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисида;

б) ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритишни рад этиш тўғрисида.


30 кундан ошмаган муддатда






3-босқич

Давлат божхона қўмитаси


1. Юридик шахсни ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради.


2. Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган юридик шахслар ҳақидаги маълумотни ҳамда юридик шахсни ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлик тўғрисидаги гувоҳномани Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.


Қарор қабул қилинган кунда







Низомга

3-ИЛОВА



Товарларни сақлаш учун омбор сифатида

фойдаланишга мўлжалланган иншоотлар, бинолар

(биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга

(очиқ майдончаларнинг бир қисми)

ТАЛАБЛАР


1. Иккинчи ёки учинчи турдаги ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага талабгор бўлган юридик шахслар қуйидагиларни таъминланиш шарти билан, товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиши лозим:

а) божхона назорати остидаги товарлар ва транспорт воситаларининг сақланиши;

б) божхона органлари рухсатисиз божхона назорати остида товарлар ва транспорт воситалари билан юк тушириш, қайта ортиш ва бошқа юк операцияларини амалга оширишга йўл қўймаслиги;

в) товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратини амалга ошириш имкониятига эга бўдади.


2. Юридик шахс ваколатли иқтисодий оператор ҳудудида қуйидагиларни таъминлаб бериши керак:

а) қаттиқ (бетон, асфалт ёки бошқа) қоплама, шу жумладан ушбу ҳудудга туташ бўлган тушириш-ортиш жойлари;

б) транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойи;

в) очиқ майдончаларнинг (очиқ майдончаларнинг қисмлари) атрофи бутун периметр бўйлаб яхлит тўсиқлар билан айлантириб тўсилган бўлиши;

г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона назорати зоналарини белгилаши;

д) товарлар ва транспорт воситаларини божхона кўздан кечируви ҳамда божхона кўригини ўтказиш учун ажратилган жойлар;

е) мазкур ҳудудга техник жиҳатдан соз бўлган олиб борувчи йўллар;

ж) ушбу ҳудудда жойлашган объектларга, шу жумладан товарлар ва транспорт воситаларини юклаш (тушириш) ва сақлаш жойларига рухсатсиз киришни истисно этадиган қуйидагиларни таъминловчи назорат-ўтказиш ва қўриқлаш режими:

юридик шахс ишчиларининг идентификация қилган ҳолда, уларнинг мазкур объектларга киришини;

юридик шахснинг ишчилари бўлмаган шахсларни идентификация ҳамда қайд қилган ҳолда, уларнинг мазкур объектларга киришини;

ишдан бўшатилган юридик шахс ишчиларининг ушбу объектлар ва ахборот тизимларига кириш имконини оператив равишда бекор қилиш.

з) олиб кириладиган товарларни божхона кўригидан ўтказилиши лозим бўлган ҳолатлар учун уч ой давомида божхона кўриги процедураси видеоёзуви сақланишини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари ва "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси уланишини таъминловчи видеокузатув тизими билан жиҳозланган, туну-кун ишлайдиган, шунингдек, транспорт воситалари ҳамда шахсларнинг киришини (чиқишини) назорат қилиш тизимлари;

и) қўриқлаш ва ёнғинга қарши сигнализация, очиқ майдончалар (очиқ майдончаларнинг қисмлари) бундан мустасно;

к) видеокузатувни амалга ошириш имконини берадиган ёритиш тизими;

л) ушбу ҳудудда жойлаштириш учун мўлжалланган товарларни тортиш имкониятини таъминловчи, қонуний талабларга жавоб берадиган тортиш мосламалари (ўлчов воситалари);

м) товарларни божхона назоратидан ўтказиш учун зарур бўлган ортиш-тушириш техникаси ва механизмлари.






Низомга

4-ИЛОВА


20__й. "___" ______  ____ -сон


(ариза санаси ва рақами)


Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитаси



Ваколатли иқтисодий операторлар

реестрига киритиш ҳақида

АРИЗА

(юридик шахснинг тўлиқ номи ва манзили)


(СТИР)

қуйидаги турдаги гувоҳномани берган ҳолда, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритишни сўрайди:

биринчи

иккинчи

биринчи ва иккинчи

учинчи


Вазирлар Маҳкамасининг _______ йил "____" ____________ даги ____-сон қарори билан тасдиқланган Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомнинг 4-бобида белгиланган мезонларга мувофиқлигини маълум қилади:

Т/Р

Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун мезонлар

Мезонларга мувофиқлиги бўйича маълумотлар

1.

Юридик шахс ташкил этилганлиги тўғрисида маълумот

(юридик шахсни рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат санаси ва рақами кўрсатилади)

2.

Юридик шахс раҳбарининг Ф.И.О.

(паспорт маълумотлари ва СТИР кўрсатилади)

3.

Юридик шахс бош бухгалтери Ф.И.О.

(паспорт маълумотлари ва СТИР кўрсатилади)

4.

Юридик шахснинг ваколатли шахси Ф.И.О. (ишончнома ёки тегишли шартнома, шунингдек, божхона расмийлаштируви бўйича хизмат кўрсатиш шартномаси асосида ушбу юридик шахс манфаатларидан келиб чиқиб, унинг номидан ва/ёки топшириғи бўйича ҳаракат қилувчи шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркор ва юридик шахслар кўрсатилади)

(паспорт маълумотлари ва СТИР кўрсатилади)

5.

Божхона органларига мурожаат қилингунга қадар бир йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171, 171-1, 174, 175, 176, 177, 227-227-21-моддалари ва 227-22-модданинг биринчи қисми, 227-23-227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтери ва ваколатли шахсининг, шунингдек, ушбу лавозимларни охирги бир йил давомида эгаллаган шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилганлик ҳолатлари мавжуд эмаслиги.

(жавобгарликка тортилган ҳолатлар мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот ёки ҳолатлар мавжуд бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилганлик моддаси ва санаси кўрсатилади)

6.

Божхона органларига мурожаат қилингунга қадар сўнгги беш йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 175, 182, 184, 188, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд эмаслиги.

(жавобгарликка тортилган ҳолатлар мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот ёки ҳолатлар мавжуд бўлса, жиноий жавобгарликка тортилганлик моддаси ва санаси кўрсатилади)

7.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд эмаслиги.

(ариза берилган санада қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот ёки қарздорлик бўлган ҳолатларда, унинг суммаси ва тури кўрсатилади)

8.

Ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилиши, бунда:

(божхона омбори эгалари учун - божхона омбори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия рақами ва берилган санаси;

божхона брокери ҳамда товарларни импорт/экспорт қилувчилар учун - божхона органларига тақдим этилган, дастлабки божхона юк декларациясини божхона расмийлаштируви санаси;

божхона ташувчилари учун - юридик шахс божхона ташувчилари реестрига киритилган сана кўрсатилади)

божхона брокери сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар томонидан тўлдирилади

(ҳар йили товарларни фактура қиймати камида 10,0 млн. АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилган ҳолда, 500 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияларини тақдим этилиши лозим)

(божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар ўтган уч йил мобайнида (йиллар кесимида):

импорт ва (ёки) экспорт қилинаётган товарлар бўйича тақдим этилган божхона юк декларацияларидаги фактура қиймати млн. АҚШ долларида;

импорт ва (ёки) экспорт қилинаётган товарлар бўйича тақдим этилган божхона юк декларациялари сони донада)

божхона омбори эгаси сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар томонидан тўлдирилади

(божхона органларида мурожаат қайд этилган кунда амал қилувчи валюта курси бўйича йиллик қиймати 10,0 млн. АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилган ҳолда, 10,0 млн. кг миқдорида товарлар сақлови амалга оширилиши лозим)

(божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар ўтган уч йил мобайнида (йиллар кесимида):

божхона органларида мурожаат қайд этилган кунда амал қилувчи валюта курси бўйича йиллик қиймати млн. АҚШ долларида;

сақланган товарлар миқдори млн. кгда)

божхона ташувчиси сифатида божхона соҳасида фаолият юритувчи шахслар томонидан тўлдирилади

(ҳар йили 200 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт юкларининг (партия) халқаро ташувларини амалга оширилиши лозим)

(божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар ўтган уч йил мобайнида (йиллар кесимида) амалга оширилган импорт ва (ёки) экспорт юкларининг (партия) халқаро ташувларини сони)

товарларни импорт ва (ёки) экспортини амалга ошириш соҳасида фаолият юритувчи шахслар томонидан тўлдирилади

(импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати йилда камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва сўнгги ўн икки ой мобайнида камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши лозим).

(божхона органларига мурожаат қилинган кунга қадар ўтган бир йил мобайнида:

импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати млн. АҚШ долларида;

импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларациялари сони донада;

тўланган божхона тўловларининг суммаси млрд. сўмда кўрсатилади)

9.

Товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончалар (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эгаликда бўлиши.

(иккинчи турдаги гувоҳнома учун - ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланган талабларга мос келадиган товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлганлиги кўрсатилади)

10.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд эмаслиги.

(иккинчи турдаги гувоҳнома учун - ариза берилган санада муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот ёки қарздорлик бўлган ҳолатларда, унинг суммаси кўрсатилади)

Илова: мазкур аризада кўсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар.



(юридик шахс раҳбарининг Ф.И.О.)


(имзо)

Масъул шахс тўғрисида маълумот

(Ф.И.О., хизмат ва мобил телефон рақамлари)



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август