язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат бюджети/ 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш Стратегияси (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 506-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

506-сон қарорига

1-ИЛОВА



2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат

молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистон Республикасида давлатнинг стратегик мақсадларига эришиш учун йўналтирилган ислоҳотларни давлат молиясини бошқаришни такомиллаштиришга асосланган ҳолда амалга ошириш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда - Давлат бюджети) тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилаётганлиги, шу жумладан Давлат бюджети Парламент томонидан тасдиқланиши, "Фуқаролар учун бюджет" ахборот нашри чоп этилиши, Openbudget.uz ахборот портали ишга туширилиши, Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар миллий ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Давлат молиявий статистикаси (GFS) стандартларига мувофиқ эълон қилинишига қарамасдан, Давлат молиясини бошқаришни янада такомиллаштиришни талаб этадиган бир қатор йўналишлари мавжуд.

Жумладан:

давлат молиясини бошқариш тизимида давлатнинг ўрта ва узоқ муддатли мақсадларига эришиш борасида стратегик ўрта муддатли истиқболларини белгилаш;

бюджет ташкилотлари ва муассасалари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарнинг ҳисобини алоҳида юритиш, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағларини консолидациялашган бюджетда акс эттириш;

маҳаллий бюджетларни мустақил равишда белгилаш имконини берадиган бюджетлараро трансфертларни ҳисоблашнинг шаффоф услубиятини ишлаб чиқиш;

давлат харидлари ва инвестицияларини бошқариш самарадорлигини ошириш, давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат активлари ва мажбуриятларини бошқариш учун мавжуд таваккалчиликларни баҳолашнинг самарали тизимини жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия институтлари кўмагида аниқ мақсадлар, вазифалар ва асосий йўналишларни белгиловчи 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) ишлаб чиқилди.

Стратегияда давлат молияси тўғрисида жамоатчиликка кенг қамровли маълумотлар бериш ва шаффофликни таъминлаш, самарадорлик ва натижадорликка босқичма-босқич эришишга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатига ўтиш учун стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш каби йўналишлар ҳам белгиланмоқда.

Стратегияни ишлаб чиқишда нафақат иқтисодиёти ривожланган давлатлар, балки молиявий-иқтисодий жиҳатидан тузилмаси ўхшаш давлатлар тажрибаси ҳам ўрганиб чиқилди.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


Давлатни узоқ муддатли ривожлантириш концепциялари ҳамда устувор давлат дастурлари, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазкур Стратегияни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

Стратегияни амалга ошириш даври 2024 йилгача мўлжалланган бўлиб, қуйидаги муҳим мақсадларни ўз ичига олади:

солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги "натижага йўналтирилган бюджет" тизимини жорий этиш;

макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;

бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;

фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;

бюджет ҳисоби стандартларини бирхиллаштириш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш;

бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш;

бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш.

Стратегия мақсадларига эришиш учун қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш зарур:

узоқ муддатли давлат молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган стратегик ўрта муддатга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатини юритиш;

макроиқтисодий чекловлар ва вазифаларни назарда тутувчи бюджетлаштиришнинг "юқоридан пастга" ёндашувини жорий этиш йўли билан солиқ-бюджет назоратини кучайтириш ва барча бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги ва ҳисобдорлигини ошириш;

бюджет маблағлари тақсимловчилари учун ажратиладиган бюджет маблағларини дастурлар кесимида тасдиқлаш ва натижадорлигини баҳолаш тизимига босқичма-босқич ўтиш;

фискал таваккалчиликларини баҳолаш ҳамда замонавий макропрогнозлаштириш модулларини қўллашни жорий этиш;

бюджет жараёнининг шаффофлиги ва бюджет маълумотларининг очиқлигини ошириб бориш, жумладан давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Парламентга тақдим этиш жараёнини такомиллаштириш ва шаффофлигини ошириш;

бюджетлараро муносабатларни ислоҳ қилиш, маҳаллий бошқарув органларининг мустақиллигини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда бюджетлараро трансфертлар тақдим этиш қоидалари асосида уларни ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш.

Мазкур Стратегияни амалга ошириш учун Стратегияда белгиланган мақсадларга босқичма-босқич эришишни назарда тутувчи ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган.

Давлат корхоналарининг ислоҳоти, солиқ ислоҳоти, солиқ-бюджет шаффофлигини таъминлаш бўйича йўл хариталари, давлат харидлари тизими ислоҳотлари Стратегия билан бир қаторда амалга оширилади.

Стратегия мувофиқлаштирувчи восита бўлиб, келгусида ҳам индивидуал ислоҳотлар ишлаб чиқилиб, улар ҳаракатлар режасига мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-§. Солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ

этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб

чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги

"натижага йўналтирилган бюджет" тизимини жорий этиш


Бюджетни режалаштиришнинг амалдаги тизимида стратегик ёндашувнинг мавжуд эмаслиги бюджет маблағларини солиқ-бюджет сиёсатининг устувор йўналишлари ва Давлат бюджетининг молиявий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш имкониятини чеклайди.

Бу эса, ўз навбатида, бюджет мажбуриятларининг мантиқсиз ўсишига ва ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги етарли даражада назорат қилинмаслигига олиб келади.

Давлат сиёсатининг ўрта ва узоқ муддатли мақсадларини қўллаб-қувватлаш ва унга эришиш талабларига жавоб берадиган самарали давлат молиясини бошқариш тизимини яратиш мақсадида "молия йили давомида молиявий ресурсларнинг етарлилигини баҳолаш" тамойилидан "қабул қилинаётган сиёсий қарорларнинг ўрта ва узоқ муддатли оқибатларини ва ажратилган бюджет маблағларининг натижадорлигини баҳолаш" тамойилига ўтишни назарда тутувчи стратегик ёндашувни солиқ-бюджет сиёсати доирасида кенг жорий этиш зарур.



1.1. Бюджет жараёнини такомиллаштириш


Тўлақонли ўрта муддатли бюджетли режалаштиришга ўтиш мақсадида солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ва Давлат бюджетини ўрта муддатли даврга тайёрлаш тамойилларини, аниқ мақсадлар ва уларга эришиш муддатларини белгиловчи ҳамда фискал таваккалчиликлар таҳлили ҳисобга олинган ҳолда ўрта муддатли давр учун фискал стратегияни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш механизмини амалга ошириш чораларини кўриш зарур.

Шу билан бирга, солиқ-бюджет прогнозларини тайёрлашда давлат органлари томонидан фойдаланиладиган ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлар ишончлилигини ошириш чораларини кўриш ва бу маълумотларни ҳисобот даври якунлари бўйича ҳақиқий кўрсаткичлар билан таққослаш орқали баҳолаб бориш лозим.

Бюджет жараёни босқичлари (Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларини тайёрлаш, кўриб чиқиш, қабул қилиш ва тасдиқлаш) бюджетни ўрта муддатли режалаштиришга ўтилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг назорат функциялари, Молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг (бюджет маблағларини тақсимловчилар) роли ва функционал вазифалари қайта тақсимланиши муносабати билан қайта кўриб чиқилади.

Бунда, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга дастлабки бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг чегараланган миқдорларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан етказиш орқали мазкур ажратилаётган маблағларнинг Ҳукумат томонидан белгиланган устувор йўналишларга мувофиқлиги ҳамда тақдим этиладиган бюджет сўровларининг сифат даражасининг ошишига эришиш кўзда тутилмоқда.



1.2. Ўрта муддатли бюджет асосларини

ишлаб чиқиш (MTBF)


Солиқ-бюджет сиёсатини ишлаб чиқишнинг стратегик йўналтирилганлигини кучайтириш бюджет қонунчилигида ўрта муддатли бюджетни режалаштиришни жорий этишга доир тадбирларни мустаҳкамлаш билан биргаликда олиб борилиши зарур.

Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш доирасида ўрта муддатли бюджетни режалаштиришнинг услубий ва меъёрий базасини ишлаб чиқишга, давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш учун солиқ-бюджет қоидаларини (узоқ муддатли солиқ-бюджет кўрсаткичларни) ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.



1.3. Бюджетнинг самарадорликка ва натижага

йўналтирилганлигини ошириш


Ўрта муддатли бюджетни режалаштириш доимий такомиллаштириб борилиши натижасида ўрта муддатда мавжуд бўлган бўш молиявий ресурсларни аниқлаш имкониятлари кенгайиб боради.

Бюджетдан маблағ олувчилар кесимида бюджетни тақсимлаш ва уларнинг бюджет ваколатларини кенгайтириш механизмининг жорий этилиши билан бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг ўз мақсадларини белгилаш ва мувофиқ равишда аниқ тадбирларини режалаштириш имкониятлари ҳам кенгайиб боради.

Асосий эътибор бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини кенгайтириш бўйича тегишли чоралар кўриш зарур.

Айни пайтда "Дастурий бюджетлаштириш"ни жорий этиш учун зарур бўлган механизмлар аниқлаштирилади, мазкур тизимнинг афзаллик ва камчиликлари ўрганилиб, жорий ва янги тадбирларни молиялаштириш харажатларини аниқлаш услублари ишлаб чиқилади. Жумладан, амалдаги бюджет таснифига ўзгартириш киритилиб, давлат харажатларини дастурлар бўйича таснифлаш жорий этиш кўзда тутилмоқда.



1.4. Давлат инвестицияларининг

самарадорлигини ошириш


Халқаро молия институтларининг техник кўмагида халқаро эътироф этилган услубиятлар асосида давлат инвестицияларини бошқариш тизими таҳлил қилинади ва мазкур тизимни яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланади.

Давлат инвестиция харажатларини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар параллел равишда олиб борилмоқда, лекин энг мақбул натижага эришиш учун давлат инвестициялари бўйича қарорларни қабул қилиш жараёнининг бюджет жараёни билан янада интеграциялашувини таъминлаш лозим.

Шу билан бирга, Инвестиция дастурини шакллантиришда иштирок этувчи давлат органларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилади.



2-§. Макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш

бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни

иштирокчиларининг масъулиятини ошириш


Давлат молиясини бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил амалга ошириш ва уларнинг натижаларини мустаҳкамлаш мақсадида давлат органларида институционал ривожланишни таъминлаш ва зарур имкониятларни яратиш - Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўрта муддатли бюджетни тўлиқ режалаштиришга муваффақиятли ўтиш учун асос бўлган молия органларининг макрофискал фаолияти чекланган бўлиб, илғор амалиётга мос келмайди.

Макроиқтисодий прогнозларни тайёрлаш учун асосан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жавобгар ҳисобланади.

Молия вазирлиги Давлат бюджети даромадларини прогноз ва таҳлил қилиш функциясини бажаради, аммо ўрта муддатда давлат молияси барқарорлигини ва унга таъсир этувчи ички ва ташқи омилларни (солиқ-бюджет сиёсатининг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсири таҳлили ва ўз навбатида, макроиқтисодий омилларнинг Давлат молияси тизимига таъсири) таҳлил қилиш функцияси мавжуд эмас.



2.1. Давлат молиясини бошқариш соҳасида

қонунчилик базасини мустаҳкамлаш


Давлат молиясини бошқариш тизимида ислоҳотларни амалга ошириш давлат молиясини жамлаш ва тақсимлашга доир масалаларни тартибга солувчи норматив ва услубий базани такомиллаштириш билан бирга олиб борилиши лозим.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тайёрлаш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш жараёнидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилади.



2.2 Молия вазирлиги таркибий тузилмасини қайта

кўриб чиқиш ва макрофискал таҳлил

функцияларини мустаҳкамлаш


Молия вазирлиги тузилмасининг самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилган ҳолда вазирлик департаментлари, бош бошқармалари ва бошқармалари функцияларини, уларнинг тармоқ вазирликлари ҳамда бошқа биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилари билан муносабатларини ўрганиш лозим.

Макрофискал таҳлил функцияларини мустаҳкамлаш доирасида давлат молиясини бошқариш тизимини мақбуллаштириш мақсадида Молия вазирлигининг таҳлилий салоҳиятини унинг ташкилий тузилмаси ва мавжуд иш жараёнларини янгилаш орқали оширишга йўналтирилган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарур.

Ушбу йўналишни амалга оширишда ривожланиб бораётган ахборотлаштириш жараёнлари ҳамда Молия вазирлиги таркибий бўлинмалари ва бошқа давлат ҳокимияти органлари функцияларининг мақбуллаштирилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ғазначиликнинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат молиявий назорат департаментининг фаолияти таҳлилий ўрганилиб, бошқаришнинг марказлашган тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилади.



3-§. Бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий

давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги

ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда

уларнинг масъулиятини кучайтириш


Бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш мақсадида:

Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет даромадларини аниқ прогнозлаш имкониятларини ошириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш учун бюджет жараёнининг барча босқичларида вазирлик ва идоралар фаолиятининг ўзаро мувофиқлиги ва ҳамкорлигини таъминлаш юзасидан зарур тадбирларни амалга ошириш лозим.

Ҳозирда Давлат фаолиятининг сезиларли қисми амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат бюджети жараёни доирасидан ташқарида амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган давлат тадбирларининг аксарият қисми бюджетдан ташқари манбалар, яъни бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобидан бажарилмоқда. Бу тарздаги харажатлар эса Парламент томонидан тасдиқланадиган йиллик бюджет миқдорлари ҳамда Парламентга тақдим этиладиган ҳисоботларда акс этмайди.

Айрим давлат корхоналари фаолиятининг самарадорлиги пастлигига қарамасдан, иқтисодиётда давлатнинг сезиларли иштироки сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан давлат корхоналари фаолиятида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга йўналтирилган таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш лозим.



3.1. Бюджет устуворлигини таъминлаш


Давлат бюджетининг тўлиқлиги, ишончлилиги ва Давлат бюджетининг стратегик йўналтирилганлигини таъминлаш мақсадида барча давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағларни Давлат бюджетига қўшиш чораларини кўриш, шунингдек, бюджет ҳисоботида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг консолидациялашган жами молиявий кўрсаткичларини ягона шаклда тақдим этиш зарур.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида ўрта муддатли бюджетни режалаштиришга тўлиқ ўтишни таъминлаш ва ички назорат самарадорлигини ошириш мақсадида Молия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар - бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг (олувчиларнинг) роли ва функционал мажбуриятлари қайта кўриб чиқилиши лозим.



3.2. Давлат бюджети даражалари ўртасида

мажбуриятларни тақсимлаш


Давлат молиясини бошқаришнинг янада оқилона ва самарали тизимини таъминлаш мақсадида бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида улардан ҳар бирининг харажатлар бўйича мажбуриятларини аниқ ажратишни ва даромад олиш манбаларини мустаҳкамлашни назарда тутувчи бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш зарур.

Шу билан бирга, бюджетлараро трансфертлар миқдорини ҳисоблаш ва ажратишнинг ягона ва шаффоф услубияти жорий этилади.

Шунингдек маҳаллий бюджетларнинг барқарорлигини таъминлаш учун бюджет қоидаларини кучайтириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бюджет интизоми қоидаларига риоя қилишини қатъий назоратга олиш талаб этилади.



4-§. Фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий

активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда

уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш


Давлат молиясининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш ва олдиндан прогноз қилиш имкониятини ошириш учун фискал таваккалчиликлар таҳлилини ва уларнинг ошкор этиш жараёнини яхшилаш чораларини кўриш лозим.

Фискал таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва бошқариш давлат секторида солиқ-бюджет сиёсатига оид қарорларни қабул қилиш жараёни самарали мувофиқлаштирилишини таъминлайди.

Ҳозирги вақтда фискал таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш ва бошқариш яхши йўлга қўйилмаган.

Асосий макроиқтисодий таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор қилиниши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарз олиш устидан қатъий назоратнинг мавжудлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан берилган давлат қарзлари ва кафолатлари тўғрисидаги жами маълумотлар ошкор этилишига қарамасдан, фискал таваккалчиликларнинг алоҳида йўналишлари ошкор қилинмайди ва ҳисоби юритилмайди.



4.1. Таваккалчиликларни бошқариш

тизимини жорий этиш


Фискал таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва ошкор этишни ўз ичига олган ҳолда узоқ муддатли солиқ-бюджет барқарорлигини баҳолаш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва кенг жамоатчиликда олиб борилаётган солиқ-бюджет сиёсатининг барқарорлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилади ва, зарур ҳолларда, солиқ-бюджет сиёсатига ўз вақтида зарур тузатишлар киритиш имконини беради.



4.2. Активлар ва мажбуриятларни бошқариш

тизимини мустаҳкамлаш


Давлат бошқаруви сектори жуда катта миқдордаги молиявий активларни тасарруф этади. Ушбу активларнинг асосий қисмини хорижий валюта ва депозитлар, давлат корхоналарига берилган кредитлар, шунингдек, давлат корхоналари капиталида давлат иштироки доирасидаги активлар ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ва давлат кафолатининг умумий миқдори эълон қилиб борилади, бироқ бюджет ҳисоботида давлат активлари ва мажбуриятлари ва улар билан боғлиқ таваккалчиликлар акс эттирилмайди.

Шу муносабат билан активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ва уларни бошқаришнинг самарали тизимини, шу жумладан давлат секторида шакллантиришда бошқарувнинг молиявий балансини тайёрлаш жараёнини яхшилаш бўйича чоралар кўриш талаб этилади.


4.3. Давлат қарзини бошқариш тизимини такомиллаштириш

Қарз барқарорлигининг ишончли баҳоланишини таъминлаш ҳамда ўрта муддатда самарали қарз сиёсатини олиб бориш мақсадида давлат қарзини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилиши лозим.

Давлат қарзи билан боғлиқ таваккалчиликлар ҳисобини юритиш, таҳлил қилиш, улар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш ва бошқариш тизимини яхшилаш учун қуйидаги биринчи навбатдаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади:

давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш;

давлат қарзи барқарорлигини таҳлил қилиш тизимини амалиётга жорий этиш ва янада такомиллаштириш;

давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар сифатини ошириш.



5-§. Бюджет ҳисоби стандартларини бирхиллаштириш,

ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали

молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда бюджет жараёни

устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш


Давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларини тўлақонли жорий этиш учун қадрлар тайёрлаш ва тегишли дастурий таъминотларни такомиллаштириш зарур бўлади ва бу, ўз навбатида, узоқ муддатни талаб этади.

Бундан ташқари, алоҳида вазирлик ва идораларда ички назорат ва аудит хизмати таъсис этилган.

Бироқ, ички аудит хизмати фаолиятининг ҳуқуқий ва услубий асослари мавжуд эмаслиги, уларнинг фаолияти фақат бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга қаратилганлиги туфайли ушбу хизматларни кўрсатиш фаолиятининг самарадорлиги чегараланиб қолган.



5.1. Давлат секторида бюджет ҳисоби

стандартларини бирхиллаштириш


Давлат секторида бюджет ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимининг лозим даражада йўлга қўйилиши давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини аниқлаш бўйича қарор қабул қилиш учун уларни давлат молияси тўғрисидаги шаффоф, ишончли ва кенг қамровли маълумотлар билан таъминлаш имконини беради.

Бу йўналишда бюджет ҳисоби стандартларини босқичма-босқич Давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларига (IPSAS) мослаштиришни назарда тутувчи чораларни амалга ошириш устувор аҳамиятга эгадир.

Шундан келиб чиқиб, Молия вазирлигининг ахборот тизимига ягона счётлар режаси ҳамда янгиланган ҳисобот шаклларини жорий этиш орқали давлат бошқаруви сектори учун Ягона счётлар режаси амалиётга татбиқ этилади.



5.2. Ички назорат ва ички аудит тизимини

такомиллаштириш


Молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ва натижадорлигини ошириш мақсадида халқаро стандартларга мос ички назорат ва аудит хизматини, шунингдек, лозим даражадаги молиявий назоратни амалиётга жорий этиш зарур.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида, авваламбор, бюджет маблағлари тақсимловчи (олувчи)ларининг, жумладан, уларнинг раҳбарларининг масъулиятини ва жавобгарлик ҳиссини оширишга қаратиш лозим бўлади.

Ўрта муддатли даврда барча вазирлик ва идораларда - бюджет маблағларини тақсимловчи (олувчи)ларда ички аудит хизматини жорий этиш назарда тутилмоқда.



5.3. Давлат молияси устидан ташқи назоратни

кучайтириш


Солиқ-бюджет соҳасидаги шаффофликни, назоратни ва бюджет ҳисоби сифатини ошириш учун ташқи аудитдан ўтказиш фунцияларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, бюджет маблағларини аниқ вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқлаш орқали парламент назоратини кучайтириш лозим.



5.4. Солиқ хизматларини кўрсатиш

сифатини ошириш


Солиқ маъмурчилигини ва қоидаларини такомиллаштириш орқали яширин иқтисодиётни улушини қисқартириш ҳамда бюджет даромадларини ошириш.

Солиқ турлари базасини такомиллаштириш, ресурс солиқларини самарадорлигини ошириш. Солиқ имтиёзларини мақбуллаштириш жараёнини якунлаш орқали фаолиятнинг барча иштирокчиларига бир хил шароит яратиш ва рақобатни ривожлантириш.

Солиқ хизматларини ривожлантириш ва солиқ маъмурчилигига рақамли технологияларни киритиш. Бунда солиқ хизматларини кўрсатиш бўйича мобил иловалар сонини кўпайтириш, онлайн назорат-касса аппарати ва виртуал касса тизимини қўллашни таъминлаш бўйича чоралар кўриш, бирламчи ҳисоб-китоб ҳужжатларини (электрон ҳисоб-фактуралар тизимини тўлиқ жорий этиш) рақамлаштириш ва бирхиллаштириш каби чоралар кўрилади.



5.5. Давлат харидлари тизимини мустаҳкамлаш


Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари самарали электрон харидлар тизимини янгилаш ва ишга туширишни назарда тутади.

Барча давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидларининг шаффофлиги ва мақсадлилигини таъминлаш мақсадида буюртмачиларнинг харидларини босқичма-босқич ғазначилик ижроси билан қамраб олиш бўйича чоралар кўрилади.



5.6. Бюджет жараёнида жамоатчилик

иштирокини таъминлаш


Бюджет жараёнида жамоатчилик иштирокини таъминлаш олиб борилаётган солиқ-бюджет сиёсати мақсадларининг фуқаролар эҳтиёжларига мос келишини ва ҳукуматнинг ҳисобдорлигини таъминлайди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида бюджет жараёнига жамоатчиликни жалб этишни янада кенгайтириш чоралари кўрилади, шунингдек, фуқароларнинг бюджет жараёнидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг устувор ва асосий йўналишларини муҳокама қилишда фуқаролар иштирокини таъминлаш механизмлари кенг қўлланилади (хусусан, бюджет маблағларининг харажатлари йўналишида).



6-§. Бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги

ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш


Давлат ресурсларига оид ошкора, ишончли ва кенг қамровли маълумотларнинг мавжудлиги давлат молиясини бошқариш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади.

Давлат молияси маълумотларининг кенг қамровлилиги, қиёсланувчанлиги ҳамда яхлитлилиги солиқ-бюджет сиёсатини шакллантиришга стратегик ёндашувни жорий этишда, кейинчалик эса бюджет маблағларидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга ўтишда тўлиқ, ўз вақтида ва ишончли ахборот базасини яратишни таъминлайди.

Амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини тузишда бюджет тизими бюджетлари, давлат мақсадли жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг барча даромадлари ва харажатлари ҳисобга олинсада, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари инобатга олинмайди.

Натижада давлат секторининг айрим харажатлари, шунингдек, алоҳида пул оқимлари, шу жумладан давлат корхоналари фаолияти, давлат активлари ва айрим давлат мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар бюджет ҳисоботида акс эттирилмайди.



6.1. Солиқ-бюджет ҳисоботларининг кенг

қамровлилигини, солиштирилувчанлигини

ва яхлитлигини яхшилаш


Макро ва микро даражада солиқ-бюджет сиёсатни бошқариш учун жуда муҳим бўлган солиқ-бюджет ҳисоботлари сифатини ошириш чоралари кўрилади.

Солиқ-бюджет ҳисоботларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш Ҳукуматнинг жорий молиявий ҳолатдан хабардорлигини ошириш ва халқаро таққослаш имконини беради.

Шу билан бирга, тегишли солиқ-бюджет сиёсатини шакллантиришда, солиқ-бюджет прогнозлаштиришни яхшилашда ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлашда ёрдам беради.

Солиқ-бюджет ҳисоботини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш давлат молиясининг барқарорлиги ҳамда даромадларни прогноз қилиш имкониятларини оширади ва ишончли баҳолаш учун солиқ-бюджет маълумотларининг солиштирилувчанлигини ва мувофиқлигини таъминлайди.



6.2. Давлат солиқ-бюджет сиёсати мўлжаллари

тўғрисидаги маълумотларни кенгайтириш


Давлат молияси тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва солиштирилувчанлигини ошириш мақсадида бюджет ҳисоботларини тузишда асос бўладиган иқтисодий ҳамда вазифа жиҳатдан бюджет таснифлари халқаро стандартларга янада мувофиқлаштирилиши лозим.

Бундан ташқари, давлат қарзининг умумий миқдоридаги ўзгаришларни соф молиялаштириш ҳажми ва бошқа оқимлар билан солиштириш тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилиши давлат қарзининг шаклланишига олиб келадиган асосий молиявий оқимларни ажратиш ва тафовутлар ёки маълумотларнинг яхлитлигини аниқлаш имконини беради.

Шу билан бирга, алоҳида корхоналар ва иқтисодиёт тармоқларига берилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар миқдори тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш лозим. Солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш натижасида Давлат бюджети даромадларининг камайган қисми тўғрисидаги маълумотлар амалдаги солиқ-бюджет сиёсати ва давлат сектори фаолиятини тўлиқроқ баҳолаш имконини беради.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар:

давлат молияси тўғрисида ишончли, шаффоф, долзарб ва муддатли комплекс маълумотлар мавжуд бўлади;

ўрта муддатли бюджетни режалаштириш тўлақонли татбиқ этилади;

ўрта муддатли истиқболда макрофискал прогнозлаш ва таҳлил қилишнинг барқарор ва башорат қилинадиган тизими яратилади;

маҳаллий бюджет параметрларини шакллантириш ва тасдиқлаш жараёнида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг бюджет соҳасидаги ваколатлари ва мустақиллиги кенгайтирилади ва ўз навбатида уларнинг масъулияти сезиларли даражада оширилади;

ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига мос равишда бюджет маблағларини тақсимлаш самарадорлиги оширилади, солиқ-бюджет сиёсатининг мақсадларига эришишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашнинг сон ва сифат кўрсаткичлари жорий этилади;

Давлат бюджети ижроси жараёнида самарадорликка ва натижадорликка эришилади;

давлат инвестицияларининг самарадорлиги ва бошқарилиши яхшиланади;

давлат молия тизимининг барқарорлиги мустаҳкамланади, солиқ-бюджет таваккалчиликлари ишончли баҳоланади ва минималлаштирилади;

давлат қарзини самарали бошқариш тизими жорий этилади;

бюджет жараёнида жамоатчилик ва фуқаролар иштирокини кенг фаоллаштириш учун бюджет маълумотларининг ошкоралик даражаси оширилади;

самарали электрон давлат харидлари тизими жорий этилади;

халқаро молия институтларининг рейтинг ва индексларида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланади.

Юқорида қайд этилган мақсадлар мантиқий кетма-кетликдан келиб чиқиб шаклланади. Аксарият соҳаларда асосий эътибор амалдаги давлат молиясини бошқариш тизимининг базавий элементларини ёки услубиётини такомиллаштиришга қаратилади.

Мисол учун, хукуматнинг ролини аниқлаш учун аввал Ҳукуматнинг роли ва жавобгарлигини, кейин эса маҳаллий бошқарув органлари, сўнгра янада кенгроқ қамровда - яъни давлат секторида, кўриб чиқиш зарур.

Шу тарзда, ўрта муддатли стратегик бюджетни ишлаб чиқиш ва натижага йўналтирилганликка ўтиш жараёнидан олдин йиллик бюджет тақвимини мустаҳкамлаш зарур.

Ҳукуматнинг барча ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида ишончли, ўз вақтида ва ҳар томонлама тақдим қилинадиган маълумотлар белгиланган мақсадларга эришиш ва лозим даражадаги ҳисобдорликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август