язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат чегараси/ Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасида аниқланган эгасиз ашёлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.09.2020 й. 533-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 2 сентябрдаги

533-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасида

аниқланган эгасиз ашёлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда - Чегара қўшинлари) бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини (кейинги ўринларда - Давлат чегараси) қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида аниқланган эгасиз ашёлар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкларни (кейинги ўринларда - эгасиз ашё) расмийлаштириш, сақлаш, экспертизадан ўтказиш (баҳолаш), уларга нисбатан қарор қабул қилиш ва уларни сотиш тартибини белгилайди.

Давлат чегарасида аниқланган эгасиз ашёлар юзасидан амалга ошириладиган тадбирлар Низомга иловага мувофиқ схемада белгиланган тартибда амалга оширилади.


2. Эгасиз ашё деганда, Давлат чегарасининг ўтказиш пунктларидан ташқари ҳудудда Давлат чегараси орқали ноқонуний равишда ўтказилишига уринилган вақтда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан аниқланган, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 7-бобида назарда тутилган эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган моддий неъматлар тушунилади.


3. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси билан тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва олиб юриш тақиқланган ашёларга нисбатан татбиқ этилмайди ва улар юзасидан қонун талабларига мувофиқ қарор қабул қилинади.



2-БОБ. ЭГАСИЗ АШЁЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


4. Чегара қўшинлари аниқлаган эгасиз ашёлар улар топилган жойда синчковлик билан кўздан кечирилади, фото суратга олинади ҳамда ваколатли мансабдор шахс томонидан кўздан кечириш баённомаси тузилиб, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) баённомани тузиш вақти ва жойи;

б) баённома тузувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва ҳарбий унвони;

в) эгасиз ашёни олиб қўйишда иштирок этган холислар (гувоҳлар, мутахассис ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

г) эгасиз ашёлар аниқланган вақт ва жой;

д) эгасиз ашёнинг номи, сони ва алоҳида (идентификация) белгилари (вазни, ҳажми, узунлиги, фойдаланилганлик ҳолати ва бошқалар).

Баённома ваколатли мансабдор шахс, эгасиз ашёни аниқлаган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва холислар (гувоҳлар, мутахассис ва бошқалар) томонидан имзоланади.


5. Давлат чегарасида эгасиз ашёни аниқлаган ҳарбий хизматчилар ва мазкур аниқланган ашё юзасидан холис (гувоҳ), мутахассис ва эксперт сифатида жалб қилинган шахслардан тушунтириш хатлари олинади.


6. Эгасиз ашёлар Чегара қўшинлари бўлинмаларига зарур хавфсизлик ва сақлаш чораларини кўрган ҳолда олиб келинади.


7. Эгасиз ашё юзасидан расмийлаштирилган баённоманинг нусхаси ва унга оид барча маълумотлар Чегара қўшинлари қўмондонлигида умумлаштирилади.



3-БОБ. ЭГАСИЗ АШЁЛАРНИ ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИ

БЎЛИНМАЛАРИДА САҚЛАШ ВА ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ (БАҲОЛАШ) ТАРТИБИ


8. Эгасиз ашёлар улар юзасидан қарор қабул қилингунга қадар Чегара қўшинлари бўлинмаларининг махсус омборларида сақланади.


9. Тез бузиладиган товарлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа ашёлар белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинган ҳолда, Чегара қўшинлари бўлинмаларида мавжуд бўлган музлатгич (совитгич) ларда сақланади.


10. Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари Чегара қўшинлари бўлинмалари омборларидаги махсус резервуарларда сақланади.


11. Майда ва йирик шохли ҳайвонлар, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар Чегара қўшинлари бўлинмаларига ёки Чегара қўшинлари таъсислигидаги юридик шахслар ҳудудларига жойлаштирилади.


12. Давлат чегарасида аниқланган эгасиз ашёларнинг истеъмол қилиш, фойдаланиш, қайта ишлаш учун яроқлилигини экспертизадан ўтказиш, шунингдек, уларни баҳолаш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмаларининг ваколатли мансабдор шахслари эгасиз ашё аниқлангандан бошлаб уч сутка мобайнида, тез бузиладиган товарларга нисбатан эса - бир сутка мобайнида эксперт ва баҳоловчи ташкилотни тайинлайди.


13. Экспертиза ашёнинг турига қараб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколати органлар (ташкилотлар) ("Ўзстандарт" агентлиги ёки у томонидан аккредитация қилинган ташкилотлар, лабораториялар, фитосанитария, санитария-карантин ва ветеринария органлари, ихтисослаштирилган эксперт ташкилотлар ва бошқа муассасалар) (кейинги ўринларда - экспертиза органлари) томонидан ўтказилади. Экспертиза натижалари тўғрисида экспертиза органлари экспертиза тайинлангандан бошлаб уч сутка мобайнида, тез бузиладиган товарлар бўйича эса - бир сутка мобайнида Чегара қўшинлари бўлинмаларига хулоса тақдим этади.

Уч сутка муддатда экспертиза ўтказиш мумкин бўлмаган, ўзига хос хусусиятларга эга бўлган ашёларнинг айрим турлари, тез бузиладиган товарлардан ташқари қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўтказилади.

Мол-мулк баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш кунида амал қилган нархлар бўйича ички бозорда талаб ва таклиф конъюнктурасининг мавжуд маълумотлари асосида баҳоланади. Мутахассис баҳоловчи ташкилот тайинлангандан бошлаб уч сутка мобайнида, тез бузиладиган товарлар бўйича эса - бир сутка мобайнида ёзма равишда хулоса (маълумот) тақдим этади.


14. Мажбурий сертификатланиши керак бўлган (этил, озиқ-овқат спирти, алкоголли маҳсулотлар, пиво, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари бундан мустасно) ва улар бўйича мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлмаган эгасиз ашёлар бўйича Чегара қўшинлари бўлинмаларининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан уларни сертификатлаштириш ва белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини олиш учун сертификатлаштириш органига буюртманома берилади.

Тез бузиладиган товарларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш барча зарур ҳужжатлар (синов баённомалари, ишлаб чиқаришни баҳолаш далолатномаси, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари) тақдим этилган вақтдан бошлаб бир сутка мобайнида амалга оширилади. Бошқа турдаги мол-мулкларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати қонун ҳужжатларида белгиланади.


15. Эксперт, баҳоловчи ташкилот, шунингдек, бошқа мутахассислар ўзлари берган хулосанинг ишончлилиги ва холислиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ моддий ва бошқача тарзда жавобгар бўладилар.


16. Эгасиз ашёлар уларнинг истеъмолга (фойдаланишга) яроқсизлиги бўйича хулоса олинган тақдирда, Чегара қўшинлари томонидан тегишли далолатнома тузилган ҳолда йўқ қилинади.



4-БОБ. ЭГАСИЗ АШЁЛАРГА НИСБАТАН

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


17. Аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш тўғрисидаги қарор Давлат хавфсизлик хизмати раисининг буйруғи билан жойларда ташкил этиладиган ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссия) томонидан қабул қилинади. Ҳудудий комиссиянинг намунавий таркиби ва фаолиятини ташкил этиш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тасдиқланади. Ҳудудий комиссияга Чегара қўшинлари оператив қўмондонлиги бошлиғи раҳбарлик қилади.


18. Ҳудудий комиссия тўпланган ҳужжатларга мувофиқ экспертиза ҳулосаси олингандан сўнг уч сутка мобайнида, тез бузиладиган ашёларга нисбатан эса - бир сутка мобайнида аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш ҳамда Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказиш бўйича қарор қабул қилади. Қарор қабул қилингандан сўнг ҳудудий комиссия бир сутка ичида эгасиз деб топилган ашёларнинг ҳисобга олинишини таъминлайди.

Чегара қўшинлари бўлинмаларида фойдаланилмайдиган эгасиз ашёлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда савдо ташкилотлари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилиши ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятининг рухсатига асосан жисмоний ва юридик шахсларга беғараз берилиши мумкин.


19. Ҳудудий комиссиянинг қарорига мувофиқ Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказилган эгасиз ашёларни Чегара қўшинлари бўлинмаларида ҳисобга олиш, сақлаш, ташиш, ўтказиш, сарфлаш, сотувга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш (йўқ қилиш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда Чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг уч сутка ичида қарордан кўчирма ашё топиб олинган жойдаги ички ишлар органига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълумот учун юборилади.


20. Эгасиз ашёларни сотишдан тушган пул маблағлари тўлиқ Чегара қўшинларининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобига ўтказилади.


21. Эгасиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқли деб топилган ҳолатларда, Чегара қўшинлари шахсий таркибининг истеъмоли учун фойдаланилиши мумкин.


22. Эгасиз ашёларни расмийлаштириш ва сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар Чегара қўшинларининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.


23. Ҳудудий комиссиянинг аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш ҳамда Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги қарори Чегара қўшинлари қўмондони томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.


24. Ашёларни эгасиз деб топиш ва уларни Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги қарор бекор қилинганда ёки ўзгарганда, шунингдек, уларни натурада қайтариш ёки қийматини қоплаб бериш тўғрисида суд қарори қабул қилинган тақдирда, Чегара қўшинлари ушбу ашёларни белгиланган тартибда тегишли шахсларга қайтарилишини ёки уларнинг қиймати Чегара қўшинларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминлайди.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасида

аниқланган эгасиз ашёлар юзасидан амалга

ошириладиган тадбирлар тартиби тўғрисида

СХЕМА

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Муддат

1-босқич

Чегара қўшинлари бўлинмалари


Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида эгасиз ашёларни аниқлаш.


Доимо







2-босқич

Чегара қўшинлари бўлинмаларининг ваколатли мансабдор шахслари


Аниқланган эгасиз ашёларни кўздан кечириш, фото суратга олиш ҳамда ваколатли мансабдор шахс томонидан баённомани расмийлаштириш ва тегишли шахслардан тушунтириш хатлари олиш.


Зудлик билан







3-босқич

Чегара қўшинлари бўлинмаларининг ваколатли мансабдор шахслари


Аниқланган эгасиз ашёлар юзасидан тегишли эксперт ва баҳоловчи ташкилотни тайинлаш.


Тез бузиладиган товарлар бўйича - бир сутка мобайнида, қолган ашёлар бўйича - уч сутка мобайнида







4-босқич

Экспертиза органлари ва баҳолаш ташкилотлари


Аниқланган эгасиз ашёлар бўйича экспертиза ва баҳолаш хулосаларини бериш.


Тез бузиладиган товарлар бўйича - бир сутка мобайнида, қолган ашёлар бўйича - уч сутка мобайнида







5-босқич

Ҳудудий комиссия


Аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш ҳамда Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказиш бўйича қарор қабул қилиш.


Тез бузиладиган товарлар бўйича - бир сутка мобайнида, қолган ашёлар бўйича - уч сутка мобайнида







6-босқич

Чегара қўшинлари

бўлинмалари


Эгасиз деб топилган ашёларни Чегара қўшинлари бўлинмаларида ҳисобга олиш.


Қарор қабул қилингандан сўнг бир сутка мобайнида







7-босқич

Чегара қўшинлари

бўлинмалари


Чегара қўшинлари бўлинмаларида фойдаланилмайдиган эгасиз ашёларни савдо ташкилотлари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш.


Қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда







8-босқич

Чегара қўшинлари

бўлинмалари


Эгасиз ашёларни сотишдан тушган пул маблағларини Чегара қўшинларининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобига ўтказиш.


Қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда







9-босқич

Ҳудудий комиссия


Аниқланган ашёларни эгасиз деб топиш тўғрисидаги қарордан кўчирмани ашё топиб олинган жойдаги ички ишлар органига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига юбориш.


Қарор қабул қилингандан сўнг уч сутка мобайнида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 2 сентябрь