язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 505-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

505-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона

жойлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом суғориладиган ва лалми экин ерларида қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартибини белгилайди.


2. Суғориладиган ва лалми экин ерларида қишлоқ хўжалиги экинлари фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг ихтисослашуви ва таклифларини, ички ва ташқи бозор талабларини, ҳудудларнинг табиий иқлим шароитини, сув билан таъминланганлик даражасини, ер майдонларининг мелиоратив ҳолати ва тупроқ унумдорлиги кўрсаткичларини ҳамда моддий-техника, меҳнат ва бошқа ресурслар билан таъминланганлик даражасини таҳлил қилиш орқали оқилона жойлаштирилади.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармони билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишга киритилаётган ер майдонларига, деҳқон хўжаликлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва илмий тажриба станциялари ер майдонларига татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


алмашлаб экиш - қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосланган ҳолда, муайян муддат давомида навбатлаб экиш ва далаларга жойлаштириш;


қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш - қишлоқ хўжалиги экинларининг алоҳида турларини экин ер майдонлари контурлари ва ердан фойдаланувчилар кесимида жойлаштириш ва етиштиришни (ишлаб чиқаришни) ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;


қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (ишлаб чиқариш) учун белгиланган тартибда ер участкасидан ижара шартлари асосида фойдаланувчи фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар (корхона, муассаса, кластер, бирлашма ва кооперациялар);


қишлоқ хўжалиги экинлари - асосий ва такрорий майдонларга экиладиган ғўза, бошоқли дон, шоли, сабзавот, полиз, картошка, ем-хашакбоп илдиз мевали ўсимликлар, бир йиллик ўтлар, беда, маккажўхори, тамаки, дуккакли экинлар, шунингдек, "тўқсонбосди" усулида экиладиган бошқа экинлар;


қишлоқ хўжалиги экин майдонлари - мунтазам равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озуқа (ем-хашак) экинларини етиштириш мақсадида фойдаланиладиган (суғориладиган ва лалми) ерлар;


лалми ерлар - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари табиий ёғингарчилик ҳисобига етиштириладиган ерлар;


суғориладиган ерлар - қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар;


сув билан таъминланганлик даражаси - муайян ҳудудда аниқ қишлоқ хўжалиги экин турини етиштириш бўйича вегетация даврида ушбу экин турининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун талаб этиладиган илмий асосланган миқдордаги сув ҳажми билан таъминланганлик;


тупроқ балл-бонитети - қишлоқ хўжалиги экинлари агротехникаси ўртача даражада бўлганда, тупроқ сифати ҳамда табиий унумдорлик қувватига бериладиган қиёсий баҳо;


тупроқ унумдорлиги - тупроқнинг ўсимликлар ўсиши ва ривожланиши учун зарур шароитларни таъминлаш қобилияти;


ҳосилдорлик - бир гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинидан олинадиган ялпи ҳосил кўрсаткичи;


ҳудудларнинг табиий иқлим шароитлари - муайян ҳудуднинг географик жойлашувига мувофиқ об-ҳавонинг кўп йиллик статистик таҳлили бўйича иқлим тавсифлари.


4. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш қуйидаги асосий мезонларга асосланади:


а) ҳудуднинг табиий-иқлим шароити:

географик жойлашган ўрни, геоморфолик-литологик тузилиши, гидрогеологик ва иқлим шароитлари, тупроқ унумдорлиги (балл-бонитети) ва мелиоратив ҳолати;

фойдали ҳарорат йиғиндиси, ёғингарчилик миқдори, гидромелиоратив тизимлари ва ер ости сувларининг ҳолати, совуқ ва қурғоқчилик даврининг бошланиш эҳтимоли, сув ва шамол эрозияси;

қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиш даври давомийлигининг муайян ҳудуд учун мослиги;


б) ҳудуднинг зарур ресурслар билан таъминланганлиги:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (ишлаб чиқариш) имконияти бўлган ер майдонларининг мавжудлиги;

ер майдонларининг сув, зарур қишлоқ хўжалиги техникалари ва меҳнат ресурслари билан таъминланганлиги;

муайян бир қишлоқ хўжалиги экин турининг ҳосилдорлигини ошириш учун алоҳида имкониятларнинг мавжудлиги;


в) етиштириладиган маҳсулотга ички ва ташқи бозордаги талаб:

етиштириладган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ички бозор эҳтиёжини қондириш даражаси ва ташқи бозордаги талаби;

экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналар, агрокластер (кооперация)ларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича таклифлари;


г) қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш:

ҳудудларда бир турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришга ихтисослаштиришга эътибор қаратиш;

сув танқис бўлган ҳудудларда сувни кам талаб қилувчи, сувсизликка чидамли ва сув тўплаш хусусиятига эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш;

экин турлари бўйича етиштириладиган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмларининг прогноз кўрсаткичларини белгилаш.



2-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ

ОҚИЛОНА ЖОЙЛАШТИРИШДА ДАВЛАТ

БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифи билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари истеъмолчиларининг талабини таҳлил қилади ва мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалиги экинларининг навлар бўйича жойлаштирилишини, контурлар бўйича экин турлари тўлиқ экилишини, белгиланган агротехник тадбирлар ўтказилишини, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа моддий-техника ресурсларининг қишлоқ хўжалиги еларидан фойдаланувчиларга белгиланган тартибда етказиб берилиши мониторингини юритади ва уларнинг натижалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади.


6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - "Давергеодезкадастр" қўмитаси):

ер ҳисоботи бўйича қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириладиган ер майдонларини таҳлил қилади;

қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириладиган майдонларнинг контурлар кесимидаги хариталарини электрон ва ёзма шаклда ишлаб чиқади ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларига ва қишлоқ хўжалиги бўлимларига тақдим этади;

экин майдонлари жойлашган контурлар бўйича тупроқ балл-бонитети тўғрилигини ва ишончлилигини таъминлайди.


7. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳар бир ҳудуд бўйича экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ва сув билан таъминлаш имкониятлари тўғрисидаги объектив маълумотларни шакллантиради, экинларни жойлаштиришда фойдаланиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ички ва ташқи бозордаги талабларни инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик прогноз ҳажмларини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар беради.


9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ундан қайта ишланган тайёр маҳсулотлар маркетингини олиб боради;

ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари бўйича савдо айланмаси ва ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни давлатлар кесимида шакллантиради ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари:

ҳудудларда экинларни оқилона жойлаштириш ишларини мувофиқлаштиради;

экинларни жойлаштиришда ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт имкониятлари тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлайди.


11. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси:

ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини мунтазам ўрганиб боради;

қишлоқ хўжалиги экинларининг оқилона жойлаштирилиши ҳамда агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга тақдим этиб боради.



4-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ

ОҚИЛОНА ЖОЙЛАШТИРИШ


12. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ишлари ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги охирги уч йиллик статистик маълумотларга асосланган ҳолда хорижий давлатлар кесимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аниқ турларини экспорт қилиш талаблари ва ҳажмлари тўғрисидаги таклифларни ҳар йили апрель ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.


14. Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари ҳар йили 5 майга қадар қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш бўйича қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини қабул қилади;

қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифлари туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, сув хўжалиги бўлими ва ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди;

бунда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг экинларни мустақил жойлаштириш бўйича таклифлари уларнинг ихтисослашувига мослиги, экин турлари бўйича контур яхлитлиги таъминланганлиги, сув билан таъминланганли даражаси, охирги 3 йилда олинган ҳосилдорлиги ва ўтмишдош экин турларига мослиги таҳлил қилинади.


15. Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда туманлар ирригация бўлимларидан экин майдонларининг сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисида хулоса олинади.


16. Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин:

таклифлар қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тамойиллари ва мезонларига мувофиқ бўлмаганда;

контур яхлитлиги таъминланмаганда ва ер участкалари контурлари кесимидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаганда;

экспорт талабларига мувофиқ катта ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян турини етиштириш талаб этилганда ва экспорт қилувчи уни харид қилиш учун расмий равишда кафолат берганда.

Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги бу ҳақда уч кун ичида рад этиш сабаблари ҳақида асослантирган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.


17. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар 3 кунда рад этиш сабабларини бартараф этган ҳолда, қайтадан таклиф киритишлари мумкин.


18. Туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини умумлаштириш асосида қишлоқ хўжалиги экинларини контурлар кесимида жойлаштиради.

"Давергедеозкадастр" қўмитаси ҳузуридаги "Ўздаверлойиҳа" институтининг ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳудуд (массив)нинг суғориладиган ва лалми ерларида 1:10000 миқёсдаги харитага ҳар бир экин тури тегишли шартли белгилар асосида туширилади.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг экин майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари контурлар кесимида ҳудуд (массив)нинг суғориладиган ва лалми ерларида 1:10000 миқёсдаги харитага туширилган экинларни жойлаштириш натижалари туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда "Ўздаверлойиҳа" институтининг ҳудудий бўлинмаси масъул ходими томонидан имзоланади.


19. Туман (Қувасой шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими жойлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини белгилашда фойдаланиш учун тупроқ балл-бонитетига нисбатан норматив ҳосилдорлик тўғрисидаги маълумотларни 3 иш кунида туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимига тақдим этади.

Туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда тақдим этилган ер майдонларининг балл-бонитети тўғрисидаги маълумотлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 августдаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг тупроқ балл-бонитетига нисбатан белгиланган норматив ҳосилдорлигидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларидан етишириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари прогноз кўрсаткичларини белгилайди.


20. Туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 5 иш кунида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштириш прогноз кўрсаткичлари тўғрисида туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

Лойиҳага қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, маҳсулот етиштириш прогноз ҳажмлари, шунингдек, ҳудуд (массив)ларнинг экинларни жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган 1:10000 миқёсдаги харита электрон ва қоғоз шаклида илова қилинади.


21. Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари бўйича 3 кун муддатда тегишли қарор қабул қилади.

"Ўздаверлойиҳа" институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари 10 иш кунида ҳар бир қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг контурлар кесимида жойлаштирилган экин турлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини яратади, шунингдек, экинлар экилиши ва ҳолатининг доимий мониторингини юритишда қулайлик яратиш мақсадида "электрон харита"га туширади.


22. Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш бўйича қабул қилган қарор нусхасини ҳар йили 1 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.


23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили 10 июнга қадар туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми ерларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорларини умумлаштирган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми ерларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорлари юзасидан қуйидаги тадбирларни мунтазам ўрганиб боради, жумладан;

қишлоқ хўжалиги экин тури жойлаштирилган майдон (контур)ларда белгиланган экин турларини етиштиришга риоя қилиниши ва агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилишини;

қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш схемаларига риоя қилинишини;

сув танқис ҳудудларда сув тежовчи замонавий технологиялар (томчилатиб ва сув тежовчи бошқа технологиялар) кенг жорий этилишини;

қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг экспорт бўйича тузилган шартномалар инобатга олинган ҳолда жойлаштирилган қишлоқ хўжалиги экин турларининг экилишини.


24. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 10 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштириш прогноз кўрсаткичлари бўйича қуйидаги таклифларни қабул қилиб олади, жумладан:

асосий майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини;

эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган (такрорий) майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини;

ёш боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз ҳажмларини;

лалми ерларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини.

Зарурат бўлганда, ғўзани ва бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.


25. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўйича таклифларини умулаштирган ҳолда, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.



5-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ

ОҚИЛОНА ЖОЙЛАШТИРИШ НАТИЖАЛАРИ

МОНИТОРИНГИНИ ЮРИТИШ


26. Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари мониторинги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда "Давергеозедкадастр" қўмитаси томонидан юритилади.

Бу тадбир геоахборот тизимлари, масофадан зондлаш, космик ва спекторли тасвирлар ва бошқа инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона

жойлаштириш ишларини амалга ошириш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари








1-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқатириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Давергеодезкадастр" қўмитаси


Экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ва сув билан таъминлаш имконияти тўғрисида;

ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари бўйича савдо айланмаси ва ҳажмлари тўғрисида;

ер ҳисоботи бўйича қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириладиган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.


Ҳар йили 1 майга қадар











2-босқич


Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари



Келгуси йил учун қишлоқ хўжалиги ерларида экинларни жойлаштириш бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг таклифларини қабул қилади.


Ҳар йили 5 майга қадар











3-босқич


туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши,

"Ўздаверлойиҳа" институтининг ҳудудий бўлинмалари


Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг таклифларини умумлаштириш асосида қишлоқ хўжалиги экинларини контурлар кесимида жойлаштиради.

Тупроқ балл-бонитетига нисбатан белгиланган норматив ҳосилдорлигидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларидан етишириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари прогноз кўрсаткичларини белгилайди.

Ҳар бир экин турини тегишли шартли белгилар асосида 1:10000 миқёсдаги хариталарга туширади.

Тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқади ва туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларига тақдим этади.


Ҳар йили 15 майга қадар










4-босқич


Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари



Келгуси йил учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари бўйича туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қарорини қабул қилади.

Қарор нусхасини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликлари тақдим этади.


Ҳар йили 20 майга қадар











5-босқич


"Ўздаверлойиҳа" институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари


Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамда контурлар кесимида жойлаштирилган экин турлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини яратади ва "электрон харита"га туширади.

Экинларнинг экилиши ва ҳолатини доимий мониторингини юритади.


Ҳар йили 1 июнга қадар











6-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар

ҳокимликлари


Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорларини умумлаштирган ҳолда қарор қабул қилади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.


Ҳар йили 10 июнга қадар











7-босқич


Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш бўйича тақдим этган таклифлари асосан Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.


Ҳар йили 20 июнга қадар






Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август