язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.08.2020 й. 513-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 26 августдаги

513-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университети магистратурасига

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга

қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда - ТДЮУ) магистратурасига кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари)ни мутахассисликлар бўйича ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган қабул параметрларига мувофиқ давлат гранти ва ТДЮУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган тўлов-контракт, шу жумладан ТДЮУ томонидан мустақил равишда белгиланадиган қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт доирасида амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абитуриент - ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва кириш имтиҳонларида иштирок этувчи жисмоний шахс;


абитуриент рухсатномаси - паспорт, ID-карта (улар бўлмаганда шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берадиган ҳужжат;


Давлат тест маркази вакили - Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тайинланадиган, тест синовлари ўтказиладиган тегишли бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;


бино раҳбари - Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарликни бажарувчи, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;


гуруҳ назоратчиси - Давлат тест маркази билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарликни амалга ошириш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ҳамда тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган шахс;


тест топшириқлари китоби - белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;


жавоблар варақаси - тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танлаган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат;


қабул комиссияси - Адлия вазирининг буйруғи билан ҳар йили ташкил этиладиган ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этадиган, шунингдек, абитуриентларга маслаҳат хизматлари кўрсатадиган комиссия.


4. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган қабул комиссияси зиммасига юкланади.

Қабул комиссиясининг жорий ишлари қабул комиссияси масъул котиби (кейинги ўринларда - масъул котиб) ва магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича масъул котиб ўринбосари (кейинги ўринларда - масъул котиб ўринбосари) томонидан амалга оширилади.


5. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш абитуриентлар учун тенг ҳуқуқлилик, қабулнинг ягона қоидалари ва танлов принциплари асосида амалга оширилади.

Кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат грантлари бўйича биринчи навбатда, қолганлар тўпланган балларнинг рейтинг тизими асосида тўлов-контракт бўйича ўқишга қабул қилиш параметрлари, шу жумладан белгиланган тартибда қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ТДЮУ магистратурасига кириш имтиҳонлари 5 августдан 25 августгача бўлган муддатда тест синовлари шаклида ўтказилади.


7. Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Тест топшириқлари ТДЮУ тақдим этган ўқув дастурлари ҳамда ўқув адабиётлари (дарслик ва ўқув қўлланма) асосида Давлат тест маркази томонидан ТДЮУ ҳамда юридик таълим муассасалари ва факультетлари мутахассислари жалб қилинган ҳолда шакллантирилиб, абитуриентнинг юриспруденция соҳасидаги мутахассислик фанлари бўйича назарий билимларини, шунингдек, чет тил (инглиз, немис, француз)ларини билишнинг тегишли даражасини аниқлашга қаратилади.


8. Тест синовлари ўтказиладиган фанларларнинг ўқув дастурлари ҳамда ўқув адабиёт (дарслик ва ўқув қўлланма)ларининг рўйхати тест синовлари бошланишидан камида икки ой олдин тест топшириқларини шакллантириш учун Давлат тест марказига тақдим этилади ва ТДЮУ веб-сайтига жойлаштирилади.


9. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари талаба магистратурада ўқийдиган тилда топширилади.


10. Танлов магистратура мутахассисликлари, таълим шакли ва ўқитиш тилларига кўра алоҳида ўтказилади.


11. ТДЮУ магистратурасига кўзи ожиз абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-иловада белгиланган тартибга мувофиқ мазкур Низомнинг 6 ва 16-бандларида келтирилган муддатларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.


12. ТДЮУ магистратурасига қабул "Юриспруденция" таълим йўналиши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.


13. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Қабул комиссияси, қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ой олдин абитуриентларни қабул қилиш муддатлари, мутахассислик номлари, ўқишга қабул қилиш параметрлари (ўринлар сони), тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар ҳақида хабардор қилади.


15. ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (кейинги ўринларда - ДТМ веб-сайти) орқали рўйхатдан ўтади.


16. Абитуриентлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача (шу куни ҳам) бўлган муддатда рўйхатдан ўтади.


17. Абитуриент рўйхатдан ўтиши учун ҳужжатларнинг асл нусхасидаги қуйидаги маълумотларни Давлат тест марказининг махсус дастури орқали электрон равишда киритади:

паспорт (ID-карта) серияси, рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) берилган таълим муассасаси номи, серияси, рақами;

муайян имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатлар серияси, рақами, берилган вақти (чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги илғор халқаро имтиҳон тизимлари (International English Language Testing System (IELTS), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT), Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber (TestDaF), Тest de Connaissance du Francais (TCF), Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF), Cambridge English Qualifications, Goethe Certificate ва ҳоказо) сертификатлари, давлат стипендиялари билан тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжат) - мавжуд бўлганда.


18. Рўйхатдан ўтиш ЯИДХП ёки ДТМ веб-сайти орқали амалга оширилганда мазкур Низомнинг 17-бандида келтирилган маълумотлар абитуриент томонидан мустақил равишда электрон шаклда юкланади ва ҳужжатлар ҳамда маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун абитуриент шахсан жавобгар ҳисобланади.


19. Рўйхатдан ўтишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.


20. Рўйхатга олинган абитуриентлар сони ҳақидаги кунлик маълумотлар мутахассисликлар, таълим шакли ва тили кесимида қабул комиссияси томонидан ТДЮУ ҳамда ДТМ веб-сайтига жойлаштириб борилади.


21. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича тавсия этилганлиги тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг уч иш куни мобайнида ҳужжатларнинг асл нусхалари абитуриент томонидан ТДЮУ Магистратура бўлимига тақдим этилади.


22. Ҳужжатларда, шу жумладан, электрон шаклдаги маълумотларда қалбакилаштириш ёки сохталаштириш ҳолатлари аниқланганда, абитуриент тест синовларидан (магистратурага қабул қилинган бўлса ТДЮУ магистратураси талабалари сафидан) четлаштирилади, ҳужжатлар эса белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.



3-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


1-§. Тест синовларини ўтказиш


23. Тест синовларини ўтказиш мазкур Низомнинг 24-31-бандларида белгиланган талабларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.


24. Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан Тошкент шаҳридаги катта сиғимли биноларда ўтказилади.


25. Тест синовлари ҳар йили август ойининг 5-25 саналари оралиғида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Тест синовларини ўтказишнинг аниқ санаси ва жойи Давлат тест маркази томонидан ТДЮУ билан келишилган ҳолда белгиланади.


26. Абитуриентлар қабул комиссияси томонидан белгиланган мутахассислик ва чет тили (инглиз, немис, француз) фанлари бўйича тест синовини топширади.


27. Тест топшириқлари китоби 75 та саволни ўз ичига олади. Бунда абитуриентларнинг тегишли фанлар бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест топшириқлари мутахассислик фанларидан 50 тани, чет тили бўйича 25 тани ташкил этади.


28. Абитуриентга тест топшириқларини бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан биргаликда қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

50 та саволга - 1 соат 40 дақиқа;

75 та саволга - 2 соат 30 дақиқа.


29. Тест синовлари бўйича абитуриент олиши мумкин бўлган максимал балл 207,5 баллни ташкил этади ва у тест синовлари ўтказиладиган фан бўйича қуйидагича тақсимланади:

мутахассислик фанлари бўйича - 155 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл);

чет тили - 52,5 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл).


30. Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 (бунда writing модулидан камида 18 балл) ва ундан юқори даражадаги давлат намунасидаги малака сертификатига ёки халқаро сертификатлардан IELTS бўйича 6.0 балл (бунда writing модулидан камида 6.0 балл) ва ундан юқори, TOEFL IBT бўйича 78 балл (бунда writing модулидан камида 21 балл) ва ундан юқори ёки TestDaF бўйича ТDN4 ва ундан юқори, TCF бўйича 450 балл ва ундан юқори, DELF B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентлар чет тили фани бўйича тест синовини топширишдан озод қилинадилар ва уларга шу фан доирасида абитуриент олиши мумкин бўлган максимал балл қўшилади.


31. Абитуриентларнинг тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида, танлов асосида талабаликка тавсия этилгани ёки этилмаганлиги тўғрисидаги маълумот тест синовлари тўлиқ якунланиб, Давлат комиссияси қарори қабул қилингандан сўнг эълон қилинади.



2-§. Тест синовлари натижаси бўйича берилган

апелляцияларни кўриб чиқиш


32. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Давлат комиссияси томонидан Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига ТДЮУ, юридик таълим муассасалари, факультетлари мутахассислари ва фанлар бўйича экспертлар киритилади.


33. Апелляция комиссияси унинг аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияси ишига умумий раҳбарлик раис томонидан амалга оширади.


34. Апелляция комиссиясида кўриладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Апелляция комиссиясининг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади.

Апелляция комиссиясининг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар баённома шаклида расмийлаштирилади.

Апелляция комиссиясининг баённомалари котиб томонидан расмийлаштирилади.


35. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнига Давлат тест маркази вакили, бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари уларга тегишли масалалар бўйича жалб қилиниши мумкин.


36. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент Давлат тест марказида фаолият юритадиган Апелляция комиссиясига тест синовлари натижаси эълон қилингандан бошлаб икки иш куни ичида ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Апелляция шикоятига абитуриент паспорти (ID-картаси) ва рухсатномаси нусхалари илова қилинади.


37. Апелляция комиссияси тақдим этилган апелляция шикоятини улар келиб тушган кундан бошлаб уч кундан ошмаган муддатда кўриб чиқади. Апелляция шикояти кўриб чиқиладиган кун ҳақида абитуриентга хабарнома берилади.

Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда апелляция комиссиясида ишни кўриб чиқиш учун келмаганда, унинг аризаси умумий тартибда кўриб чиқилади.


38. Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган бўлса апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.


39. Ариза тушган куни Апелляция комиссияси томонидан Давлат тест марказидан мурожаат қилган абитуриентнинг саволлар китоби, жавоблар варақасининг нусхаси ва тест синовида йўл қўйган нотўғри жавоблари рўйхати (кейинги ўринларда - тест материаллари) сўраб олинади. Тест материалларидан нусха кўчириш тақиқланади, мазкур Низомнинг 42-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


40. Апелляция жараёни тугаганидан сўнг тест материаллари Давлат тест марказига тўлиқ қайтарилади.


41. Апелляция берган абитуриент хабарномада белгиланган вақтда апелляция комиссиясига ўзининг паспорти (ID-картаси) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат билан келиши шарт.


42. Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, хато ва тўғри бажарилган тест топшириқлари тўғрисида маълумот ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.


43. Абитуриент ўзининг эътирозларини ёзиб, унга берилган тест материаллари билан бирга Аппеляция комиссиясига топширади.


44. Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.


45. Апелляция комиссияси абитуриентнинг эътирозларини кўриб чиқиш натижасида қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:

эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш ва тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, тест синови натижаларига ўзгартириш киритиш бўйича Давлат комиссиясига таклиф киритиш.


46. Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор Давлат комиссиясига киритилади ва бу ҳақда ТДЮУга хабар берилади.


47. Абитуриент Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



4-БОБ. МАГИСТРАТУРАГА ЎҚИШГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


48. Давлат комиссияси томонидан қабул қилинган қарор ТДЮУ ректорининг абитуриентларни давлат грантлари ҳисобига ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида 30 августга қадар буйруқ расмийлаштирилиши учун асос ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентлар ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида умумий ўқишга қабул қилиш параметрлари доирасидан ташқари танланган магистратура мутахассислиги бакалавриатнинг таълим йўналишига мос келган тақдирда, тест синовларисиз ўқишга қабул қилинадилар.


49. Абитуриентларни магистратурага тўлов-контракт (шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт) асосида қабул қилиш ТДЮУ ва юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида контракт (шартнома) тузиш ва контракт тўлови суммасини белгиланган муддатда тўлаш шарти билан расмийлаштирилади.


50. Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида Давлат комиссияси қарори қабул қилингандан сўнг берилади ҳамда ТДЮУ ректори ва бош бухгалтери имзоси билан юридик шахслар учун уч нусхада ва жисмоний шахслар учун икки нусхада расмийлаштирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51. Тест синовларини ўтказилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш Давлат тест маркази ҳамда ТДЮУ ўртасидаги келишувга кўра ТДЮУнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


53. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университети магистратурасига

ўқишга қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

      

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари


I босқич


ДТМ


Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш учун рўйхатдан ўтказади.


Ҳар йили

1 июлдан 30 июлгача

II босқич


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қабул комиссияси


Тест синовлари ўтказиладиган биноларни тест синовларига тайёр ҳолатга келтиради ҳамда бу ҳақда ДТМга хабар беради.


Ҳар йили

16 июлга қадар


III босқич


Абитуриент




Қабул комиссияси


1. Абитуриент рухсатномасини ДТМ веб-сайтидан мустақил чоп этиб олади.


2. Мурожаат этган абитуриентларга рухсатномасини чоп этиб, тақдим этади.


Ҳар йили




1 августдан


IV босқич


ДТМ, Ички ишлар вазирлиги, Қабул комиссияси


1. Тест синовлари ўтказиладиган куни абитуриентларни белгиланган тартибда бинога киритилишини таъминлайди.


2. Тест синовларини белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлайди.


Ҳар йили 5-25 август





Белгиланган муддатларда



V босқич


ДТМ, Қабул комиссияси


Тест синовлари бўйича абитуриентларнинг тўплаган умумий балларини ДТМ ва ТДЮУнинг расмий веб-сайтларида эълон қилади.


Тест синови ўтказилган куннинг эртасига

VI босқич


Давлат комиссияси, ДТМ, Қабул комиссияси


Танлов натижаларини эълон қилади.



Ҳар йили

30 августга қадар


VII босқич


Апелляция комиссияси, ДТМ, Давлат комиссияси

Абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқади ва унинг натижаларини эълон қилади.


Тест натижалари эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 август