язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.08.2020 й. 516-сон "Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.08.2020 й.

N 516




АНДИЖОН ИҚТИСОДИЁТ

ВА ҚУРИЛИШ ИНСТИТУТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни ҳудудларда ташкил этиш, ёшларнинг олий таълим билан қамровини ошириш, олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, талабаларни ўқишга қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли ва педагогик технологиялар ҳамда замонавий усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан, ёшларнинг илғор педагогик технологиялар ёрдамида таълим олиши учун қўшимча имконият яратиш, ҳудудда иқтисодиёт ва қурилиш соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш салмоғини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг Андижон шаҳрида Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудуднинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт ва қурилиш соҳаси бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;

ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиёт ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда талабалар амалиётини тегишли соҳа ташкилотларида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

амалий илмий-тадқиқот ишларини рўёбга чиқариш учун замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

иқтисодиёт ва қурилиш соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, хорижий илғор педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларнинг илмий фаолият билан шуғулланишини таъминлаш;

ёшларни миллий, ватанпарварлик ва фидоийлик ғояларига садоқат руҳида, маънавий бой, ҳар томонлама камол топган, мустақил дунёқараш ва фикрлаш хусусиятларига эга бўлган шахс этиб тарбиялаш;

хорижий етакчи олий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини кенг жалб этиш орқали республика учун истиқболли бўлган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш.


3. Белгилансинки:

Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Институт Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;

Институтда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

2020/2021 ўқув йили учун Институтга кундузги таълим шакли бўйича қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Институт тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқланишини таъминласин;

Институт уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин;

Институтни танлов асосида, шу жумладан республика олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган амалий тажрибага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин;

Институтда ўқув-методик жараённинг ташкил этилиши юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

белгиланган тартибда Институтнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметаси тасдиқланишини ва рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;

Институт ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


5. Республика олий таълим тизимидаги мавқеи, илмий салоҳияти, узоқ йиллар давомида шаклланган анъаналарини инобатга олган ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш институтига қуйидаги йўналишларда Институтга кўмак бериб бориш вазифаси юклансин:

салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни сифатли ташкил этиш;

таълим, тарбия, илмий ва услубий жараёнларни самарали бошқариш;

таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;

дарслик, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий материаллар ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;

профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш;

илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва илмий мактабларни ривожлантириш.


6. Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Андижон вилояти, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 15а-уй манзилида жойлашган Андижон хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми бино ва иншоотларини Институтга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


7. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Белгилаб қўйилсинки:

а) мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

б) Институтнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

ташкил этилган кундан бошлаб зарур сақлаш харажатлари, жумладан, маъмурий бошқарув, техник ва ўқув-ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;

Институтга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга биноан 2022 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Институтнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсинлар.

Бунда, Институтда талабалар сони ошишини инобатга олиб, 1200 ўринли ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш лойиҳалари назарда тутилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Институтни салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида етакчи олий таълим муассасаларида тегишли соҳалар бўйича 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб магистратурада ва 2022 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда республикадаги етакчи олий таълим муассасалари томонидан уларнинг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Институтда онлайн маъруза ўтказиш ҳамда масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун икки ой муддатда белгиланган тартибда телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, Институтни юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин.


12. Андижон вилояти ҳокимлиги Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминласин.


13. Институтга 2 та, шу жумладан 1 та хизмат ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Андижон вилояти ҳокими Ш.К. Абдурахманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 август