язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат мукофотлари/ "Илҳом" мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 503-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

503-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Илҳом" мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Илҳом" мукофоти (кейинги ўринларда - мукофот) шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилади.


2. Танлов қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

олий таълим муассасаларида шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишни самарали ташкил этиш;

ёшларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, китоб ўқишга даъват этиш ва шу асосда уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш;

маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини рағбатлантириш;

шоир ва ёзувчилар асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш ҳамда уларни ёшлар орасида оммалаштириш.


3. Мукофот олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган уч нафар ғолибга (ёки ижодий жамоага) 1, 2 ва 3-ўрин кетма-кетлигида берилади.


4. Ғолиблар мукофот билан ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида тақдирланади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИНГ ДАСТЛАБКИ

САРАЛАШ БОСҚИЧИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5. Танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, республикамиздаги барча олий таълим муассасалари иштирок этиши мумкин.

Танлов икки - дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади.

Дастлабки саралаш босқичи номзодлар таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.


6. Дастлабки саралаш босқичида номзодлар олий таълим муассасаси миқёсида тест саволлари орқали сараланади.

Тест саволлари "Илҳом" мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - ташкилий қўмита) томонидан ҳар йили 10 мартга қадар шакллантирилади.

Тест саволлари миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи 50 та саволдан иборат бўлади.


7. Тест саволлари олий таълим муассасаларига ҳар йили 15 мартга қадар тақдим этилади. Саволларнинг ошкор этилмаслиги, синовларнинг очиқ ва ҳаққоний ўтиши учун масъулият олий таълим муассасаси ректори зиммасига юкланади.

Дастлабки саралаш босқичи тест саволлари олингандан сўнг бир кун ичида ўтказилиши лозим.


8. Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар номзод олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин.

Шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижоди асосида кино ва саҳна асарлари яратган, адиблар ҳаёти ва ижоди ҳақида илмий-оммабоп тадқиқотлар ўтказган, уларнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилган ёшларга олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномаси, истисно тариқасида, тест синовларисиз берилиши мумкин.


9. Дастлабки саралаш босқичи натижаларидан норози бўлган иштирокчи қабул қилинган қарорга нисбатан ғолиблар эълон қилинган санадан бошлаб ўн кун муддат ичида ташкилий қўмитага апелляция тартибида шикоят киритиш ҳуқуқига эга.

Ташкилий қўмита шикоятни апелляция тартибида кўриб чиқишда, унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этганда ҳақиқий ҳисобланади.

Ташкилий қўмита ўн кун муддат ичида шикоятни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади ва қарор нусхасини мурожаат қилган шахсга юборади:

шикоятни қаноатлантиришни рад этиб, саралаш босқичи бўйича олий таълим муассасаси қарорини ўзгаришсиз қолдириш;

шикоятни қаноатлантириб, саралаш босқичи бўйича олий таълим муассасаси қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш.

Ташкилий қўмитанинг шикоятни апелляция тартибида кўриб чиқиши баённома билан расмийлаштирилади.

Ташкилий қўмитанинг апелляция мажлисига мурожаат этган шахс таклиф этилади. Унинг иштирок этмаслиги мажлиснинг ўтказилмаслигига ёки бошқа кунга қолдирилишига асос бўлмайди.


10. Олий таълим муассасаларида сараланган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ташкилий қўмитага тақдим этилади.


11. Ҳар йили 15 апрелга қадар олий таълим муассасаси томонидан "Илҳом" мукофоти танловининг асосий босқичида иштирок этиш учун номзоднинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:

олий таълим муассасасининг тақдимномаси;

паспорти (ID-картаси) нусхаси;

маълумотнома-объективка;

танловда иштирок этиш учун тақдим этадиган ишлари (фото-видео лавҳалар, тадқиқотлар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар).


11. Номзоднинг ҳужжатлари юқорида кўрсатилган тартибда қабул қилинади.



3-БОБ. ТАНЛОВНИНГ АСОСИЙ БОСҚИЧИ

ҒОЛИБЛАРИНИ АНИҚЛАШ ВА

БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


12. "Илҳом" мукофоти танловига тайёргарлик кўриш, номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, расмийлаштириш, уларни кўриб чиқиш, саралаш ва баҳолаш ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади.


13. Мукофот учун танлов ғолибларини аниқлашда, қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади:

Адиблар хиёбонида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар бўйича маълумотнома (фото ва видео лавҳалар);

адиблар ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тадқиқотлар;

адиблар ижодини оммалаштириш, шу жумладан уларнинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиш бўйича амалга оширилган ишлар;

адиблар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ёки уларнинг асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар, суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, бадиий асарлар, фотокўргазмалар, экспозициялар;

адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганишга оид экспедициялар ва уларнинг натижалари;

адиблар ҳаёти ва ижодини тарғиб қилиш бўйича оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар.


14. Ташкилий қўмита томонидан бир ой давомида тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги мезонлари бўйича ҳар бир талаб 5 баллик тизимга биноан холислик ва шаффофлик асосида баҳоланади.


15. Ёзувчи ва шоирлар асарларининг хорижий тилларга таржимаси тақдим этилган тақдирда, таржиманинг бадиий сифатини аниқлаш бўйича мутахассислардан хулосалар олинади.


16. Ташкилий қўмитанинг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган баҳолар йиғиндиси умумлаштирилади ва ўртача балл аниқланади.

Энг юқори балл тўплаган номзодлар даражаси бўйича ғолиб деб топилади.

Ташкилий қўмитанинг қарори баённома билан расмийлаштирилади ҳамда унинг барча аъзолари томонидан имзоланади.


17. Тавсия этилаётган ишларни кўришда номзоднинг истеъдоди, ижтимоий фаоллиги мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олинади.


18. Ташкилий қўмитанинг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.


19. Танлов ғолибларини "Илҳом" мукофоти билан тақдирлаш ташкилий қўмитанинг баённомаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғи асосида амалга оширилади.



4-БОБ. МУКОФОТНИ ТОПШИРИШ,

ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


20. Ғолиблар мукофот билан ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун - 20 майда "Катта адабиёт байрами" ҳафталиги доирасида тақдирланади.


21. Мукофот билан тақдирланганлар кейинги йилларда ўтказиладиган танловларда иштирок этмайди.


22. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда танловлар совриндорларига тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


24. Мукофот ғолиблари расман эълон қилингандан сўнг бошқа номзодларнинг ариза ва шикоятлари кўриб чиқилмайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август