язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2020 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.09.2020 й. 536-сон "Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.09.2020 й.

N 536




ЮНУС РАЖАБИЙ НОМИДАГИ

ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МУСИҚА САНЪАТИ

ИНСТИТУТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Мақом ва бахшичилик санъати соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион шакл ва методлари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, соҳа мутахассисларининг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Ўзбек мақом санъати факультети" ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси - Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан ўтказиладиган таълим йўналишлари (мутахассисликлар) рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, Институт:

юридик шахс мақомига, ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағига эга бўлган, ушбу қарорга 1-иловада келтирилган таълим йўналишлари (мутахассисликлар) бўйича олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади;

бир қанча халқаро таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этади;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади.


4. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

маданият соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиқиб мақом ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, уларнинг илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш;

мақом ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича фундаментал, амалий ва ижодий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари ва анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиёти йўналишларида ўқув-методик адабиётлар яратиш, атоқли бастакорлар, ҳофиз ва созандалар, бахши ва оқинларнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва қайта тиклаш, шунингдек, мумтоз мусиқа санъати намуналарини нотага кўчириш;

миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиёти йўналишларида хорижий таълим муассасалари ва марказлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқув жараёнининг амалиёт билан узвийлигини таъминлаш мақсадида маданият муассасалари ва бадиий жамоалар билан талабалар амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиёти йўналишларининг ижодий, илмий-методик ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш мақсадида маданият ва санъат соҳасидаги таълим муассасалари тегишли ўқув дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш, таълим муассасаларига таниқли санъаткорларни бириктириш ва шу асосда "устоз-шогирд" анъаналарини кенг жорий этиш;

республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда мусиқа ва санъат коллежларида таълим олаётган, турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этаётган иқтидорли ёшларнинг селекциясини амалга ошириш ва уларни Институтга ўқишга жалб этиш тизимини ишлаб чиқиш;

мақом ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим олаётган ўқувчилар, "Халқаро мақом фестивали" ва "Халқаро бахшичилик санъати фестивали" доирасида ташкил этиладиган кўрик-танловларда истеъдодли ёшларнинг селекциясини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалиётга кенг жорий этиш, хусусан, ёшларни мусиқа ва санъатга кенг жалб қилиш, уларда эстетик дид ва касб одоб-ахлоқини тарбиялаш мақсадида маданият, мусиқа ва санъат йўналишида турли танловлар, кўргазмалар, ансамбллар ва тўгараклар ташкил этиш.


5. Белгилаб қўйилсинки:

Институтда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ушбу қарорга 1-иловада келтирилган йўналишлар (мутахассисликлар) бўйича ўқишга қабул қилинган, шунингдек, ушбу йўналишлар (мутахассисликлар)да таҳсил олаётган талабалар ўқишларини Институтда давом эттирадилар;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтда махсус сиртқи таълим ташкил этилади ҳамда унга маданият ва санъат таълими йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовларидан (кириш имтиҳонлари ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган абитуриентлар қабул қилинади.


6. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини, битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини ўқув жараёнининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан олиб борилаётган ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини, "устоз-шогирд" анъаналари жорий қилинишини рағбатлантириб бориш;

ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш.


7. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларида фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг ижодий фаолияти натижалари қуйидагиларга тенглаштирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси", "Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи" фахрий унвонлари - профессор илмий унвонига;

"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими" фахрий унвонлари - доцент илмий унвонига;

ижодий ишлар (саҳналаштирилган мусиқий спектакль, мусиқий асарлар, концертлар, бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли ва анимацион фильмларга ёзилган мусиқалар) муаллифлиги - илмий, ўқув-методик ишларга.


8. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Қуйидагилар Институтни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тўлов-контракт асосида талабалар ўқишидан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушадиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий-ижодий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқишдан, концерт-томоша ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда Институт Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 31-уй манзилидаги Ўзбекистон давлат консерваториясига тегишли бўлган бинога белгиланган тартибда жойлаштирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибани атрофлича ўрганган ҳолда, Институтнинг ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш;

б) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

Институтнинг илмий-педагог кадрлари таркибини олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган, шу жумладан, хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириб келган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳадаги салоҳиятли амалиётчи мутахассислар орасидан шакллантириш;

ўзбек миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиётининг ижодий, илмий-методик ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш, бунда таълим муассасаларига мақом ва бахшичилик санъати ҳамда халқ мусиқаси усталарини жалб этиш;

республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларида ўзбек миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиётини ўқитиш тизимининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш;

в) 2021 йилдан бошлаб:

республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларига Институтнинг етакчи профессор-ўқитувчиларини бириктириш орқали "маҳорат мактаблари"ни йўлга қўйиш;

иқтидорли талабаларнинг мамлакатимизда ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган нуфузли танлов, фестиваль ва илмий-ижодий тадбирларда мунтазам иштирок этишларини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўрсин.


12. Белгилаб қўйилсинки, Институт фаолиятини молиялаштириш ҳамда уни мусиқа чолғулари, мебель жиҳозлари, зарур ускуналар ва овоз ёзиш студияси анжомлари билан таъминлаш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Институт фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.


13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Институтнинг республиканинг бошқа ҳудудларидан келиб таълим олаётган талабаларининг турар жойга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб Институтга яқин бўлган ҳудуддан талабалар турар жойи учун мос бино ёки ер майдони ажратиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


14. Институтга 3 та, шу жумладан, 2 та енгил ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Институт фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида Институтни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва бошқа техник воситалар билан белгиланган тартибда таъминлаш чораларини кўрсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 2 сентябрдаги

536-сон қарорига

1-ИЛОВА



Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа

санъати институтига Ўзбекистон давлат консерваторияси

ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан

ўтказиладиган таълим йўналишлари (мутахассисликлар)

РЎЙХАТИ


I. Ўзбекистон давлат консерваториясидан


Бакалавриат


5111000 - Профессионал таълим

5150602 - Вокал санъати: анъанавий хонандалик

5150716 - Чолғу ижрочилиги: анъанавий чолғулар

5150201 - Санъатшунослик: мусиқашунослик



Магистратура


5А150202 - Мусиқа санъати

5А150601 - Вокал санъати: анъанавий хонандалик

5А150702 - Чолғу ижрочилиги: анъанавий чолғулар



II. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан


Бакалавриат


5151606 - Халқ ижодиёти: бахшичилик ва достончилик






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 2 сентябрдаги

536-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати

институти фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ


Т/р

Чора-тадбирлар


Амалга ошириш механизми


Ижро

муддати


Молиялаштириш

манбалари


Масъул ижрочилар


I. ЮНУС РАЖАБИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МУСИҚА САНЪАТИ

ИНСТИТУТИ РАЖАБИЙ НОМИДАГИ ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ

1.

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти (кейинги ўринларда - Институт) тузилмасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

1. Институт олдига қўйилган мақсадлар ва вазифаларни, мусиқа санъати таълими борасида нуфузли хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини таҳлил қилиш.


2. Факультетлар, умумкасбий ва мутахассислик кафедралари ҳамда функционал бўлимлар таркибини қайтадан кўриб чиққан ҳолда Институтнинг тузилмасини тасдиқлаш.


2020 йил

сентябрь

-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов)

2.

Институт уставини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.

1. Институтнинг устави лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2. Устав лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш.


2020 йил

сентябрь


-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)


3.

Институтнинг штатлар жадвали ва харажатлари сметасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш.

1. Институтнинг штатлар жадвали ва харажатлари сметаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш.


2. Штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш.


2020 йил

сентябрь

-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)


4.

Институт ўқув-норматив базасини яратиш.

Кадрлар буюртмачилари томонидан маданият соҳасининг тармоқ квалификация доираси, ҳар бир касб ва лавозими бўйича профессионал стандартларни ишлаб чиқиш ва улар асосида давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув-режа ва фан дастурларини тасдиқлаш.


2020-2023

йиллар


-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ўзбек миллий мусиқа санъати институти


5.

Институтни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида профессор-ўқитувчи ва ходимлар таркибини шакллантириш ҳамда ишга қабул қилиш жараёнини танлов асосида ташкил этиш.

1. Юқори малакали профессор-ўқитувчи ва ходимларни ишга жалб қилиш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этиш.


2. Ўзбек миллий мусиқа санъатининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчи ва ходимлар таркибини танлов асосида шакллантириш.


2020 йил

10 сентябрга

қадар


-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)

6.

Ўқитишнинг кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтиш.


1. Ўқитишда кредит-модуль тизимини жорий этиш бўйича маҳаллий ва халқаро тажрибаларни ўрганиш.


2. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб биринчи босқич талабаларини ўқитишда кредит-модуль тизимини жорий этиш.


2021/2022

ўқув йили

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ўзбек миллий мусиқа санъати институти


II. ЮНУС РАЖАБИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МУСИҚА САНЪАТИ

ИНСТИТУТИДА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ ДОИРАСИДА КАДРЛАР

ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

7.

Кадрларни танлаш ва тайинлашнинг самарали механизмини жорий этиш.

1. Ректорат, факультетлар, кафедралар раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари таркибини шакллантириш ва уларнинг иш самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини босқичма - босқич жорий этиш.


2. Институт бошқарув кадрлари захирасини шакллантириш, уларни мақсадли ўқитиш тизимини йўлга қўйиш.


2020/2021

ўқув

йилидан

бошлаб


-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Ўзбек миллий мусиқа санъати институти


8.

Институтнинг 2021/2022 ўқув йили ва келгуси йиллар учун ўқишга қабул қилиш квотасини истиқболда ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни ҳамда ўзбек миллий мусиқа санъати соҳаси бўйича мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда шакллантириш.


1. Маданият соҳасида меҳнат ресурсларига бўлган талабни аниқлаш.


2021 йил

март


-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А. Ортиқов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов)


2. Таҳлил натижаси бўйича аниқланган эҳтиёжни олий таълим муассасаларига квота ажратиш режасига киритиш.


ҳар йили

апрель

ойида

9.

Институтда маҳорат дарслари ва махсус машғулотларни ўтказиш учун етакчи хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг юқори малакали олимлари ва санъат арбобларини таклиф этиш.


1. Етакчи турдош хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тажрибали мутахассисларнинг маҳорат дарсларини тажриба алмашиш мақсадида ташкил этиш.


2. Конференция ва илмий семинарларга ҳамда илмий ишлар муҳокамаларига малакали олим ва санъат арбобларини таклиф этиш.


доимо

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари


Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)

10.

Хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро алмашинув амалиётини кенгайтириш.


1. Профессор-ўқитувчиларни хорижий мамлакатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш.


2. Турдош ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари ёзги мактабларининг интеграциялашган инновацион таълим дастурларида қатнашувчи талабалар қамровини кенгайтириш.


2020-2023

йиллар

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари


Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдураҳмонов)


11.

Иш берувчиларнинг кадрларга бўлган талабларини Институтнинг мутахассис тайёрлаш дастурлари билан мувофиқлаштириш.

1. Талабаларда амалий ва ижодий кўникмаларни шакллантиришда иш берувчи ташкилотларнинг иштироки ва масъулиятини ошириш механизмини ишлаб чиқиш.


2. Институт маркетинг хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш.


2021 йил

декабрь

-

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)

III. ИНСТИТУТДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ СИФАТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ

ВА ЎҚИТИШНИНГ ИЛҒОР УСУЛЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

12.

Иқтидорли ёш мусиқашунос ва санъатшунос олимларни хорижий мамлакатлар билан илмий-ижодий тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарларига юбориш ҳамда уларнинг халқаро миқёсдаги илмий анжуманларда иштирокини таъминлаш.


1. Иқтидорли ёш мусиқашунос ва санъатшунос олимлар орасидан номзодларни саралаб олиш механизмини ишлаб чиқиш.


2. Мусиқашунос ва санъатшунос олимларни хорижий мамлакатлар билан илмий-ижодий тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарларига юбориш.


3. Уларнинг халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларда қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш.


2020/2021

ўқув

йилидан

бошлаб


Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари


Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)


13.

Таълимнинг замонавий педагогик технологиялари ва методларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.


1. Етакчи хорижий таълим муассасаларининг замонавий педагогик технологиялар ва методлардан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш.


2020/2021

ўқув йили

давомида


Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари


Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)


2. Профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув жараёни учун замонавий педагогик технологиялар ва методлар бўйича тақдимот ва муҳокамалар ўтказиш тизимини жорий қилиш.


2021 йил

март-апрель


3. Самарали таълим инновацияларини рағбатлантириш, замонавий таълим технологияларини қўллайдиган ўқитувчиларни рағбатлантириш чораларини кўриш.


2021 йил

август

IV. ИНСТИТУТНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ

ВА САМАРАЛИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИНИ ТАЪМИНЛАШ

14.

Институтни тегишли дарслик, ўқув қўлланмалари ва илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш.


1. Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидаги таълим йўналишлари бўйича чолғулар ҳамда ўқув-методик адабиётларни хатловдан ўтказиш.


2. Хатлов натижасига кўра аниқланган талабдан келиб чиқиб ўқув-методик адабиётларни харид қилиш ва чоп этиш учун зарур маблағлар ажратиш.


3. Янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва нашр этиш.


2020/2021

ўқув

йилидан

бошлаб

мунтазам


Ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Ўзбек миллий мусиқа санъати институти


15.

Институтда жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий ахборот-ресурс марказини ташкил этиш.

1. Ахборот-ресурс марказини ўқув ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш.


2. Ахборот-ресурс марказида комплекс электрон хизматлар кўрсатувчи замонавий автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш.


3. Веб ва булутли технологиялар асосида кутубхонанинг рақамли ресурслари электрон каталогини яратиш.


4. RFED технологияси асосида кутубхона фондини рўйхатга олиш, ҳисобга қўйиш, тарқатиш ва ҳимоя қилиш тизимини яратиш.


2021 йил

декабрь

Ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков)


16.

Институтни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш.

1. Ахборот коммуникация технологияларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш.


2. Эҳтиёждан келиб чиқиб Институтни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш.


2020 йил

сентябрь

Ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков)

17.

Таълим жараёнини ахборот-коммуникацион қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш.

1. Масофавий таълим ва модуль тизимига ўтишда зарур ахборот технологиялари жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда вебинар хоналар ташкил этиш.


2. Институтдаги маъруза, амалий ва лаборатория машғулотларини онлайн трансляция қилишга ҳамда уларнинг сифатини мониторинг қилишга мўлжалланган электрон платформани босқичма-босқич жорий этиш.


3. Ахборот-ресурс маркази базасидаги ўқув адабиётларини рақамлаштириш ҳамда Институт платформасига жойлаштириш.


2021-2022

йиллар

давомида


Ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар

Маданият вазирлиги (О. Назарбеков), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдураҳмонов)


18.

Институтни Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шох кўчаси, 31-уйдаги бинога белгиланган тартибда жойлаштириш.



2020 йил

сентябрь


-

Маданият вазирлиги (О.Назарбеков), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев)


19.

Институтни мусиқа чолғулари, мебель жиҳозлари, зарур ускуналар ва овоз ёзиш студияси анжомлари билан таъминлаш.


1. Институтга зарур бўлган мусиқа чолғулари, мебель жиҳозлари, ускуналар ҳамда овоз ёзиш студияси ва бошқа анжомлар рўйхатини шакллантириш.


2. Эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мазкур анжомларни харид қилиш учун Молия вазирлигига тегишли ҳисоб-китобларни тақдим этиш.


2020 йил

сентябрь

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва Институт бюджетдан ташқари маблағлари


Маданият вазирлиги (О.Назарбеков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)


            

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 сентябрь