ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Мол-мулк суғуртаси /

Экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.08.2020 й. 512-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 25 августдаги

512-сон қарорига

ИЛОВА



Экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта

хизматларидан фойдаланганда, суғурта мукофоти

учун тўлов харажатларини компенсация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, уларга суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


гаров сифатида суғурта хизмати - тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолияти кафолати сифатида суғурта шартномалари асосида суғурта ҳимояси тақдим этилиши;

молияловчи шахс - экспорт қилувчи томонидан товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилиши ва хорижий давлатга жўнатилиши билан боғлиқ фаолиятни кредит, кафолат, кафиллик, лизинг ёки бошқа шаклда моддий ва (ёки) молиявий қўллаб-қувватловчи маҳаллий ёки хорижий инвестор, банк, лизинг компанияси, микромолия ташкилоти ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс;

суғурталовчи - тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;


суғурта қилдирувчи - суғурталовчи билан суғурта шартномасини тузувчи, суғурта шартномаси бўйича ҳисобланган суғурта мукофотини тўловчи ҳамда суғурталовчилар билан муайян суғурта муносабатларига кирувчи ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс ёки тўлиқ фуқаролик лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс;


суғурта пули - суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи мажбуриятларининг чегарасини англатувчи пул маблағлари миқдори;


суғурта мукофотлари (суғурта брутто-мукофотлар) - ҳисоблаш тартиби ва миқдори суғурта шартномаси билан белгиланадиган, суғурта қилдирувчи томонидан тўланадиган пул маблағи.

Мазкур низом доирасидаги муносабатлар учун суғурта қилдирувчи - экспорт қилувчи ёки молияловчи шахс ҳисобланади;


экспорт қилувчи - Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган, маҳсулотларни хорижий давлатлардаги харидорларга экспорт шартномалариги (инвойсга) асосан сотувчи, шунингдек, экспорт ва (ёки) воситачилик шартномаларига асосан юк жўнатувчи тадбиркорлик субъекти, шу жумладан унинг ваколатли вакили;


экспорт шартномаси - товарлар (ишлар, хизматлар) экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси;


экспортолди молиялаштириш шартномаси - экспорт қилувчининг товарлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва хорижий давлатларга экспорт қилиш фаолиятини кредит, кафолат, кафиллик ёки бошқа шаклда молиялаштириш ёки моддий қўллаб-қувватлаш бўйича хўжалик шартномалари;


суғурта шартномаси - Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни (ишларни) экспорт қилиш билан боғлиқ фаолиятни сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича ёзма келишув.

3. Экспорт қилувчилар қуйидаги суғурта шартномаларига асосан гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда, суғурталовчиларга тўлаб берилган суғурта мукофотининг 100 фоизи, лекин суғурта пулининг 0,5 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми Агентлик томонидан компенсация қилиб берилади:

экспорт шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигини суғурта қилиш шартномаси;

экспорт қилувчининг қисқа ёки узоқ муддатли дебитор қарздорлигини суғурта қилиш шартномаси;

экспорт факторингини суғурта қилиш шартномаси;

экспорт қилувчининг айланма маблағларини тўлдириш кредити ўз вақтида қайтарилмаслигидан суғурта қилиш шартномаси.


2-БОБ. СУҒУРТА МУКОФОТИНИ ҚОПЛАБ

БЕРИШНИНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИ


4. Агентлик томонидан гаров сифатида суғурта хизматлари бўйича суғурта мукофотини қоплаб бериш учун:

суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурталовчига суғурта қилдирувчи томонидан тўланган бўлиши;

суғурталовчи томонидан экспорт қилувчига суғурта шартномаси бўйича тўловлар амалга оширилгандан кейин суғурта полиси тақдим қилиниши ва суғурта полиси тақдим қилинган санада хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган бўлиши;

экспорт шартномалари (инвойслар) Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлиши (битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товарларни (хизматларни) экспорт қилиш ҳолатларидан ташқари), экспортолди молиялаштириш шартномаси бўйича суғурта амалга оширилиши ҳолатлари бундан мустасно;

аввал олинган компенсация бўйича суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилинган бўлса, суғурта қилдирувчи томонидан компенсациянинг ушбу Низом шартларига мувофиқ тегишли қисми қайтарилган бўлиши;

тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўз тадбиркорлик хавфи ва молияловчи шахс фойдасига суғурталаниши;

суғурта шартномасининг тури ушбу Низомда келтирилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган шартларга мос келиши шарт.



3-БОБ. СУҒУРТА МУКОФОТИНИ ҚОПЛАБ

БЕРИШ УЧУН ТАЛАБ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

ВА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


5. Гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда, Агентлик томонидан суғурта мукофотини компенсация қилиш бўйича суғурта қилдирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

6. Компенсация олиш учун суғурта қилдирувчи томонидан Агентликка ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ариза қуйидаги ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади:

экспорт шартномаси (инвойс) ёки экспортолди шартномаси ва (ёки) воситачилик шартномаси нусхаси;

суғурта мукофоти харажатини тасдиқловчи ҳужжатлар - суғурта шартномаси ва суғурта полисининг нусхаси, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида банк маълумотномаси, хизмат кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура нусхаси.

7. Суғурта қилдирувчидан ушбу Низомнинг 6 ва 15-бандларида кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

8. Компенсация олиш учун ариза Агентликка бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилиши мумкин.

Аризада электрон манзил кўрсатилганлиги аризачининг ариза бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.


9. Компенсация олиш учун ариза Агентликка бевосита тақдим этилганда, ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолатларда ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.


10. Компенсация олиш учун ариза Агентликка почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилганда, ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, Агентлик 3 иш куни мобайнида мурожаат этган шахсга ёзма ёки электрон шаклда тегишли хат билан жавоб қайтаради.


11. Ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган аризалар Агентлик томонидан 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.


12. Агентлик тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 4-бандидаги шартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқади.


13. Агентлик тақдим этилган ҳужжатларни ахборот тизимлари, шу жумладан Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизими орқали ва суғурталовчиларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги маълумотлар базалари ёрдамида ҳамда сўровномалар юбориб, жавоблар олиш орқали ўрганиб чиқиши мумкин.


14. Ариза бўйича компенсация бериш юзасидан хулоса Агентлик директори томонидан қабул қилинади. Аризаларни кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.


15. Агентлик ҳар чорак якуни билан суғурта шартномаси тугаганлиги ёки муддатидан аввал бекор қилинганлигини мониторинг қилиб бориш мақсадида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчидан шартномага оид ҳужжатларни ва маълумотларни, шунингдек экспортга оид ҳужжатлар нусхаси ва маълумотларни талаб қилишга ҳақли.


16. Агентлик томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра суғурта шартномаси муддатидан аввал бекор қилинганлиги аниқланган тақдирда, агар суғурта ҳодисаси содир бўлмаган ва (ёки) суғурта товони тўланмаган бўлса, суғурта шартномаси бўйича қоплаб берилган суғурта мукофотининг фойдаланилмаган давр учун мутаносиб қисми, шунингдек, экспорт қилувчи томонидан бир йил мобайнида экспорт амалга оширилмаса (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно), суғурта шартномаси бўйича қоплаб берилган суғурта мукофоти Агентлик томонидан юборилган ёзма билдиришнома қабул қилинган санадан бошлаб йигирма иш куни давомида суғурта қилдирувчи ёки суғурталовчи томонидан тўлиқ қайтарилиши керак.

Агентлик, суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасидаги компенсация шартларининг бузилиши билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал этилади.



4-БОБ. СУҒУРТА МУКОФОТИНИ ҚОПЛАБ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ


17. Агентликка компенсация олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Низом 4-бандида белгиланган шартларга ёки уларнинг бирига номувофиқлиги, тақдим этилган ҳужжатларда ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган тартибда ўрганишлар натижасида ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, суғурта мукофоти харажатларини қоплаб беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилиш учун асос бўлади.


18. Ушбу Низом талабларидан бошқа асосларга кўра, компенсация беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинишига йўл қўйилмайди.


19. Рад этиш тўғрисида хулоса олинганда, кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда ўн кун муддатда Агентликка ариза билан қайта мурожаат қилиш мумкин.

Аризани қайта кўриб чиқишда Агентлик томонидан рад этишнинг аввал ёзма равишда тақдим этилмаган сабабларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Қайта тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан рад этилган сабабларни бартараф этиш учун ариза олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини қоплаб беришни рад этиш тўғрисидаги хулосадан норози бўлган тақдирда, шунингдек, Агентликнинг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. СУҒУРТА МУКОФОТИНИ ҚОПЛАШ

УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


20. Гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда, суғурта мукофоти харажатлари Агентликка Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан қопланади.


21. Ҳар бир молия йили бошида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 7 майдаги ПҚ-4707-сон қарорига мувофиқ Агентликнинг тасдиқланган смета бўйича буюртманомаси олинган кундан бошлаб уч банк иш куни мобайнида Агентликни молиялаштиради.

Молия йили давомида гаров сифатида суғурта хизматлари бўйича Агентликка тақдим этган аризаларга мувофиқ молиялаштириш зарурлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган сметага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


22. Молия йили якуни бўйича Агентлик шахсий ғазна ҳисобварағида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.


23. Агентлик суғурта мукофотини қоплаб бериш юзасидан хулоса қабул қилингандан кейин ҳар ҳафта якуни бўйича кейинги ҳафтанинг биринчи иш кунида субсидия маблағларини ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртманома тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим этилган буюртманомага мувофиқ уч иш куни давомида компенсация маблағларини Агентликнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.

Агентлик ҳисобварағига субсидия маблағлари келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида суғурта мукофот пули учун компенсация маблағларини Суғурта қилдирувчининг тижорат банкларидаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

Хорижий валютада тузилган экспорт ва экспортолди молиялаштириш шартномаларига асосан гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда, суғурта қилдирувчилар томонидан суғурталовчиларга тўлаб берилган суғурта мукофоти харажатлари учун компенсация тўлаб берилади.

Хорижий валютада тўлов амалга оширилган суғурта мукофоти харажатлари учун компенсация миллий валютада амалга оширилади. Хорижий валютада тўлов амалга оширилган суғурта мукофоти харажатининг миллий валютадаги қиймати суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти харажатлари учун тўлов амалга оширилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тегишли валюта курсига асосан ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Агентлик томонидан суғурта мукофоти пулини компенсация қилиш учун субсидия маблағлари ажратилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.

25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда,

Агентлик томонидан суғурта мукофотини компенсация

қилиш бўйича суғурта қилдирувчиларнинг

аризаларини кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъул ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Суғурта қилдирувчи


Экспортни рағбатлантириш агентлигига ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш:

ушбу Низомга 2-иловадаги шаклга мувофиқ ариза;

экспорт шартномаси (инвойс) ёки экспортолди шартномаси ва (ёки) воситачилик шартномаси нусхаси;

суғурта мукофоти харажатини тасдиқловчи ҳужжатлар - суғурта шартномаси ва суғурта полисининг нусхаси, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида банк маълумотномаси, хизмат кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура нусхаси.


Суғурта қилдирувчининг ихтиёрига кўра










2-босқич

Экспортни рағбатлантириш агентлиги


Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва хулоса бериш:

ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, уларни экспорт қилувчиларга жавоб хати билан ёзма ёки электрон шаклда қайтариш;

тўлиқ тақдим этилган хужжатлар бўйича тегишли хулоса тайёрлаш ва экспорт қилувчиларни хабардор қилиш.


3 иш куни мобайнида




7 иш куни мобайнида










3-босқич

Экспортни рағбатлантириш агентлиги


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига маблағ ажратиш бўйича буюртманома бериш.


Ҳар ҳафта якуни бўйича кейинги ҳафтанинг биринчи иш кунида










4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги


Компенсация маблағларини Агентликнинг ҳисобварағига ўтказиб бериш.


3 иш куни давомида










5-босқич

Экспортни рағбатлантириш агентлиги


Суғурта қилдирувчиларнинг ҳисобварағига тегишли маблағларни ўтказиб бериш.


Маблағлар тушган кундан бошлаб 1 иш куни давомида






Низомга

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси

Инвестициялар ва ташқи савдо

вазирлиги ҳузуридаги Экспортни

рағбатлантириш агентлиги

директори ______________ га


______________________ дан



АРИЗА


________________________________ (суғурта қилдирувчи номи) фойдаланилган суғурта хизматлари учун тўланган суғурта мукофотини компенсация қилиб бериш масаласини кўриб чиқишингизни ва тегишли компенсация тўловини ____________ банкидаги ____________________ ҳисобварағига ўтказиб беришингизни сўрайман.


Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинмоқда:


1. Экспорт шартномаси (инвойс) ёки экспортолди шартномаси ва (ёки) воситачилик шартномаси нусхаси;


2. Суғурта мукофоти харажатини тасдиқловчи ҳужжатлар - суғурта шартномаси ва суғурта полисининг нусхаси, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида банк маълумотномаси, хизмат кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура нусхаси.



_____________________ раҳбари                                     _________________ (Ф.И.О.)


Боғланиш учун тел.:+998 (___) _______________



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 26 август





































Время: 0.1977
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск