язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.08.2020 й. 513-сон "Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.08.2020 й.

N 513




ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК

УНИВЕРСИТЕТИ МАГИСТРАТУРАСИГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилиш, қабул комиссияси фаолияти, ҳужжатларни қабул қилиш, тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда магистратурага ўқишга қабул қилиш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни қабул қилиш, ҳужжатларни топшириш, суҳбат ўтказиш, шу жумладан, суҳбатни масофавий (онлайн) тарзда ўтказиш ҳамда суҳбат натижаларини аниқлаш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни ўқишга қабул қилиш, магистратура битирувчиларини ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича ишлаб бериш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармонига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилиши инобатга олинсин:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда - ТДЮУ) магистратурасига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - Давлат тест маркази) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилинади;

масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича ўқишга базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда қабул қилинади;

базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва марказий бошқарув органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни ТДЮУ магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;

"Юриспруденция" таълим йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади;

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади.


3. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга кириш учун абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат тест марказининг веб-сайти орқали (хорижий фуқаролар ва айрим тоифадаги абитуриентлар бундан мустасно) рўйхатдан ўтиш тартиби жорий этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларининг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУда коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича магистратура мутахассислигини очиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, юридик олий ўқув юртларида "адвокатлик фаолияти" бўйича магистратура мутахассислигини очиш;

ёш адвокатларни танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш учун давлат грантларини ажратиш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.


6. Тошкент давлат юридик университетига ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз 2020/2021 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш муддатини истисно тариқасида 2020 йил 15 сентябрга қадар узайтиришга рухсат берилсин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 4 июлдаги 502-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                        А.Н. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 август